Home / Аҳли-Байт / Имом Боқир (а.с) / Имом Боқир (а) ҳазратларининг шаҳодат кунлари

Имом Боқир (а) ҳазратларининг шаҳодат кунлари

images5217-96Зилҳижжа ойининг 7 – куни имом Боқир (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳодат кунларидир.

Барча жабҳаларда одамларга намуна бўлган Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан бири бўлган бу дин пешвосига чексиз ақл – заковат ва билимлари учун замондошлари ул ҳазратга «Боқирул улум»«Илм сирларини очгувчи» лақабини беришган. Зеро, ул ҳазрат илмнинг энг чигал қирраларини фош этар ва унинг сирларини кашф айлар эдилар.

Имом Боқир (алайҳис салом) 114 – ҳижрий-қамарий йили, 57 ёшларида шаҳодатга етдилар.

Бу қайғули санани барча мусулмонларга ва ҳақиқат йўли тарафдорларига ҳамдардлик изҳор этамиз.

Имом Боқир (алайҳис салом)нинг хизматкорлари бўлмиш Афлаҳ ул ҳазрат ҳақларида ҳикоя қилади: «Имом ҳазратлари билан ҳаж маросимига боришга мушарраф бўлдим. Ҳазратнинг кўзлари Каъбатуллоҳга тушиши билан ўзларини тутолмай, йиғлаб юбордилар. Йиғи садолари эшитилиб турарди. Мен дедим: «Ота-онам сизга фидо бўлсин», нечун бунчалик йиғлайсиз?»

Имом ҳазратлари буюрдилар: «Эй Афлаҳ, шояд Аллоҳ таоло менга лутфу карам назари билан боқса-ю, қиёмат куни нажот топганлардан бўлсам».

Афлаҳ ўз сўзини давом эттиради:

«Сўнгра Имом (алайҳис салом) тавофга киришдилар, кейин эса мақоми Иброҳим (алайҳис салом) ёнида намозга тутиндилар. Сажда пайти йиғининг таъсиридан елкалари силкинаётгани сезилиб турарди. Саждадан бош кўтарганларида сажда қилган жойлари кўз ёшдан жиққа ҳўл эди.»

Имом Боқир (алайҳис салом) 18 йил давомида ислом умматига раҳбарлик ва пешволик қилиш масъулиятини ўта муваффақиятли бажариб келдилар. Бу йиллар давомида ул ҳазрат элнинг эътиқоди асосларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратдилар. Имом ҳазратлари ўз замоналарида ислом мамлакатининг турли ерларидан Мадинаи Мунавварага келган ислом ва Аҳли-Байт ихлосмандларининг парвона каби атрофига йиғилган шамъни эслатар эдилар.

Имом Боқир (алайҳис салом) Аҳли-Байт таълимотининг анъаналарини давом эттириб, одамларга асл исломдан сабоқ бериш фаолиятини ўз ота-боболари сингари давом эттирдилар.

Ул ҳазрат жуда кўп шогирдлар тарбиялаб етиштирдилар. Шайх Тусий ўз китобларида имом Боқир (алайҳис салом) шогирдларининг сонини 465 нафар деб айтганлар.

Имом Боқир (алайҳис салом) ислом оламида турли фитна-фасодлар вужудга келаётган, динда турли фирқалар ташкил топаётган оғир бир шароитда имомлик қилдилар.

Ҳижрий-қамарийнинг 61 – йили, Ошуро фожиасидан кейин вужудга келган сиёсий фитналар сабабли кўпгина олимлар сиёсат саҳнасини яккаланишни танлаш билан алмаштирдилар. Турли диний ва сиёсий масалаларда баҳс-мунозаралар авж олган эди. Бундай вазиятда мусулмонлар учун имом Боқир (алайҳис салом) каби шахснинг борлиги улкан бахт ҳисобланарди. Негаки, ул ҳазрат уларнинг турли савол ва шубҳаларига аниқ ва равшан жавоб бериб уларни соф ва холис ислом сари йўналтирардилар.

Имом Боқир (алайҳис салом) Уммавий халифалардан беш нафари билан замондош эдилар. Бу ҳукмдорларнинг Умар ибн Абдулазиздан ташқари тўрт нафари золимлик ва жоҳилликда бир-бирларидан қолишмасди. Улар Имом ҳазратларига жуда кўп жабр-зулм ўтказдилар. Ахир-оқибат, халифа Ҳишом бин Абдулмалик томонидан заҳарланиб, 114 – ҳижрий-қамарий йили шаҳидлик даражасига етдилар.

Бу қайғули воқеа муносабати билан барча мусулмонларга ва ҳақиқат издошларига яна бир маротаба ҳамдардлик билдириб, имом Боқир (алайҳис салом) ҳазратларининг қуйидаги ҳидоятли сўзлари ила суҳбатимизни якунлаймиз:

«Камолотнинг чўққиси – динни англамоқ, мусибат чоғи сабр қилмоқ ва кундалик сарф-харажатларда тежамкорликка риоя этмоқдир».

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.