Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Сарвари олам райҳонасининг қайғусида

Сарвари олам райҳонасининг қайғусида

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳамад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг севимли ва бутун башариятга намуна бўла оладиган қизлари ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг шаҳодат айёмларига бағишланган «Сарвари оламнинг райҳонаси қайғусида» номли махсус мақоламизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ислом пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлатларидан 90 кунларча вақт ўтганди. Аммо ҳануз ҳам Мадина кўчалари ул ҳазратнинг барҳаётлик ифорларига тўлган эди ва «Пайғамбар масжиди» ул зотдан гўзал хотираларни ёдга соларди. Ушбу масжид ёнидаги ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ва имом Али (алайҳис салом)нинг уйлари дард ва қайғуга тўлган эди. Бу кунлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли қизлари ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) учун жуда оғир ғам ва қайғуга тўла кунлар эди. Ислом пайғамбари риҳлатларининг қайғуси бир томондан, айрим одамларнинг жабру жафолари эса бошқа томондан ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)ни жуда эзиб ташлаганди ва шу боис, ул ҳазрат қаттиқ бетоб бўлдилар. Ҳаётининг сўнгги кунларини ўтказаётган ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)га фақат бир нарса, яъни Сарвари олам риҳлатларидан олдин берган ваъдалари далда берарди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатлари олдидан ўз қизларига шундай ваъда бергандилар: «Қизим, мендан сўнг хонадонимдан менга қўшиладиган илк киши сен бўласан!»

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) бемор бўлиб тўшакда ётган кунлар амирал-мўъминин Али (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг болалари учун жуда оғир кечарди. Мўъминлар амири Али (алайҳис салом) ғам-қайғуга ботгандилар. Ҳазрати Али (алайҳис салом) учун илм, иймон ва сабр тимсоли бўлган аёлдан айрилаётган дамлар эди. Али (алайҳис салом) юзига қараганда, дунё ғамларини унутадиган умр йўлдошларидан жудо бўлмоқда эдилар. Али (алайҳис салом) азиз ва севимли завжаларининг сўнги нигоҳларини диққат билан кузатардилар. Вужудларига осойишталик бағишлайдиган бу нигоҳларни бошқа кўрмасликларини билардилар.

Сукут ичра ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг товушлари эшитилди: «Алижон, тез орада сизлардан айриламан. Видолашиш вақти келди. Сўзларимни эшитинг: гувоҳлик бераманки, ягона Парвардигордан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир. Жаннат ҳақ ва жаҳаннам ўти ҳам ҳақдир. Қиёмат куни албатта келади. Сизга васиятим шулки, вафот этганимдан сўнг мени кечаси ғусл қилиб, тунда дафн этинг ва ҳеч ким бундан хабар топмасин. Қабрим ёнида ўтириб, Қуръон ўқинг ва дуо қилинг. Сизни Аллоҳга топшираман ва фарзандларимга қиёмат кунига қадар салом ва дурудлар йўллайман.»

«Салом сизга эй Фотима, эй икки олам аёлларининг сарвари бўлган зот, мангу ва покиза сийратингиз билан аёлнинг яратилишига маъно бердингиз, эй буюк аёл сизга салому дурудлар бўлсин. Сизнинг юксак ва самовий ўрнингизга салавоту саломлар йўллаймиз.»

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаҳодат айёмлари муносабати билан сиз азиз ўқувчиларимизга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг фазилатлари фақат ул ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қизлари эканликлари билан изоҳланмайди. Ул ҳазратни ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ этган нарса, руҳий ва ахлоқий хусусиятларидир. Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) шахсиятларининг шаклланишида, Қуръони Каримнинг юксак маорифи, қиблагоҳлари ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таълимотлари асосий рол ўйнаган. Ушбу ролга батафсилроқ тўхталиб ўтишдан олдин Қуръони Каримда бу оқила аёл ва ул зотнинг хонадонлари тўғрисида оятлар нозил бўлганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Мисол тариқасида, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) дунёга келганларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлган Кавсар сурасининг оятларида Парвардигори олам ушбу гўдакни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учун «чексиз хайрбаракот» сифатида баҳолаган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33 – оятида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли – Байтлари барча гуноҳлардан пок эканлигига ишора этади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу оят нозил бўлганлигидан сўнг анча вақт давомида намоз учун масжидга йўл оланганларида, Фотима (саломуллоҳи алайҳо) уйининг олдига бориб «эй Аҳли – Байт, намоз вақти бўлди» деб хитоб қилар ва шу билан бирга Аҳзоб сурасининг 33 – оятини тиловат қилар эдилар.

Қуръонга яқин бўлмоқлик ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг муҳим хусусиятларидан бири эди. Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Қуръони Каримнинг маърифат уммонидан бебаҳо дурдоналарни олиб улар билан ўз руҳу жонларини безаганлар. Ул ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг масжидда ўқиган илк хутбаларида Қуръони Карим Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг мерослари ва халқ билан Парвардигор ўртасидаги аҳд-паймон ва битим эканлигини айтиб шундай буюрдилар: «Парвардигор сизларга ўз аҳдини қолдирган.» Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) яна бир жойда Қуръони Каримда бирор ботил ва ҳақиқатга хилоф нарса йўқлигини таъкидлаганлар: «Қуръон нури барча жойга етади ва ёруғлик бағишлайди. Бу китобдаги ҳужжатлар ва далиллардан барча фойдаланиши мумкин. Ҳар инсон ўз тушунчасига яраша ундан озиқа олади.» Ул ҳазрат Қуръони Карим юксаклиги ҳақида шундай буюрганлар: «Бу китоб шу даражада юксакки, агар инсон ҳақиқий маънода унга эргашса, унинг кўрсатмаларига амал қилса, бошқалар унга ҳавас қиладиган улкан даражага етади.» Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) бошқа бир ўринда Қуръони Каримни илоҳий маърифат ва аҳкомлар булоғи деб билганлар.

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг қарашларига кўра, Қуръони Каримни тушуниб унга амал қилмоқ зарур. Ул ҳазрат бу борада шундай деганлар: «Агар мусулмон киши Қуръонга эргашса, саодатга эришади ва нажот йўлини топади.» Шунинг учун Фотима (саломуллоҳи алайҳо) оталарининг риҳлатидан сўнг мусулмонлар ўртасида тартибсизликлар юзага келишининг олдини олиш учун Қуръони Каримнинг кўрсатмаларига таяниб шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳнинг китоби сизларнинг қўлингизда бўла туриб, нима учун йўлдан адашасизлар? Ундаги аҳкомлар, ҳидоят нишоналари ошкора бўлиб унинг огоҳлантиришлари тушунарлику! Қуръонга рағбатларинг бўла туриб, Қуръондан ўзгасидан ҳакамлик кутасизларми?»

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Қуръони Каримни эъзозлашларидан ташқари, ўзлари амалда ушбу илоҳий китоб маърифатининг тимсоли эдилар. Ул ҳазрат болалик чоғлариданоқ ваҳий уйида Қуръонга боғландилар. Оталари ваҳий оятларини тиловат қилганларида, ул ҳазрат бутун вужудлари билан ушбу оятларни тинглардилар. Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Қуръони Каримга шу даражада яқин эдиларки, вафотлари олдидан умр йўлдошлари Али (алайҳис салом)га «ўлганимдан сўнг мен учун Қуръон тиловат қилинг» деб васият қилганлар.

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ўз болаларини Қуръондан илҳомланиб тарбияладилар. Салмони Форсий бу борада шундай ривоят қилади: бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мени бир иш юзасидан Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига юбордилар. Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига етиб борганимда, уйга кириш учун рухсат сўрадим. Уйда Фотима (саломуллоҳи алайҳо)ни арпани қўл тегирмони билан янчаётган ва шу билан бирга пичирлаб Қуръони Карим оятларини тиловат қилаётган ҳолатда кўрдим.

Яна бир ривоятда айтилишича, «бир куни Али (алайҳис салом) уйга кириб, Фотима (саломуллоҳи алайҳо)ни Расулуллоҳга янги нозил бўлган оятларни тиловат қилаётган ҳолда кўрадилар. Али (алайҳис салом) бу ҳолдан ажабланиб сўрайдилар: «бу оятлардан қандай қилиб хабар топдингиз?» Фотима (саломуллоҳи алайҳо) мўминлар амирига жавоб: «ўғлимиз Ҳасан отамга нозил бўлган оятларни бугун менга ўқиб берди.» дейдилар».

Қадрли ўқувчилар, сиз пайғамбаримиз ҳазрат Муҳамад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли ва бутун башариятга намуна бўла оладиган юксак мартабали қизлари ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг шаҳодат айёмлари муносабати билан яна бир маротаба барчангизга чуқур ҳамдардлик билдириб, суҳбатимизни ул ҳазратнинг қуйдаги сўзлари билан якунлаймиз. Ул ҳазрат буюрадилар: «Парвардигор иймонни сизларнинг ширкдан йироқ бўлишларингиз гарови, намозни кибрдан пок бўлишларингиз гарови, закотни нафс поклиги ҳамда ризқингиз фаровон бўлиши гарови ва рўзани ихлос пойдорлиги гарови қилиб қўйган.»

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.