Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (1)

Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (1)

images12Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Зулҳижжа ойининг шукуҳли айёмлари ҳам етиб келди. Ушбу ойда юз минглаб мувваҳид ва художўй инсонлар Макка сарзаминида гўзал ва беназир бўлган Ҳаж зиёрати учун тўпланишади. Айни пайтда ошиқларнинг йирик гуруҳи ваҳий юртига бориб етишган. Дунёнинг турли ўлкаларидан оқиб келаётган одамлар дарёси азим уммонга бориб қўшилаётгандек ва ягона бир тўпламни тавҳид ва яккахудолик байроғи остида намоён қилмоқда гўё. Ҳаж зиёрати учун юзага келган ушбу шукуҳли тўплам ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) дуосининг ижобат бўлгани нишонасидир.

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) умр йўлдошлари Ҳожар ва ва фарзандлари Исмоилни бу муқаддас юртга олиб келганларида Аллоҳ даргоҳига ушбу талаб билан мурожаат қилгандилар:

<رَبَّنا إِنِّي أَسْكَنْتُ مِنْ ذُرِّيَّتي‏ بِوادٍ غَيْرِ ذي زَرْعٍ عِنْدَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّمِ رَبَّنا لِيُقيمُوا الصَّلاةَ فَاجْعَلْ أَفْئِدَةً مِنَ النَّاسِ تَهْوي إِلَيْهِمْ وَ ارْزُقْهُمْ مِنَ الثَّمَراتِ لَعَلَّهُمْ يَشْكُرُونَ>

«Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини — ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо этсинлар деб (шундай қилдим). Демак, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.» (Иброҳим сураси, 37 – оят)

Изоҳ: Ривоят қилинишича, Иброҳим (алайҳис салом)нинг Ҳожар исмли хотинлари Исмоил (алайҳис салом)ни туққанларида, Сора исмли Иброҳим пайғамбарнинг бошқа хотинлари бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлаган экан. Шунда Иброҳим (алайҳис салом) Аллоҳ таоло амри билан ўғиллари Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни ўзлари билан бирга Шомдан Маккага олиб борадилар ва уларни ўша жойга жойлаштириб қайтаётганларида, Тангри таолога илтижо қилиб юқоридаги оятларда мазкур бўлаётган дуоларни ўқиган эканлар. Ҳадиси шарифда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳис салом)нинг дуоларини ижобат қилиб, ўша саҳродан «зам-зам» булоғини чиқариб, у ерда қолганларга оби ҳаёт ато этган экан.

Узоқ асрлардан бошлаб ҳозиргача миллионлаб зиёратчилар Маккаи Мукаррамага йўл олиб, Аллоҳ уйи томон интилишади ҳамда Ҳажнинг самара ва баракотидан баҳраманд бўлишади. Ҳаж маросими ўзига хос рамз ва асрор ҳамда удумларга эгадир. Ушбу маросимда кўплаб ҳикмат ва фалсафани топиш мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ҳаж ибодати ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) даврларидан буён амалга оширилиб келмоқда. Тўққизинчи ҳижрий-қамарий йилида Аллоҳ таоло Оли Имроннинг 97 – ояти: «одамлардан кимки йўлини топса (имкони ва шароити бўлса) Аллоҳ учун Байтни (Каъбани) ҳаж қилмоқ бурчдир» ила мусулмонларга ҳаж ибодатини фарз қилди.

Ҳаж – сўзи аслида арабча бўлиб, зиёрат маъносини англатади. Ҳаж амали Исломнинг беш асосий рукнларидан бири саналади. Ҳаж қурбон ойида ва исломда муқаддас шаҳар ҳисобланган Маккага бориб у ердаги «Муқаддас жойлар»ни зиёрат қилиб турли диний маносикларни (маросимларни) бажариб қурбонлик қилишдан иборат.

Амалда Мадинаи Мунавварага бориб сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам ҳаж қилишга қўшиб бажарилади.

Ҳаж қилмоқчи бўлган шахснинг ўзи сафарга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлса, барча ҳаражатларни тўлагани ҳолда, ўрнига бошқа кишини юбориши мумкин бўлади. Ҳажга бориб келганларнинг исмига «Ҳожи» сўзи қўшиб айтилади ва бундай инсонлар мусулмонлар орасида алоҳида обрў-эътиборга эгадирлар.

Айтиш лозимки, ҳаж амали зоҳирий ва ботиний томонларга эга. Аллоҳ таоло зиёратчидан Унга «лаббайка» дейишини ва Аллоҳдан ўзга нарса атрофида юрмаслигини талаб этади. Ҳаж маносикларини (удумларини) ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом), Исмоил (алайҳис салом) ва Ҳожар (с) каби буюкларнинг ҳаётларида бўлган муносабатларда яққол кузатиш мумкин. Ушбу буюк зотлар Аллоҳнинг синовларидан улкан ифтихор билан ўтганлар. Бинобарин, Ҳаж зиёратига борувчи зиёратчилар фақат Аллоҳга таслим бўлиб Унинг буйруқларини бажариш билан банд бўлишлари лозим. Ҳаж улуғ ибодат сифатида инсонни ижобий томонга ўзгартириш кучига эгадир.

Муборак Ҳаж айёмига бағишланган «Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти» унвонли махсус суҳбатимизнинг илк сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Буюк Парвардигорнинг паноҳида бўлинг.

Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.