Home / Шеърий маърифат / Ўзбек шоирлари / Абдурауф Фитратнинг таржимаи ҳоли (1886-1938)

Абдурауф Фитратнинг таржимаи ҳоли (1886-1938)

Picture-fitrat

Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат маданиятимиз тарихига шоир ва носир, драматург ва публицист, тилшунос ва адабиётшунос, тарихчи ва файласуф, санъатшунос ва жамоат арбоби сифатида киради. У 1886 – йили Бухорода зиёли оилада туғилган. Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқиган. У араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган.

Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланган бўлиб, 1918 – йилгача Қашқарда туриб қолган. У асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлиб, шу туфайли Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби улкан шоирларнинг ғазалларидан хабардор бўлган.

Фитрат 1909 – йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 – йилгача Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган. Туркияда ташкил топган «Бухоро таълим маорифи» уюшмасида фаоллик кўрсатган. Унинг илк тўплами 1911 – йилда «Сайҳа» («Чорлов») номи билан чоп этилган. «Сайёҳи ҳинди», «Мунозара» каби асарлари ҳам шу йилларда Туркияда нашр этилган.

1909 – 1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганида, жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар билан суғорилган асарлар ёзган. У Туркиядаги таҳсили даврида ўзига Фитрат (зукко, доно, билимдон) деб тахаллус олган.

Фитрат ижоди Туркистонда инқилобий ҳаракатлар кучайган даврларга тўғри келади. У 1913 – йили форс-тожик тилида яратган «Мунозара» номли асарида ўз халқини зулм ботқоғидан қутқариб, «нажот йўли»ни излаганлигини тасвирлайди. Бу даврда Оврўпа фани ва маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлигининг муҳим йўналишини ташкил этган.

Фитрат 1917 – йили февраль инқилобидан кейин «Ҳуррият» газетасини ташкил этиб, унда халқни истиқлол учун курашга даъват этувчи шеър ва мақолаларини эълон қилган. Унинг «Ҳуррият» газетасида босилган «Юрт қайғуси» номли шеър ва сочмаларида Туркистоннинг ҳурлиги учун курашга бел боғлаган лирик қаҳрамоннинг «Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!» деган даъвати баралла эшитилади. Унинг «Қон», «Бегижон», «Темур сағанаси», «Ўғизхон», «Або Муслим», «Ҳинд ихтилочилари», «Чин севиш» каби драмаларида миллий мустақиллик учун кураш мавзуи табиий ифодасини топган.

1922 – йили нашр этилган «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламида Чўлпон, Элбек шеърлари билан бирга Фитратнинг шеърий асарлари ҳам илк бор ўзбек ўқувчисига ҳавола этилган. У мазкур тўпламга кирган «Миррих юлдузига», «Беҳбудийнинг сағанасини излаб», «Шарқ», «Шоир» каби шеърларида миллатпарвар ва ватанпарварлик позициясида қатъий турганини яна бир бор намойиш этиб, Октябрдан кейинги воқеаларнинг ғайриинсоний моҳиятини фош этади.

Шоир ижоди ва дунёқарашидаги ана шу ҳол кейин ҳам сусаймай, у «Абулфайзхон», «Арслон» ва «Восеъ қўзғолони», «Шайтоннинг тангрига исёни» каби драмаларини яратди. Унинг «Қиёмат» каби ҳикояларида диний фанатизм ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўлган куч сифатида фош этилади.

Фитрат йирик олим, адабиётшунос сифатида ҳам бир қанча асарлар яратган. Жумладан, «Адабиёт қоидалари», «Эски ўзбек адабиёти намуналари», «Аруз ҳақида» каби илмий кузатувлари ўзбек адабиётшунослик фанининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Шунингдек, унинг Умар Ҳайём, Фирдавсий, Навоий, Бедил ҳақидаги тадқиқотлари адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат этади.

У Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби ўндан ортиқ мумтоз адабиёт вакиллари ҳақида ҳам мақолалар ёзган.

Фитрат айни пайтда ташкилотчилик фаолияти билан ҳам шуғулланиб, 1921 – 1923 йилларда Бухоро Халқ Жумҳуриятида маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилган. 1923 – 1924 йилларда эса фрунзечилар томонидан қувғин қилинган шоир Москвадаги Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланган.

Фитратнинг ўзбек тили грамматикасига оид дарсликлари 1925 – 1930 йилларда беш марта чоп этилган. Тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича олиб борган тадқиқотлари учун Фитратга ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб профессор унвони берилган.

Фитрат 1921 – йилда Шарқ мусиқа мактабини ташкил этиб, унинг биринчи директори бўлган. Мактабга мумтоз мусиқа билимдонлари (созанда ва хонандалар) билан бирга В. А. Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этди. У шу вақтдан бошлаб, «Шашмақом» куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитрат ташаббуси билан Ота Жалол ва ота Ғиёсдан Бухоро Шашмақоми В. Успенский томонидан илк бор нотага олиниб нашр этилди [Шесть музыкальных поэм (мақом), Бухара М., 1924]. Фитрат «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» мақолалари ва «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» (1927) рисоласи билан ХХ аср ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берди.

Фитрат 1938 – йил 4 октябрда Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ёзувчилар билан бирга отиб ташланган.

1991 – йил 25 сентябрда Фитратга ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари учун Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уй-музейи ташкил этилди. Бухорода Фитрат ҳайкали ўрнатилган. Республикадаги бир неча мактаб, кўча ва хўжаликлар Фитрат номи билан аталди.

Share

Check Also

Пайғамбарнинг ёри- шери Худо Алидур

  Пайғамбарға ёр бўлғон шери Худо Алидур, Ҳам меърожда ёр бўлғон шери Худо Алидур.   …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.