Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Ақл эгалари – Қуръон кўзгусида

Ақл эгалари – Қуръон кўзгусида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Picture6Биз бу мавзуда Тангри таолонинг яратиш қудрати ва азамати хусусида тафаккур қиладиган ақл эгалари тўғрисида сўз юритамиз. Ойдин кечада табиат қўйнида осмон тўла юлдузларни томоша қилиб бу гўзал яратилишнинг сирлари ҳақида фикр юритинг, ёлғиз қолган пайтларингизда ариқдаги сувнинг шилдираши, қушлар ва булбулларнинг сайрашига қулоқ тутиб, бу ҳолатни ўйлаб фикр қилинг. Шунда Аллоҳ таоло бутун борлиқни, хусусан бизнинг баданимизнинг ҳар бир аъзосини ниҳоятда маҳорат ва усталик билан яратганига гувоҳ бўласиз. Аллоҳ таоло инсонни яратганидан фахрланиб айтади:

<ثُمَّ خَلَقْنَا النُّطْفَةَ عَلَقَةً فَخَلَقْنَا الْعَلَقَةَ مُضْغَةً فَخَلَقْنَا الْمُضْغَةَ عِظَامًا فَكَسَوْنَا الْعِظَامَ لَحْمًا ثُمَّ أَنْشَأْنَاهُ خَلْقًا آخَرَ فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ>

«Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, шунда, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир яратишда пайдо қилдик. Демак, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир.» (Мўъминун сураси, 14-оят)

Айрим инсонлар оламдаги бор нарсалар ва ўзларининг қандай яратилганликлари борасида фикр юритиб, ҳар бир нарсанинг беҳуда яратилмаганлигини билишади. Аллоҳ таоло нурафшон Қуръон оятларида бундайларни олим ва ақл эгалари деб таништиради. Ақл эгалари шундай кишиларки, оламдаги барча нарсаларни Худонинг борлиги ва бирлигининг белгиси деб билиб, уларнинг ҳаммаси ҳикмат ва донолик билан яратилгани хусусида тафаккур қилишади. Улар яхши билишадики, «Дарахтнинг барги ерга тушмайди, магар Аллоҳнинг изни билангина тушади.» (Анъом сураси, 59-оят) Ақл эгалари ягона Парвардигорнинг қудрати олдида таъзим қилиб, бошларини саждага қўядилар. Осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун белгилар бор. Буларни кўриб, Тангрининг қудратига қоил қолмасдан илож йўқ.

Ақл эгалари шундай инсонларки, «Парвардигорларини тик турганда, ўтирганда ва ёнбошлаб ётган ҳолларида ёдга оладилар ҳамда еру осмоннинг қандай яратилгани борасида тафаккур қилиб: «Эй Тангрим, Сен буларни беҳуда яратган эмассан, Ўзинг барча айбу нуқсонлардан поксан, бизни жаҳаннам азобидан сақлагин»деб Унинг сари юзланадилар.» (Оли Имрон сураси, 190 ва 191 – оятлар)

Буюк ориф бўлмиш Оятуллоҳ Нижобат Оятуллоҳ Қозийнинг шогирдларидан эди. Бу киши тўғрисида шундай нақл қилишади: Осмон булут бўлиб, Аллоҳнинг раҳмат-баракоти бўлмиш ёмғир ёға бошласа, Оятуллоҳ Нижобат бош яланг саҳрога чиқиб кетарди. Шогирдларидан бири у кишидан сўради: Устоз агар ёмғир ёғса, ҳамма уйига қочади ёки бирор пана жойга ўзини олади. Сиз нима учун саҳрога борасиз? У киши унга жавобан дейди: Худога қасамки, қачонки Аллоҳнинг раҳмати бўлмиш ёмғир бошимга тегса, шунчалик лаззат оламанки, ҳатто подшоҳ салтанат тахтига ўтирганда бундай лаззат ололмайди.

Ақл эгалари бўлган инсонлар тафаккур ва илм билан ўзлигини англаб оладилар. Ўзни англаш инсон учун баҳор шамолидек ёқимлидир, унга ором беради ва қуёш нуридек секин-секин қалбига ёруғлик ва илиқлик бахш этади. Ақл эгалари ҳамма ҳолда Худони кўришади. Баҳор шабадаси эсиб, дарахтлар ва майсазорларнинг сочларини тараганда, инсонларнинг димоғига атиргулларнинг ҳиди етганда, ҳамма ҳамма ҳолларда ягона Тангри таолони кўрадилар. Ақл эгалари бундай тартиб-интизом ва гўзалликларда Худонинг қудратидан ўзга нарсани топмайдилар. Мисол қилиб айтадиган бўлсак: «Дон сочиш билан киши товуқни ўз тарафига чорлайди. Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг Жамол ва Жалолини ҳаммага кўрсатиб, ақл эгаларини Ўзи томон чорлайди ва уларга файз-камолотга етиш йўлларини очади.»

Парвардигори карим дунёда инсонларни ёмон ва тошлоқ йўллардан боришдан қайтариш ва тўғри йўл кўрсатиш учун илоҳий пайғамбарларни юборди. Қуръони Каримнинг Зориёт сураси, 56-оятида: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим» деб марҳамат қилинган. Чуқур ўйлаб фикр қиладиган инсонлар Худо тарафига ҳаракат қиладилар. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Худонинг бандаларига берган неъматлари орасида энг яхшиси ақлдир.» Шу боис, ақл юргизувчи олимнинг уйқуси нодоннинг бедорлигидан яхшироқдир ва олимнинг жим туриши нодоннинг ҳаракатидан афзалдир. Имом Ҳасан (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар: «Ақл Аллоҳ таоло бандасига берган энг яхши нарсадир, чунки банда ақл билан дунё офатларидан сақланади ва жаҳаннам азобидан амонда бўлади.»

Аммо Қуръон таъбири билан айтганда, ақл эгалари камчиликни ташкил этади. Қурони Каримнинг оятларидан маълум бўлишича, ақл эгалари, насиҳат – ибрат оладиган кишилар озчиликдан иборат ва кўп инсонлар ибрат олмай, тафаккур қилмайдилар. Улар ҳақни кўриб уни билмай туриб ундан юз ўгирадилар. Анбиё сурасининг 24-оятида айтилишича: «Кўп инсонлар ҳақни билмайдилар ва ундан юз ўгирадилар.» Дин олимлари инсонда такаббурлик кўпайишини Худодан узоқлашиш деб биладилар. Иблис Парвардигорнинг азамати, қудрати ва илмидан огоҳ бўла туриб, такаббур ва мағрурлик қилгани учун Аллоҳнинг фармонидан бош тортди ва олти минг йиллик ибодати зое кетди. Иблис, Фиръавн, Ҳомон, Қорун ва шуларга ўхшаганлар ўзларини мағрур тутишлари сабабли такаббурлик чоҳига тушдилар. Сизлар Фиръавн тўғрисида эшитгандирсиз, у ўзини юксак мартабали рабб (Худо) деб атаган. Бу ҳақда Қурони Каримнинг Нозиот сураси, 24 – оятида айтилган.

Фиръавн такаббурлиги (ўзини катта тутганлиги) сабабли Нил дарёсига ғарқ бўлди. Буюк устозлар назарида такаббурликнинг чораси инсон ўзининг ҳайратланарли даражада яратилгани ҳақида тафаккур қилиши, океаннинг энг чуқур қоронғи жойларида чиройли ранг-баранг балиқлар ва бошқа сувда яшайдиган жонзотларни кўриб, мана шуларга диққат қилиши, кечаси осмондаги юлдузларга қараб уларни қандай ўрнатилганини, инсон баданининг ҳар бир аъзоси аниқ ва муайян қонун билан ишлашини кўрганда, Худонинг нақадар чексиз қудратга эга эканлигини, инсоннинг ожизу нотавон эканлигини тушуниб етади. Дунёда одамнинг кичик бир аъзоси бўлган буйракни ясай оладиган бирор инсон борми? Докторларнинг айтишига қараганда, инсоннинг буйраги кичик бўла туриб катта бир корхонанинг ишини бажаради. Қайси бир ақлли инсон буларни кўриб туриб, Худонинг қудратини инкор қила олади. Инсонлар борлиқ оламдаги ҳикмат, ўта аниқликдаги тартиб-интизом, диққат ва барқарорликни мушоҳада қила туриб, наҳотки Парвардигорларининг юксак мартабали эканлигини тушуниб етолмасалар-а?!

Ушбу ҳадиси қудсийда айтилишича: «Бир соат тафаккур қилиш, минг йиллик ибодатдан афзалдир.» Ақл эгалари Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ҳикмат билан қилганини кўрадилар. Улар қиёмат куни келишига аниқ ишонадилар. Улар ўша кунда ёмонлик яхшиликдан ажралишини, ҳар бир кимсанинг жазо ёки мукофот олиши аниқ эканини биладилар. Ақл эгалари донолик ва тафаккур билан Аллоҳ таолонинг йўлидан юришади ва бандалик тожини бошларига кийишади. Уларнинг борлиқ оламдаги нарсаларни кўриб-туриб фарқсиз бўлиб, яратган Парвардигорини танимайдиган инсонлардан жуда катта фарқи бор. Биз ҳам худди уларга ўхшаб, дунё қарашимизни ўзгартирсак, қандай ҳам яхши бўларди. Енгил ва юзаки қарашлардан узоқлашсак, борлиқ оламнинг қандай яратилганлиги борасида озгина ўйлаб фикр қилсак, бу бизни тўғри йўлга бошлайди ва бизни бошқа инсонга айлантиради.

Қуръони Карим оятларида ақл эгаларига махсус ўрин берилган:

<يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلا أُولُو الألْبَابِ>

«У зот кимни хоҳласа ўшанга ҳикматни беради ва кимга ҳикмат берилса, шубҳасиз, унга кўп яхшилик берилган, ва бундан фақат ақл эгаларигина эслатма-ибрат олурлар.» (Бақара сураси, 269- оят).

Ва бошқа бир ояти каримада қуйидагича марҳамат қилинади:

<قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الألْبَابِ>

«Айт: Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўладиларми?! (Албатта, йўқ) фақат ақл эгаларигина эслатма-ибрат олурлар». (Зумар сураси, 9-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.