Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Қурбон ҳайити фидойилик ва бандалик шукуҳи

Қурбон ҳайити фидойилик ва бандалик шукуҳи

images543Эртага исломдаги улуғ байрамлардан бири Қурбон ҳайити кунидир. Қурбон ҳайити – бу фидойилик ва бандалик байрамидир. Бу улуғ ҳайит – бу чексиз маънавий завқ-шавқ барча мусулмонларга муборак бўлсин!

Қурбон ҳайити художўй инсонларнинг шод-хуррамлик куни, улуғ илоҳий синов байрамидир. Эртага ҳаж маносикларини (ибодатларини) бажариб, Аллоҳга яқинлашган қалбларнинг бандалик байрамидир.

Эртага Мино саҳроси қалблари бандалик завқ-шавқи ила лимолим тўлган кишилар ҳажнинг қолган маносикларини бажаришларига гувоҳ бўлади.

Бугун оқ либосли ҳожилар Мино саҳросига қайтишади. Мино истак-хоҳиш маъноларини билдиради. Мино саҳроси эса орзулар юртидир. Ҳожилар рамий жамаротда шайтон тимсолига тош отиб, ички ва ташқи иблисларни ўзларидан узоқлаштирадилар. Ҳожиларнинг Минода бажарадиган амалларидан яна бири қурбонлик қилишларидир. Қурбонликка туя, сигир ва қўй каби жониворлар танланади.

Исломдаги улуғ байрамлардан бири бўлмиш Қурбон ҳайитининг маросимлари тарихий воқеа-ҳодисаларга эга бўлиб, унинг илдизлари ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг ҳаётий саргузаштларига бориб тақалади. Аллоҳнинг бу улуғ пайғамбари Худонинг розилиги йўлида Аллоҳдан ўзга барча нарсаларни қалбидан бадарға айлади ва самовий ишқнинг гўзал бир ривоятини ўзидан ёдгорлик қолдирди.

Эртага ишқ манзилининг йўловчилари тилидан Иброҳим (алайҳис салом)нинг Аллоҳ наздида айтган гўзал каломи такрорланади:

إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ‌ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْ‌ضَ حَنِيفًا ۖ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِ‌كِينَ ﴿٧٩

«Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман» (Муборак Анъом сураси, 79-ояти карима)

Ислом таълимотида мусулмон кишининг зиммасидаги вазифаларини бажаришга муваффақ бўлганидан шодланиши ҳайит деб аталади.

Исломда инсон зоти масъулият ва жавобгарликни ҳис қилгувчидир. Шу сабабли у Аллоҳни хушнуд айлаш учун саъй-ҳаракат қилган ҳамда ёвузликлардан узоқлашган куни байрам ва муборак кундир. Ўша куни у Аллоҳнинг раҳматига яқинлашган бўлади. Эртага ҳожилар Мино саҳросига қайтишади. Мино истак-хоҳиш деган маъноларни билдиради. Мино саҳроси эса орзулар юртидир.

Имом Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Жаброил (алайҳис салом) бу ерда ҳазрат Иброҳимга: ўз орзуингни баён айла, дегани учун бу минтақа Мино деб аталадиган бўлди.»

Инсон учун инсонийлик мақомига эришишдан кўра юксакроқ орзу борми?! Кишининг кибр, ғурур ва ҳасад каби ахлоқий разилликларни ўзидан узоқлаштириши, ҳавою ҳавасни қурбон қилиши энг олий истак эмасми?!

Ана шу орзуларга эргашган ҳожилар рамий жамаротда Шайтон тимсолига тош отиб, ички ва ташқи Иблисларни ўзларидан узоқлаштирадилар. Улар гумроҳликларнинг сабабчиси бўлган Шайтон васвасаларидан бутунлай қутилишга ишонч ҳосил қилиш учун бу амални уч кун давомида такрорлашади. Ҳожиларнинг Минода бажарадиган амалларидан яна бири уларнинг қурбонлик қилишларидир. Қурбонликка туя, сигир ва қўй каби жониворлар танланади.

Қурбон ҳайити ҳақиқий шод-хуррамлик, инсоннинг Аллоҳ таоло буйруқларини бажариб, Яратганга бир қадам яқинлашгани чоғи вужудга келади, деган маънони эслатиб туради. Қурбонлик қилиш инсоннинг ички ҳою ҳавасларидан воз кечишидир.

Аллоҳ таоло муборак «Ҳаж» сурасининг 47-ояти каримасида: «Мабодо, қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қон ва гўшти Аллоҳга етиб боради, деб ўйламанглар. Балки Худонинг таважжуҳига лойиқ нарса бу сизнинг тақво ва парҳезкорлигингиздир» дея уқтирилади. Аллоҳ сиздан сизнинг тақво босқичларидан ўтиб, комил инсон мақомига эришиш ва Яратувчига яқинлашишингизни истайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ва унинг фарзанди Исмоил (алайҳис салом)нинг бандалик ва ихлос қиссасини гўзал бир тарзда тасвир этади.

Узоқ йиллар фарзандсиз юрган ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўради. Парвардигор унга Исмоилни ато айлади. Иброҳим (алайҳис салом) Исмоилга меҳр қўйди ва бу меҳр-муҳаббат йиллар давомида қалб кўзгусига қўнган азоб-уқубатлар ғуборини артди.

Бола ўсмирлик ёшига етгандида, Иброҳим (алайҳис салом) Аллоҳнинг амри билан фарзандини қурбонлик қилиши лозимлигини туш кўрди. Уч маротаба такрорланган бу ажабтовур туш Иброҳим (алайҳис салом)ни изтиробга солди. Унинг ботинида Аллоҳ ишқи ва фарзанд муҳаббати бир-бири билан кураша бошлади. Бу буюк Пайғамбар улардан бирини танлаши керак эди.

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ушбу мавзу борасида ўз фарзанди Исмоил билан маслаҳат қилганида, Аллоҳнинг мухлис ва итоаткор бандаси бўлган Исмоил отасига шундай жавоб берди:

قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ‌ ۖ سَتَجِدُنِي إِن شَاءَ اللَّـهُ مِنَ الصَّابِرِ‌ينَ ﴿١٠٢

«Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топгайсиз». (Муборак Соффот сураси, 102-ояти карима)

Бир қарорга келган ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) Исмоилни етаклаб, қурбонлик қилинадиган жойга олиб борди. Йўлда бораётиб Иброҳим (алайҳис салом) Шайтон васвасаларини ўзидан узоқлаштириб, Аллоҳ ишқи билан нуронийлашган қалб ила фарзанди Исмоилнинг бўғзига пичоқ тортди, аммо пичоқ Исмоилнинг бўйнини кесмади. Иброҳим (алайҳис салом) қайтадан пичоқ тортди, аммо бефойда эди. Ота-ўғил Аллоҳнинг улуғ имтиҳонида ғолиб келган чоғи, Ҳақдан нидо келди:

سَلَامٌ عَلَىٰ إِبْرَ‌اهِيمَ ﴿١٠٩ كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ ﴿١١٠

«Иброҳимга салом бўлсин. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлагаймиз» (Муборак Соффот сураси, 109 ва 110-ояти карималар)

Шу пайт Аллоҳ таоло бир қўйни ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)га юбориб, Исмоил ўрнига қурбонлик қилишини буюрди. Иброҳим ва Исмоил (алайҳис салом)ларнинг Аллоҳ наздидаги бандалиги ва таслим лавҳаси ана шундай гўзал бир тарзда тасвирланган. Парвардигори карим ҳожиларга ҳар йили ҳаж мавсумида Мино саҳросида қурбонлик қилишни фарз айлади. Бу қурбонлик инсоннинг Ҳақ таоло ҳузурида таслим эканлиги тимсолидир. Қурбонлик кишининг моддий истак-хоҳиши, орзу-ҳавасларига қарши курашишининг тимсолидир.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қурбонлик қилиш ҳақида буюрадилар:

«Аллоҳ таоло камбағалларингиз тўйиб гўшт есин деб қурбонликни жорий қилди. Шундай экан, уларга қурбонлик гўштидан едиринг».

Қурбонлик маросимидан сўнг ҳожилар соч олдириб, эҳромдан чиқишади. Энди улар тавоф учун Каъбатуллоҳ сари йўл олишади. Улар гуноҳ зангорларидан покланган мусаффо кўзгу каби шаффоф қалб ила ваҳий юртидан олган улкан маънавий насиба билан ҳаж дарсхонасида ўрганган сабоқларини ҳаётга татбиқ этиш учун ўз юртларига йўл олишади.

Қурбон ҳайитига бағишланган «Қурбон ҳайити фидойилик ва бандалик шукуҳи» унвонли суҳбатимизни якунлар эканмиз, яна бир бора барчангизни бу қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан улуғ ҳаж амалини бажаришни ҳаммамизга насиби рўзи айлашини тилаб қоламиз.

Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.