Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Ҳазрат Маҳдий (а.с)нинг таваллуд топган кунлари ҳақида

Ҳазрат Маҳдий (а.с)нинг таваллуд топган кунлари ҳақида

Бисмиллааҳир Роҳмонир Роҳим

images (19)Ҳижрий-қамарийнинг 255-йили, шаъбон ойининг ўн бешинчисида, инсоният халоскори, ўн биринчи имомимиз Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг азиз фарзанди ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зурриётларидан бири ҳазрати Маҳди (ажаллалоҳу таоло фаражаҳуш шариф) Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрининг шимолида жойлашган Сомирро шаҳрида дунёга келдилар. Оналари «Малика» исмли покиза аёл бўлиб, ул муҳтарама зотни «Наргис» деб ҳам атардилар.

Замонамиз пешвоси ва раҳнамоси бўлмиш имоми  Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳазратлари Аллоҳ таолонинг амри билан кўзлардан ғоиб бўлиб, узоқ муддатдан сўнг зуҳур этажаклар ва ул ҳазратнинг муборак қўли билан дунёдаги барча зулму истибдодлар буткул йўқотилиб, дунё аҳли ёвузликлардан қутулажакдир. Оқибат, дунёга адолат ва тинчлик ҳоким бўлажакдир.

Аллоҳ таолонинг сўнгги ҳужжати, замонамиз соҳиби ва пешвоси, Валиййи асрнинг таваллуд топган кунлари билан барча мусулмонларга муборакбод айтиб қутлаймиз!

Инсонлар қалбида жой олган энг қадимий орзу-истаклардан бири бу – тортишувлар, низолар ва урушлардан қутулиш орзусидир.

Инсонлар ҳамиша жамиятда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини ҳамда осойишта ҳаёт кечиришни орзу қилиб келганлар.

Ислом дини сўнгги ва оламшумул дин сифатида юксак бир жамият тизимини яратиб берди. Агар тарихга бир назар ташласак, шунга гувоҳ бўламизки, инсоният ўз ҳаёти давомида зулм, жаҳолат, куфр, нотинчликлар ва адолатсизликлар билан юзма-юз бўлиб келмоқда.

Ҳазрат Маҳдий (ажаллалоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳукуматининг асоси ва меҳвари (ҳамма нарсалар унинг атрофида ҳаракатланувчи ўқи) ушбу аянчли ҳолатларга барҳам беришга қаратилган. Муфассалроқ қилиб айтганда, ул ҳазрат инсонлар орасида бирдамлик, меҳр-муҳаббат ва илм-маърифатни кенг ёйиш, зулм ва истибдодни таг-томири билан йўқ қилиш, инсониятга адолат таъмини таттириш ҳамда дунё бўйлаб тинчликни инсониятга кўрсатиш ва шу билан бирга фаровонликни инсонларга армуғон келтириш учун зуҳур қиладилар.

Аллоҳ таолога ибодат, сажда ва итоат қилиш ҳамда тоғутларга итоат қилмоқликдан сақланиш илоҳий анбиёларнинг энг юксак хоҳиш-истаклари ва сўзлари эди.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тавҳид сўзини ўз ишларининг сарлавҳаси деб билган эдилар. Худди шундай, ҳазрати Маҳдий (алайҳис салом)нинг режаларида ҳам энг асосий ва муҳим мақсад бу – тавҳид ва яккахудолик ёғдусида дунё бўйлаб ягона адолатли ҳукуматни барпо этишдир.

Инсониятнинг орзу-истаги бўлган пок жамиятга эришиш учун ягона эътиқод ва ғояга эга бўлмоқлик лозим. Фақат эътиқод ва иймонгина турли халқ ва миллат-элатларни бир-бирига яқинлаштира олади. Бу борада олтинчи имомимиз ҳазрат Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло номига қасамёд этаманки, агар ҳазрати Маҳдий бизнинг уйларимизга кириб келса, унинг ҳукуматининг асосий тамойили тавҳид ва яккахудоликка асосланган бўлиб, бу эса ширк келтиришни бартараф этиш билан амалга ошади. У турли халқ ва динлар ўртасида мавжуд бўлган ихтилофларга барҳам бериб барча динларни бир динга айлантиради».

Ҳазрат Маҳдий (алайҳис салом)нинг дунё бўйлаб яратадиган ягона ҳукумати диний қадриятлар ва ваҳий таълимотлари асосида бутун дунё саҳнасида намоён бўлажакдир.

Қонунга риоя этиш, ижтимоий муносабатларда адолат бўйича иш юритиш, тинчлик ва иқтисодий фаровонлик каби барча масалалар тавҳид ва яккахудолик асосида амалга ошажакдир.

Ҳазрат Маҳдий (ажаллалоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳукуматининг иккинчи меҳвари (ҳамма нарсалар унинг атрофида ҳаракатланувчи ўқи) илмни қадрлаш ва жаҳолатга қарши курашишга асосланажак.

Ҳозирги кунда инсоният илмининг шу даражада кенгайиши ва ривожланишига қарамай, ушбу илмий ютуқлар етарсиз ва ноқис бўлишини тан олишимиз керак.

Инсоният билимининг энг муҳим муаммоси бу – унинг инсон руҳи билан мувозанатда эмаслигидир.

Алексис Карел каби Ғарб мамлакатлари олимларининг эътиқодига кўра, «инсоният бугунги кунда илмнинг кенг ривожланишига қарамай, ўзининг руҳий ва маънавий эҳтиёжларидан ғафлатда қолиб, анча тубанликка юз тутган. Қанчалик технология ва илм-фан кенг кўламда жадаллик билан ривож топмасин, шунчалик унинг руҳий эҳтиёжларининг мувозанати бўзилиши ошкор бўлмоқда».

Илмни ривожлантириш ва уни кенг ёйиш билан биргаликда инсон ақли ва онгини юксалтириш  имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳазратлари амалга оширадиган режанинг муқаддимаси ҳисобланади.

Имомнинг кўзлардан ғойиб бўлиши ҳеч қачон унинг руҳи кўринмас бир тўлқин ёхуд хаёл-тушга айланди, дегани эмас. Балки у табиий ҳолда тирик бўлиб, бизларнинг орамизда ҳаёт кечираётган бир инсондир. Ул ҳазрат нотаниш қиёфада шаҳарларни кезадилар, одамлар орасида юрадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг узоқ муддатга ғойиб бўлишлари ҳақида сўрашганда, ул ҳазрат шундай жавоб берганлар:

   «Мени пайғамбар этиб танлаган Парвардигор номи билан қасамёд этаманки, унинг ғойиблигидан одамлар наф кўришади, вилояти (пешволиги)нинг зиёсидан баҳра олишади, булутлар ортида пинҳон бўлган қуёшдан баҳраманд бўлганлари каби.»

Қуёш булутлар ортидан ҳам ўзининг ҳаётбахш нурларини барча мавжудотга бахшида этгани сингари имом Маҳдий (ажаллалоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳазратларининг ҳам муборак вужудлари зиёси ва ёғдуси  ғойиблик пардаси ортидан кундалик ҳаётимиз, қалбимиз, руҳимиз, тафаккуримиз ва ишонч – эътиқодимизни ёритиб, мунаввар этаверади. Ул ҳазратнинг зуҳур қилишларига бўлган ишонч-эътиқод ва умидворлик эса одамларга куч-қувват бағишлайди. Мана шу ишонч ва умидворлик одамларни ул ҳазрат зуҳур қилишларининг даври етгунга қадар, зулму истибдод, адолатсизлик, ижтимоий ва маънавий фасод-бузғунликларга қарши курашишга ундайди. Шу сабабдан, тирик имомнинг муқаддас вужудига ишонган инсонлар ул ҳазратнинг ёнларида бўлиб, ул зотни кўра олишмаса-да, бироқ ўзларини ёлғиз деб билмайдилар. Ушбу ишонч дилларда умидворлик ҳиссини кучайтиради, комиллик ва етуклилик сари ҳаракат қилишга ундайди, одамларнинг руҳу жонини буюк жаҳоний инқилобни англаб етиш ва уни қабул қилишга шайлантиради.

Азизлар, мақоламиз хотимасида буюк пешвоимиз ва сарваримиз ҳазрати Маҳдий (алайҳис салом)нинг таваллуд кунлари муносабати билан барчангизни яна бир бор табриклаган ҳолда ул зотнинг бизга марҳамат қилган қимматли сўзларини эътиборингизга ҳавола этиш билан сўзимизга якун ясаймиз:

إنّا غيرُ مُهْمِلِينَ لِمُرَاعَاتِكُمْ، وَلَا نَاسِينَ لِذِكْرِكُمْ، وَ لَوْلَا ذَلِكَ لَنَزَلَ بِكُمُ اللّأْوَاءُ، وَاصْطَلَمَكُمُ الْأَعْدَآءُ، فَاتَّقُوا اللهَ جَلَّ جَلَالُهُ وَظَاهِرُونَا

«Биз сизларнинг ҳолингизга риоя қилишда эътиборсиз бўлмагаймиз ва сизларни ёдга олишни унутмагаймиз, агар шундай қилмаганимизда эди, бало-мусибатлар ҳар томондан сизларга ёғилган бўларди ва душманлар сизларни нобуд қилган бўлар эдилар. Демак, Аллоҳ таолодан қўрқингиз ва бизга ҳомийлик қилингиз.» (Биҳорул анвор, 53-жилд, 175-бет)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.