Home / Шеърий маърифат / Ўзбек шоирлари / Абдулла Қодирийнинг таржимаи ҳоли (1894-1938

Абдулла Қодирийнинг таржимаи ҳоли (1894-1938

Picture-qodiriy1

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894 – йил, 4 – октябрда Тошкент шаҳрида туғилди. Унинг таржимаи ҳоли ҳақидаги қуйидаги сўзлари ёзувчининг 1926 – йилга қадар кечган ҳаётига ойдинлик киритади:

«Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргувчи бир оилада… туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди… 1912 – йилда манфактур билан савдо қилувчи бир кишига йилиға 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим… Шу миёналарда бозор воситаси билан татарлардан чиқадирғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим, 1913 – йилда ўзбекча «Садои Туркистон», «Самарқанд», «Оина» газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди… 1913 – йилда чиққан «Падаркуш» таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 – йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзиб, ношир топилмоғонидан, ўзим нашр қилиб юбордим. Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлиб ёзилдим…

1918 – йил бошларида Эски шаҳар озиқ комитети бойлар қўлидан олиниб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблиғига кирдим. 1919 – йилнинг аввалларида озиқ комитетининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим… Шу кунгача шўро идораларида қилғон хизматларимни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонлиқдин мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Русто» деворий газетасига мухбир бўлиб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник… «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 – йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўтган етти йил орасида Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса – бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, менинг хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…».

Адибнинг илк ижоди 1913 – 1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратган. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй», «Фикр айлағил» (1914 – 1915) каби шеърлари «Садои Туркистон» газетаси ва «Оина» журналида босилган. А. Қодирий шу шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиққан. Бу йилларда у «Бахтсиз куёв» (1915), «Ҳеч ким билмасин» каби саҳна асарларини ҳам ёзган. Унинг «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

Адиб дастлабки асарларини турли тахаллуслар остида эълон қилган. Шу тахаллуслардан бири ва халқ ўртасида машҳур бўлгани Жулқунбойдир.

1924 – йили Абдулла Қодирий Москвага бориб, Журналистлар институтида таҳсил олди. Москвадан қайтиб, «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркумидаги ҳажвий ҳикоялари шу журналда илк бор босилди.

Абдулла Қодирий 1917 – 1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 – йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925 — 1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб бўлиб нашр этилди.

1928 – йил ёзувчининг иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқди.

1934 – йилга келиб, Абдулла Қодирий қишлоқ хўжалиги мавзуига бағишланган «Обид кетмон» қиссасини яратди. Ундан ташқари, у Гоголнинг «Уйланиш» комедияси ва Ғарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди.

Абдулла Қодирий «Амир Умархоннинг канизи», «Намоз ўғри», «Даҳшат» каби романлар яратиш орзусида бўлган. Аммо мустабид тузум бу орзуларининг тўла рўёбга чиқишига имкон бермади.

Абдулла Қодирий 1926 – йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат ҳибсга олинган. 1937 – йилнинг 31 – декабрида эса «халқ душмани» сифатида қамоққа олиниб, 1938 – йил 4 – октябрда Тошкентда отиб ўлдирилган.

Унинг асарлари 1956 – йилдан бошлаб янгидан нашр этила бошланди. 1990 – йилда Республика Президентининг фармони билан А. Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 – йили эса А. Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. 1994 йили – Мустақилликнинг учинчи йилида унга «Мустақиллик» ордени тақдим қилинди.

Ҳозирги кунда эса бир қатор кўчалар, боғлар, мактаблар, кутубхона ва институтлар ёзувчининг табаррук номи билан аталади. Адиб номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида энг билимдон талабаларга Абдулла Қодирий номидаги стипендия белгиланган.

Share

Check Also

Пайғамбарнинг ёри- шери Худо Алидур

  Пайғамбарға ёр бўлғон шери Худо Алидур, Ҳам меърожда ёр бўлғон шери Худо Алидур.   …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.