Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (2)

Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (2)

images18Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни мусулмонларнинг улуғ байрамларидан бири бўлмиш Қурбон ҳайитига тўғри келади.

Ушбу муборак кунда ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг Аллоҳ розилиги учун қилган фидокорликлари ҳамда ул зот кучли иймонга эга бўлганлари боис ўғиллари Исмоил (алайҳис салом)ни ишқ қурбонгоҳига келтирганликлари ёдга олинади.

Бир куни ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) туш кўрадилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари доимо рост ва тўғри бўлади. Албатта, бу туш уч марта такрорланганлиги ҳам айрим ривоятларда айтилган. Иброҳим пайғамбар ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушунадилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажаришни оталик муҳаббатидан устун қўйиб ўз ўғиллари Исмоилни қурбонлик қилишга қарор қилиб унга шундай дейдилар:

«Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?»

Ўғиллари доно ва одобли бола эди. У ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:

«Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан.»

Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ўғилларининг жавобидан хурсанд бўлдилар. Уни етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. Мино деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмоқчи бўлдилар. Исмоил (алайҳис салом) ҳам отанинг ҳам Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётади. Иброҳим (алайҳис салом) ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади… Зеро, Аллоҳ таоло пичоққа кесмагин деб буйруқ берган эди. Дунёдаги ҳамма нарсалар Аллоҳникидир. Ҳамма нарса Аллоҳга бўйинсунади. Пичоқ ҳам олов каби Аллоҳнинг буйруғини бажаради.

Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ берган эди. Пичоқ Аллоҳнинг айтганини қилди. Исмоилнинг бўйнини озгина бўлса ҳам кесмади. Илгари ҳам худди шундай олов Аллоҳнинг айтганини қилиб, ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)ни куйдирмаган эди. Кофирлар Иброҳим (алайҳис салом)ни ёшлик пайтида оловга ташлаб ёндирмоқчи бўлишганди. Ўшанда ҳам Аллоҳ оловга: «Иброҳимни куйдирмагин!» деб буйруқ беган эди.

Бу гал эса Аллоҳ таоло Исмоилни сўйишга буюриб, Иброҳим (алайҳис салом)ни синаб кўрмоқчи эди, холос. Қани, у Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Иброҳим (алайҳис салом) ҳеч хафа бўлмасдан, иккаланмасдан Аллоҳнинг айтганини қилавердилар. Шунинг учун Аллоҳнинг имтиҳонидан яхши ўтдилар. У киши ҳам ўғиллари ҳам Аллоҳни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришлари исбот бўлди. Исмоилнинг оналари ҳазрати Ҳожар ҳам тақволи ва жуда одобли аёл эдилар. Ўғилларини ҳам мана шундай тарбия қилган эдилар. Бу воқеа ҳамма художўй инсонларга, айниқса мусулмонларга ибрат бўлиб қолди.

Мусулмонлар ҳам ҳаммадан кўра кўпроқ Аллоҳни яхши кўришлари керак. Ҳатто ўзларининг жонларидан ҳам кўпроқ Аллоҳни яхши кўришлари лозим. Аллоҳ нимани буюрса, иккиланмасдан: «Хўп бўлади!» деб бажаришлари керак. Ана шундагина уларни ҳам Аллоҳ таоло худди Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)ларни яхши кўргандек яхши кўради. Ана шундагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳам худди Иброҳим ва Исмоилга ёрдам бергандек ёрдам беради.

Иброҳим пайғамбарнинг қўлларидаги пичоқ Аллоҳнинг буйруғи билан ўтмас бўлиб қолган эди. Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб турган вақтларида, Аллоҳ таоло самодан нидо қилди: «Эй Иброҳим, Сен тушингда олган буйруқни бажардинг». Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) бошларини кўтариб қарасалар, ҳазрати Жаброил фаришта: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар», деб бир қўчқорни ҳайдаб келаяптилар. Аллоҳ Иброҳим пайғамбарга Исмоилни озод қилишни буюради. Иброҳим (алайҳис салом) ўғилларини қурбонлик қилолмаган бўлсалар ҳам Аллоҳ таоло Исмоилни қурбонлик қилинди деб ҳисоб қилди. Унинг ўрнига Жаброил фаришта олиб келган қўчқорни сўйиб қурбонлик қилишни тайинлади. Аллоҳ бу қўчқорни атайин жаннатдан чиқартирган эди. Аллоҳ Исмоилни қурбонликдан озод қилганлигидан хабардор бўлган Иброҳим (алайҳис салом) жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Аллоҳга шукроналар айтиб, У берган қўчқорни сўйдилар. Ана шундан бери мусулмонлар Қурбон ҳайити келганда Аллоҳнинг йўлига қурбонлик қиладиган бўлдилар.

Аллоҳ таоло ҳар сафар яхши бандасини имтиҳон қилса, шундан кейин унга албатта хурсандлик ҳам беради. Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳис салом) ва ўғилларини имтиҳон қилиб бўлгач, улардан рози бўлди. Шундан кейин одамлар Исмоилни «Забийҳуллоҳ» деб мақтайдиган бўлдилар. «Забийҳуллоҳ»нинг маъноси Аллоҳнинг қурбони дегани. Аллоҳ ҳаммани ҳам Ўзига қурбонлик қилишга лойиқ кўравермайди. Фақат Ўзи яхши кўрадиган одамни мана шундай эъзозлайди.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Иброҳим пайғамбар ва ўғиллари Исмоил (алайҳимас салом)га Аллоҳ учун бир уй қуришни буюради. Улар хурсанд бўлиб ишга киришадилар. Ота-бола икковлон Каъба масжидини қуришади. Ўшандан буён ҳар йили минглаб, балки миллионлаб художўй инсонлар Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиб Ҳаж амалини бажариш учун Маккаи Мукаррама томон йўл олишади.

Биз мусулмонлар ҳар йили Қурбон ҳайити келганда бу кунни байрам қилиб нишонлаймиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Бу байрам яқинлашганда миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрига бориб Ҳаж амалани бажарадилар. Ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лар яшаган жойларни кўрадилар. Улар юрган йўллардан юрадилар. Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳда ибодат қиладилар.

Бу байрам бизга Иброҳим ва Исмоил боболаримизнинг қилган ишларини эслатиб туради. Биз уларнинг Аллоҳ йўлида қилган меҳнатлари ва жиҳодларидан ўрнак оламиз. Биз ҳам улар каби Аллоҳнинг динига даъват қилишни улкан вазифа деб биламиз. Улардек чин иймонли мусулмон бўлишга интиламиз. Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилиш – энг олий хизмат.

Қурбон ҳайити куни ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лар Аллоҳнинг буюк имтиҳонидан шарафли ўтган кунларидир. Аллоҳ ҳамма мусулмонларни бир-бир имтиҳон қилиб кўради. Биз ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан яхши ўтишга ҳаракат қилиб Унинг Ўзидан мадад сўраймиз.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 37 – оятида шундай буюради:

«Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас, лекин У Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У Зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!».

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳлари кечирилади», деб башорат берганлар. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилиш ва нафсоний иллатлардан покланишдир.

Агар Аллоҳ йўлида мустаҳкам турсак, Унинг синовлардан яхши ўтсак, ҳазрати Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларга ўхшаб Аллоҳнинг мукофотларига эришамиз, иншоаллоҳ.

Муборак Ҳаж айёмига бағишланган «Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти» унвонли махсус суҳбатимизнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин.

Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.