Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Имом Ризо (а) таваллудларига бағишланган махсус лавҳа

Имом Ризо (а) таваллудларига бағишланган махсус лавҳа

ImamRezaHolyShrine34Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби билан зулқаъда ойининг ўн биринчи куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зурриётларидан бири бўлган имом Ризо (алайҳис салом)нинг таваллуд топган кунларидир.

Ушбу кун само юлдузлари ер узра порлай бошлаб дин юлдузининг шайдоси бўлдилар. Бу кунда такбир гулларининг муаттар ҳиди етти осмон бағрига ёйилди. Негаки, бугун вилоят (пешволик) осмонининг Саккизинчи Юлдузи ҳазрат имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)нинг аршдан фаршга, яъни самодан ерга тушган кунларидир. Ул ҳазратнинг оталари имом Мусо бин Жаъфар (алайҳис салом) ўз ўғилларига «Али» деб ном қўйдилар. Муборак лақаблари эса Ризо бўлди.

Бу қутлуғ кунда Аллоҳнинг ҳабиби ва расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салому салавотлар йўллаб, ислом оламининг бу ёрқин юлдузи таваллуд кунларини барча мусулмонларга муборакбод этамиз!

Дин пешволари бўлмиш имомларимиз Парвардигори олам жамол ва жалолининг жилваларидирлар. Ушбу махсус лавҳамизда саккизинчи имомимиз ва пешвоимиз ҳазрат Ризо (алайҳис салом)нинг айрим хислатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Йирик ислом донишманди Шайх Садуқ ўзининг «Уюну ахборир-Ризо» китобида ёзади:

«Али бин Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)ни Ризо, Содиқ, Собир, Фозил, «Қуррату айнил мўъминин», яъни: «Мўминлар кўзининг нури» ва «Ғайзул мулҳидин», яъни «Аллоҳни инкор этувларига ғазабли» лақаблари билан эслашади. Аммо ул ҳазратнинг энг машҳур лақаблари «Олими оли Муҳаммад», яъни Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонининг олимидир».

Имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларининг ижтимоий – сиёсий мавқелари ва шунингдек, ул ҳазрат турли дин ва мазҳаб вакилларининг баҳс – мунозара мажлисларида фаол иштирок этишлари асл исломий таълимотнинг ул ҳазрат орқали халқ оммаси орасига кенг ёйилишига сабаб бўлди. Шу сабабли имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларига ул зотнинг замондошлари «Оли Муҳаммаднинг олими» деган унвонни беришди.

Оталари имом Козим (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Падари бузрукворим имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) такрор-такрор менга таъкидлар эдилар: «Оли Муҳаммаднинг олими» сенинг наслингдандир. Қани эди, мен уни кўрсам эди. У амирал-муминин Али (алайҳис салом)нинг номини олади».

Имом Ризо (алайҳис салом) имоматларининг охирги уч йили Аббосий халифа Маъмун хилофатининг маркази бўлган Марв шаҳрида ўтди. Аббосий халифалар орасида Маъмун барчаларидан кўра донороқ ва зийракроқ бўлиб, ўз замонасининг турли билимларидан огоҳ эди.

Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)ни Марв шаҳрига келтиргач, хилофатининг маркази бўлган бу шаҳарда имом Ризо (алайҳис салом) билан замонанинг етук олимлари ўртасида илмий баҳс ва мунозаралар ўтказарди. Имом ҳазратлари бундай оғир баҳс ва мунозаралар чоғи, ўша даврнинг энг забардаст ва моҳир олимларидан устун келардилар. Имом ҳазратлари билан баҳсга киришган барча донишмандлар баҳслашув сўнгида Саккизинчи имомнинг фазилат ва бепоён тафаккур тарзига қойил қолишарди.

Маъмуннинг ҳукмронлик замонасида яшаган собеийлар, яъни ҳазрат Яҳё (алайҳис салом) издошларидан бўлган олимлардан бири Имрон Собеий эди.

Имом Ризо (алайҳис салом) ҳузурларида яҳудий, насроний, собеий ва мажусий уламолар иштирокида ўтказилган илмий баҳс ва мунозараларда қатнашардилар. Ушбу баҳслашувларнинг бирида имом Ризо (алайҳис салом) суҳбатларининг ниҳоясида яҳудий ва насроний олимларга қарата шундай дедилар:

«Ораларингизда исломга мухолиф ёхуд бу илоҳий динга шубҳа ва гумон билан қарайдиган киши бўлса, қўрқмасдан бемалол саволини бераверсин».

Шу пайт Имрон Собеий ўрнидан туриб деди:

«Эй донишманд имом, бу талабни ўртага қўймаганингизда эди, ушбу саволни сизга бермасдим. Мен Куфа, Басра, Шом ва Арабистон ярим оролига сафар қилиб, у ердаги калом ва илоҳиёт олимлари билан мулоқот қилганман. Аммо ҳозиргача Аллоҳнинг ягоналигини исботлаб берувчи бирор кимсани учратмадим. Шу ҳақда ижозатингиз билан сизга савол бермоқчиман».

Имом ҳазратлари буюрдилар:

«Хоҳлаган нарсангни сўрайвер».

Имрон Собеий бир неча савол билан мурожаат қилди. Имом ҳазратлари унинг ҳар бир саволига батафсил жавоб бердилар. Натижада ушбу мунозара мажлисида Имрон Собеий Шаҳодатайн калимасини тилига келтириб, мусулмон бўлди.

Share

Check Also

Имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаёт йўллари

Пайғамбаримиз сарвари олам ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотга нозил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.