Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Муборак Бақара сурасининг 62 ва 67 – оятлари тафсири

Муборак Бақара сурасининг 62 ва 67 – оятлари тафсири

images-(1-6)Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, қалбларимиз Аллоҳнинг оятлари ёғдусида нур ва ёруғликка тўлиб тошиши умидида Бақара сурасининг 62 ва 63 – оятлари таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<إِنَّ الَّذِينَ ءَامَنُواْ وَالَّذِينَ هَادُواْ وَالنَّصَرَىٰ‏ وَالصَّـٰـبِئِينَ مَنْ ءَامَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَعَمِلَ صَـٰــلِحًا فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ‏* وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمْ الطُّورَ خُذُواْ مَآءَاتَيْنَــٰـكـُم بِقُوَّةٍ وَاذْكُرُواْ مَا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ>

  1. «Албатта, [Исломга] иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар [Нуҳ ёки Яҳё пайғамбарнинг издошлари]дан қай бирлари [ўз пайғамбарларининг даврида чиндан ҳам] Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонса ҳамда солиҳ амал қилган бўлса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида албатта, ажр-мукофот бордир ва уларга [қиёмат кунида] ҳеч қандай хавф-қўрқиш йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмагайлар.»
  2. «Сизлардан аҳд-паймон олганимиз ва тепангизга Тур тоғини кўтариб: «Биз сизларга берган нарсамизни [Таврот оятларини] қаттиқ тутинглар ва ундаги нарса [ҳукм ва оятларга амал қилиш учун улар]ни ёдга олинглар, шояд шундагина тақводор бўлсангиз», деганимиз замонни эсланглар.»

Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар» – бани Исроил қавмидир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: Биринчиси – Аллоҳга қайтган, иккинчиси – Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса, Ийсо (алайҳис салом)га иймон келтирганлар тушунилади. Улар у зотга ёрдам берганлари учун «насоро» (ёрдам берувчилар) деб ном олганлар. «Собиийлар» деб Нуҳ ёки Яҳё пайғамбарнинг издошларига ёхуд Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳи ўз қавмларининг бут ва санамларига сиғинишни ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири Иброҳим (алайҳис салом) динида юрамиз деб, қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу «собиий» номини уларга мушриклар берган, яъни оталарининг динидан бурилганлар, деганидир.

Бу оятлар барча самовий динлар тавҳид (яккахудолик) ва маъод масаласида муштарак эканликларини ҳамда нажот ўринсиз умид ва орзуларда эмас, балки иймон ва солиҳ амал ёғдусида эканлини кўрсатмоқда.

Оятнинг давомида таъкидланганидек, Таврот бани Исроилга берилгач, Аллоҳ таоло бани Исроилдан унга амал қилиш ҳамда тақволи бўлиш учун бу масалада бўшашмаслик ва бефарқ бўлмаслик борасида аҳд – паймон олган. Аллоҳ таоло бани Исроилга ўз аҳд – паймонларида мустаҳкам туришлари учун кўрсатган мўъжизалардан яна бири Тур тоғини уларнинг тепасида кўтарганидир. Бу мўъжизадан мурод бани Исроил қавми Аллоҳнинг қудратини кўриб, илоҳий фармонларга қаршилик кўрсатишдан қўрқишлари эди.

Бу оятлардан; биринчидан гуноҳ ва узлуксиз илоҳий буйруқлардан бўйин товлаш инсонни куфрга ҳамда иймонсизликка бошлаши ва инсонда ҳақдан тажовуз этиб ўтиш руҳиятини вужудга келтиришини;

Иккинчидан эса чинакам осойишталик ва ёруғ келажак хушхабарини берувчи нарса фақат Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириш ҳамда шунинг билан бирга солиҳ амал қилиш эканлигини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 64, 65 ва 66 – оятлари таржимаси ва тафсирини кўздан кечарамиз:

<ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ مِّنْ بَعْدِ ذَلِكَ فَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَكُنتُمْ مِّنَ الْخَـٰـسِرِينَ* وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ الَّذِينَ اعْتَدَوْاْ مِنْكُم فِى السَّبْتِ فَقُلْنَا لَهُمْ كُونُواْ قِرَدَةً خَاسِئِينَ* فَجَعَلْنَـٰـهَا نَكَـٰـلًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهَا وَمَا خَلْفَهَا وَمَوْعِظَةً لِّلْمُتَّقِينَ>

  1. «Сўнгра ўша [аҳд-паймон]дан кейин юз ўгирдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, [сизларга қилган гуноҳларингиздан тавба қилиш тавфиқини бермаганида эди,] албатта зиёнкорлардан бўлардингиз.»
  2. «Сизлар ўзингиздан Шанба куни ҳақидаги [Аллоҳнинг фармонидан] ошиб ўтиб [ўша куни балиқ овлаганларни] яхши билдингиз. Биз уларга: «[Бизнинг даргоҳимиздан] қувилган, хор маймунлар бўлиб қолингиз», дедик.»
  3. «Биз бу [уқубат]ни замондошларига ва ундан кейингиларга ибрат ва тақволи кишилар учун эса ўгит – насиҳат қилдик.»

Аллоҳ таоло бани Исроилдан кучли аҳду паймон олганига қарамасдан бу қайсар қавм илоҳий аҳддан кўз юмиб ўтди ва ундан юз ўгирди. Бироқ Аллоҳ таоло яна Ўз фазлу раҳматини қайтариб, уларни ўз ҳолига қўйди. Бу оятлар бани Исроил можароларидан яна бирини баён эмоқдаки, Аллоҳ таоло шанба кунини уларга дам олиш куни деб эълон қилганига қарамасдан денгиз бўйида яшовчи уларнинг бир тоифаси макр – ҳийла билан шанба кунида балиқ овлашарди. Улар денгиз бўйида ҳовузлар тайёрлаб, балиқлар унга киришганида, чиқиш йўлларини ёпишар эди ва кейин якшанба куни ушбу ҳовузлардан балиқ овлашар эди, шу тартибда Аллоҳ таолонинг бу борадаги ҳукмини ўзгартиришар эди. Аллоҳ таоло ҳам уларни бу қилмишлари ва илоҳий кўрсатмаларни ўйин қилишгани учун жазолаб, башараларини ўзгартириб уларни маймун шаклига айлантирди, токи уларга берилган бу жазо бошқаларга ибрат бўлсин.

Ушбу хабарлардан бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. Биринчидан кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгиришгани, иккинчидан эса Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига юзаки амал қилган ҳолда аслида, хилоф ишларга қўл уришгани ёрқин аён бўлади.

Бу оятлардан; биринчидан Аллоҳ таоло инсонлардан ички ақл – фитрат йўлидан ҳам, ташқи ваҳий йўлидан ҳам фойдаланиб ақийда ва амалда фақат ҳақ ҳамда тўғриликка юз тутиш билан бирга, тафаккур билан амалда тубанликлар ва ёмонликлардан узоқлашиш ҳақида аҳду паймон олганини;

Иккинчидан илоҳий ҳукмларни бажаришда макр – ҳийлани ишлатмаслик лозимлигини ўрганиб оламиз.

Суҳбатимиз ниҳоясида Бақара сурасининг 67 – ояти таржимаси ва тафсири билан танишамиз:

<وَإِذْ قَالَ مُوسَىٰ‏ لِقَوْمِهِ إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تَذْبَحُواْ بَقَرَةً قَالُواْ أَتَتَّخِذُنَا هُزُوًا قال أَعُوذُ بِاللَّهِ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْجَاهِلِينَ>

  1. Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизларга [ўлдирилган шахснинг қотилини топиш учун] бир сигир сўйишларингизни буюради», деганда, улар: «Сен бизни масхара қиляпсанми?!» дейишди. [Мусо:] «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди. [Зеро, масхара қилиш жоҳиллардан содир бўладиган ишдир ва мен улардан эмасман.]

Бани Исроил сигирининг қиссаси ушбу сура айнан ана шу воқеа туфайли «Бақара», яъни сигир номини олган. Бу қисса эса суранинг 67 ва 73 – оятларида келтирилган. Бани Исроил орасида бир ўлик пайдо бўлиб, унинг қотили ким эканлиги аниқ эмасди. Шунинг учун, қабилалар орасида низо пайдо бўлди ва улар бир – бирини қотилликда айблашга киришдилар. Кейин эса ҳазрати Мусо (алайҳис салом)га мурожаат этиб, ушбу мавзуда ҳакамлик қилишини сўрашди. Масалани оддий йўл билан ечишнинг имкони бўлмагани учун ул ҳазрат уни мўъжиза орқали ҳал қилди ва уларга: Аллоҳ таоло бир сигирни сўйиб, унинг баданидан бир бўлакни олиб, у билан ўликка уришни буюраётганини айтади, токи ўша ўлик тирилиб қотилнинг кимлигини айтиб берсин. Бу гапни эшитган бани Исроил Мусо (алайҳис салом)га қараб: Бу чора йўлини тавсия этиш билан бизларни масхара қилмоқдамисан?! дейишди. Аммо Мусо (алайҳис салом) уларга жавобан: Масхара қилиш жоҳил одамларнинг ишидир ва Аллоҳнинг пайғамбари ҳеч қачон бундай ишни қилмайди. Агар қотилни топиш изидан бўлсангиз, бу ишни бажарингиз, деб айтдилар.

Бу оятлардан илоҳий жазолар фақат қиёмат кунига хос эмаслиги, балки Аллоҳ таоло баъзи бир гуноҳларнинг жазосини ҳозирги ва келажакдаги бандаларга ибрат бўлсин деб, шу дунёнинг ўзидаёқ беришини ўрганиб оламиз.

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.