Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Қурбон ҳайити дунёвий боғлиқликлардан узилиш куни

Қурбон ҳайити дунёвий боғлиқликлардан узилиш куни

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

index1269Бугун муборак қурбон ҳайити, Аллоҳ таоло наздида таслим ва бандалик байрамидир. Қурбон ҳайити – оламлар Яратувчисининг даргоҳига яқинлашиш байрами. Бу яқинликка эса фақат ва фақат дунёвий тааллуқотлар ва боғлиқликлардан узилган ҳолатдагина эришилади.

Биз Нажоткемаси сайтининг ижодий ходимлари Парвардигори Карим наздида бандаликнинг гўзал жилваси бўлган бу муборак кун муносабати билан сиз азиз ўқувчиларимизни самимий ва чин дилдан қутлаймиз.

Шаксиз, муқаддас ислом динининг ҳаётбахш таълимотларида жуда кўп ҳайратланарли, ўрганишга лойиқ сир-асрорлар пинҳон. Исломдаги ибодатлардан бири ҳажнинг бир қанча бажарилиши лозим бўлган маносиклари (ибодатлари) бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос рамз ва маъноларга эга.

Ҳаж амалларидан бири Қурбон ҳайити куни қурбонлик қилишдир. Қурбонлик қилиш фалсафаси ва ҳикмати ҳақида жуда кўп сўз юритилган. Муборак Ҳаж сурасининг 37-ояти каримасида Аллоҳ таоло қурбонликнинг гўшти ва қонидан баҳраманд бўлмайди, балки Аллоҳга етадиган нарса сизнинг тақво ва парҳезкорлигингиз ҳамда Унинг буйруғига амал қилишингиздир, деб айтилган. Дарвоқе, ана шу парҳезкорлик ҳисси инсоннинг маънавий жиҳатдан такомиллашиб, камолотга эришувида муҳим рол ўйнайди.

Мўъминлар амири ва сарвари ҳазрат Али (алайҳис салом) қурбонлик ибодатининг улуғлигини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:

«Одамлар ҳайит куни қурбонлик қилишнинг савоби нақадар юксак эканлигини билишганида эди, қарз олиб бўлса-да, қурбонлик қилишарди. Зеро, қурбонликнинг илк томчи қони ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг гуноҳлари кечирилади.»

Ҳожи Арафотда илоҳий маърифат касб этиб, Машъарул ҳаромда шуур ва огоҳликка эришиб, Минода орзу-армонларини Аллоҳи зулжалол даргоҳига арз айлагач, Қурбон ҳайити етиб келади. Бу ҳайит дунёвий тааллуқотлар ва боғлиқликлардан узилиш, Аллоҳдан ўзга нарсалардан узоқлашиш байрамидир.

Бу муборак кунда ҳаж қилувчи ўз вужудидаги Исмоилни, яъни кўнгил қўйган барча дунёвий нарсаларини қурбон қилади ва илоҳий қурб, яъни Аллоҳ даргоҳига яқинлашиш сари қуш мисоли енгил парвоз этади. Шундай экан, ҳар бир киши ўз ботинини таҳлил қилиб, дунёга кўнгил қўйиб Аллоҳдан узоқлашишига нималар сабаб бўлаётганини аниқлаши лозим. Бандалик тариқаси бўлган бу йўлда сон-саноқсиз хавф-хатарлар, тойилишлар ва синовлар мавжуд. Илоҳий имтиҳонда ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) ўзининг бир умрлик орзу-армонлари ҳосили, жон қадар азиз бўлган фарзанди Исмоилни қурбон қилди.

Ота кўрган тушини фарзандига баён айлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сабрли сифати ила таъриф айлаган Исмоил (алайҳис салом) том маънодаги ихлос билан Аллоҳ йўлида қурбон бўлишга розилик беради.

Қурбон ҳайити ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)ларнинг фидокорликларини эслаш кунидир. Барча давру замондаги одамлар тавҳид ва яккахудоликнинг буюк мураббий ва қаҳрамонлари бўлган ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лардан сабоқ олиб, Аллоҳнинг ризолиги йўлида фидокорликни ўрганишлари керак. Зеро, ички яширин душман бўлмиш нафси амморага қарши курашиш ташқи ошкора душманга қарши курашишдан кўра мушкулроқдир. Бу буюк жиҳодда нафснинг гап уқмас Фиръавнини қурбон қилишимиз керак бўлади.

Қуръони Каримда келтирилган бани Исроил қавми можаросида улар исёнга берилган пайти; «Ўзларингни ўлдиринглар» деган илоҳий фармон уларга келади. (муборак Бақара сурасининг 54-ояти каримаси)

Айрим муфассирлар бу ерда нафси амморани ўлдириш кўзда тутилган деб айтишади. Ирфон нуқтаи назаридан ҳам қурбонлик қилиш нафсоний ҳавою ҳавасларни тарк айлаб Аллоҳнинг ризосига эришиш демакдир.

Қурбон ҳайити куни бажариладиган гўзал амаллардан яна бири камбағал-мискинлар, етим-есирлар ва бева-бечораларга ҳадялар улашиш ҳисобланади.

Бугун Қурбон ҳайити, Аллоҳга яқинлашиш кунидир. Келинг азизлар, илоҳий раҳмат ва ҳидоятдан баҳаманд бўлиш учун бу улуғ кунда қалбларимизни Аллоҳнинг ихтиёрига топширайлик!

Сиз азиз ўқувчиларимизни яна бир маротаба тоат-ибодат ва таслим аҳлининг байрами бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан самимий қутлаймиз.

Ушбу махсус суҳбатимизни тўртинчи раҳнамо ва пешвоимиз имом Зайнилобидин (алайҳис салом)нинг ушбу дуолари билан якунламоқчимиз:

«Аллоҳим, ушбу кунда сендан ҳидоят сўрайман. Муҳаммад ва оли Муҳаммадга салавоту саломлар йўллаб мени ҳидоят айла.

Сендан раҳмат умидидаман. Муҳаммад ва оли Муҳаммадга салавоту саломлар йўллаб менга раҳмат нозил эт.

Сендан ризқ-рўз сўрайман. Муҳаммад ва оли Муҳаммадга салавоту саломлар йўллаб менга ризқ-рўз ато айла.

Эй Меҳрибон Аллоҳим, неъматлар ато айлагувчи жалол ва икром соҳиби, Муҳаммад ва оли Муҳаммадга салавоту саломлар йўллаб, сенга юзланиб тилаган ҳожатларимни ижобат айла. Эй барча меҳрибонлардан кўра меҳрибонроқ Парвардигорим.»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.