Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (1)

Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (1)

Жавоб: Шиалик тафаккурининг пайдо бўлиши қайси замонга бориб тақалишини батафсил ўрганиб чиқишдан олдин «шиа» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Шиа сўзининг луғавий маъноси

Буюк луғатшунос олим Жавҳарий ўзининг «Сиҳоҳул-луғат» китобида шиалик тўғрисида шундай изоҳ беради: «Шиаликнинг маъноси бирор шахсга эргашиш, унга мадад бериш ва унинг пешволигини қабул қилиш демакдир.»[1] Ва шунингдек, Ибн Манзур ўзининг «Лисонул-араб» китобида бу ҳақда шундай дейди: «Бирор иш (ақида ёки амал) асосида тўпланган тоифага «шиа» дейилади. Демак, бирор мақсад ва ғоя асосида тўпланиб бирлашган гуруҳ «шиа» деб номланади.» У сўзининг давомида айтади: «Бирор шахснинг шиаси деганда, унинг издоши, тарафдори ва мададкори тушунилади.»[2] Шуни таъкидлаш лозимки, Қуръони Каримда ҳам «шиа» сўзи ушбу маънода қўлланган:

<وَ اِنَّ مِنْ شِيعَتِهِ لَإِبْرَاهِيمَ>

«Ҳақиқатан, Ибрoҳим ҳам у (Нуҳ)нинг тарафдoрларидандир.» (Сaффoт сурaси, 83-oят.) Ушбу ояти каримада ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) ҳазрат Нуҳ (алайҳис салом)нинг шиаси сифати тилга олинган. Ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) Нуҳ (алайҳис салом)нинг шариатига тобе бўлмай, мустақил шариат соҳиби ва улул-азм пайғамбарлардан бўлишига қарамай, ул зотнинг тавҳид ва яккахудолик йўналишида тутган йўли ҳазрат Нуҳ (алайҳис салом)никига тамоман мос ва уйғун бўлгани сабаб, Нуҳ (алайҳис салом)нинг шиаси деб номланган. Бошқача таъбир билан айтганда, бу иккала пайғамбарнинг кўзлаган мақсадлари ва тутган йўллари бир ва ягона бўлгани учун, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) Нуҳ (алайҳис салом)нинг шиаси деб тилга олинган.

Ушбу маънода замон нуқтаи назаридан олдин ёки орқада бўлиши назарга олинмайди. Яъни кейинги шахсни олдин ўтган шахснинг шиаси деб айтиш мумкин бўлгани каби бунинг акси ҳам тўғри бўлади.[3] Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган:

<وَلَقَدْ أَهْلَکْنَا أَشْياعَکُمْ>

«Дарҳақиқат, Биз сизларнинг издошларингизни нобуд қилдик.» (Қамар сураси, 51 – оят) Ояти каримада келган издошлардан мурод илгарги умматларнинг мушриклари бўлиб, Пайғамбаримиз даврларидаги мушриклар сингари ўз пайғамбарларига қарши чиққан эдилар.[4] Демак, юқоридаги маълумотларга биноан, «шиа» сўзининг бир маъноси муайян мақсад ва ғоя асосида тўпланиб бирлашган гуруҳ деганидир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, «шиа» сўзининг иккинчи маъноси эса бирор кимга эргашмоқ ва унинг изидан бормоқ демакдир. Ибн Манзур ўзининг «Лисонул-араб» китобида келтиргани каби «Қомус ал-муҳит» луғатида ҳам «шиа» сўзи борасида шундай дейилган: «Бирор шахснинг шиаси деганда унинг изидан борувчи ва унинг ёри маъносини англатади». Шуни унутмаслик керакки, бирор шахснинг эътиқоди ва тутган йўлига эргашмоқ ва унинг изидан бормоқ одатда уни севиш ва яхши кўриш билан бирга бўлади. Кўпинча «шиа» сўзи қўлланганда, иккинчи маъно кўзда тутилади. Қуръони Каримда ҳазрат Мусо (алайҳис салом) нинг издоши ва тарафдори ҳақида бундай дейилган:

<…فَوَجَدَ فِيهَا رَجُلَينْ‏ِ يقْتَتِلَانِ هَذَا مِن شِيعَتِهِ وَ هَذَا مِنْ عَدُوِّهِ فَاسْتَغَاثَهُ الَّذِي مِن شِيعَتِهِ عَلي الَّذِي مِنْ عَدُوِّهِ…>

«Унда (шаҳарда) икки киши урушаётганини кўрди. Буниси ўзининг издошидан ва униси душманидан эди. Шунда (Мусо)нинг шиасидан (издошидан) бўлган киши унинг душманидан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради.» (Қасас сураси, 15 – оят)

Юқорида зикр этилган икки маънодан иккинчиси кўпроқ танилган бўлиб, луғат ва тафсир китобларида ушбу иккинчи маъно кўпроқ назарда тутилади.

Шиа сўзининг истилоҳий маъноси

Тарихчи олимлар ва тадқиқотчи донишмандлар ўз китобларида «шиа» номини мутлақ ва қайд-шартсиз ўн икки имомлик шиаларга нисбатан қўллаганлар. Уларнинг айримларининг ибораларини шу ерда келтирамиз:

  1. Шаҳристоний бу борада айтади:

«الشّيعة هم الَّذين شايعوا عليا عَلَي الْخصوص وقالوا بإمامته وخلافته نصًّا ووصيةً»

«Шиа дегани фақат Али (алайҳис салом)га эргашган ва унинг пешволиги, раҳнамолиги ва халифалигига ошкора ҳадис ва васият борилиги учун эътиқод қилган шахслардир.»[5]

  1. Ибн Халдун тарих китобининг муқаддамасида ёзади:

«الشِّيعة لغةً هم الصَّحْب و الأَتْباع و يطلق في عرف الفقهاء والمتکلّمِين من الخلف والسَّلف علي أتباع علي وبنيه»

«Шиа сўзи луғатда ёру ҳамроҳ ва издош демакдир. Бироқ ушбу сўз илгарида ўтган ва ҳозирги фақиҳлар ва илоҳиётчи олимларнинг таъбири бўйича Али (алайҳис салом) ва унинг фарзандларига эргашганларга нисбатан қўлланади.»[6]

  1. Мир Саййид Шариф Журжоний ёзади:

«الشِّيعة هم الَّذين شايعوا عليا وقالوا إنَّه الإمام بعد رسول الله 4 واعتقدوا أنَّ الإمامة لا تخرج عنه و عن أولاده»

«Шиа деганда Али (алайҳис салом)га эргашиб, ул зотни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан сўнг имом ва пешво деб тан олган ҳамда имомат ва пешволик у ҳазрат ва унинг фарзандларидан ташқарида бўлмайди деб эътиқод қиладиган кишиларга айтилади.»[7]

  1. Муҳаммад Фарид Важдий ёзади:

«الشِّيعة هم الَّذين شايعوا عليا في إمامته واعتقدوا أنَّ الإمامة لا تخرج عن أولاده وقالوا ليست الإمامة قضية مصلحية تناط باختيار العامَّة بل هي قضية اصولية هي رکن الدّين. ولا بدّ أن يکون الرّسول قد نصَّ علي ذلک صريحًا. والشِّيعة يقولون بعصمة الأَئِمَّة من الکبائر و الصغائر والقول بالتَّولِّي و التَّبرِّي قولًا وفعلًا إلَّا في حال التقية إذا خافوا بطش ظالم»

«Али (алайҳис салом)га эргашиб, ул зотни имом ва пешво деб тан олган ҳамда имомат ва пешволик унинг фарзандларидан ташқарида бўлмайди деб эътиқод қиладиган кишиларга шиа деб айтилади. Уларнинг эътиқодича, имомат ва пешволик маслаҳат йўли билан ҳал бўладиган масала эмас, токи умматнинг ихтиёри ва танловига боғлиқ бўлиб, улар танлаган шахс имом ва пешво танилсин, балки имомат асосий масала бўлиб, диннинг устуни саналади. Шу боис, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан сўнг ким йўлбошчи ва пешво бўлишини ошкора тайин қилмоқлари лозим. Шиалар имомларнинг катта ва кичик гуноҳлардан пок ва маъсум эканликларига эътиқод қилиб, сўз ва амалда тавалий ва табаррийга ёндашишни айтадилар. Илло золим душманнинг жабридан қўрқанларида тақия қила оладилар.»[8]

  1. Фируз Ободий айтади:

«وقد غلب هذا الاسم علي کلِّ من يتولَّي عليا وأهل بيته حتّي صار اسمًا لهم خاصًّا»

«Бу (шиа) номи Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг хонадонларидан бўлган имомларнинг вилоят (пешволик)ларини қабул қилган ҳар бир кишига қўлланишда ғалаба қилган. Ҳаттоки, ушбу ном уларга хос бўлган исмга айланган.»[9]

  1. Ибн Асир айтади:

«وقد غلب هذا الاسم علي کلِّ من يزعم أنَّه يتولَّي عليا وأهل بيته حتّي صار لهم اسمًا خاصًّا. فإذا قيل فلان من الشِّيعة عرف أنَّه منهم»

«Бу (шиа) номи Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг хонадонларидан бўлган имомларнинг вилоят (пешволик)ларини қабул қилганман деб ўйлайдиган ҳар бир кишига қўлланишда ғалаба қилган бўлиб ҳаттоки, ушбу ном уларга хос бўлган исмга айланган. Демак, қачонки фалончи шахс шиалардан деб айтилса, шу маънода танилади.»[10]

Худди шу таъбир Ибн Манзур томонидан ҳам айтилган.[11]

  1. Азҳарий айтади:

«الشِّيعة قوم يهْوُون هوي عترة النَّبي محمَّد 3 و يوالونهم»

«Шиа пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини қалбан севиб, уларнинг вилоятини (пешволигини) қабул қилган бир тоифадир.»[12]

«Ал-Муъжамул васийт» номли луғат китобида «шиа» ҳақида шундай изоҳ берилган:

«الشِّيعة فرقة کبيرة من المسلمين اجتمعوا علي حبِّ علي وآله وأَحقِّيتهم بالإمامة»

«Шиа мусулмонларнинг йирик тоифасидан бўлиб, улар Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг хонадонларини севишда ҳамда уларнинг имомат ва пешволикда бошқалардан кўра ҳақлироқ эканликларини қабул қилишда тўпланганлар.»[13]

  1. Абул Ҳасан Ашъарий «шиа» ҳақида шундай ёзади:

«وإنَّما قيل لهم الشِّيعة؛ لأَنَّهم شايعوا عليا ويقدِّمونه علي سائر أصحاب رسول الله 4»

«Шубҳасиз, шиалар Али (алайҳис салом)га эргашиб, уни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг бошқа саҳобаларидан устун кўрганликлари сабабли уларга шиа деб айтилган.»[14]

  1. Ваҳҳобийларнинг ёзувчиларидан бўлмиш доктор Носир Оиз Ҳасан Аш-Шайх бу ҳақда ёзади:

«کلمة الشِّيعة اتَّخذت معني اصطلاحيا مستقلًّا حيث اطلقت علي جماعة اعتقدوا أنَّ الإمامة ليست إلي نظر الأمَّة يتعين القائم بها بتعيينهم، بل إنَّها رکن الدين وقاعدة الإسلام ولا يجوز لنبي إغفالها ولا تفويضها إلي الأمَّة بل يجب عليه أن يعين الإمام للأمَّة»

«Шиа сўзи хос ва мустақил бир истилоҳга айланган бўлиб, ушбу сўз имомат ва пешволикни умматнинг назарига асосан тайин этиладиган оммавий масала деб билмайдиган жамоага нисбатан қўлланади, балки улар имоматни диннинг устуни ва Исломнинг асоси деб билиб, Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ўзларидан кейинги имом ва пешвони тайин этишдан ғафлатда қолиш ёки бу масалани умматга топшириб қўйиш жоиз эмас, балки уммат учун имом ва пешво тайин этиш ул ҳазратга вожибдир деб эътиқод қиладилар.»[15]

  1. Йирик шиа олими бўлмиш Шайх Муфид (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу борада шундай айтади:

«الشِّيعة من شايع عليا وقدَّمه علي أصحاب رسول الله (ص) واعتقد أنَّه الإمام بوصيةٍ من رسول الله (ص) وبإرادة من الله تعالي أيضًا»

«Али (алайҳис салом)га эргашиб, ул зотни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг бошқа саҳобаларидан устун қўйганларга шиа деб айтилади. Уларнинг эътиқодича, Али (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан сўнг, ул ҳазратнинг васиятлари ва Аллоҳ таолонинг иродаси билан имом ва пешво этиб тайинланганлар.»[16]

Шиа сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини ўрганиб чиққач, шиалик тафаккури қачон пайдо бўлгани хусусида тарихчи олимлар томонидан билдирилган турли фикр-мулоҳазаларни таҳлилий нигоҳ асосида кўриб чиқамиз ва улардан қайси бири ҳақиқатга яқин ва тўғри эканлигини Қуръони Карим ва суннатга асосланган қатъий далиллар билан исботлаймиз. Умуман олганда, шиалик тафаккури қачон пайдо бўлгани ҳақида саккизта назария мавжуд бўлиб, улар қуйдагилардан иборат:


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Жавҳарий ўзининг «Сиҳоҳул-луғат» 3 – жилд, 156 – бет, شيع моддасида

[2]. Ибн Манзур ўзининг «Лисонул-араб» 7 – жилд, 258 – бет, شيع моддасида

[3]. Аллома саййид Муҳаммад Ҳусайн Таботабоий, «Тафсири ал-Мийзон», 17 – жилд, 147 – бет.

[4]. Замахшарий, тафсири «ал-Кашшоф», 4 – жилд, 441 – бет.

[5]. Шаҳристоний «Ал-Милалу ван-Ниҳал», 1 – жилд, 107 – бет.

[6]. Ибн Халдун муқаддимаси, 137 – бет.

[7]. Мир Саййид Шариф Журжоний, «ат-Таърифот», 57 – бет.

[8]. «Доиратул-маъориф» (Ислом таълимотлари қомуси) 5 – жилд, 242 – бет.

[9]. Фируз Ободий, «Қомусул-муҳит», شيع моддасида.

[10]. Ибн Асир, «Ан-Ниҳоя фий ғарибил ҳадис», 2 – жилд, 519 ва 520 – бетлар.

[11]. Ибн Манзур, «Лисонул-араб», 7 – жилд, 258 – бет, شيع моддасида.

[12]. Юқоридаги манба.

[13]. «Ал-Мўъжамул васийт», 1 – жилд, 503 – бет.

[14]. Абул Ҳасан Ашъарий, «Мақолотул исломиййин», 65 – бет.

[15]. Носир Оиз Ҳасан Аш-Шайх, «Ақийдатус-суннати вал-жамоати фис-саҳобатил киром», 3 – жилд, 890 ва 891 – бетлар.

[16]. Воилий, «Ҳувийятут-ташаййуъ», 12 – бет, Шайх Муфид (раҳматуллоҳи алайҳ) дан қилинган нақл.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.