Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (5)

Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (5)

Учинчи омил: Аҳли-Байт (алайҳимус салом) нинг имоматларига оид оятлар;

Бу борада «Бошлиқларга итоат қилинг» оятига ишора эта оламиз:

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 59-оятида шундай марҳамат қилади:

<يا أَيهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الْأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيءٍ فَرُدُّوهُ إِلَي اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا>

«Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш иш эгалари (раҳбарлар ва бошлиқлар) га итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга ҳавола қилингиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир.» Ушбу ояти каримада иш эгалари бўлмиш бошлиқларга итоат қилмоқ, мутлақ ва ҳеч бир қайд-шартсиз, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш билан ёнма-ён келган.

Ушбу ояти каримада иш эгалари бўлмиш йўлбошчилар ва бошлиқлардан мурод барча гуноҳлардан пок ва маъсум бўлган кишилар бўлиб, уларга мутлақ ва ҳеч бир қайд-шартсиз итоат қилмоқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш каби вожибдир. Шак-шубҳасиз, ўн икки имомдан бошқа инсонлар хусусида маъсумлик даъвоси қилинмаган.

Бошқа таъбир билан айтганда, иш эгалари бўлмиш йўлбошчилар ва бошлиқлар ўша ўн икки амир ва халифа бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг ўн икки амир ва халифа ҳақидаги ҳадисларида уларни бизга баён этганлар. Ғадир ҳадисида ошкора айтилишига кўра, уларнинг биринчиси ҳазрат Али (алайҳис салом) бўлиб, «Сақалайн ҳадиси»да ошкора баён этилишига биноан, уларнинг ҳаммалари Сарвари оламнинг Аҳли-Байтларидандирлар.

Бу борада диққатингизни қуйидаги ҳадисларга жалб этамиз:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мўъминлар амири Али (алайҳис салом) ҳақида шундай буюрадилар:

«مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَي اللهَ وَمَنْ أَطَاعَ عليا فَقَدْ أَطَاعَنِي، وَمَنْ عَصَي عليا فَقَدْ عَصَانِي»

«Кимки менга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоат қилган ва кимки менга итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга итоатсизлик қилган ва кимки Алига итоат қилса, дарвоқе, менга итоат қилган ва ҳар ким Алига итоатсизлик қилса, дарҳақиқат, менга итоатсизлик қилган бўлади.»[1]

Ўн икки халифа ва ворис ҳақидаги ҳадис аҳли суннатнинг энг машҳур ва таниқли китоби бўлмиш Саҳиҳул Бухорийда қуйидагича келтирилган:

حدثني محمد بن المثني حدثنا غندر حدثنا شعبة عن عبد الملك سمعت جابر بن سمرة قال سمعت النبي صلي الله عليه وسلم يقول «يکُونُ إِثْنَا عَشَرَ أَمِيرًا – فَقَالَ کَلِمَةً لَمْ أَسْمَعْهَا – فَقَالَ أَبِي إِنَّهُ قَالَ کُلُّهُم مِنْ قُرَيشٍ»

Жобир ибн Самура айтади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Мендан кейин ўн икки амир бўлажак.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни эшитолмадим. Шунда отам деди: Ул зот: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[2]», деб марҳамат қилдилар.

«Саҳиҳул Муслим»да ушбу ҳадис қуйидагича нақл қилинган: Жобир айтади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар:

«لَا يزَالُ الإِسْلَامُ عَزِيزًا إِلَي إِثْنَا عَشَرَ خَلِيفَةً ثُمَّ قَالَ کَلِمَةً لَمْ أَفْهَمْهَا، فَقُلْتُ لِأَبِي مَا قَالَ؟ فَقَالَ کُلُّهُمْ مِنْ قُرَيشٍ»

«Модомики, ўн икки халифа ва ворис бор экан, ислом азиз ва юксак қолажак.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, отам: Ул ҳазрат: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[3]», деб марҳамат қилдилар, деди.

Муснад Аҳмад китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуддан шундай нақл қилинган: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ул зотнинг халифалари ва ворислари ҳақида сўралганда, ул ҳазрат:

« إِثْنَا عَشَرَ کِعِدَّةِ نُقَبَاءِ بَنِي إِسْرَائِيلَ»

«Уларнинг сони бани Исроил нақиблари (бошлиқлари)нинг сони сингари ўн иккитадир[4]», деб марҳамат қилдилар.

 Тўртинчи омил: Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг диний пешволикларига далолат қилувчи оятлар;

Қуръони Каримнинг баъзи оятлари Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг маъсумликлари ва диний пешволикларига ошкора далолат қилади. Ушбу оятларни шу ўринда келтирамиз:

1. Татҳийр ояти;

 

<إِنَّمَا يرِيدُ اللهُ لِيذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهَلَ البَيتِ وَ يطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا>

«Эй Пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопоклик ва гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай покиза қилишни истайди, холос». (Аҳзоб сураси\ 33-оят)

Шак-шубҳасиз, маъсумликка далолат қилувчи юқоридаги ояти карима пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари шаънига нозил бўлган.

Ушбу шаъни нузулни саҳобалардан ўн уч киши ва аҳли суннат уламоларидан ўнлаб нафар ўз китобларида нақл қилганлар.

Термизий ўзининг «Ал-Жомиъул Кабийр» номли китобида Умар ибн Абу Саламадан ривоят қилиб айтади:

«نزلت هذه الآية علي النَّبي (ص): <إِنَّمَا يرِيدُ اللهُ لِيذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهَلَ البَيتِ وَ يطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا> في بيت أمِّ سلمة، فدعا النَّبي (ص) عليا وفاطمة وحسنًا وحسينًا فجلَّلهم بکساء وعلي خلف ظهره ثمَّ قال: اللَّهمَّ هَؤُلآءِ أَهْلُ بَيتِي فَأَذْهِبْ عَنْهُمُ الرِّجْسَ وَطَهِّرْهُمْ تَطْهِيرًا»

Ушбу ояти карима: «Эй Пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопоклик ва гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай покиза қилишни истайди, холос» Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га онамиз Умми Саламанинг уйида бўлганларида нозил бўлди. Шунда Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн (алайҳимус салом) ларни чақирдилар-да, сўнгра уларни яктак билан ўраб, шундай марҳамат қилдилар: «Эй Аллоҳим! Булар менинг Аҳли-Байтим ва Хонадоним Аҳлидирлар. Демак, улардан нопоклик ва гуноҳни кетказгин ва уларни бутунлай покиза қилгин».[5]

2. Ҳидоят ояти;

<إِنَّمَا أَنتَ مُنذِرٌ وَلِكُلِّ قَوْمٍ هَادٍ>

«Сиз фақат огоҳлантирувчидирсиз, холос. Ва ҳар бир қавм учун ҳидоятчи бордир». (Раъд сураси\ 7 – оят)

Табарий саҳиҳ санад билан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилиб айтади:

«أنا المنذر وعلي الهادي بک يهتدي المهتدون بعدي»

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилдилар: «Мен огоҳлантирувчиман ва Али эса ҳидоятчидир. Сен орқали эй Али мендан сўнг ҳидоят бўлмоқчилар ҳидоят топгайлар.»[6]

Аҳмад ибн Ҳанбал саҳиҳ санад билан имом Али (алайҳис салом)дан юқоридаги оятнинг тафсирида шундай ривоят қилади:

«رسول الله (ص) المنذر والهادي رجل من بني هاشم»

Имом Али (алайҳис салом) дедилар: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) огоҳлантирувчидирлар ва ҳидоят қилувчи эса бани Ҳошимдан бўлган бир кишидир.»[7]

Ҳоким Нишобурий саҳиҳ санад билан имом Али (алайҳис салом)дан юқоридаги оятнинг тафсирида қилган нақлига биноан, ул ҳазрат шундай деганлар:

«Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) огоҳлантирувчидирлар ва мен эса ҳидоят қилувчиман.»[8]

Юқоридаги ҳадиснинг мазмунини саҳобалардан тўққиз киши ва аҳли суннат уламоларидан эса ўн тўрт нафар нақл қилганлар.


Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 2 – жилд, 266 – бет, 793 – ҳадисдан 795 – гача ҳадислар ва шунингдек, Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадрак», 3 – жилд, 138 – бет.

[2]. Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобул аҳком, бобул истихлоф, 6796 – рақамли ҳадис.

[3]. Муслим, «Саҳиҳи Муслим», китаабул имароҳ, Ан-носу табаун лиҚурайш боби вал-хилофату фий Қурайш, ҳадис рақами: 1821/4598.

[4]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад Аҳмад», 1-жилд, 398 – бет.

[5]. Абу Исо Тирмизий, «Сунанут- тирмизий ёки Ал-Жомиъул Кабийр», Китаабу тафсийрил Қуръон ан Расулиллааҳ (с.а.о), 34/7-боб, ҳадис рақами: 3216 ва шунингдек, «Сунанут- тирмизий ёки Ал-Жомиъул Кабийр», Китаабул манаақиб ан Расулиллааҳ (с.а.о), 105/31- манаақибу аҳлибайтин-Набийй (с.а.о), ҳадис рақами: 3712 ва шунингдек, «Сунанут- тирмизий ёки Ал-Жомиъул Кабийр», 135/60-боб фазли Фотима разияллоҳу анҳо, ҳадис рақами: 3797. Тирмизий мазкур ҳадис борасида шундай дейди:

هذا حديث حسن صحيح، وهو أحسن شيء روي في هذا الباب.

[6]. Табарий, «Жомиъул баён» тафсири, мазкур ояти кариманинг тафсирида.

[7]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснади Аҳмад», 1 – жилд, 126 – бет.

[8]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадрак», 3 – жилд, 129 – бет.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.