Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Ғарбда норасмий равишда уйланиш, унинг зарарлари ва оқибатлари

Ғарбда норасмий равишда уйланиш, унинг зарарлари ва оқибатлари

Picture196578

Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилган пайтда тупроқдан одам зотини яратди, унга Ўз ҳузуридаги руҳдан жон пуфлаб, уни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари қилди. Сўнгра одамнинг жуфтини яратди ва уларнинг иккисидан эркак ва аёлларни тарқатди.

Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб, эркак ва аёлдан иборат қилиб яратганда уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни ато этди ва улар никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини ва одам сулоласини Қиёмат қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини ирода қилди.

Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қай тарзда ҳаёт кечирса, саодатли бўлишини яхши биладиган Аллоҳ таоло эркак ва аёлларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилди. Шунинг учун ҳам Ўзининг барча анбиёларига, авлиёларига ва солиҳ бандаларига никоҳли ҳаётни раво кўрди. Ўзининг барча самовий динларида никоҳни жорий қилди. Ўша самовий динлар орқали инсониятга ҳаётнинг бошқа соҳалари каби никоҳ ва оила қуриш борасида саодатга элтувчи кўрсатмаларини жўнатиб турди.

Шу тарзда, Аллоҳ таоло инсониятни аста-секин тарбиялаб келди ва ниҳоят инсоният камолга етганда Ўзининг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом орқали оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимотларини жорий этди. Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилганлар оилавий бахт ҳузурини кўриб келдилар ва келмоқдалар.

Маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда низо, тарқоқлик ва бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, унинг тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.

Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун мумкин бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишни тақозо қилади.

Аммо минг афсуслар бўлсинким, кейинги пайтларда Ғарб оламида «ҳуррият», «шахс эркинлиги», «виждон ва сўз эркинлиги» деган сохта шиорларни рўкач қилиб олган айрим бузғунчилар «Оиланинг кераги йўқ, никоҳ шарт эмас, у инсоннинг эркини чеклаб қўяди» деган даъвони кўтариб чиқишди.

Яна минг афсуслар бўлсинким, бу сафсатага ишонадиганлар ҳам топилдилар ва кўпайиб бормоқдалар. Охир – оқибат, ҳозирга келиб кўплаб муаммолар келиб чиқди. Инсоннинг соф табиатига зид ушбу дунёқарашга тобе бўлган юртларда оиланинг қадри қолмади, оила аъзоларининг ўзаро ҳурмат – эҳтиромлари ва меҳр – мурувватларига путур етди. Эркак ва аёллар ўз оиласида тинч – тотув яшашнинг ўрнига ҳаром – ҳариш, айшу ишрат ва кайфу сафога берилдилар. Насл – насаб ҳақида қайғуриш улар учун ёт нарсага айланди. Фарзанд орттириш, бола тарбия қилиш уларга ёқмай қолди.

Умуман олганда, Ислом шариати енгиллик устига бино қилинган. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Хусусан, эркак ва аёл, оила ва никоҳ масаласига келсак, бу масалаларда ҳам Аллоҳ таоло Ўз бандаларига енгилликни истаган ва уларга оила қуриб, ҳалол – пок яшашни амр қилган.

Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар албатта, инқирозга учраганлигининг гувоҳи бўламиз. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб рўй берди. Жинсий масалалар борасида олимлар етишиб чиқди. Улар: «жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ эркин бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий хусусиятлар келиб чиқишига сабаб бўлади» каби ғояларни тарқатишди.

Бундай қарашлар оқибатида, жинсий инқилоб авж олди. Бунинг натижаси эса турли бало – офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оила ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Тараққий этган Ғарб давлатларининг туб аҳолиси айнан жинсий инқилоб оқибатида, даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили кўп одамлар шу касалликлар туфайли бу дунёни тарк этмоқда, насл бузилиб, одамлар заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда, турли ақлий ва руҳий хасталиклар урчимоқда.

Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монелик ва курашувчанлик ҳолатининг йўқолиши натижасида ОИТС касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда «XX аср вабоси» деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг асосий сабаби баччабозлик ва зино экани ҳеч кимга сир эмас. Бу даҳшатли дард билан касалланган одам тез муддатда азобланиб ўлиши ҳам барчага аён. Ҳамма қўрқувда. Бутун дунё тиббиёт олимлари ушбу дардга чалинмасликнинг йўлини қидирмоқдалар. Бу йўлда ҳисобсиз маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда, қонунлар чиқарилмоқда, турли халқаро ташкилотлар бу борада фаолият кўрсатишмокда. Аммо бу дарднинг давосини топа олмай, уни муолажа қилишдан ожиз қолмоқдалар.

Лекин шаҳватга эргашиб, залолатга кетганлар биргина энг осон, энг ишончли йўл – бу Аллоҳнинг кўрсатган йўлига қайтиш эканини хаёлларига ҳам келтирмаяптилар. Ҳеч бўлмаса, ушбу касалнинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки, шаҳватга эргашган Ғарбликларнинг ўзлари шаҳватга қарши оёққа тура олмайдилар. Улар аслида, шаҳватга қул бўлганликлари учун унга эргашганлар. Сиртдан қараганда, осон кўринган ишга ўзларини уриб, энди машаққатдан бошлари чиқмай юрибди. Афтидан оғир кўринган бўлса – да, Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан юрган бандаларнинг бошида мазкур мусибат ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар осойишталик ва енгиллик билан фаровон турмуш кечирмоқдалар.

Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.