Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рамазони шариф Аллоҳнинг зиёфат ойи

Рамазони шариф Аллоҳнинг зиёфат ойи

 ^25F5Dsh_fullsize_distrАссалому алайкум, азиз рўзадорлар, Аллоҳнинг қадрли меҳмонлари! Аллоҳнинг раҳмат ва мағфират ойида рўзаю намоз, тоат ва ибодатларингизнинг қабул бўлишини Тангрининг Ўзидан сўраб, рамазони шариф ойига бағишланган ушбу суҳбатимиз ила хонадонингиз меҳмонимиз. Бугун рамазон ва рўза сўзларининг луғавий маъноси ва шаръий мазмуни ҳақида суҳбатлашмоқчимиз.

Азизлар, қалбингиз қулоғи билан тингланг, қандайдир жозибали бир садо Аллоҳнинг улуғ ва фазилатли ойи етиб келганидан гувоҳлик бермоқда. Рамазони шариф муборак бўлсин! Қалбингизнинг даричаларини очинг. Рамазони шариф бутун гўзаллик, файз-барокоти ила етиб келди. Худди самовий йўловчи каби бизнинг хаста жонларимизга тароват бахш айлаш учун, бизга илоҳий раҳматни ато этиш учун сафар халтасида нур олиб келди.

Рамазони шариф муборак бўлсин! Рамазон сўзи изоҳли луғатларида турлича шарҳланган. Масалан, «Ҳасани Амид» луғатида рамазон қамарий йилининг тўққизинчиси бўлиб рўза ойи, муборак ой деб келтирилган. «Аллома Деҳхудо»нинг изоҳли луғатида эса рамазон сўзи қамарий шаъбон ва шаввол ойларининг ўртасидаги тўққизинчи ойнинг номи, рўза тутиш ойи шаклида баён этилган. Шунингдек, рамазон юрган кишининг оёғини куйдирадиган «қайноқ тош» деб ҳам шарҳланган. Унда рамазон сўзи куйдирмоқ маъносини англатади. Зеро, рўза тутиш гуноҳларни куйдиради. Хуллас, қадимги форс изоҳли луғатларида рамазон ойи муборак ой, шаҳруллоҳ, яъни Худонинг ойи деб келтирилган. Рамазони шариф ойи дунёнинг турли бурчакларида ўзига хос тарзда кутиб олинади.

Рамазон сўзи шаръий жиҳатдан Қуръони Карим нозил бўлган ой, сабр-қаноат ойи, тунларни ибодат ила ўтказмоқ ва нафс тарбияси, ҳайвоний шаҳват ўтини сўндириш ойидир. Рамазон бу – Қуръон билан улфат топиб, мудроқ дилларни уйғотиш, қалбларни нафси аммора чангалидан қутқариш ойи, маърифат гулханига яқинлашиш, илоҳий ишқнинг еттинчи осмонидан маскан топиш мақсадида руҳнинг бадан қафасидан чиқиб, самоларга парвоз қилиш ойи маъноларини билдиради. Рамазон садоқат, поклик, иффат ва ҳаёни қайта тирилтириш ойидир. Мусулмон кишининг Аллоҳ даргоҳига яқинлашиши учун илоҳий синовлардан ўтиш ойидир. Бу синовларнинг ҳар бири инсонни ижтимоий нуқсонлардан узоқлаштириб, уни гўзаллик ва яхшилик сари ҳидоят қилади.

Рамазони шарифнинг шаръий мазмунига янада чуқурроқ эътибор қаратадиган бўлсак, муқаддас ислом дини тақиқлаган нарсалардан қўл, оёқ, кўз, қулоқ, тил ва ақлни тийишдир. Дарҳақиқат, фақатгина еб-ичишдан тийилиб, Рамазони шарифнинг бошқа нозик талабларига риоя этмаган кишининг рўзаси комил ҳисобланмайди. Қайд қилиш жоизким, муборак Рамазон ойи муқаддас ой бўлиб, унда мусулмончиликнинг муҳим устунларидан бири бўлган рўза тутишдек Аллоҳнинг фарзи бажо келтирилади. Рўза тутиш эса бу инсонларнинг жисмоний ва руҳий соғломлигини таъминлаб, нафси амморани жиловлаш имтиҳонидир. Аллоҳнинг ҳабиби, азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо аллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрмишлар: «Рўза тутинг, соғлом бўласиз».

Олдимизда турган бир ойлик ўта муҳим синовдан ёруғ юз билан ўтишни барчамизга Аллоҳ таоло насиб айласин. Аллоҳнинг ҳабиби марҳамат этмишлар: «Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди». Дуолар ижобат бўладиган ифтор лаҳзаларида бизни ҳам дуода ёд этинг, азизлар.

Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.