Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (2)

Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (2)

1. Шиалик тафаккурининг Пайғамбаримиз замонларида пайдо бўлганлиги;

Имомия ёки ўн икки имомлик шиаларнинг эътиқодларига биноан, шиалик тафаккурининг дастлабки уруғини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўтқизган бўлиб, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пайғамбарлик даврлари давомида уни суғорганлар. Шунга биноан, шиалик тафаккурининг покиза дарахти ул зотнинг ҳаётлик чоғларида ўз мевасини берган ва шу боис, ул ҳазратнинг замонларида буюк саҳобаларнинг бир гуруҳи «шиа» номи билан танилган эдилар. Мисол тариқасида, Салмон Форсий, Абу Зар Ғифорий, Аммор ибн Ёсир, Миқдод ибн Асвад ва бошқалар. Бу назарияни Худо хоҳласа, Қуръон ва суннатга асосланган қатъий далиллар билан исботлагаймиз ва бу хусусда бирор шубҳага ўрин қолдирмагаймиз.

2. Шиалик тафаккурининг Сақифада юзага келиши;

Аҳли суннатнинг айрим тарихчи олимлари айтишича, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан сўнг саҳобалар Сақифаи бани Соида номли ерда тўпланиб, ул зотдан сўнг халифа ва ворис тайин этаётганларида саҳобаларнинг бир гуруҳи ҳазрат Али (алайҳис салом)га эргашиб, ул ҳазратни халифалик ва ворислик масаласида бошқалардан афзал деб билиб шиалик тафаккурини юзага келтирганлар. Ушбу тарихчи олимларнинг эътиқодича, халифани танлаш борасида саҳобалар ўзаро ихтилоф ва низоларга борганларида, Али (алайҳис салом)ни халифа ва ворис этиб танлаш ногаҳон Зубайр, Салмон, Миқдод ва Абу Зарларнинг фикрига келган. Негаки, улар ҳазрат Али (алайҳис салом) Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг амаки ўғиллари ва куёвлари бўлгани учун халифалик лавозимига бошқалардан кўра ҳақлироқ ва устунроқдир деган тушунчани кўтариб чиқадилар. Ибн Халдун,[1] доктор Ҳасан Иброҳим Ҳасан,[2] Аҳмад Амин Мисрий[3] ва Муҳаммад Абдуллоҳ Аннон[4] каби аҳли суннат олимлари ҳамда Жулед Тасҳир[5] сингари таниқли шарқшунослар ушбу назарияни қабул қилиб, уни қўллаб-қувватлаганлар.

3. Усмон ибн Аффон ўлдирилгач шиалик тафаккурининг пайдо бўлиши;

Бошқа бир гуруҳ тарихчи олимларнинг назарига кўра, мусулмонлар учинчи халифа Усмон ибн Аффоннинг уйига бостириб кириб уни ўлдиргач, шиалик тафаккури вужудга келган. Аҳли суннат уламоларининг орасидан Ибн Ҳазм Андулусий[6] ва доктор Али Сомий Ан-Нашшор[7] ҳамда шарқшунослар орасидан Фалҳавзен бундай назарияни билдиришган.[8]

4. Шиалик тафаккурининг Сиффийн урушида юзага келганлиги;

Айримларнинг фикрича, шиалик тафаккури имом Али (алайҳис салом) билан Муовия ибн Абу Суфён ўртасида юз берган «Сиффийн» жангидан сўнг, Али (алайҳис салом) нинг тарафдорлари «шиа» номи билан танилганлар.

5. Шиалик тафаккурининг имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг пайдо бўлиши;

Доктор Комил Мустафо Шабибийнинг айтишича, шиалик тафаккури имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг юзага келган.[9]

6. Шиалик тафаккури форслар ва зардуштийлар эътиқодининг таъсири остида шаклланиши;

Айрим тадқиқотчиларнинг айтишига қараганда, форслар ва зардуштийлар эътиқодининг Ислом пойтахтига нуфуз қилиши натижасида шиалик тафаккури ушбу эътиқоднинг таъсири остида шаклланди. Шарқшунослар орасидан Давзий,[10] Фон Флутен[11] ва Бровун[12] ҳамда аҳли суннат орасида Аҳмад Амин Мисрий[13] ва Аҳмад Атиятуллоҳ[14] ушбу назарияни илгари сурганлар.

7. Шиалик тафаккури Оли Буя ва Сафавийлар даврида юзага келиши;

Айримларнинг фикрича, шиалик тафаккури Эронда шиа мазҳабига мансуб Оли Буя ва улардан сўнг Сафавийларнинг ҳукумат қурган даврида вужудга келган.

8. Шиалик тафаккури Абдуллоҳ ибн Сабаънинг фикрлари асосида вужудга келиши;

Бошқа бир тоифадаги аҳли суннат уламоларининг эътиқодича, шиалик тафаккури Усмон ибн Аффон даврида мусулмон бўлган Абдуллоҳ ибн Сабаъ номли яҳудий бир шахснинг фикрлари асосида вужудга келган бўлиб, шиалар эътиқодининг шакллана бошланиши унинг фикрларига бориб тақалади. Ушбу назарияга ёндашган айрим аҳли суннат уламоларининг исмларини зикр этамиз: доктор Али Сомий Ан-Нашшор,[15] Саййид Муҳаммад Рашид Ризо,[16] Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра,[17] Абул Ҳасан Малатий,[18] Ибн Асир, Ибн Касир, Ибн Халдун ва бошқалар.

Биз баҳсимиз давомида биринчи назария тўғри ва айни ҳақиқат эканлигини Қуръони Карим ва суннатга асосланган бир неча қатъий далиллар билан исботлагаймиз ва бунинг пировардида қолган назарияларнинг нотўғри ва асоссиз эканлиги ўзидан-ўзи маълум бўлажак. Аммо шунга қарамай, қолган назарияларни ҳам илмий-тадқиқотий меъёрлар асосида таҳлилий қараш билан ўрганиб чиқамиз ва бундай назариялар нақадар воқелик ва ҳақиқатдан йироқ эканлигини кўрсатиб берамиз.


Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Ибн Халдун тарихи, 3 – жилд, 364 – бет.

[2]. Доктор Ҳасан Иброҳим Ҳасан, «Тарихул ислом», 1 – жилд, 371 – бет.

[3]. Аҳмад Амин Мисрий, «Фажрул ислом», 266 – бет.

[4]. Муҳаммад Абдуллоҳ Аннон, «Тарихул жамийятис-сиррийяҳ», 26 – бет.

[5]. Жулед Тасҳир, «Ал-Ақийдату ваш-шариъату фил-ислом», 174 – бет.

[6]. Ибн Ҳазм Андулусий, «Ал-фисал фил-милали вал-аҳвои ван-ниҳал», 2 – жилд, 78 – бет.

[7]. Доктор Али Сомий Ан-Нашшор, «Нашъатул фикрил фалсафий фил-ислом», 18 – бет.

[8]. Фалҳавзен, «Ал-Хавориж ваш-шиъа», 146 – бет.

[9]. Доктор Комил Мустафо Шабибий, «Ас-Силату байнат-тасаввуфи ват-ташаййуъ», 23 – бет.

[10]. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, «Тарихул мазоҳибил исломия», 1 – жилд, 41 – бет.

[11]. Юқоридаги манба.

[12]. Аҳмад Амин Мисрий, «Фажрул ислом», 111 – бет.

[13]. Юқоридаги манба.

[14]. Аҳмад Атиятуллоҳ, «Ал-Қомусул исломий», 3 – жилд, 222 – бет.

[15]. Доктор Али Сомий Ан-Нашшор, «Нашъатул фикрил фалсафий фил-ислом», 18 – бет.

[16]. Саййид Муҳаммад Рашид Ризо, «Ас-суннату ваш-шиъа», 4 ва 5 – бетлар.

[17]. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ал-Мазоҳибул исломия», 64 – бет.

[18]. Абул Ҳасан Малатий, «Ат-Танбийҳу вар-радду алаа аҳлил аҳвааи вал-бидаъи», 25 – бет.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.