Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Сеҳр-жоду Қуръони Карим нуқтаи назаридан

Сеҳр-жоду Қуръони Карим нуқтаи назаридан

imagesБорлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Сеҳр бир нарсани ўз ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргар ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган. Қадим замонлардан бери сеҳр-жоду халқлар ва элатлар ўртасида кенг тарқалган.

Ибтидоий жамият даврида ҳам инсонлар нақшли темирларни баданларининг турли жойларига илиб қўйишган ёки бўлмаса баданларига махсус шаклга эга бўлган суратларни чизишган. Буларнинг барчаси бевосита сеҳрга бориб тақалади. Ибтидоий жамият даврида яшаган инсонлар бундай воситалар билан ёвуз арвоҳларга ва шайтонларга қарши курашишда фойдаланишган.

Ҳазрати Нуҳ (алайҳис салом) даврида ҳам сеҳр ҳақида маълумотлар келган бўлиб, унда золимлар ва туғёнга кетганлар Нуҳ (алайҳис салом)ни сеҳгарликда айблашган. Фиръавн саройида ҳазрати Мусо (алайҳис салом)га қарши курашиш учун қилинган фокус, кўзбойлоқчилик ва сеҳргарликлар ҳам ўша замонда сеҳр ва жоду кенг тарқалганлигидан далолат беради. Ҳазрати Сулаймон (алайҳис салом)нинг пайғамбарлик қилган замонларида ҳам сеҳр ва жоду кенг кўламда ривожланган эди. Сулаймон (алайҳис салом) даврларида ихтисослашган сеҳргарлар гуруҳи шаклланган бўлиб фақат сеҳр-жоду ишлари билан шуғулланишган. Шу боис, ҳазрати Сулаймон (алайҳис салом) сеҳр жодуга тааллуқли барча ёзувларни ва варақаларни йиғишга ва бу варақаларни махсус жойда сақлаш учун фармон берадилар. Ҳазрат Сулаймон (алайҳис салом) томонидан чиқарилган бундай фармон сеҳргарларнинг сеҳр-жодуларини ботил қилиш учун эди. Ҳазрати Сулаймон (алайҳис салом) вафот этганларидан сўнг баъзи инсонлар махсус жойда сақланаётган сеҳр-жодуга оид ёзувларни ва варақаларни ташқарига чиқаришди ва ушбу ёзувлардаги мавжуд сеҳр-жоду сўзларни кенг омма ихтиёрига тақдим этишди ва сеҳрни ўрганиб бошқаларга ҳам ўргата бошлашди.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китобида:

وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُ حَيْثُ أَتَىٰ

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», деган.

.

Ушбу жумла Қуръони Каримнинг Тоҳо сурасидаги 69 – ояти кариманинг бир қисмидир. Ушбу ояти карима Мусо (алайҳис салом) ва Фираъвннинг сеҳргарлари орасида бўлиб ўтган курашни васф қилувчи оятлар қаторида келган ояти карима бўлиб тўлиғи қуйидагичадир:

وَأَلْقِ مَا فِي يَمِينِكَ تَلْقَفْ مَا صَنَعُوا ۖ إِنَّمَا صَنَعُوا كَيْدُ سَاحِرٍ ۖ وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُ حَيْثُ أَتَىٰ

«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг ясаган нарсаларини ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари сеҳргарнинг макр-ҳийласидир, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас».

Ҳийла-найранг ҳеч қачон зафар топмаган. Бу сафар ҳам зафар топмас. Фиръавнлар ва уларнинг гумашта сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.

Шунинг билан бирга, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасининг 102 – ояти каримасида ҳам шундай марҳамат қилган:

وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَـٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّـهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

«Ва [яҳудийлар Таврот ўрнига] Сулаймон ҳукмронлигига қарши шайтонлар [ўзларининг сеҳр ва жоду ҳақида ёзилган китобларидан] ўқийдиган нарсага эргашдилар. Сулаймон [сеҳр ва жоду қилиб] кофир бўлмади [сеҳрнинг гуноҳи кофир бўлишга сабаб бўладиган бир пайтда, ҳазрат Сулаймон сеҳр қилиб кофир бўлмади], лекин шайтонлар одамларга сеҳр ўргатиб, кофир бўлишди ҳамда [яҳудийлар] Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага нозил қилинган нарсага эргашишди. Ҳолбуки, у иккови: «Бизлар фақат синов воситасимиз [ва сеҳрни фақат сеҳргарларга қарши чиқиш ва уларнинг сеҳрини пучга чиқариш учун, сизларга ўргатамиз. Демак, сеҳрни тақиқланган ўринларда ишлатиб] яна кофир бўлиб қолма» деб, [олдиндан] айтмагунларича ҳеч кимга сеҳр ўргатмасдилар. [Бироқ] улар у икковидан эр-хотиннинг орасини ажратадиган нарсани ўрганишарди. Ва [агарчи] улар Аллоҳнинг изнисиз ўша [сеҳр] билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. Ва улар ўзларига зарар етказадиган ва уларга фойда бермайдиган нарсани ўрганишарди. Ва [яҳудийлар] уни [сеҳр ва жодуни] сотиб олган кишига охиратда ҳеч бир насиба йўқлигини жуда яхши билишарди. Ҳақиқатан, қандай ҳам ёмон нарсага ўзларини сотдилар, агар билсалар эди.»

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон (алайҳис салом)га ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни ул ҳазратнинг хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Аллоҳ таолонинг ҳазрат Сулаймон (алайҳис салом)га берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамларнинг баъзилари иймонга келди ва иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми бош-қош бўлиб етакчилик қилишди.

Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий шаклда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морут исмли икки фариштани юборди. Уларнинг зиммасидаги вазифа хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш эди. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал: Биз синов учунмиз, зинҳор кофир бўлмагин, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар.

Яъни, «Биз одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганганлар уни ноўрин қўллашса кофир бўлишади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гапларни эшитгач, қайтиб кетса кетди, кетмаса, кофир бўлишини билиб туриб ҳам ўрганавераман, деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан пайғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ таоло томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нима-ю, сеҳр нима эканлиги кишиларга амалда кўрсатилди. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлмаган, деган даъвога ҳамда Сулаймон куфр келтиргани йўқ деган жавобга келмоқда. Бу маъно-мазмундан сеҳр куфрга тенглаштирилгани тушунилади. Ушбу маънони; «Лекин шайтонлар одамларга сеҳр ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда.

Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидага эга бўлмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан эътиқод бўлмагандан кейин турли сеҳр-жоду, хурофот, афсона ва сафсаталарга ҳам ишониб кетилаверилади. Оқибатда, битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади.

Сеҳргар турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Уламолар сеҳрни келиб чиқиши маълум бўлмаган иш, деб айтадилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Кимки тугун тугиб унга дам солса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади», «Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади» деб марҳамат қилганлар.

Маълумки, Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг «биздан эмас» дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг «биздан эмас» деганлари «Мусулмонлардан эмас», деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар. Фолбинга ишонган одам эса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади. Қуръони каримда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги қайта-қайта таъкидланган.

Сеҳр-жоду ёмон нарса эканлиги, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги ҳақида барча мусулмон уламолари бир хил фикрда бўлишган. Ҳаётда баъзи ҳодисалар шуни кўрсатадики, айрим одамлар ғайриоддий хусусиятларга эга бўлади. Баъзи шахсларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ўша хусусият билан таъсир ўтказиб, кишилар соғлигига таъсир қилиш ёки бошқа ҳолатлар юзага келиши мумкин. Лекин бундай ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслигимиз керак.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.