Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Инсоннинг кўнгли пок бўлса, етарли эмасми? Намоз ўқишнинг нима кераги бор?

Инсоннинг кўнгли пок бўлса, етарли эмасми? Намоз ўқишнинг нима кераги бор?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

images12Намознинг маъно-моҳияти билан қисқача бўлса-да, танишиб чиққач, энди юқоридаги саволга жавоб бериш ўринлидир. Ушбу саволни қуйидаги тарзда ҳам бериш мумкин:

Намоз ўқимайдиган, аммо яхшилик қиладиган мусулмон жаннатга кира оладими?

Бир мусулмон инсон ҳар қандай сабабга кўра, масалан: ҳафсаласизлик, бефарқлик ва ҳоказолар сабабли намоз ўқимаса, амммо яхшилик қилувчи инсонлардан бўлса, беҳиштга кира оладими? Бундай инсонлар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишларининг умиди борми?

Жавоб: Ушбу саволга Қуръони Карим ва маъсумларнинг ҳадисларида жуда чиройли шаклда жавоб берилган бўлиб, уларни бу ерда кўриб чиқамиз:

Айрим оятларда жаннат аҳли билан дўзахийлар ўртасидаги суҳбатлар баён этилган. Ўша суҳбатларда жаннат аҳли дўзахийлардан нима сабабли дўзахга кирганликларини сўраганларида, дўзах аҳли намоз ўқимаганлигимиз бизнинг дўзахга киришимизга сабаб бўлди, деб жавоб берганлар.

مَا سَلَكَكُمْ فِي سَقَرَ‌ ﴿٤٢ قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ ﴿٤٣

Сизларни дўзахга нима киритди? Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик.» (Муддассир сураси, 42 ва 43 – оятлар)

Демак, ушбу ояти карималарга кўра, дўзахийларнинг жаҳаннамга кириб, у ердаги аламли азобга мубтало бўлишларининг сабабларидан бири намоз ўқимасликлари бўлган ва бу ҳақиқат уларнинг ўз тилларидан баён қилинган.

Албатта, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таолонинг раҳмати намоз ўқиган ва ўқимаган барча мусулмонларни ўз ичига қамраб олишининг умиди бор. Чунки, Унинг раҳамати ҳамма нарсаларни ўз ичига қамраб олиши диний таълимотларда таъкидлаб айтилган. Агар Аллоҳ таоло намозни тарк этувчиларга азоб-уқубат тайин этган бўлса-да, бироқ уларни авф этиб азобламаслиги ҳам мумкин. Аммо Аллоҳ таолонинг намозни тарк этувчиларга азоб-уқубат тайин этганлигидан қўрқиш эса намоз ўқиш томон ҳаракат қилишга жуда яхши туртки бўла олади.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоз ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

«الصَّلَوٰةُ عَمُودُ الدِّينِ إنْ قُبِلَتْ قُبِلَ مَا سِوَاهَا و إِنْ رُدَّتْ رُدَّ مَا سِوَاهَا»

«Намоз диннинг устунидир. Агар намоз қабул бўлса, ундан бошқа амаллар ҳам қабул бўлади ва агар намоз рад этилса, қолган амаллар ҳам қабул қилинмайди.»

Манба: Васоилуш-шиа, 3 – жилд, 22 – бет, 10 – ҳадис ва Мийзонул-Ҳикмат, 5 – жилд, 370 – бет, 10 – ҳадис.

Бешинчи имомимиз Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) намоз ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«الصَّلَوٰةُ عَمُودُ الدِّینِ، مَثَلُهَا کَمَثَلِ عَمُودِ الْفِسْطَاطِ، إذا ثَبَتَ الْعَمُودُ ثَبَتَ الْأَوْتادُ وَالْأَطْنابُ، وَإِذَا مالَ الْعَمُودُ وَانْکَسَرَ لَمْ یَثْبُتْ وَتَدٌ وَلا طَنَبٌ»

«Намоз диннинг устунидир. Намознинг мисоли худди чодирнинг устуни кабидир, агар устун мустаҳкам турса, чодирнинг атрофидаги қозиқлар ва арқонлар ҳам мустаҳкам туради. (Аммо) агар устун оғса ёки синса, ҳеч бир қозиқ ва арқон мустаҳкам турмайди.» (Васоилуш-шиа, 4 – жилд, 23 – бет, 4413 – ҳадис)

Демак, мазкур ҳадисларга кўра, инсоннинг қолган яхши амалларининг Аллоҳ даргоҳига қабул бўлиш шарти ўқиган намозининг қабул бўлишидадир. Бунинг маъноси шуки, агар инсон яхши амалларни бажарса, аммо намоз ўқимаса ёки наридан бери қилиб намоз ўқиса, унинг бошқа яхши ишлари ҳам Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмай, рад этилади.

Намоз ўқимайдиганлар ҳам бир хил эмаслар. Балки уларнинг айримлари намозни сира қабул қилмайдилар. Маълумки, бундайлар диннинг зурурий ҳукмларидан бирини инкор этганлари учун диндан чиқиб кофир бўладилар ва кофир ҳам беҳиштга кирмайди. Табиийки, бундайларнинг ҳеч бир амали Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Негаки, ҳеч бир ишни Аллоҳ таоло учун бажармаган, шунинг учун қабул бўлиши ва унга ажр-мукофот берилиши ҳам кутилмайди ва охират кунида куфрининг натижасига етишиб, кофирлар сафидан жой олади.

Аммо айрим мусулмонлар намозни қабул қилсалар-да, бироқ сустлик, бефарқлик ва эътиборсизлик юзасидан намоз ўқимайдилар ёки гоҳида ўқийдилар ва баъзан эса ўқимайдилар ёки баъзида наридан бери қилиб намознинг охирги вақти етиб келганда, зиммасидан соқит қилиш учун тез-тез ўқиб оладилар. Бу тоифадаги мусулмонлар намоз ўқимагани ёки намозга енгил қарагани сабабли бошқа гуноҳлардан узоқлашса, яхши амалларинг ҳаммаси бекор, деб айтиш ҳам тўғри эмас. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг адолатига зиддир.

Лекин бундай мусулмонлар намозга аҳамиятсиз бўлганлари сабаб уларнинг бошқа яхши амаллари мустаҳкам ўринга эга бўлмай, шу дунёнинг ўзидаёқ пучга чиқиб йўқ бўлиб кетиши мумкин. Нега деганда, улар намозга енгил қараганликлари учун дин ва иймонларининг устуни кучсиз ва заиф бўлади. Ҳар лаҳза унинг динининг чодири қулаб тушиши мумкин. Намоз мусулмоннинг яхши амалларини сақлаб қолувчи энг яхши воситадир. Намоз мусулмонни ёмонликлардан қайтаради ва уни доим яхшиликлар томон етаклайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

<إنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ‌ ۗ>

«Албатта, намоз ёмон ва мункар ишлардан қайтарур.» (Анкабут сураси, 45 – оят)

Шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, фақат том маънода тўла-тўкис ўқилган намозгина бундай ижобий таъсирга эга бўлади. Яъни бутун вужуди билан берилиб дунёнинг ташвишларидан фориғ бўлиб, фикр-зикрини Тангри таолога йўналтириб намозни адо этса, албатта, бу намоз мусулмонни ёмонликлардан қайтариб яхшиликлар томон чорлайди. Шубҳасиз, бундай намоз ўқиш учун намозга енгил қарамай, балки намоз вақти етиб келиши биланоқ намоз ўқишга шошилиш керак бўлади. Аммо агар намозни охирги вақтига кечиктирсак ёки шошиб-пишиб турли ўй-хаёллар билан наридан бери қилиб ўқисак, бундай намоз бизни ёмонликлардан қайтара олмайди. Мана шундай тарзда намоз ўқийдиганларни ёмонлик ёки гуноҳ ишларни қилиб юрган ҳолда кўргандирсиз. Шунга биноан, «намоз ўқиб юришлик ҳамма вақт кўнгли пок бўлади дегани эмас, бу тушунча нисбийдир» деб айтиш ҳам тўғри бўлмайди. Негаки, юқорида айтиб ўтганимиздек, намоз том маънода тўла-тўкис адо этилса, албатта, бундай намоз ўқимоқлик инсоннинг кўнгли поклигидан дарак беради. Бунинг акси ўлароқ, турли ўй-хаёллар билан шошиб-пишиб ўқилган намоз эса инсоннинг ҳаётида ҳеч бир ижобий таъсирга эга бўлолмайди.

Аммо шуни ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, инсон намоз ўқимаслиги билан энг катта гуноҳлардан бирини содир этган бўлади. Динимизда ҳеч бир фарз амални бажариш намоз ўқишчалик таъкидлаб айтилмаган. Шунинг учун, намоз ўқимайдиган шахснинг гуноҳи намоз ўқиб туриб турли гуноҳларни қиладиганлардан кўпроқ бўлмаса, оз ҳам бўлмайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, биз инсонларнинг ҳаёт кечириш тарзимиз тўхтаб қолган бир кичик кўл мисолидир. Бу кичик кўлнинг ҳаёти давом этиши учун чексиз бир денгизга қўшилиши керак. Акс ҳолда айниб ҳалокатга учрайди. Ўша чексиз уммон Аллоҳ таоло бўлиб, биз ўзимизнинг чекланган вужудимизни Унга боғлашимиз зарур. Токи, инсоний камолот ва юксалиш сари ҳаракат қила олайлик Акс ҳолда инсонийлик ҳалокатига учраб, ўта тубан даражага тушиб кетамиз, агарчи юрагим пок, фикр ва қалбимда Худо бор деб иддао қилсак-да, аммо ҳақиқат бунинг тескариси бўлади.

Сўзимиз пировардида шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки, бутун борлиқни яратувчи Аллоҳ таоло барча мавжудотлар, жумладан биз инсонларга ва қиладиган тоат-ибодатларимизга заррачалик муҳтож эмас. Балки биз Унга муҳтож бўлганимиз учун намоз ўқиб Унга юзланамиз ва таслим бўлган ҳолда Унга ибодат қиламиз. Тангри таолонинг Ўзи бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَنتُمُ الْفُقَرَ‌اءُ إِلَى اللَّـهِ ۖ وَاللَّـهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ ﴿١٥

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи (ҳамма нарсадан) беҳожат ва мақталган Зотдир.» (Фотир сураси, 15 – оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.