Тақво нима?

86988LБорлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Тақво сўзи арабча сўз бўлиб وَقْياً، وِقَايَةً ўзагидан олинган. Унинг луғавий маъноси сақлаш ёки сақланиш, тиймоқ ёки тийилмоқ дегани. Тақво сўзининг луғавий маъноси унинг истилоҳдаги поғоналарида акс эттирилади.

Истилоҳда эса «Тақво» уч поғонага эгадир:

Тақвонинг биринчи поғонаси: Шариати исломияда айтилган барча вожиб амалларни бажариб, ҳаром қилинган ҳамма амаллардан сақланиш ёки нафсни улардан сақлашдан иборат. Бошқа таъбир билан айтганда, Шариати исломиядаги барча вожиб амалларни бажариб, ҳаром қилинган ҳамма амаллардан тийилиш дегани. Тақвонинг бу поғонасига эга бўлиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги вазифадир. Жума намозида мусулмонларни тақволи бўлишга тавсия қилганда, тақвонинг мана шу биринчи даражасига эга бўлишга чақирилади.

Тақвонинг иккинчи поғонаси: Шариати исломияда айтилган мустаҳаб амалларни имкон қадар бажариб, макруҳ қилинган амаллардан сақланиш ёки тийилишдир. Тақвонинг бу поғонаси Аллоҳ таоло йўлида бел боғлаган хос инсонларга тегишлидир ва оддий инсонлардан тақвонинг бу поғонасига эга бўлиш талаб қилинмаган. Тақвонинг бу икки поғонаси шариат ҳудудидан ташқарига чиқмай, фақат унинг доирасида амалга оширилади.

Тақвонинг учинчи поғонаси: Нафақат вожиб ва мустаҳаб амалларни бажариб, ҳаром ва макруҳ амаллардан сақланиш керак, балки инсонни Аллоҳ таолодан чалғитадиган барча нарсалардан сақланиш вожиб бўлади. Тақвонинг бу поғонаси сайри-сулук аҳлига, яъни ирфоний тариқат билан Аллоҳ таоло сари ҳаракатланувчи инсонларга хос бўлиб, уларнинг мақсади Ҳақ таоло бўлгани учун, Аллоҳдан ўзгага эътибор қаратишлари гуноҳ ҳисобланади ва бу ишдан тавба этишлари лозим бўлади.

Тақвонинг охирги поғонаси пайғамбарларга, хусусан Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомларимизга тааллуқлидир. Албатта, бу буюк зотларнинг изидан борган холис инсонлар ҳам тақвонинг ушбу поғонасини ўз ҳаётларида амалга оширишга саъй-ҳаракат қилганлар ва бу машаққатли йўлда катта ютуқларга ҳам эришганлар.

Сўзимизнинг ниҳоясида шуни ҳам айтиб ўтмоқ лозимки, тақво инсон қалбидаги нуроний бир ҳиссиёт бўлиб ҳар доим инсонни яхшилик ва эзгуликка, Аллоҳ таолонинг фармони баробарида таслим ва итоаткор бўлишга чорлайди. Бу нуроний ҳиссиёт заиф ва кучли бўлиб, турли даража ва поғоналарга эгадир. Унинг энг кучсиз поғонаси Аллоҳ таолонинг буюрган вожибларини бажариб, қайтарган ҳаромларидан сақланишдир. Юқорида айтиб ўтилган тақвонинг уч поғонасининг ҳар бири ўртасида жуда кўп даражалар мавжуд бўлиб, уларни бирма-бир аниқлаш биз каби оддий инсонларнинг билим доирасидан ташқаридадир.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.