Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Ваҳдат ва бирдамлик Қуръон нигоҳидан

Ваҳдат ва бирдамлик Қуръон нигоҳидан

1402735Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Араб тилидиги ваҳдат ва иттиҳод сўзлари ўзбекчада бирлик ва бирдамлик маъносини билдиради. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар билан тузилган илоҳий битимлардан бири жамиятда ваҳдат ва бирдамликни яратиш бўлган.

«Қуръони Карим» ваҳдат ва бирдимлик масаласи ўта аҳамиятли эканини қайта-қайта таъкидлаб, умматлар орасида бирлик ва бирдамликни яратиш ва уни ҳимоялаш учун турли йўл-йўриқлар кўрсатган. Аллоҳ таоло томонидан инсонларга нозил этилган ушбу муқаддас китоб бутун дунё, динлар, мусулмонлар ва оила бўғинлари орасида бирдамликнинг зарур эканлиги ва унинг кенг кўламли аҳамиятини такрор-такрор таъкидлаган.

Бирлик ва яккахудоликка даъват этувчилар турли нуқтаи назарлар ва фикр-мулоҳазаларни билдиришган. Қуръон ушбу назарларнинг барчасини бирлаштириб, инсонларни унинг атрофида бирлашишга даъват этди.

Қуръонда инсонларни тупроқдан яралгани, бир ота-онадан дунёга келишгани, инсонийлик жиҳатдан бир хил ва баробар эканликлари ҳамда турли ирқ ва қавмларнинг ҳеч қандай мавқега эга эмаслиги таъкидланиши билан бирга, илоҳий динлар издошлари ва ҳақиқат изловчиларнинг диққат-эътиборини қуйидаги муҳим масалаларга қаратади.

«Оли Имрон» сурасининг 103 – оятида ваҳдат ва бирдамлик хусусида қуйидагича буюрилади:

<وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِیعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْکُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَیْکُمْ إِذْ کُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَیْنَ قُلُوبِکُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَکُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَکُم مِّنْهَا کَذَلِکَ یُبَیِّنُ اللّهُ لَکُمْ آیَاتِهِ لَعَلَّکُمْ تَهْتَدُونَ>

«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутингиз ва бўлиниб кетмангиз. Ҳамда Аллоҳнинг сизга берган неъматини эслангиз: сизлар бир вақтлар (ўзаро) душман эдингиз, шунда У Зот қалбларингизни улфат қилди, оқибат сизлар Унинг неъмати ила (ўзаро) биродар бўлдингиз. Ва сизлар оловли жар ёқасида эдингиз, шунда У сизларни ундан қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз.»

Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам тутса, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушламоқликдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун ҳаммалари бир бўлиб уюшқоқлик билан Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш зарур эканлигини баён этиб, бу йўлда қилинадиган фаолиятларнинг шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган.

Кўплаб тафсирчи олимларнинг фикрича, бу сўз, яъни ваҳдат ва бирлик сўзининг энг тўғри тафсири Қуръоннинг ўзидир.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан нақл қилинган ҳадисга кўра, Қуръон осмон ва ер оралиғига тортилган Аллоҳнинг арқонидир.

Қуръон бутун инсонлардан ихтилоф ва низоларни четга суриб қўйиб Аллоҳга юз тутишга чақиради. Қуръон тафриқа, низолардан узоқлашишга ва бунинг натижасида кўплаб бандалар саодатга эришишлари каби олий мақсадни илгари суриб, уни таъкидлайди.

Қуръони Карим инсонлар орасида чин кўнгилдан бўладиган иттифоқ ва бирлашувни илоҳий неъмат деб билади.

Қуръон «Оли Имрон» сурасининг 159-оятида исломнинг суюкли пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазратларининг келишларини мусулмонлар бирлашуви ва ҳамжиҳатликлари учун асос деб билиб, ул зотнинг суннатларига ёндашишни бирдамликнинг яратилиши ва ҳимояланиши учун асосий йўл деб изоҳлайди. Бу борада қуйидаги ояти каримани эътиборингизга ҳавола этамиз:

<فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ کُنتَ فَظّاً غَلِیظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِکَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِی الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَکَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ یُحِبُّ الْمُتَوَکِّلِینَ>

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдингиз. Агар қўпол, юраги қаттиқ бўлганингизда эди, шубҳасиз, улар атрофингиздан тарқаб кетар эдилар. Демак, уларни афв этинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва улар билан ишларда машварат қилинг. Энди (бирор ишни бажаришга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади.»

Аллоҳ таоло ушбу амр ила Ўз элчиси Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ни қалби кенгликда ва мулойимликда кишиларни ўз атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айб ва камчиликлар ўтган бўлса ҳам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг олий даражадаги ахлоқлари ва олижанобликлари билан мусулмонлар тафаккури ва тушунчасини юксалтириб, уларни бирлаштирдилар. Қуръони Карим мусулмонларни юқорида айтилган илоҳий арқонни мустаҳкам тутишга ва тафриқа-ю низолардан чекинишга ҳамда улардан амри маъруф (яхшиликларга буюриш) ва наҳий мункар (ёмонликлардан қайтариш) ишларини хоҳлайди. Бу суҳбатдан шундан хулосага келамизки, амри маъруф ва наҳий мункар ишлари бирдамликни барқарор этиш ва тафриқаларнинг олди олиниши учун муҳим рол ўйнайди.

Шу билан бирга, Қуръони Карим барча мўъминлардан мусулмон биродарларининг жонини ўз жонларидек кўришни, бир-бировларидан айб қидирмаслик, тўҳмат қилмаслик ва ғийбат сўзларни гапиришдан тийилишга чақиради.

Барчамизга аёнки, намоз ислом динининг асосий ибодатларидан биридир. Мусулмон киши ўзининг ҳар бир намозида «Фотиҳа» сурасини ўқийди. Гарчи у намоз ўқиётганда, ёлғиз ҳолда бўлса-да, кўпчилик номидан Аллоҳ таолога мурожаат этиб: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» каби ибораларни тилга олади. Ёки намоз амалини бажо келтириш вақтида уларга Каъба сари юзланишлари буюрилган. Буларнинг барчасидан яққол маълум бўладиким, Қуръони Карим ҳар бир мусулмон қалбида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳиссини уйғотади.

Бутун Ислом диёрининг олимлари йигирмадан ортиқ Исломий ваҳдат ва бирдамлик конференсияси ташкил этишларидан сўнг Ваҳдат ва Бирдамликка оид низомни тасдиқлашди.

Эрон Ислом Жумҳуриятининг буюк раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратларининг баёнотларига кўра: «Аҳли суннат ва шиа мазҳабидаги мусулмонлар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик бўлишига ишонмайдиганлар исломдан бехабардирлар. Бугунги кунда Ислом оламига тафриқа ва низо солиш тарихий гуноҳ саналади.»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.