Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Арафа – Аллоҳ даргоҳига дуо ва тазарруъ қилиш куни

Арафа – Аллоҳ даргоҳига дуо ва тазарруъ қилиш куни

images.12587jpgБорлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Дуо – бу даъват ва чақириқ бўлиб ибодатнинг мағзи ва моҳияти ҳисобланади. Дуога қўшилган ибодат ишқ-муҳаббат, маърифат ва огоҳлик бахш этади. Инсон ва унинг маъбуди ўртасида унс-улфат алоқаси ва жозиба вужудга келган ҳолда дуо руҳий ҳолат касб этади. Дуо ҳаётга нисбатан ижобий қарашларга сабаб бўлади. Дуо – ислом динида намоз, рўза ва ҳаж каби бандани Аллоҳ таолога маҳкам боғлаб турадиган ибодатлардан биридир. Инсоннинг табиат ва жамиятга бўлган моддий боғлиқлигини ортириб, Аллоҳга бўлган боғланишини эътиборсиз қолдирувчи ҳозирги моддий фалсафаларнинг акси ўлароқ, ислом динида дуо ўқиш банданинг узоқ масофаларни осонлик билан босиб ўтиб Аллоҳ таолога боғланишига кўмаклашади. Инсоннинг Аллоҳга боғланиши инъикоси, шубҳасиз, унинг ижтимоий ва борлиқ билан бўлган алоқаларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам, дуо ўқиш бошқа ибодатлар сингари муайян вақт ёки моддий ва жисмоний куч сарфлашга боғлиқ бўлмай, ҳамма вақт бажарилиши мумкин бўлган ибодатдир. Дуо – энг осон ибодатлардан бўлиб, банданинг қалбини жонлантириш, руҳини уйғотиш ҳамда Аллоҳ ва одамлар билан бўлган алоқаларини самарали қилишга кафилдир.

Дуо – инсонни борлиқнинг асосчиси бўлган чексиз илоҳий қудрат билан боғлаб турувчи ришта ҳисобланади. Шу сабабли дуо махсус макон ва замонга боғлиқ деб бўлмайди, аммо Аллоҳ билан боғланишнинг махсус макон ва замонлари мавжуд. Зеро, бундай макон ва замонда Аллоҳнинг хос раҳмати бандаларга ёғилади. Дуо – банданинг Аллоҳ таолодан фазлу марҳамат ва ёрдам сўраши, ўзининг Унга бўлган муҳтожлигини, заифлигини изҳор қилиши, Холиқни улуғлаб Унга санолар айтиши демакдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Дуо – ибодатдир» – деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, Сарвари олам: «Ҳаж – Арафадир», деганлар.

Айрим кун ва замонлар биз инсонларда фитрий художўйликни уйғотади ва маънавий-илоҳий хоҳишларнинг тўлқинланишини вужудга келтиради. Арафа куни мана шундай бир кундир, бу кун дуо ўқишда хос имтиёз ва устунлик яширинган. Айниқса, ушбу дуолар Арафот саҳросида ўқилса, ўзгача файз бахш этади. Шу боис, бу кунни дуо-тазарруъ, илтижо ва муножотлар куни деб аташ мумкин.

Зилҳижжа ойининг саккизинчи – тўққизинчи кунлари Макканинг суронли кунларидан ҳисобланади. Анбиё ва авлиёларнинг ташрифларига гувоҳ бўлган ушбу тинч ва муқаддас шаҳар Арафот саҳросига дуо ўқиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб бораётган инсонларни кузатади. Арафот муқаддас саҳродир. Аллоҳнинг меҳмонлари ушбу кенг водийда қалблари бандалик ҳиссига лиммолим тўлган ҳолда Аллоҳга юзланиб Унга дуо ва илтижо қилишади.

Арафот номли муқаддас макон Макка шаҳридан 21 километр узоқликда жойлашган бўлиб, узоқ ўтмишга эгадир. Ҳожилар эҳром кийимини кийишганларидан сўнг таматтуъ ҳажини адо этиш учун Арафот саҳросига боришади ва 9 – зилҳижжа кунининг туш вақтидан қуёш ботгунга қадар ушбу маконда қолиб, меҳрибон Парвардигори оламга дуо-тазарруъ ва муножот қилиб Ундан уларга раҳмат ва мағфират туширишини ҳамда иккинчи бор Ҳарами шарифга кириш рухсатини сўрайдилар.

Арафот маърифат сўзи билан ўзакдош бўлиб, билиш, таниш ва англаш маъноларини англатади. Шу боис, Арафот куни одамизод онгида комиллик ғиштларини териб такомил топиш учун энг муносиб фурсат яратади. Бунда инсон тавба ва муножот ила васваса ва гуноҳлар зулумотидан узоқлашиб, Аллоҳнинг меҳрли оғушига қайтади.

Тарих давомида улуғ инсонлар Арафотнинг меҳр-муҳаббат ва маънавиятга йўғирилган фазосида ўзларининг мисл-монандсиз Яратувчиларига тазарруъ ва илтижо қилиб, ўз гуноҳларини эътироф этишган.

Ривоят қилишларича, Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатдан ерга туширилгач, Арафот саҳросида бир-бирлари билан учрашиб, қилган хатоларига иқрор бўлишди.

Ҳа, Арафот куни гуноҳларга иқрор бўлиш ҳамда ножўя қилмишлардан пушаймон бўлиб Парвардигори оламнинг бепоён раҳматидан умидвор бўлиш кунидир. Шунинг учун Арафа куни бажариладиган энг яхши амаллардан бири мисл-монандсиз Парвардигор даргоҳига дуо-тазарруъ ва муножотлар қилишдир.

Шак-шубҳасиз, Арафот саҳросида бир муддат туриш ҳажнинг фарз амалларидан бири ҳисобланади. Ҳожилар бу муқаддас маконда дуо-тазарруъ ва муножотлар қилиб, тафаккурга чўмадилар.

Исломнинг азиз пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Халойиқ! Сизга башорат берайинми?» Улар: Бизга башорат беринг, эй Аллоҳнинг расули, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилдилар: «Бугун кун ботиши биланоқ арафа етиб келади. Аллоҳ таоло малойикалар олдида Арафотда турганларни мақтаб буюради: «эй фаришталарим, ернинг ҳар четидан чангга ботиб менинг томонимга келаётган бандаларимга боқинглар. Улар нима хоҳлашларини биласизларми? Фаришталар айтишади: Эй Парвардигорим! Улар сендан уларнинг гуноҳларини кечиришингни исташади. Аллоҳ буюради: Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, уларнинг гуноҳларини кечирдим.» Демак, шундай экан, эй ҳожилар, турган маконингиздан кечирилган ва пок бўлган ҳолда қайтингиз.»

Бошқа бир ўринда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрганлар:

«Дарҳақиқат, ҳаётларингнинг айрим кунларида Парвардигор томонидан илоҳий шабадалар эсади. Ҳушёр бўлинглар, зинҳор бу бебаҳо шабадалардан бенасиб қолманглар.»

Арафот майдони имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шукуҳли дуолари хотирасини ўз қалбида сақлайди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бир гуруҳ Аҳли-Байт билан Арафотдаги ўз хаймаларидан чиқиб, Жабалур-раҳма тоғининг чап томонида муборак юзларини Каъбага қаратиб муборак қўлларини эса худди таом сўраётган мискин каби юзлари баробарида кўтариб Арафа дуосини ўқишга киришдилар. Ул ҳазрат ўзларининг ишқ-муҳаббат ва маърифатга лимолим дуоларида муборак кўзларидан ёш тўкиб, Аллоҳга илтижо қилган ҳолда айтадилар:

«Аллоҳим, мени Ўзингдан қўрқадиганлардан қил! Худди Сени кўриб тургандек парҳезкорлик-ла мени бахтиёр айла, бўйинсунмаслик билан бахтиқаро этма, оқибатимни хайрли қил, тақдиримни баракотли айла!»

Ушбу Арафа дуоси тарбиявий хусусиятга эга бўлган чуқур маъно-мазмунли муножотнома бўлиб, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок неваралари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Арафот саҳросидаги ўқиган ушбу дуолари мусулмонлар учун энг юксак аҳлоқий сабоқдир.

Ул ҳазрат ушбу дуода Аллоҳ таолога илтижо қилиб шундай айтадилар:

«Аллоҳим, гуноҳ ва тойилишларимни эътироф этаман. Сен уларни кечир, эй бандалар гуноҳидан ҳеч қандай зиён-заҳмат кўрмайдиган ва бандаларининг итоатига муҳтож бўлмаган Зот! Мени кечир, гуноҳларимни мағфират айла, эй барча раҳмлилардан кўра раҳмлироқ бўлган Аллоҳим!»

Ҳар йили Арафотнинг нуроний саҳросида минглаб ҳожилар томонидан Арафот дуоси ўқилади. Бу муборак дуода Парвардигори каримнинг бизга ато этган чексиз неъматлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) томонларидан тилга олинган. Албатта, сон-саноқсиз неъматларни ёдга олиш банданинг Аллоҳ таоло наздидаги аҳлоқ-одоби нишонасидир. Бу нарса бандалар қалбида Аллоҳга бўлган меҳр-муҳаббат ҳиссини зиёда айлайди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу Арафа дуосида яна шундай марҳамат қиладилар:

«Парвардигорим, неъмат берган Ўзинг, эзгуликни эҳсон айлаган Ўзинг, ризқ ато этган Ўзинг, ҳидоят айлаган Ўзинг, мени гуноҳлардан сақлаб қолган Ўзинг.

Эй мени гўдаклигимда ҳифзу ҳимоя айлаган, ёшим улғайганда менга ризқ ато этган Зот… Хасталанган чоғим сўраганимда менга шифо бахш этган, кийим сўраганимда мени кийинтирган, очлигимда мени тўйғазган, чанқаганимда мени сийлаган, ёрдам сўраганимда менга кўмаклашган Аллоҳим!

Эй Раббим, Сенинг барча нематларингни санаб ўтмоқчи бўлсам, ҳеч қачон уларнинг саноғига етолмайман».

Арафа дуосининг аҳлоқий сабоқларидан яна бири парҳезкорлик ва тақво либоси билан безанишдир. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу мўътабар Арафа дуосида Парвардигори оламга юзланиб шундай дейдилар:

«Аллоҳим, мени тақво ва парҳезкорлик билан саодатли айла!»

Қуръони Карим ҳам муборак «Ҳужурот» сурасининг 13-ояти каримасида энг қадрли инсонлар парҳезкорлар эканлигини уқтиради. Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом) Арафа куни дуосида инсон фақатгина тақво ва парҳезкорлик воситаси билан каромат ва қадр-қиймат касб эта олишини уқтириб, ақл-заковатли киши ўз дуоларида тақво даражасига етишни Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраши лозимлигини уқтирадилар.

Биз ҳам дуолар ижобат бўладиган бу улуғ кунда ҳожиларга қўшилиб, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратининг ширин таъмини ҳис қилиш умидида Арафа дуосини биргаликда ўқиймиз:

«Аллоҳим, менинг ғам-ғуссамни бартараф эт, айбларимни яшир, гуноҳларимни кечир, шайтонни мендан узоқлаштир, мушкулотларимни бартараф эт! Дунё ва охиратда энг баланд мартабага муяссар айла!»

Арафа шундай бир кундирким, ушбу кунда Аллоҳ ўз бандаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруъ ва илтижо қилишга чорлаб уларнинг гуноҳларини мағфират айлайди. Зеро, ушбу кунда ер юзида Аллоҳнинг эҳсон ва сахийлик дастурхони ёзилади ва Шайтон ушбу кунда хор ва қадрсиз бўлади.

Қуръони Каримнинг Бақара сураси 186 – оятида буюрилган:

<وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِى عَنىّ‏ِ فَإِنىّ‏ِ قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ ۖ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِىِ وَ لْيُؤْمِنُواْ بِىِ لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ>

«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.