Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм
Барча яхшиликларнинг муайян савоби бор бўлиб, бир яхшиликка унинг ўн мислидан тортиб етти юз баробаригача ажр-савоб берилади.
Одам боласи бажарадиган барча амалларнинг савоби кўпайтириб берилади. Қуръони Каримда ҳақда шундай дейилади:
قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ
«Сен менинг тарафимдан: «Эй иймон келтирган бандаларим, Раббингиздан қўрқингиз. Бу дунёда эзгу амал қилганларга яхшилик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт.» (Зумар сураси, 10 оят.)
Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача ажр-мукофот берилиши айтилган. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Менинг Ўзим берурман. У (Одам боласи) шаҳват ва таомини Мен учун тарк қилур», деди. Демак, инсоннинг рўзадан бошқа қилган ҳамма амалидан фарқли ўлароқ, фақатгина тутган рўзасининг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидир. Шу боис, рўза тутишнинг ажр-мукофоти сон-саноқсиз бўлиб, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уни билмайди.
Савм, яъни Рўза сўзи луғатда, мутлақо поклик маъносидадир, аммо шариати исломияда муайян бир амал бўлиб, ният билан тонг отгундан бошлаб Қуёш ботгунга қадар еб- ичиш ва айрим амаллардан ўзини тийиш демакдир.
Ривоят қилинишича, пайғамбар Яҳё бин Закариё (алайҳис салом) Иблисни бир неча қопқон кўтариб келаётганлигини кўрганларида: «Бу қопқонлар нима?» деб, ундан сўрайдилар. Иблис ул ҳазратга жавоб берди: «Бу қопқонларни Одам боласи жисмини ов қилиш учун олиб келаяпман, булар шаҳватдир.» Яна сўрадилар: «Бу шаҳватлар ичида менинг номимга аталгани ҳам борми?» У жавоб берди: «Йўқ, фақат бир кеча қорнинг тўйгунича овқат егандинг ва мен ўша кеча сени салот ва зикрдан маҳрум қилдим.» (Мисбоҳ Ал-ҳидоя , 232 бет.)