Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шўро иттифоқи даврида мусулмон бўлиб яшаб ўтган ота-бобларимиз намоз ўқимаганлари учун жаҳаннам аҳлидан бўладиларми?

Шўро иттифоқи даврида мусулмон бўлиб яшаб ўтган ота-бобларимиз намоз ўқимаганлари учун жаҳаннам аҳлидан бўладиларми?

Picture1Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Савол: Шўро иттифоқи даврида мусулмон бўлиб яшаб ўтган, таъзияни билган ва унга қатнаган ота-боболаримиз жаҳаннам аҳлидан ҳисобланадими? Баъзи мусулмонларни кўрамизки, намоз ўқимайдилар-у, аммо бошқа яхши амалларни бажарадилар ёки айрим ҳадисларда имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг азаларида бир қатра кўз ёш тўкиш дарёларча гуноҳларни ювади деб айтилган-ку! Намоз ўқимаган, аммо яхши амалларни бажарган мусулмоннинг ҳамма яхши амаллари пучга чиқиб кетиб жаҳаннам аҳлидан ҳисобланадими?

Жавоб: Берган саволингиз уч-тўрт масалани ўз ичига олгани учун бир-бир жавоб беришни лозим топдик. Агарчи бу масалалар устида айри ва мустақил мақола ёзилса, яхшироқ бўлади.

Шўро даврида яшаб ўтган ота-боболаримиз мусулмон бўлганлар-у, аммо намоз ўқиш, рўза тутиш, закот ва хумс бериш, ҳаж қилиш ва ҳоказолар каби Аллоҳнинг ҳукмини бажармаганлар. Худонинг фармонини бажармаслик икки ҳолдан ташқарида эмас ва бу масалани намоз ҳақидаги мақолада ҳам келтирганмиз:

А) Худонинг вожиб қилган фарз амалларини инкор қилса, яъни Худо намозни вожиб қилмаган ёки ман намозни қабул қилмайман деб айтса, бундай шахс кофир ҳисобланади.

Б) Аммо агар бу вожиб амалларни инкор қилмаса, лекин ўзи учун узр-баҳона келтириб, ишларимиз кўп бўлгани учун вожиб амалларни бажаришга вақтимиз йўқ, деб енгил қараб, эътиборсиз бўлган ҳолда бажармаса, албатта, бундай шахс мусулмон саналади, бундайларга кофир деб айта олмаймиз. Лекин Аллоҳ таолонинг ҳукмини бажармаганлиги учун маълум бир муддат жаҳаннамда азобланади. Аммо жаҳаннамда абадий қолади деб айтолмаймиз. Юрагида яхшилик ва эзгулик бўла туриб, аммо намоз, рўза ва бошқа ибодатлар каби Аллоҳ таолонинг ҳукмларига бефарқ ва эътиборсиз бўлган шахсларни (ҳаётда бундайларни кўп учратганмиз) биз Аҳли-Байт издошлари ваҳҳобийлар сингари кескин танқид қилиб кофир ва мушрик деб айтмаймиз, уларни куфр ва ширкда айбламаймиз. Балки бу иккинчи тоифадагиларни мусулмон деб айтамиз. Аммо ҳар ҳолда Аллоҳ таолонинг буюрган буйруғини бажармаганлиги учун, шу дунёнинг ўзида катта гуноҳга йўл қўйган. Бу қилган гуноҳлари учун тавба қилмай оламдан ўтса, албатта, қабр азоби бундайларнинг интизоридадир. Агар гуноҳи кўплиги сабабли қабр азоби билан поклана олмаса, маълум бир қисқа муддат дўзахда ҳам азобланади, аммо у ерда абадий ва мангу қолмайди. Чунки, ҳар ҳолда бу дунёда яхшилик қилган ва яхши одам бўлиб ўтган. Аммо Аллоҳ таолога итоатсизлик ва гуноҳ қилгани учун жаҳаннам азобини кўриши табиийдир. Бу биринчи масала.

Иккинчи масала: Мўътабар ҳадисларда имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бир қатра кўз ёш тўкиш инсоннинг тоғдек ёки чўлу биёбон тошлари миқдоричалик ёки ундан ҳам ортиқроқ гуноҳларининг кечирилишига олиб келиши айтилган. Бу инкор қилиб бўлмас бир ҳақиқатдир. Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ошуро куни жангнинг энг оғир лаҳзаларида ҳам намоз ўқиганлар ва имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳақиқий йўллари қандай эканлигини ва бизлар ҳам қай тарзда ул зотнинг йўлларини тутишимиз кераклигини Ошуро куни бизларга кўрсатиб берганлар. Демак, имом Ҳусайн (алайҳис салом)га азадорлик қилиш билан у ҳазратнинг ўзлари кўрсатган йўлларини маҳкам тутиш бизларга вожиб бўлади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлишлари билан нобуд бўлиш ҳолатига келган Исломни қайта тирилтирганлар ҳамда амалга ошираётган ҳаракатларидан мақсад мана шу нарса эканлигини сўзлаган нутқларида бир неча маротаба таъкидлаб уқтирганлар. Шу ерда имом Ҳусайн (алайҳис салом) нима билан Исломни тирилтирганлар деган савол туғилиши мумкин? Таъкидлаш лозимки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) намоз ўқиш, Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Қуръони Каримни тиловат қилиш зарурлигини кўрсатиб бериш билан ул ҳазратнинг йўлларини қай тарзда давом эттириш кераклигини бизларга ўргатганлар. Яна таъкидлаб ўтамизки, Аллоҳ таоло имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун кўз ёш тўккан инсоннинг гуноҳини кечириши ҳақдир. Аммо шу шарт биланки, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг йўллари, яъни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланиш ва Унинг вожиб қилган амалларини бажариш демакдир. Бунга ҳам диққат қилайлик! Имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун кўз ёш тўккан инсон аслида тавба қилган бўлади. Яъни тавбанинг бир тури имом Ҳусайн (алайҳис салом)га кўз ёш тўкишдир. Кимки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун кўз ёш тўкиб йиғласа, демак, у гуноҳларидан тавба қилган ва тавба қилган инсон, албатта, намоз ўқиб Аллоҳ таолонинг ибодатини қилиши муқаррар, деб айта оламиз. Мабода бефарқлик юзасидан намоз ўқимаган бўлса, тавба қилгандан сўнг, албатта, намоз ўқишни давом эттиради.

Биз намоз ҳақида ёзган мақоламизда намоз ўқимаган шахснинг яхши амаллари шу дунёнинг ўзида пуч бўлади, деб айтмаганмиз. Балки мақолада бундай деганмиз: Намоз ўқимаган инсон, агарчи эзгу ва яхши амалларни бажарса ҳам, унинг дининг устуни бўлмагани ва мустаҳкам устунга эга бўлмагани учун шу дунёнинг ўзида пучга чиқиб кетиши мумкин, деб мақолада келтирилган, аниқ пуч бўлади деб айтилмаган, балки пуч бўлиши «мумкин» дейилган. Бундан ташқари, мақолада: Аллоҳ таоло намоз ўқимаганларни ҳам кечириши мумкин ва Унинг раҳмати намоз ўқимаганларни ҳам ўз ичига қамраб олиши мумкин деб айтилган. Зероки, Аллоҳ таолонинг ваъийдлари амалга ошмаслиги мумкин, аммо ваъдалари албатта, амалга ошади. Аллоҳ таолонинг ваъийдлари бу – Унинг Ўз бандаларини жаҳаннам азобларидан қўрқитишидир. Аллоҳ таоло Ўзининг айрим ваъийдларига амал қилмай, баъзи бандаларини маълум бир сабабларга кўра, масалан; банданинг хулқ-атвори, юриш-туриши, қалбидаги эзгулиги, инсонларга яхшилик қилиб келганлиги ва бир сўз билан айтганда, унинг инсонийлигига қараб, авф этиши мумкин ва намоз ўқимаган бўлса-да, дўзахга кирмаслиги мумкин. Албатта, бундай ҳолат ҳамма яхшилик қилувчи инсонларга нисбатан эмас, балки фақатгина «қосир» бўлган яхши инсонларга нисбатан Худо томонидан амалга оширилиши мумкин. (Қосир ва муқассирнинг маъноси билан ушбу мақоланинг охирида танишиб чиқасиз.) Аммо Аллоҳ таоло берган ваъдаларининг ҳаммасини, албатта, амалга оширади. Аллоҳ таоло берган ваъдалари бу – бандаларини жаннатга киритиши ва уларни у ердаги турли неъматлардан баҳраманд этишидир.

Намоз ҳақидаги мақолада, намоз ўқимаган инсон учун кўплаб оғир азобларнинг айтилганлиги намоз ўқиш учун яхши туртки бўла олади, деб таъкидлаб айтилган. Аммо Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда намоз ўқимаслик сабабли инсоннинг оқибати ёмон бўлиши ва жаҳаннам азобига дучор бўлиши таъкидлаб айтилганлиги намоз ўқиш ва Аллоҳга таслим бўлиб бандалик ва ибодат қилиш томон юзланишига яхши тутрки бўла олади, деб мақолада келтирилган.

Янада жавоб мукаммалроқ бўлиши учун жаҳаннам аҳли бир неча тоифага бўлинишини айтиб ўтмоқ лозим.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) Кумайл дуосида марҳамат қилишларига кўра, жаҳаннамнинг энг ёмон ва энг тубан тоифаси муонидлардир, яъни Аллоҳ таоло ҳукмининг қаршисида қаттиқ туриб, Унинг юборган пайғамбарларини, инсонлар ҳидояти учун туширган самовий китобларини ва Унинг ҳаётбахш аҳкомларини кескин тарзда инкор этувчилар. Агар бундай муонидлар бўлмаганида эди, Раҳм-Шафқатли бўлмиш Аллоҳ таоло жаҳаннамни гулистонга айлантирган бўлар эди ва асосан дўзахнинг аламли азоби мана шундай Аллоҳ таолони ва Унинг пайғамбарларини инкор этувчилар учун бўлиб, улар у ерда мангу қолажаклар. Булардан бошқалар, яъни жаҳаннамнинг қолган тоифасидагилар дўзахда абадий ва мангу қолмагайлар, балки содир этган гуноҳларига яраша азобланадилар.

Намоз ўқимаслик ва қолган ибодатларни қилмаслик ҳам инкор этишнинг бир даражасидир, намоз ўқимаганларга муонид деб айтилмайди. Намоз ўқимаган инсон кўпинча намознинг вожиблигини ва намоз Аллоҳ таолонинг фармони эканлигини инкор этмайди, балки намоз вожиб ва Аллоҳнинг ҳукми эканлигини қабул қилиб, аммо турли баҳоналар билан намоз ўқимай, кейин ўқиймиз, ҳозир иш билан бандмиз, деб ўзини овунтириб юрган. Биз бундай инсонларни ваҳҳобийлардек кофир деб айтмаймиз. Ваҳҳобийлар қуруқ ва саҳровий ғоялар соҳиби бўлгани учун ҳаммани осонлик билан кофир ва мушрикка чиқаришади. Биз бундай ғояларни тўғри деб билмаймиз. Чунки, Аллоҳ таолони ҳукмини инкор қилмаган шахс кофир бўлолмайди, балки фақат гуноҳкор бўлади ва гуноҳкор ҳам агар бу дунёдан тавба қилиб ўтса, кечирилган бўлади. Демак, агар намоз ўқимаган бўлса ҳам, аммо бунинг учун тавба қилган бўлса ва умрининг охирида маълум бир миқдорда намоз ўқиган бўлса ва умри етмаганлиги учун қазо намозларини ўқий олмай, фарзандлари унинг тарафидан қазо қилиб ўқиса, биз бундай инсонни жаҳаннам аҳлидан деб айтолмаймиз.

Жаҳаннам аҳли бир неча тоифага бўлинади ва бир тоифаси мусулмонлардир ва мусулмонларнинг ўзи ҳам неча гуруҳга бўлинади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларини қабул қилган мусулмонлар, яъни шиалар билан ул зотнинг Аҳли-Байтларини қабул қилмаган мусулмонлар ўртасида фарқ бўлади. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадиларки, қиёмат куни бўлганда, Аллоҳнинг ҳузурида туриб бир нафар шиам ҳам жаҳаннамга кирмаслигини сўрайман. Яъни имомларимиз шиаларни шафоат қиладилар ва уларнинг дўзахга кирмаслигини Аллоҳ таолодан сўрайдилар. Аммо ҳар ҳолда жуда кўп гуноҳлар қилиб бутун гуноҳга ботиб кетган ва Аллоҳнинг вожибларини умуман бажармаган шиалар имомларнинг шафоатларига лойиқ бўлмаган тақдирда, қисқа муддат бўлса ҳам, жаҳаннам азобида азобланиш бундайлар учун кутилади.

Демак, биз ваҳҳобийлардек, мусулмонларни кескин тарзда куфр ва ширкда айблай олмаймиз ва мусулмонларни неча тоифага бўламиз ва Аллоҳ таолонинг тақозосига биноан, ҳар ким қилган амалига яраша жазоланиши керак, деб биламиз. Кимки, Аллоҳ таолонинг ягоналигини қабул қилган бўлса, Худони одил деб билса, Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарларни ҳақ деб қабул қилган бўлса ва сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин ул ҳазратнинг барҳақ ворислари бўлмиш ўн икки имомни қабул этиб, маод-қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб қилиниш кунига ишонса, албатта, бундай инсон мусулмон ва мўмин (шиа) ҳисобланади. Агар имомлари қабул қилмаса, иймони ноқис бўлгани учун мусулмон ҳисобланади, аммо мўмин ва шиа эмас. Шиалар мўмин ва эътиқоди комил бўлгани учун беҳиштнинг энг юқори даражалари шиаларга хос бўлади ва бу ҳақиқат аҳли суннатнинг китобларида келган.

Ҳақ йўлда юрмаган насронийлар ва суннийлар ҳам икки гуруҳга бўлинади: Биринчиси қосир бўлганлар, иккинчиси эса муқассирлар (айбдорлар)дир. Қосирнинг маъноси ҳақиқатни билмаган ва билмаслигида ҳам айбдор эмас дегани. Муқассир (айбдор) эса ҳақиқатни билмаган, лекин билмаслигида айбдор дегани. Қосир аҳли суннат ва насронийлар дўзах аҳлидан эмас. Балки улар қилган амалларига яраша, уларга Аллоҳ таоло тарафидан беҳиштнинг маълум бир пастроқ даражаси берилади ёки улар жаннат ва жаҳаннам ўртасидаги Аъроф деган маконга юбориладилар. Аърофда дўзахнинг азоби ҳам, беҳиштнинг неъматлари ҳам бўлмаган бир макондир. Бу макон ҳақ йўлда юрмаган «қосирлар»нинг жойидир. Аммо ҳақ йўлда юрмаган «муқассирлар» эса жаҳаннам азобида ёнишлари муқаррар. Чунки, муқассир бўлганлар ҳақиқатни билишга имконлари бўла туриб ҳақ томон интилмаганлардир.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.