Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Қурбон ҳайитининг маъно-моҳияти ҳақида бир лавҳа

Қурбон ҳайитининг маъно-моҳияти ҳақида бир лавҳа

index458Ислом дининг азиз пайғамбари ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига ҳамда ул зотнинг Аҳли-Байтларига салому салавот йўллаб, Қурбон ҳайитига бағишланган махсус лавҳамизни сизга тақдим этамиз.

Азизлар, бугун зилҳижжа ойининг 10 – куни исломдаги улуғ байрамлардан бири бўлган Қурбон ҳайитидир. Қурбон ҳайити – бу бандалик байрами. Аллоҳга яқинлашган қалблар байрами!

Бугун зилҳижжа ойининг ўнинчиси мусулмонларнинг улуғ байрамларидан бири – Қурбон ҳайити ёки «Азҳо байрами»дир. Бу кунда Худонинг уйини зиёрат қилувчи ҳожилар Худо ризолиги учун қурбонлик қиладилар ва Аллоҳнинг буюк пайғамбари ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг хотираларини эъзозлайдилар. Аллоҳ ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг иймони ва ихлосини синаш учун унга ўз фарзанди Исмоилни Худо йўлида қурбон қилишини буюради. Иброҳим (алайҳис салом) бу ишнинг қийинлигига қарамай Аллоҳ фармонига бўйсунади ва уни амалга ошириш пайида бўлади. Ўз ўғлини бўғизлашга кўп ҳаракат қилади, аммо пичоқ Исмоил бўйнини кесмайди. Шу пайт ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)га Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтдинг деб хитоб қилинади. Кейин Иброҳим (алайҳис салом)га Исмоил (алайҳис салом) ўрнига қурбон қилиш учун бир қўй юборилади. Шунинг учун ҳам зилҳижжа ойининг ўнинчисини бутун жаҳон мусулмонлари байрам қиладилар. Шу муносабат билан барча мусулмонларни чин қалбдан табриклаймиз.

Бу улуғ ҳайит, бу чексиз маънавий завқ-сурур барчамизга муборак бўлсин!

Одамизот руҳи камолотнинг юксак чўққилари сари доимо талпинади. Ибодат эса мана шундай руҳан юксалиш учун замин яратади. Ибодат инсонга юксак маънавий қадриятларни эгаллашига кўмаклашиб уни дунёнинг моддий қафасларига тутқин айлайдиган омиллардан узоқлаштиради. Инсоннинг руҳ ва жони ибодат, илтижо ва муножот ёрдамида маънавиятнинг юксак фазосида парвоз айлайди.

Ҳақиқий мўминлар Аллоҳнинг барча эзгуликлар ва яхшиликлар манбаи эканлигига ва Ўзига ибодат қилган бандаларига хайру барокот улашишига ишонишади. Шундай экан, ибодат тушунчасида яширин сир-асрордан воқиф бўлишимиз лозим.

Ҳар бир инсонга умри давомида бир маротаба ҳаж зиёратига бориш фарз этилган. Бу руҳоний сафар инсон руҳониятининг юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Ҳаж ибодати ақлий ва руҳий ибодат бўлиши билан бирга инсондан жисмоний риёзатлар чекишини ҳам талаб қилади. Ҳаж ибодати давомида ҳожилар яратилиш ҳикмати ва бандалик рамзлари билан яқиндан ошно бўлишади. Зилҳижжа ойининг 10 – куни ҳаж ибодати ўзининг юқори даражали босқичига ўтади.

Аллоҳ уйининг зиёратчилари қурбонлик қилиш ва шайтонга тош отишдан сўнг ҳожи номига мушарраф бўлишади.

Қурбон ҳайити куни инсоннинг вужудида кундалик ташвишлар ғалаён этса-да, аммо у энг юксак инсоний камолот даражасига етиши мумкинлигини англайди. Аллоҳ ризоси йўлида кўнгил истакларидан воз кечиб, ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лар каби улуғ инсонлар мисоли амал қилиш нақадар гўзалдир!

Бугун ҳаж қилувчилар ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг қаҳрамонларча саргузашти кечган муқаддас заминда ўзларининг Исмоиллари ким экани ва иккиланишларига нима сабаб бўлаётгани ҳақида ўйга толишади. Ҳар бир ҳожи бу ўй-фикрда ўзини дунёга боғлаб турган воситалардан қутилишга ҳаракат қилади. Мол-дунё, амал-мансаб ва ҳоказа… буларнинг қай бири унинг камолот сари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда? Албатта, инсоннинг ҳақиқатга етиши учун тўсиқ бўладиган занжирлар хилма-хил. Руҳий юксакликка етиши учун инсон ўзининг барча амалларини сарҳисоб қилиши ва заиф томонларини аниқлаши лозим. Буюк бир тарих яратиш қудратига эга бўлган ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лар каби улуғ шахсиятлар муваффақиятининг сири шундаки, улар Аллоҳга яқинлашиш учун қалбларини Худодан ўзга барча нарсалардан поклашди ва мусаффо қалб ила Аллоҳнинг даргоҳига йўл топишди. Демак, Қурбон ҳайити қалбни поклаш байрамидир.

Инсон қурбонлик амалини бажариши билан гўё кўнгилнинг дунёвий истак-хоҳишлари, кибр-ҳаво ва манманликларини қурбон айлайди.

Аллоҳ таоло муборак «Ҳаж» сурасининг 37 – ояти каримасида буюради:

لَن يَنَالَ اللَّـهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَـٰكِن يَنَالُهُ التَّقْوَىٰ مِنكُمْ ۚ كَذَٰلِكَ سَخَّرَ‌هَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُ‌وا اللَّـهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ ۗ وَبَشِّرِ‌ الْمُحْسِنِينَ ﴿٣٧

«Уларнинг (қурбонлик қилинган ҳайвонларнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер.»

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят этилгани учун Аллоҳ таолони улуғлашдир. Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг наслларидан бўлган ва сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг набиралари бўлмиш имом Ҳусайн (алайҳис салом) қурбонлик қилишнинг энг юксак намунасини нафақат ислом оламида, балки бутун инсоният тарихи бўйлаб намоён этдилар. Ул ҳазрат Ошуро куни Карбало саҳросида молу жонлари, оила аъзолари, ҳатто олти ойлик сутэмар гўдакларини Аллоҳ йўлида фидо қилиб қурбонлик беришлари билан қурбонликнинг энг юқори даражасини бутун башариятга кўрсатиб бердилар ва ул зот ушбу қурбонликлари билан ислом ва ҳақиқат йўлини сақлаб қолиб ҳақиқат издошларига тўғри ва ҳидоят йўлини кўрсатдилар.

Динимизнинг бу улуғ байрами билан сиз азизларни яна бир бора қутлаб, Қурбон ҳайитига бағишланган махсус суҳбатимизни шу ерда якунлаймиз. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг паноҳида бўлинг.

Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.