Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 31-37 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 31-37 оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 31, 32 ва 33 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<وَعَلَّمَ ءَادَمَ الْأَسْمَآءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَئِكَةِ فَقَالَ أَنبِئُونِى بِأَسْمَآءِ هَؤُلَاءِ إِن كُنْتُمْ صَدِقِينَ‏ قَالُواْ سُبْحَنَكَ لَا عِلْمَ لَنَآ إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَآ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ !قَالَ يَادَمُ أَنْبِئْهُمِ بِأَسْمَآئِهِمْ فَلَمَّآ أَنبَأَهُمِ بِأَسْمَآئِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّى أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَوَتِ وَالْأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ>

Ва [Аллоҳ] бутун номларни Одамга ўргатди. [Аллоҳ таоло жаҳондаги бутун яратилган ва яратилажак мавжудотларнинг номларини, уларнинг барҳам топишига қадар бўлган маълумотларни бир тилда ёки башариятнинг келажакда яраладиган барча тилларида Одам (алайҳис-салам)га ўргатди ёхуд номларнинг айний намуналарини уларнинг ҳақиқатлари ва хусусиятлари билан биргаликда унга ўргатди], сўнгра уларни фаришталарга юзлантириб деди: «Агар [эътирозингизда] содиқ ва тўғри сўз бўлсангиз, буларнинг номларини [ёки уларнинг ҳақиқатлари ва сир-асрорларини] Менга хабар беринг.

[Улар] дедилар: «Сен [барча айбу нуқсонлардан] пок ва муназзаҳдирсан, Биз учун Ўзинг ўргатганингдан ўзга ҳеч бир илм йўқ. Чиндан ҳам, Сенинг Ўзинг доно ва ҳикматли Зотдирсан».

Аллоҳ деди: «Эй Одам, бу фаришталарни у нарсаларнинг номларидан [ёки уларнинг ҳақиқатлари ва сир-асрорларидан] хабардор қилгин». Уларга ўша нарсаларнинг номларини [ёки ҳақиқат ва сир-асрорларини] хабар бергач, [Аллоҳ] деди: «Мен сизларга осмонлару ернинг сирларини биламан ва сизлар ошкор қилаётган ва беркитиб юраётган ҳар бир нарсадан огоҳдирман, деб айтмадимми?»

Аллоҳ таоло инсоннинг фаришталардан устун эканлигини исботлаш учун ҳар иккала тоифани синовдан ўтказди. Дастлаб уларга бир илмни бериб сўнгра улардан сўради. Қуръони Карим бу илм нима бўлгани ҳақида ҳеч нарса марҳамат қилмаган, аммо кўплаб муфассирларнинг қарашидан Аллоҳ таоло борлиқ ва табиат оламини ўша яратилишнинг дастлабки кезлариданоқ Инсонга танитди ва унинг номларини ўргатди.

Фаришталар ибодатлари билан ўзларини инсондан устун деб тасаввур қилишгани учун ҳам Аллоҳ таоло аввало уларни синовдан ўтказиб, агар бу иддаоларингда ростгўй бўлсангиз сизларга ўргатганим ҳақиқатларнинг номини айтинг – чи, деди. Аммо бундай иддао билан хатога йўл қўйишганини билган фаришталар фақат ибодат ва тасбеҳ Аллоҳ танловининг меъёри эмаслиги ҳамда Аллоҳнинг халифа ва ўринбосари илм – маърифат жиҳатидан юксак мақомга эга бўлиши зарурлигини англаб етишди. Сўнгра Аллоҳнинг бу саволига жавобан: «эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа бирор илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчи ва ҳикматли зотсан», дедилар.

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм – маърифат эди. Инсон ер юзида фасод қилиши ва қон тўкиши ҳам мумкин, аммо илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Бу оятлардан биринчидан; мағфират сўраш ва тавба қилиш нажот омили эканлиги, жумладан фаришталар ибодат ва тасбеҳлари билан ўзларини инсондан устун деб билишгани, аммо ҳақиқат бошқа нарса бўлиб чиққач, айтган сўзлари учун кечирим сўрашгани ва Аллоҳ таоло ҳам уларни авф этганини;

Иккинчидан фаришталар ғайб илмидан тўлиқ огоҳ эмасликлари ва фақатгина Аллоҳ таоло ирода қилган ва ижозат берган миқдордагина ғайбдан хабардор бўлишларини;

Учинчидан истеъдодлар юзага келиши учун керакли шарт-шароитларни вужудга келтириш лозимлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 34 ва 35 – оятлари таржимаси ва тафсирига қулоқ тутамиз:

<وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَئِكَةِ اسْجُدُواْ لِاَدَمَ فَسَجَدُواْ إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَى‏ وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَفِرين !وَقُلْنَا يَاَدَمُ اسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَداً حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَة فَتَكُونَا مِنَ الظَّلِمِينَ>

  1. Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимиз замонни [эслагин, эй Расулимиз] Шунда, ҳаммалари сажда қилишди, фақат Иблис [сажда қилишдан] бўйин товлаб, катталик қилди ва у кофирлардан бўлди.
  2. Ва Биз: «Эй Одам, сен ва жуфтинг жаннатда қарор топингиз. У[нинг неъматлари]дан мўл-кўл ва ёқимли бўлган ҳолда истаган жойингиздан енглар. Бироқ мана бу [буғдой ё узум ёки анжир] дарахтига яқинлашмангиз, йўқса золимлардан бўлиб қоласизлар», дедик.

Фаришталарга Одам баробарида сажда қилишни буюриб, Аллоҳ таоло Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас эди, балки Одамни яратиш Аллоҳнинг улуғ ижоди эканини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш ва Ундан бўйин товлаш хусусияти йўқ эди. Фақат Иблис сажда қилмади. У фақат амалда исён ва гуноҳ қилмади, балки эътиқодий жиҳатдан ҳам Аллоҳ таолонинг амрини адолатсиз ва ҳикматсиз деб атаб, куфр ҳамда динсизликка дучор бўлди ва иймонини қўлдан бой берди.

Демак, фаришталар Одамга сажда қилишгани унга сиғиниш маъносини англатмайди. Зеро, Аллоҳдан ўзгага сиғиниш мутлақо жойиз эмас. Улар Аллоҳнинг фармони ила Одамга ҳурмат – эҳтиром кўрсатиш учун унга сажда қилишди. Аслини олганда, ушбу сажда Аллоҳга ана шундай шарофатли улкан жонзотни яратгани учун эди.

Шундан сўнг, Аллоҳ таоло Одам билан унинг жуфтига жаннатдан жой бериб, бу ерда алоҳида хос бир дарахтнинг мевасидан ташқари барча нарсаларни тановул қилингиз, аммо бунга асло яқинлашмангиз, акс ҳолда золимлардан бўлгайсиз, – деди.

Бу оятлардан биринчидан; чинакам ибодат бу – инсон ўз тамойилига тўғри келувчи амрларни қабул қилиб, уларга риоя этиши эмас, балки Аллоҳ ниманики буюрса, ўшани бажариш эканлигини;

Иккинчидан барча фаришталар инсонга сажда қилишса-ю, аммо инсон Аллоҳ таолога сажда қилишга муҳайё бўлмаслиги адолат ва инсофдан эмаслигини;

Учинчидан умр йўлдош, жуфти ҳалол, маскан ва озуқа Аллоҳ таолонинг инсонга ер юзида фаровон ҳамда осойишта ҳаёт кечириши учун бериб қўйган неъматлари сирасидан эканлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз сўнггида Бақара сурасининг 36 ва 37 оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<فَأَزَلَّهُمَا الشَّيْطَنُ عَنْهَا فَأَخْرَجَهُمَا مِمَّا كَانا فِيهِ وَقُلْنَا اهْبِطُواْ بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ وَلَكُمْ فِى الْأَرْضِ مُسْتَقَرٌّ وَمَتَاعٌ إِلَى‏ حِينٍ! فَتَلَقَّى‏ ءَادَمُ مِن رَّبِّهِ كَلِمَتٍ فَتَابَ عَلَيْهِ إِنَّهُ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ>

  1. Кейин шайтон уларни ўша [дарахт юзаси]дан адаштирди ва уларни [ноз-неъматда бўлган нарса [жаннат]дан чиқарди. Ва Биз [уларга қарор топган макону манзилатингиздан шайтон билан биргаликда:] «Баъзингиз баъзингизга душман бўлган ҳолда тушинглар, сизларга ер юзида чекланган вақтгача тураржой ва муайян миқдорда фойдаланмоқ бордир», дедик. [Чекланган вақтдан; ҳар бир одамий зотнинг ажали етгуни қадар умр кўриш замони ва бутун башарият учун яратилган жаҳон барҳам топгунича бўлган замон назарда тутилган.]
  2. [Ер юзида қарор топгандан] сўнг, Одам ўз Парвардигоридан [тавбага оид] сўзларни ўрганиб олгач, [Аллоҳ таоло тарафидан унга тавба қилиш таълим берилгач ёки илоҳий номлар унга таълим берилиши билан тавба қилиш илҳом қилингач, у тавба қилди,] сўнгра Аллоҳ унинг тавбасини ижобат қилди. Албатта, У тавбаларни ўта қабул қилувчи, ўта раҳмли Зотдир.

Аллоҳ таолонинг Одамга сажда қилиш ҳақидаги фармонидан бўйин товлагани учун Парвардигори каримнинг даргоҳидан қувилган Иблис Одамдан ўч олиш пайига тушди ва уни ҳузур – ҳаловатли, осойишта масканидан чиқариш қарорига келди. Шунинг учун, кўп васвасалар ва юзаки кўринишдаги хайрхоҳлик ила ман этилган дарахтни шу даражада мақтадики, оқибат Одам ва унинг жуфти Ҳавво бу дарахтдан ейишди. Улар Аллоҳнинг фармонини бузмоқчи эмасдилар. Аммо улар ёлғонни билмайдиган ва бошқаларни ҳам ўзлари каби ростгўй ва садоқатли деб ҳисоблаганлари боис Иблис мазкур дарахтдан емоқнинг фойдаси борлиги ҳақида қасам ичганида ишонишди ва унинг макрига алданиб қолишди. Оқибатда жаннатдан чиқарилиб ерга тушурилишди.

Одам сокин ва неъматга бой муҳитдан чиқарилиб, ранж – машаққатга тўла ерга туширилгач, ўз хатоси ҳамда Шайтоннинг макрига алданиб қолганини англаб етди. Шунинг учун қилган ишидан пушаймон бўлиб, тавба – тазарру қилиш қарорига келди. Аммо қандайин тавба қилайки, Аллоҳ таолонинг даргоҳига қабул бўлсин деган фикр –хаёлга борди. Бу ерда Аллоҳ Одамни ўз ҳолига қўйиб юбормади ва унга ички пушаймонлигини изҳор этиши учун алоҳида калима ва сўзларни ўргатди. Сўнгра таввоблиги (тавбаларни ўта қабул қилувчилиги) билан Одамнинг тавбасини қабул этди.

Бу оятлардан биринчидан; Иблисга итоат этиш инсонни юксак мақомдан четлаштиришдан ташқари уни чинакам фаровонлик ва осойишталикдан ҳам маҳрум этишини;

Иккинчидан Иблиснинг инсон билан душманлиги узоқ ва ашаддий душманлик эканлигини;

Учинчидан агар инсоннинг тавбаси ҳақиқий бўлса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилиши, зеро Парвардигор таввоб эканлигини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.