Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Али (а. с) инсоний камолотнинг юксак намунаси

Али (а. с) инсоний камолотнинг юксак намунаси

index125Азиз ўқувчичилар, 13 – Ражаб ойи Амирал-мўъминин имом Али (алайҳис салом) ҳазратларининг таваллуд топган кунларидир. Ушбу муносабат билан барча мусулмонларни муборакбод этамиз.

Ислом динини қабул қилишда илғор бўлмоқ ва тавҳид анъаналарига мойиллик кўрсатмоқ Қуръони Карим таъкидлаган ишлардан саналади. Ва ислом динини қабул қилишда пешқадам бўлган шахслар Ҳақ таолонинг ризолигини касб этиш ва Унинг раҳматига ноил бўлишда ҳам пешволик қилишларини қатъийлик билан таъкидлайди.

Қуръони Карим исломда пешволик қилиш мавзусига жиддий ва махсус эътибор қаратган. Ҳатто Маккани фатҳ этишдан олдин ҳам иймон келтирган, жон ва молини Аллоҳ таоло йўлида фидо этган шахсларни маккаликлар устидан ғалаба қозонгандан сўнг иймон келтирган ва жиҳод қилганлардан кўра афзалроқ кўрган.

Савари олам Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ваҳий нозил бўлиб, пайғамбарлик вазифаси ул зотга юклатилганидан сўнг Абу Толиб ўз ўғли Али (алайҳис салом)ни Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан намоз ўқиётганини кўриб сўради: Азиз ўғлим нима қиляпсан? У жавоб берди: Аллоҳнинг ризолиги учун амакимнинг ўғли билан бирга намоз ўқияпман! Абу Толиб айтди: «Ундан айрилма, чунки у сени фақат эзгулик ва саодат сари етаклайди!» Биъсатнинг учинчи йилида Парвардигори олам оят нозил этиб, Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ўзининг яқин қариндошларини исломга даъват этишини буюди. Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг уруғларидан қирқ кишини даъват этиб, уларга зиёфат бердилар. Аммо ўша куни Абулаҳаб жанжал келтириб чиқариб, ушбу илоҳий хабарни етказишда тўсқинлик қилди. Бошқа куни Пайғамбар (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларни яна даъват этиб уларга шундай буюрдилар: «Мендан кейин менинг ўринбосарим ва биродарим бўлиш учун сизнинг орангиздан ким менга ёрдам беради ва исломга иймон келтиради?» Шунда Али (алайҳис салом) ўз ўрнидан туриб шундай деди: «Эй Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мен ушбу йўлда сизга ёрдам беришга тайёрман!» Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўрнингда ўтир – деб марҳамат қилдилар. Ва ул ҳазрат бундан сўнг ўз даъватларини яна такрор этдилар. Аммо Али (алайҳис салом)дан бошқа ҳеч ким ўз ўрнидан туриб жавоб қайтармади.

Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учинчи маротаба ўз сўзларини такрорладилар. Яна Али (алайҳис салом) ўз ўрнидан туриб, Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ёрдам бериш ва ул ҳазратга ҳамроҳлик қилиши учун тайёр эканлигини эълон қилди. Шунда Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрдилар: «Сизларнинг ўрталарингиздаги биродарим, ворисим ва ўринбосарим Алидир.»

Али (алайҳис салом) ҳамиша Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ишончли ёри ва ҳамроҳи эди. Ва ул ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг иқтидорли вужудларидан баҳраманд бўларди. Али (алайҳис салом)нинг ўзи бу ҳақда шундай марҳамат қилади: «Сарвари олам ҳар йили Ҳиро ғорида ибодат учун ёлғиз қолганларида, мен ул ҳазратдан хабар олардим. Мендан бошқа ҳеч ким ул ҳазратни кўришга бормасди.

Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Хадижа (саломуллоҳи алайҳо) билан бирга яшаган уйларидан бошқа ҳеч қайси уйга ислом ва мусулмонлик йўл топгани йўқ эди. Мен уларнинг учинчиси эдим. Ваҳий ва пайғамбарликнинг нурини кўрардим ва нубувватнинг ҳиддини сезардим.»

Али (алайҳис салом) Қурайш қабиласи Сарвари коинотга қарши фитна-найрангларни уюштирганида ул зотнинг ёнларида қарор топди ва Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишлари учун ул ўзининг ширин ва азиз жонини Савари оламнинг йўлларида хатарга солди. У Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ёнларида туриб ўз аждодларининг анъаналарини тарк этмайдиган инсонларнинг парҳизкорликлари ва иймонга келишларидан хавотирда эди. У Хандақ ва Хайбар каби урушларнинг барчасида иштирок этиб, ушбу урушларнинг ғалаба қозонишида муҳим ўрин эгаллади.

Али (алайҳис салом) ҳижрий санасининг саккизинчи йилида Маккани фатҳ этиш жараёнида Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ёнларида туриб жоҳилият бутларини синдириб Каъбани улардан тазолашга киришди.

Мўъминлар амири Али (алайҳис салом) диний ва комил инсон қадриятларининг юксак тажассумидир. Ул зот ирфон ва ибодатнинг юқори намунаси бўлиб, айни ҳолда сиёсатчи шахс сифатида мўминларга меҳрибонлик ва шафқатлилик билан амал қилишни ўргатди. Ул ҳазрат ҳеч қачон ҳақиқатни маслаҳат қурбонига айлантирмади. Ул бузрукворнинг ҳаётий усуллари инсониятнинг камолотга етиши, равнақ ва тараққий топиши учун муҳим бир дарс эди. Ва шунга зид ўлароқ, ул ҳазратнинг ҳаёт йўлидан қўл тортиш абадий нобудлик ва гумроҳликка олиб келиши муқаррар.

Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳис салом)нинг сийрат ва юриш-туришлари ҳақида Аммор Ёсирга шундай марҳамат қилдилар: «Эй Аммор агар Али ёлғиз ўзи бир йўлдан ва барча одамлар эса бошқа йўлдан бораётганларини кўрганингда, Алининг йўлидан боргин! Зеро, у сени нобудликка олиб бормайди ва сени ҳидоят ва парҳизкорлик йўлидан адаштирмайди!»

Али (алайҳис салом) инсоний камолот ва фазилатларнинг энг баланд чуққиси ва каромат булоғидир. У ислом динида таълим ва тарбия олган буюк шахсдир. У ҳамма вақт Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга юрарди, дўст ва душманлар унинг фазилатларини эътироф этишарди. Бундай буюк шахсият инсон жамиятининг бутун армонларининг ибрат-намунасидир. Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бўлмиш Ибн Аббос ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақида шундай марҳамат қилади: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зот-Аллоҳга қасамки, агар денгизлар, дарахтлар, ер юзида яратилган нарсаларни ёзиб тасвирлаш мумкин бўлса-да, аммо Али (алайҳис салом)нинг барча фазилатларини ёзиб тасвирлаш мумкин эмасдир!»

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.