Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (3)

Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (3)

Биринчи омил: Пайғамбаримиз (с.а.о)нинг шиаликка даъватлари;

Аҳли суннат уламолари томонидан нақл қилинган ҳадисларда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) илк маротаба «шиа» сўзини ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг издошларига нисбатан ишлатиб, ўз саҳобаларини шу йўлга чақирганлар.

  1. Жалолуддин Суютий қуйидаги Баййина сурасининг 7-ояти:

<اِنَّ الَّذينَ آمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحاتِ اُوْلٰئِکَ هُمْ خَيرُ الْبَرِيّةِِ>

«Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.» тафсирида Сарвари оламдан бир неча ҳадисларни нақл қилган:

أخرج ابن عساکر عن جابر بن عبداللّه قال: کنَّا عند النَّبي (ص) فأقبل علي، فقال النَّبي 4: «والَّذي نفسي بيده اِنَّ هذا وشيعته لهم الفائزون يوم القيامة» و نزلت> اِنَّ الَّذينَ آمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحاتِ اُوْلٰئِکَ هُمْ خَيرُ الْبَرِيةِ< فکان أصحاب النَّبي إذا أقبل علي قالوا: جاء خير البرية

  1. Ибн Асокир ўз санади билан Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий (разияллоҳу анҳу) дан қилган нақлида у шундай деди: Биз Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларида эдик. Шунда Али кириб келди. Ул ҳазрат унга ишора қилиб шундай марҳамат қилдилар: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, шак-шубҳасиз, бу (Али) ва унинг шиалари (издошлари) қиёмат кунида нажот топувчилардир.» Шу пайт ушбу оят нозил бўлди: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.» Шу боис, Сарвари оламнинг саҳобалари Али (алайҳис салом)нинг келаётганини кўрсалар, «халойиқнинг энг яхшиси келди», деб айтардилар.[1]

و أخرج ابن عدي عن ابن عباس قال: لمَّا نزلت <اِنَّ الَّذينَ آمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحاتِ اُوْلٰئِکَ هُمْ خَيرُ الْبَرِيةِ> قال رسول اللّه (ص) لعلي: «هو أنت و شيعتک يوم القيامة راضين مرضيين.»

  1. Ибн Удай ўз санади билан Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан қилган нақлига кўра, у шундай деди: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.» ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳис салом)га қараб шундай марҳамат қилдилар: «Оятдаги энг яхши халойиқ сен ва сенинг шиаларинг (издошларинг) бўлиб, рози бўлувчи ва рози бўлинган ҳолда бўлгайсиз.»[2]

و أخرج ابن مردويه عن علي قال: قال لي رسول اللّه 3: «ألم تسمع قول اللّه <اِنَّ الَّذينَ آمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحاتِ اُوْلٰئِکَ هُمْ خَيرُ الْبَرِيةِ> أنت و شيعتک، و موعدي و موعدکم الحوض اذا جئت الأمم للحساب تدعون غرّا محجّلين»

  1. Ибн Мардавайҳ ўз санади билан Али (алайҳис салом)дан қилган нақлига кўра, ул зот шундай айтдилар: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менга қараб дедилар: «Аллоҳнинг ушбу каломини: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.» эшитмаганмисан?! Бу оятдаги энг яхши халойиқ сен ва сенинг шиаларинг (издошларинг) бўлиб, мен ва сизларнинг ваъдагоҳимиз Кавсар ҳавзидир. Одамлар ёнига ҳисоб-китоб учун келганингда сизлар пешанасидан нур тараладиган юзи ёруғ ҳолда чақириласизлар.»[3]
  2. Ибн Мағозилий ўз санади билан Анас ибн Моликдан қилган нақлига кўра, Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«يدخلون من أمَّتي الجنَّة سبعون ألفًا لا حسابَ عليهم. ثمَّ التفت إلي علي فقال: هم شيعتک وأنت إمامهم»

«Умматимдан етмиш минг нафар ҳеч бир ҳисоб-китобсиз жаннатга дохил бўлгайлар. Сўнгра ул зот Али (алайҳис салом)га юзланиб шундай марҳамат қилдилар: Улар сенинг шиаларинг ва сен уларнинг имоми ва пешвосисан.»[4]

  1. Хоразмийнинг ўз санади билан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан қилган нақлига биноан, ул ҳазрат Али (алайҳис салом)га қараб шундай марҳамат қилдилар:

«وإنَّ شيعتک علي منابر من نور وإنَّ الحقَّ علي لسانک…»

«Ва албатта, сенинг шиаларинг нурдан бўлган минбарлар устидадирлар ва шубҳасиз, ҳақ сенинг тилингдадир…»[5]

  1. Ганжий Шофеийнинг ўз санади билан Абу Саид Худрийдан қилган нақлига биноан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳис салом)га ишора қилиб шундай марҳамат қилдилар:

«هذا وشيعته هم الفائزون يوم القيامة»

«Бу (Али) ва унинг шиалари қиёмат кунида нажот топувчилардир.»[6]

  1. Ибн Асокир ўз санади билан имом Али (алайҳис салом)дан қилган нақлига биноан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«أنت وشيعتک في الجنَّة»

«Сен ва сенинг шиаларинг жаннатдадирсизлар.»[7]

  1. Ҳайсамий Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қилган нақлига кўра, ул ҳазрат имом Али (алайҳис салом)га хитоб қилиб шундай марҳамат қиладилар:

«أنت أول داخل الجنَّة من أمتِّي، وإنَّ شيعتک علي منابر من نور…»

«Сен умматим орасидан биринчи бўлиб жаннатга дохил бўлурсан ва албатта, сенинг шиаларинг нурдан бўлган минбарлар устидадирлар.»[8]

  1. Самҳудий ўз санади билан имом Али (алайҳис салом)дан қилган нақлига биноан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«السابقون إلي ظلِّ العرش يوم القيامة طوبي لهم. قيل يا رسول الله! ومن هم؟ قال (ص): شيعتک يا علي ومحبُّوک»

«Қиёмат кунида Аллоҳ Аршининг сояси томон ўзиб кетувчиларнинг ҳоли қандай яхши!» Эй Аллоҳнин Расули, улар ким? деб айтилганда, Сарвари олам дедилар: «Эй Али сенинг шиаларинг ва сени суювчилардир.»[9]

Ушбу мазмундаги ҳадисларни аҳли суннат уламоларининг кўплари ўз китобларида нақл қилиб келтирганлар ва биз бу ерда улардан айримларини зикр қилдик.

Юқоридаги ҳадисларнинг санади

Келтирилган ҳадислар ҳар икки тоифа (шиа ва аҳли суннат) уламоларининг китобларида шу даражада кўп нақл қилинганки, ушбу ҳадисларнинг мазмуни пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан содир этилганига ишонч ҳосил қиласан киши. Хусусан мазкур ҳадисларни буюк бир тоифа аҳли суннат уламолари ўз эътиқодларига мувофиқ бўлмаса-да, нақл қилишлари ушбу ҳадислар инкор этиб бўлмас бир ҳақиқат эканлигидан ва улар тўқиб чиқарилган сохта ҳадислар эмаслигидан далолат қилади. Шунинг учун, Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадисларни нақл қилгач, уларнинг санадида бирор камчилик ва нуқсон топмай уларнинг маъносини ўзи хоҳлагандек таъвил-тафсир қилишга киришади.

Юқоридаги ҳадисларнинг маъно-мазмуни

Мазкур ҳадисларда имом Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг шиалари, издошлари «нажот аҳли» ва «халойиқнинг энг яхшиси» эканлиги ошкора баён этилган. Демак, ушбу ҳадисларнинг маъно – мазмуни имом Али (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг мусулмонларнинг пешвоси ва раҳнамоси ҳамда ислом уммати учун ўрнак ва намуна эканликларига ёрқин ишорадир. Шу боис, мазкур ҳадисларнинг маъно – мазмунига биноан, ислом уммати пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг мўъминлар амири Али (алайҳис салом)ни ўзларига ўрнак ва намуна қилиб олиб, ул зотга эргашишлари зарур. Сарвари оламдан сўнг имом Али (алайҳис салом)ни пешво ва раҳбар деб билиб ул зотга эргашишни зарур деб билган Сақалайн, Ғадир ва шунга ўхшаш санади саҳиҳ ва мутавотир бўлган ҳадислар юқорида зикр этилган маъно – мазмунни таъкид ва тасдиқ этади.

Бинобарин, ҳаммадан ҳам кўпроқ ўз умматига жонкуяр бўлган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларини мўъминлар амири Али (алайҳис салом)га эргашишга чорлаб, шиалик тафаккури уларнинг орасида кенг ёйилишига замин яратганлар. Аммо юритган суҳбатимиздан шу хулосага келамизки, мўъминлар амири Али (алайҳис салом)га эргашишдан иборат бўлган шиалик эътиқоди соф ва холис исломдан бошқа нарса бўлмай, унинг сақланиб қолишига хизмат қиладиган муҳим омил саналади.

Ушбу маънони аҳли суннат уламоларининг ҳадисий китобларида нақл қилинган бошқа ҳадислар қўллаб қувватлайди. Намуна сифатида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидаги ҳадисни келтирамиз:

«مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَي اللهَ وَمَنْ أَطَاعَ عليا فَقَدْ أَطَاعَنِي، وَمَنْ عَصَي عليا فَقَدْ عَصَانِي»

«Кимки менга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоат қилган ва кимки менга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоатсизлик қилган ва кимки Алига итоат қилса, дарвоқе, менга итоат қилган ва ҳар ким Алига итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, менга итоатсизлик қилган бўлади.»[10]

Саҳобалар орасида «шиа» номи билан танилганлар

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан айтилган мазкур ҳадислар сабабли ҳақиқат тарафдори бўлган буюк саҳобаларнинг бир гуруҳи мўъминлар амири Али (алайҳис салом) сари юзланиб, ул зотга Сарвари оламдан сўнг пешво ва йўлбошчи сифатида қараганлар ва шунинг учун ҳам ўша замонда ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг «шиаси» деб танилганлар. Албатта, ўша замонда имом Али (алайҳис салом) га гина-кудурат ва ҳасад кўзи билан қарайдиганлар ҳам бўлган.

Шиалик ғоясига нисбатан турли айблов ва туҳматларни кўтариб чиққан Абдул Азиз Деҳлавий шиалик тафаккурининг пайдо бўлган замонини саҳобалар орасида қидириб, ўзининг «Туҳфаи исно ашарийя» номли китобида шундай ёзади:

«Биринчи фойда: Биринчи бўлиб шиа номи билан танилган шахслар муҳожир, ансор ва тобеинлардан ташкил топган бир тоифа бўлиб, улар Алиййи Муртазога издошлик ва тарафдорлик қилганлар. Ул жаноб халифа бўлган вақтларида, улар ул ҳазратга мулозамат ва ҳамроҳлик қилишни ихтиёр қилганлар. Улар ҳазрат Алига қарши жанг қилувчилар билан уришиб, ул зотнинг буйруқларига тобе ва муте бўлганлар. Ушбу инсонлар холис шиалар деб ном олганлар.»[11]

Аҳли суннатнинг йирик рижол олими Шамсиддин Заҳабий Абон ибн Тағлибни «шиа» бўлишига қарамай, ишончли ровий деб тан олгани ҳақидаги шубҳага ўзининг «Мийзонул иътидол» номли китобида қуйидагича жавоб беради:

«فلو رُدَّ حديثُ هؤلآء لذهب جملة من الآثار النَّبوية وهذه مفسدةٌ بينة»

«Агар шиа бўлган шахсларнинг ҳадиси рад этилса, Пайғамбаримиз ҳадисларидан катта қисми орадан йўқолади ва бу эса очиқ фасод ва бузғунликдир.»[12]

Ушбу аҳли суннат олимининг юқоридаги сўзларидан яққол маълум бўладики, саҳобалар ва уларнинг изидан борган тобеинлар орасида «шиа» номи билан танилган жуда кўп кишилар мавжуд бўлган ва мазкур аҳли суннат олимининг айтишича, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларини муҳофазат этиш учун уларнинг эътиқодини ҳадис нақл қилганларида эътиборга олмай, шиалик эътиқодини «ишончли ровий» деб тан олишда назарга олмаслик керак.

Ҳижрий қамарийнинг тўртинчи асрида яшаган тарихчи олим Навбахтий ўзининг «Ал-Фирақу вал-мақолот» номли китобида бу ҳақда ёзади:

«جميع اصول الفرق اربع فرق: الشيعة و المعتزلة و المرجئة و الخوارج، فالشيعة هم فرقة علي بن ابي طالب المسمّون بشيعة علي في زمان النبي (ص) وما بعده، المعروفون بانقطاعهم اليه والقول بإمامته. منهم المقداد بن الأسود و سلمان الفارسي و ابوذر الغفاري و جندب بن جنادة و عمار بن ياسر ومن وافق مودّته مودّة علي (ع) و هم اوّل مَن سمّي بإسم التشيع من هذه الأمّة لأنّ اسم التشيع قديمًا لشيعة ابراهيم و موسي و عيسي و الانبياء صلوات اللّه عليهم أجمعين»

«Исломдаги барча оқимлар тўрт гуруҳдан иборат: шиа, мўътазила, муржиъа ва хавориж. Шиа Али ибн Абу Толибга эргашган гуруҳ бўлиб, Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ва ундан кейин ҳам Алининг шиаси деб номланганлар ва фақат ул зотга эргашишда ва ул ҳазратнинг имом ва пешво эканликларига эътиқод қилишда танилганлар. Жумладан, Миқдод ибн Асвад, Салмон Форсий, Абу Зар Ғифорий, Жундаб ибн Жанода, Аммор ибн Ёсир ва имом Али (алайҳис салом)ни яхши кўришга ёндашганлардир. Булар ислом уммати орасида шиа деб номланган биринчи кишилардир. Зеро, шиа номи қадимдан Иброҳим, Мусо, Исо (алайҳимус салом) ва барча пайғамбарларнинг издошларига нисбатан қўлланган.»[13]

Буюк шиа олими марҳум Саййид Абдул Ҳусайн Шарафиддин ўзининг «Ал-Фусулул муҳимаҳ» номли китобида алифбо тартиби бўйича шиалик эътиқодига эга бўлган икки юздан ортиқ саҳобаларнинг исмини келтирган.[14]

Замондошимиз бўлган аҳли суннатнинг зиёли олими Аҳмад Амин Мисрий ўзининг «Фажрул ислом» номли китобида шиалик эътиқодига эга бўлган бир неча саҳобаларнинг исмини зикр этган.[15]


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Жалолуддин Суютий, «Ад-Дуррул мансур», 6 – жилд, 643 – бет, Баййина сурасининг 7 – ояти тафсирида ва шунингдек, Шавконий, «Фатҳул қадир», 5 – жилд, 477 – бет, мазкур ояти карима тафсирида ва шунингдек, Шабланжий, «Нурул абсор», фаслун фий зикри маноқиби саййидино Алий ибн Аби Толиб, 158 ва 159 – бетлар.

[2]. Табарий, «Жомиъул баён тафсири», 15 – жилд, 335 – бет, мазкур ояти карима тафсирида ва шунингдек, Олусий, «Руҳул маоний», 15 – жилд, 432 – бет, мазкур ояти карима тафсирида шу мазмундаги кўплаб ҳадисларни нақл қилишган ва шунингдек, Ибн Ҳажар, «Ас-Савоиқул муҳриқаҳ», 11 – боб, 1 – фасл, 11 – оят, 161 – бет.

[3]. Ибн Мардавайҳ, «Маа назала минал-Қуръони», 578 – ҳадисдан 581 – ҳадисларгача, 346 ва 347 – бетлар, Баййина сурасининг 7 – ояти тафсирида ва шунингдек, Ҳокими Ҳасконий, «Шавоҳидут-танзил», 2 – жилд, 495 – бет, 1125 – ҳадисдан 1148 – ҳадисларгача, ушбу мазмунда йигирма тўртта ҳадис нақл қилган ва шунингдек, Хатиби Бағдодий, «Тарихи Бағдод», исми Исом шахснинг зикрида, 6731 – рақамда, Исом ибн Ҳакам Ал-Аъкбарийнинг таржимаи ҳолида, 12 – жилд, 289 – бет.

[4]. Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил мўъминийн, 335 дан 339 – гача бўлган ҳадислар, 293 ва 296 – бетлар.

[5]. Ал-Муваффиқ ибн Аҳмад Ал-Хоразмий, «Ал-Маноқиб», 17 – фасл, 247 – ҳадис, 266 – бет.

[6]. Ганжий Шофеий, «Кифоятут-толиб», 62 – боб, 180 – бет.

[7]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», таржимату имом Али (алайҳис салом), 2 – жилд, 345 – бет, 845 – рақам.

[8]. Ҳайсамий, «Мажмаъуз – завоид», бобу маноқиби Алий ибн Аби Толиб, 9 – жилд, 131 – бет.

[9]. Самҳудий, «Жавоҳирул ақдайн», иккинчи ақд, саккизинчи зикр.

[10]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 2 – жилд, 266 – бет, 793 – ҳадисдан 795 – гача ҳадислар ва шунингдек, Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадрак», 3 – жилд, 138 – бет.

[11]. Абдул Азиз Деҳлавий, «Туҳфаи исно ашарийя», биринчи боб, биринчи фойда.

[12]. Шамсиддин Заҳабий, «Мийзонул иътидол», 2 – рақам таржимаси; Абон ибн Тағлиб ҳақида, 1 – жилд, 118 – бет.

[13]. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Мусо Ан-Навбахтий, «Ал-Фирақу вал-мақолот», «Аъёнуш-шиъа», иккинчи муқаддима, 1 – жилд, 20 – бетдан қилинган нақлга биноан.

[14]. Саййид Абдул Ҳусайн Шарафиддин, «Ал-Фусулул муҳимаҳ», 265 – бетдан 308 – бетгача.

[15]. Аҳмад Амин Мисрий, «Фажрул ислом», 7 – боб, 2 – фасл, 266 ва 267 – бетлар.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.