Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 38-43 оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 38-43 оятлари тафсири

images (18)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 38 ва 39 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<قُلْنَا اهْبِطُواْ مِنْهَا جَمِیعاً فَإِمَّا یَأتِیَنَّکُم مِّنِّى هُدىً فَمَن تَبِعَ هُدَاىَ فَلَا خَوْفٌ عَلَیْهِمْ وَلَا هُمْ یَحْزَنُونَ! وَالَّذِینَ کَفَرُواْ وَکَذَّبُواْ بِایَتِنَآ أُولَئِکَ أَصْحَبُ النَّارِ هُمْ فِیهَا خَلِدوُنَ>

  1. Биз уларга «Ҳаммангиз у ердан тушингиз. Демак, агар Мен томондан [пайғамбарлар ва самовий китоблар орқали] сизларга ҳидоят келса, кимки Менинг ҳидоятимга эргашса, ўшаларгагина ҳеч қандай хавф-қўрқиш йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмагайлар», дедик.
  2. Ва кофир бўлганлар ҳамда [яккахудоликка далолат қиладиган] оят-нишоналаримизни ёлғонга чиқарганлар эса, ана ўшалар жаҳаннам аҳлидирлар, улар унда абадий қолажаклар.

Олдинги оятларда баён этилган Одам тавбаси меҳрибон Аллоҳ таоло томонидан қабул қилинганидан сўнг, «жаннатдан тушингиз» деган фармон келди. Бундан мурод тавба қилмоқ мазкур жаннатга киришга сабаб бўлади деган тасаввур уйғонмаслиги эди. Аллоҳнинг афви гуноҳнинг жазосини бекор қилади, аммо унинг вазъий ва таквиний (табиий) таъсирини йўқота олмайди. Одамнинг жаннатдан чиқарилгани Аллоҳ ман этган дарахтдан емоқнинг табиий таъсири эди. Бу эса тавба билан бартараф бўлмайди. Ҳар ҳолда Одам ва унинг жавзаси бу ишдан кейин жаннатдан чиқарилиб, бундай имкониятларга эга бўлмаган ер юзининг бошқа нуқтасида жойлашишлари лозим эди. Одам жаннатдан чиқарилгани унинг авлоди ва фарзандлари бу ердан абадий чиқишларига боис бўлиши учун ҳубут (тушиш) фармони барча инсонларга хитобан содир бўлган, бироқ унинг ортидан инсоният ҳидояти ўртага қўйилган. Аллоҳ таоло бу оятларда шундай буюрмоқда: Мен сизлар учун хоҳ ҳидоят китоби, хоҳ ҳидоят пайғамбари бўлсин ҳидоят ўзанларини тушираман. Аммо бандалар унинг муқобилида икки тоифага бўлинишади. Биринчи тоифа унга эргашишса, иккинчи тоифа ундан юз ўгириб кофир бўлишади. Эргашганларга ҳеч қандай хавфқўрқиш бўлмайди, бироқ ҳидоятдан юз ўгириб, куфр йўлини тутганлар эса абадий жаҳаннамга ташланадилар ва у ерда улар учун қаттиқ уқубатлар бор.

Аллоҳнинг ҳидоятига эргашмаганларни Аллоҳ таоло лўнда қилиб «куфр келтирганлар», деб қўя қолган. Эришадиган оқибатлари аниқ; улар дўзахга тушиб, ўша ерда абадий қолажаклар.

Бу оятлардан биринчидан гоҳида бир саҳв-хатонинг оқибати бутун бир авлодни қамраб олиши, Одам бор-йўғи бир хатога йўл қўйгани, аммо бу иши билан ўзи ва авлодини жаннатдан чиқарганини;

Иккинчидан Аллоҳ таоло инсондан ҳеч қачон фазл-раҳматини дариғ тутмаслигини, агарчи Одам исён қилган бўлса – да, бироқ Аллоҳ унинг учун ҳам тавба эшигини очиб қўйиб, ҳидоят топишининг шароитини яратиб берганини;

Учинчидан самовий ҳидоят инсон ерда яшай бошлаганидан бошлангани ва чинакам ҳидоят Аллоҳ таоло томонидан эканини;

Тўртинчидан Аллоҳ ҳидоят қилган бандалар чинакам осудаликда яшашларини;

Бешинчидан Аллоҳ таоло кофирлар учун ҳам ҳидоят топиш шароитларини муҳайё қилганини, аммо улар ўз хоҳишлари билан ҳидоят топишни истамасликларини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 40 ва 41 – оятлари таржимаси ва тафсирига қулоқ тутамиз:

<یَبَنِى إِسْرءِیلَ اذْکُرُواْ نِعْمَتِىَ الَّتِى أَنْعَمْتُ عَلَیْکُمْ وَأَوْفُواْ بِعَهْدِى أُوفِ بِعَهْدِکُمْ وَإِیَّىَ فَارْهَبُونِ! وَءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلْتُ مُصَدِّقًا لِّمَا مَعَکُمْ وَلَا تَکُونُواْ أَوَّلَ کَافِرٍ بِهِ وَلَا تَشْتَرُواْ بِآیتِى ثَمَنًا قَلِیلًا وَإِیَّىَ فَاتَّقُونِ>

  1. Эй Исроил фарзандлари, [яҳудийлар ва насронийлардан иборат Яъқуб пайғамбарнинг фарзандлари назарда тутилган] сизларга ато этган неъматимни эслангиз ва Менинг [сизлар билан қилган] аҳд-паймонимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг [Мен билан қилган] аҳд-паймонингизга вафо қилай [сизларнинг аҳд-паймонингиз Менга ва Менинг элчиларимга бўйсунишдир ва Менинг аҳд-паймоним эса сизларга ажр-мукофот ато этишдир]. Ва фақат Мендангина қўрқингиз.
  2. Ва сизларнинг ёнингиздаги нарса [Таврот ва Инжил]ни тасдиқловчи ҳолда нозил қилган нарсам [Қуръон]га имон келтирингиз ва уни биринчи бўлиб инкор этувчи бўлмангиз ва Менинг оятларимни [ўзгартириш ва ноўрин таъвил-тафсир қилиш билан] арзимас қийматга сотмангиз ва фақатгина Менга [қарши чиқишдан] сақланингиз, холос.

Одам ерда халифа бўлгани ва Аллоҳ билан қилган аҳдпаймонини унутгани учун жаннатдан чиқарилгани борасидаги воқеадан сўнг Аллоҳ таоло бу оятларда Одамнинг тақдирига учраган, унинг фарзандларидан бўлган бир тоифа, яъни бани Исроил қавмининг қиссасини баён этади. Исроил ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом)нинг номларидан бири бўлиб, «Бани Исроил»дан мурод у кишининг фарзандлари ва зурриётларидир. Бу қавмнинг тарихи ва қиссаси жуда узоқ бўлиб, Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида баён этилган. Ушбу оятда барча илоҳий дастурларнинг асоси бўлган уч амр келтирилган. Биринчиси инсонда шукр қилиш ҳиссини уйғотувчи, унинг Аллоҳни севиб Унга итоат этишига олиб келувчи илоҳий неъматларни эслаш бўлса, иккинчиси бу неъматлар қайд-шартсиз эмаслиги, балки Аллоҳ таоло булар билан бирга инсонлардан аҳду паймон олгани, бу борада инсоннинг масъулияти борлигини унутмасликдир. Учинчиси эса Аллоҳнинг амрини бажариш йўлида ҳеч бир куч – қудратдан қўрқмаслик ҳамда душманнинг таҳдидлари таъсир ўтказмаслиги лозимлигидир.

Бу оятлар яҳудий олимларга қарата шундай буюрмоқда: сизлар Тавротнинг башоратларига асосан ислом пайғамбари зуҳур этишини кутаётган экансиз, энди эса сизларнинг Тавротингизга монанд ва мувофиқ бўлган Қуръони Каримга иймон келтиринглар. Ўз мавқеингизни сақлаб қолиш илинжида Тавротнинг ислом пайғамбари белгиларига оид оятларини яширманг ва динингизни дунёга сотманг.

Бу оятлардан биринчидан Аллоҳ таоло бизларга, оиламизга ва жамиятимизга берган чексиз неъматларни доимо эслаб туришимиз, бир – биримизга айтишимиз лозимлиги, чунки бу нарса Аллоҳга шукр айтиш, муҳаббат ва итоат қилиш хусусияти юзага келишига сабаб бўлишини;

Иккинчидан эса Аллоҳ таолога ички фитрат (яратилишдаги илоҳий табиат) ёки самовий шариат орқали берган аҳдимизга вафо қилишимиз лозимлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз сўнггида Бақара сурасининг 42 ва 43 оятлари таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<وَلَا تَلْبِسُواْ الْحَقَّ بِالْبَطِلِ وَتَکْتُمُواْ الْحَقَّ وَأَنْتُم تَعْلَمُونَ! وَأَقِیمُواْ الصَّلَوةَ وَءَاتُواْ الزَّکَوةَ وَارْکَعُواْ مَعَ الرَّ کِعِینَ>

  1. Ҳақни ботил-ноҳақ билан қориштирмангиз ва ўзингиз била туриб, ҳақни яширмангиз.
  2. Намозни тўкис адо этингиз ва закот берингиз ҳамда рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилингиз [намоз ўқийдиганлар билан бирга намоз ўқингиз].

Ҳар бир қавм ёки дин олимларини таҳдид этувчи хатарлардан бири ҳақиқатни одамларга баён этмаслик ёки ўз хоҳишларига қараб ҳақ ва ботилни ўзгартириб баён этмоқликдир. Бунинг оқибатида одамлар жоҳиллик ва ғофилликка ёки шак – шубҳага дучор бўлишади. Бу эса ҳар бир қавмнинг улуғлари содир этиши эҳтимолдан йироқ бўлмаган энг катта зулм ҳисобланади.

Амирал-мўъминин Али (алайҳис салом) Наҳжул балоғанинг 49 – каломида бу хусусда шундай буюрганлар: агар ботил холислигича маълум қилинса хавфли эмас. Зеро, одамлар ботилдан хабардор бўлгач, уни тарк этишади. Ва шунингдек ҳақ ҳам холислигича маълум қилинса одамлар уни қабул қилишади ва оқибат, душманнинг тили боғланади. Энг хавфли нарса эса ҳақ билан ботил аралашиб қолиши ва бунинг оқибатида Иблис бандаларга таъсир ўтказишининг имконияти вужудга келишидир.

Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида намоз билан закот ёнма – ён келишидан мурод ибодат бўлмиш намоз мўминларни халққа хизмат қилиш ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш масаласидан узоқлаштирмаслиги лозимлигини эслатишдир. Худди шунингдек, ислом дини намозни жамоат билан ўқиш ва мусулмонлар билан бирга рукуъ ва саждага боришни буюрган. Зеро, динимизда яккаланиб қолиш ва жамиятдан узоқлашиб юриш қораланган.

Бу оятлардан биринчидан намоз молиявий фаолиятлардан жудо эмаслиги ва барча самовий динларда энг биринчи илоҳий фармон намоз эканлигини;

Иккинчидан намозни аслида жамоат билан ўқиш лозимлиги ва жамоат намозида қатнашишнинг савоби зиёда эканлигини ўрганамиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.