Home / Шариат қонунлари / Намоз / Исломда жума намозининг аҳамияти

Исломда жума намозининг аҳамияти

leader1Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Жума намози ҳам қолган намозлар сингари ибодат саналиб, жума кунининг тушлик вақтида, махсус шарт-шароитлар билан адо этилади. Қуръони Каримда жума сурасининг нозил этилгани ушбу намознинг нақадар фазилатли ва юқори аҳамиятга эга эканлигини ёрқин кўрсатиб беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда жума намози ҳақида шундай марҳамат қилади:

<يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَىٰ ذِكْرِ‌ اللَّـهِ وَذَرُ‌وا الْبَيْعَ ۚ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ‌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ>

«Эй иймон келтирганлар, жума куни намозга нидо қилинганда, (азон айтилганда) Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Бу сиз учун яхшироқдир, агар билсангиз эди (Жума сураси, 9 – оят)

Ушбу ояти каримада, жума намозининг азони айтилиши биланоқ мусулмонлар ишлари ва касби корларини четга суриб қўйиб, Аллоҳ таолони ёдга олиш учун барпо этилган жума намози томон шошилиш кераклиги айтилган. Ояти каримадаги «Бу сиз учун яхшироқдир, агар билсангиз эди» таъбири эса касби корни четга суриб қўйиб, жума намози томон шошилиш мусулмонлар учун яхшироқ ва фойдалироқ экани ошкора баён этилган.

Юқорида келтирилган ояти карима Ислом динида жума намози юксак аҳамиятга эга экани ҳақида энг яхши далил бўлиб, бутун мусулмонларга жума намозининг азонини эшитиш билан намоз томон шошилишни буюради ва ҳеч бир иш бунинг олдини ололмаслигини уқтиради. Маъсумлардан ворид бўлган ҳадисларда жума намози юксак аҳамиятга эга экани таъкидлаб айтилган. Аҳли-Байт ва аҳли суннат олимлари сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг жума намози ҳақида баён қилган хутбаларини қуйдагича келтирганлар:

«إنَّ الله تعالى فرض عليکم الجمعة فمن ترکها فى حياتي او بعد موتي استخفافا بها او جحودا لها فلا جمع الله شمله، ولا بارک له فى أمره، ألَا ولا صلوة له، ألَا ولا زکوة له، ألَا ولا حجَّ له، ألَا ولا صوم له، ألَا ولا برَّ له حتَّي يتوب»

«Шубҳасиз, Аллоҳ таоло жума намозини сизларга фарз қилди. Демак, кимки, жума намозини менинг ҳаётлик чоғимда ёки менинг вафотимдан сўнг унга енгил қараганлиги ёки уни инкор этганлиги сабабли тарк этса, Худо уни саргардон этгай ва унинг ишига баракот ато этмагай. Огоҳ бўлингизким, унинг намози қабул бўлмагай, огоҳ бўлингизким, унинг закоти қабул бўлмагай, унинг бажарган ҳажи қабул бўлмагай, огоҳ бўлингизким, унинг рўзаси қабул бўлмагай, огоҳ бўлингизким, унинг яхши амаллари қабул бўлмагай. Токи, тавба қилиб Аллоҳнинг амрига таслим бўлгунигача шу ҳолат давом этгай.»

Ушбу ҳадиси шарифда, жума намози Ислом динида юқори даражага эга бўлиб, унга нисбатан бефарқ бўлган инсоннинг қилган яхши амаллари қабул бўлиш даражасида етолмаслиги баён қилинган.

Сарвари олам бошқа бир ҳадисда жума намози ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

«من أتى الجمعة إيمانًا واحتسابًا استأنف العمل»

«Кимки, Аллоҳга иймон келтирганлиги ва Унинг ризолиги учун жума намозига ҳозир бўлса, унинг гуноҳлари кечирилиб, амалини аввалдан бошлаган бўлади.»

Бир киши Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб: эй Аллоҳнинг Расули, мен бир неча маротаба ҳажга бориш учун тайёргарлик кўрдим, аммо бу амални бажариш тавфиқига эриша олмадим, деб айтганида, Сарвари олам унга шундай марҳамат қиладилар:

«عَلَيْکَ بِالْجُمُعَةِ فإنَّها حَجُّ الْمَسَاکِينِ»

«Жума намозини маҳкам тутгин. Зеро, жума намози камбағалларнинг ҳажидир.»

Бешинчи имомимиз Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) жума намози ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«صلوة الجمعة فريضة، والاجتماع إليها فريضةٌ مع الإمام، فإن ترک رجل من غير عِلَّةٍ ثلاثَ جُمَعٍ فقد ترک ثلاثَ فرائضَ، و لا يَدَعُ ثلاثَ فرائضَ من غير عِلَّةٍ إلَّا منافقٌ»

«Жума намози фарз бўлиб, унинг учун маъсум имом билан бирга тўпланиш фарздир. Кимки, узрсиз учта жума намозини тарк этса, шубҳасиз, уч фарз амални тарк этибди ва мунофиқдан ўзга ҳеч ким узрсиз уч фарз амални тарк қилмайди.»

Ушбу ҳадиси шарифда буюк ҳаж амалининг кўплаб баракоти жума намозида борлигига ишора этилган. Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, юқоридаги ҳадисларда жума намозини тарк этиш ҳақида баён этилган маломат ва койишлар ҳамда жума намозини тарк этувчилар мунофиқлар сафидан жой олган деб ҳисоблаш фақатгина жума намози айний вожиб бўлган вақтга қарата айтилган. Яъни маъсум имом ҳозир бўлган вақтда жума намози айний вожиб бўлиб, бундай вожибни тарк этиш, албатта, катта гуноҳ саналади ва юқоридаги маломатларга сазовор бўлади. Аммо маъсум имомнинг ғоиблик чоғида жума намозини тахйирий вожиб деб ҳисобласак, у ҳолда инсон икки намоздан бирини, яъни ё жума намози ёки зуҳр намозини ўқиш танловига эга бўлади. Шунда қайси бирини ўқиса, иккинчиси инсоннинг зиммасидан соқит бўлади. Мана шундай вазиятда жума намозини тарк этиш унга енгил қараганлик ёки уни инкор қилмоқлик юзасидан бўлмаса, у ҳолда юқоридаги ҳадисларда айтилган маломат ва койишлар инсонни ўз ичига қамраб олмайди. Агарчи жума намозининг юксаклиги ва юқори даражали аҳамияти ушбу ҳолатда (тахйирий вожиб бўлган ҳолатда) ҳам ўз ўрнида сақланиб қолинади. Шунга биноан, жума намозига мутлақо қатнашмаслик шариати исломияга мувофиқ иш эмас.

Ҳар ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, ҳадиси шарифларга кўра, жума намозини ўқимоқлик инсон баданига жаҳаннам оловининг ҳаром этилишига, қиёмат куни қўрқувининг енгиллашишига ва ўтмишдаги гуноҳларининг авф этилишига сабаб бўлади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳаж амалини бажаришга қодир бўлмаган шахс жума намозига ҳозир бўлса, ҳаж амалини бажарганлик савобига эга бўлади.

Жума кунининг фазилати ҳақида шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки, жума куни мусулмонларнинг муҳим бўлган ҳайитларидан бири ҳисобланиб, ҳадиси шарифларда жума куни «Саййидул айём», яъни кунларнинг саййиди ва сарвари деб номланган ва жума кунида қилинган яхши амалларнинг ажр-мукофоти ҳамда ёмон амалларнинг жазоси бир неча баробар бўлиши, бу кунда қилинган истиғфор гуноҳларнинг маҳв этилишига ҳамда банданинг даражаси Аллоҳ таоло наздида юксалишига сабаб бўлиши ва бу кунда қилинган дуолар ижобат бўлиб ҳожатлар раво бўлиши айтилган.

Бу кун «жума» деб номланишининг сабаби ҳақида олтинчи имомимиз Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан қуйидагича ривоят қилинган:

«Аллоҳ таоло бу кунда мавжудотларни пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг Аҳли-Байтларининг вилояти (пешволиги)ни қабул қилиш учун тўплагани ва шунингдек, Худо Ўз Пайғамбарининг ишини бу кунда амалга оширгани сабаб жума (тўпланган кун) деб ном берилди.»

Жума намозининг икки хутбаси ҳақида

Жума намози ўқилишидан олдин азон айтиб бўлингач, хатиб имом томонидан икки хутба ўқилади ва бу икки хутба ўқилаётганда, хутбани тингламасликка ва хутбанинг фойдасиз бўлиб қолишига сабаб бўлган барча амаллар, ҳатто қазо ва мустаҳаб намозларини адо этиш бўлса-да, тарк этмоқ зарур. Зеро, айрим ҳадисларда бу икки хутба икки ракъат намоз ўрнида бўлиб, жума кунининг зуҳр намози ўрнига ўтиши айтилган. Бу икки хутба икки ракъат намоз ўрнига бўлгани учун намозда жоиз бўлмаган ишлар жума намозининг икки хутбаси ўқилаётганда ҳам жоиз бўлмай, тарк этилиши лозим.

Хатиб имом жума намозининг хутбасида мусулмонларнинг дин ва дунёсига тааллуқли бўлган масалаларни баён этиб уларни турли ижтимоий мавзулардан огоҳ этмоғи зарур. Хутба ўқилаётганда, имом ва маъмумлар вузу (таҳорат) олган ҳолда бўлишлари эҳтиётдандир. Агарчи аёллар, мусофирлар, беморлар ва ногиронларга жума намозига қатнашиш вожиб бўлмаса-да, аммо мазкур шахслар жума намозига ҳозир бўлсалар, уларнинг ўқиган жума намозлари саҳиҳ ва тўғри бўлиб, зуҳр намозлари ўрнига ўтади. Саккизинчи имомимиз Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан жума намозининг хутбаси ҳақида шундай нақл қилиб буюрадилар:

«Жума куни халойиқнинг тўпланиш ва умумий дийдорлашиш куни бўлгани сабаб жума кунида хутба ўқишлик буюрилди. Жума намозининг хутбаси халойиққа йўл-йўриқ кўрсатиб уларни тўғри йўлга бошқариш, Аллоҳ таолонинг итоатига чорлаш, гуноҳлардан узоқлаштириш, уларнинг дин ва дунёсига тааллуқли бўлган нарсаларни баён этиш ва уларга фойдали ва зарарли бўлган ҳодисалардан уларни хабардор этиш учун бир воситадир.»

Жума намозининг келиб чиқиш тарихи

 Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Маккадан Мадинага ҳижрат қилгач, илк жума намозини Рабиул аввал ойининг биринчи куни ўтказдилар. Жума намози ўқилган макон «Ромуно» водийси эди ва кейинчалик «Жума» номли бир масжид у ерда қурилди. Мадинада Ислом ҳокимияти барпо этилиши биланоқ Исломда биринчи жума намози Пайғамбаримиз томонларидан ўтказилиши жуда улкан аҳамиятга эга. Зероки, Ислом ҳукуматининг таъсис этилиши биланоқ жума намозининг ўтказилиши жума намози билан сиёсий масалалар ва Ислом ҳокимияти бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини яққол кўрсатади. Шунинг учун, жума намозининг ўтказилиши Ислом ҳокимиятининг ёрқин бир жилвасидир, деб айтиш мумкин. Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, ҳокимият ва вилоят (раҳбарлик) Пайғамбаримиздан сўнг маъсум имомларимизнинг ҳақлари бўлгани боис, Ислом ҳокимиятининг ёрқин жилваси бўлмиш жума намозини ўтказиш ҳам имомларимизнинг ҳуқуқ ва вазифаларидан ҳисобланади. Лекин Ислом тарихида Сарвари оламдан кейин Ислом ҳукумати ташкил этилишида ножўя ўзгаришлар рўй берганини сабаб, мўминлар амири Али (алайҳис салом)дан бошқа қолган имомларимиз жума намозини ўтказишдан маҳрум этилдилар.

Жума кунида тозалик ва покизалик

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жума кунидаги тозалик ва покизалик тўғрисида шундай марҳамат қиладилар:

«Кимки, жума куни ғусл қилса, муносиб кийим кийса, ўзини хушбўй ҳид билан муаттар этса, жума намози томон йўл олса ва халойиққа озор етказмай, уларнинг устига оёқ қўймаса, Аллоҳ таоло унинг бу жумадан келгуси жумагача бўлган гуноҳларини кечиргай ва Худо хоҳлаган вақтга қадар ўша шахс мағфират қилингай.»

Олтинчи имомимиз Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«Ҳар бирингиз жума куни ўзига зийнат бериб ғусл қилиши, ўзини хушбўй этиши, энг тоза ва покиза кийимини кийиб жума намозига ҳозир бўлиши жуда яхши амалдир.»

Демак, кўпгина ҳадиси шарифларга кўра, баданни покиза этиш, жума кунининг ғуслини бажариш, энг покиза ва яхши кийимларни кейиш ва хушбўй атирлардан фойдаланиш каби тоза бўлишга оид амаллар жума намозининг таъкидланган одобларидан саналади.

Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг жума намозига қатновчиларнинг фазилати ҳақидаги ҳадисларини келтириш билан мақоламизни якунлаймиз:

«Меърож кечаси самоларни сайр қилганимда, Аллоҳ таолонинг арши остида етмиш минг шаҳарни кўрдим, ҳар бир шаҳар сизнинг дунёйингиз сингари эди. Ва қанотларини ёйган ҳолда Аллоҳга тасбеҳ ва таҳлил (Аллоҳу Акбар) айтаётган фаришталарни кўрдим. Улар: «эй Аллоҳим, жума намозига борадиганларни авф айла, эй Аллоҳим, жума куни ғусл қиладиганларни Ўз раҳматинг ичига ол», деб дуо қилардилар.»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Жамоат намозида Аҳли суннат мазҳабидаги имомга иқтидо қилиш жоизми?

Ассалому алайкум. Мен Истанбулда яшайман. Уйим ва иш жойимнинг ёнида суннийларнинг бир масжиди бор. Мен …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.