Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун намоз ўқиш керак? Асосан намоз ўқишдан нима мақсад бор?

Нима учун намоз ўқиш керак? Асосан намоз ўқишдан нима мақсад бор?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Бу саволга тўлиқ жавоб бериш учун намознинг маъно-моҳиятини ўрганиб чиқиш керак бўлади. Ундан сўнг инсоннинг умуман намозга бўлган ҳожатини кўздан кечирмоқ лозим.

Намознинг маъно-моҳияти ҳақида;

Намоз бу – кенг борлиқни кичик заррадан бошлаб то буюк сайёраларгача яратган Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида бош эгиб, Унга бўлган муҳтожликни намоён қилиб ўз бандалик бурчини ва Унинг қаршида таслим эканлигини изҳор этиш демакдир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида турган инсон нақадар буюк ва чексиз Зотнинг баробарида турганлигини тушуниб етиб, бандалик бурчини юксак даражали хоксорлик ва тавозе билан амалга оширмоғи лозим.

Асосан Ислом динининг кўрсатмалари, жумладан намоз Аллоҳ таоло қаршида бандалик ва таслим бўлишга асосланган бўлиб, бу борада огоҳлик, сергаклик ва маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Аллоҳ таоло бу ҳақда Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Карим шундай марҳамат қилади:

<وَما خَلَقْتُ الْجِنَّ وَ الْإِنْسَ إِلاَّ لِيَعْبُدُونِ>

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.» (Зориёт сураси, 56 – оят)

Ушбу ояти каримага кўра, инсонлар ва жинлар Аллоҳ таолони таниб, Унга ибодат қилиш учун яралганлар. Шунинг учун ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган ҳар бир мусулмон намознинг сир-асрорини билган ҳолда уни бажарса, албатта маънавиятга эришади. Кимки, Аллоҳ таолога нисбатан маърифат касб этмай, Унга ибодат ва итоат қилиш йўлини тутмаса, яратилишдан кўзланган мақсад бўйича ҳаракат қилмаган бўлади. Кўпчилик биродарларда: «Нима учун намоз ўқишимиз керак?» деган савол туғилади. Қуръони Карим бу саволга қисқа ва маъноли иборалар билан турли жавоблар берган. Биз уларни бу ерда кўриб чиқамиз:

<إِنَّني‏ أَنَا اللَّهُ لا إِلهَ إِلاَّ أَنَا فَاعْبُدْني‏ وَ أَقِمِ الصَّلاةَ لِذِكْري>

«Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Демак, Менга ибодат қил ва мени ёдда тутиш учун намозни тўкис адо эт.» (Тоҳо сураси, 14 – оят)

Ушбу ояти каримга кўра, намозни Аллоҳни ёдга олиш ва Унга таслим бўлган ҳолда ибодат қилиш учун адо этмоқ зарур.

< فَاذْكُرُ‌ونِي أَذْكُرْ‌كُمْ وَاشْكُرُ‌وا لِي وَلَا تَكْفُرُ‌ونِ>

«Ва Мени ёдга олингиз, токи сизларни ёдга олай. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз.» (Бақара сураси, 152 – оят)

Мазкур ояти каримада, доимо Аллоҳ таолони ёдга олиш ва Унинг берган неъматларига шукр қилиш кераклиги айтилган. Аллоҳни ёдга олишнинг энг юксак тимсоли ва Унга шукр қилишнинг энг юксак ҳолати намоз ўқиганда намоён бўлади. Шунингдек, ушбу оятда Аллоҳни ёдга олмаслик ва Унинг неъматининг шукрини қилмаслик эса куфр келтириш деб айтилиб, ундан қайтарилган.

Ҳар бир инсон оромлик ва хотиржамликни яхши кўради ҳамда изтироб, безовталаниш ва қайғуриш ҳолатларидан нафратланади. Аллоҳ таолони ёдга олиш қалбларга оромлик ва хотиржамлик бағишлайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади:

<الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ‌ اللَّـهِ ۗ أَلَا بِذِكْرِ‌ اللَّـهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ>

«Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топади.» (Раъд сураси, 28 – оят)

Шубҳасиз, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки, бу қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар ҳамда бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. Бу ҳолат намоз ўқиётганда энг юқори даражага кўтарилади.

Бунинг акси ўлароқ, Аллоҳнинг зикри ва Уни ёдга олишдан юз ўгириш эса бу дунёда тор ва сиқиқ ҳаёт кечиришга олиб келади ва охират кунида эса кўзи ожиз бўлиб тирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

﴿وَمَنْ أَعْرَ‌ضَ عَن ذِكْرِ‌ي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُ‌هُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَىٰ

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун тор, сиқиқ ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (Тоҳо сураси, 124 – оят)

Демак, юқоридаги ояти карималарга кўра, намоз Аллоҳнинг зикри ва Уни ёдга олиш бўлиб, инсонни юксаклик ва камолот сари етаклаш каби тарбиявий таъсирга эга. Аллоҳ зикрининг лаззатини ҳис қила олмаган инсонларга намознинг тарбиявий ва ижобий таъсирларини эслатиш билан уларни бу муқаддас амални бажаришга чорлай оламиз.

Ҳаммамиз фикрлаш ва юриш-туришда хато ва камчиликларга йўл қўямиз. Аммо уларни ўз вужудимиз ва номаи амалимиздан поклаб ташлашни хоҳлаймиз. Намоз шундай бир эзгу ва яхши амалки, инсоннинг вужудидаги нопоклик ва гуноҳларни олиб ташлаб, уни поклайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

﴿وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَ‌فَيِ النَّهَارِ‌ وَزُلَفًا مِّنَ اللَّيْلِ ۚ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ۚ ذَٰلِكَ ذِكْرَ‌ىٰ لِلذَّاكِرِ‌ينَ

«Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.» (Ҳуд сураси, 114 – оят)

Ушбу ояти карима Аллоҳнинг самовий китобининг умид бахш этувчи ояти бўлиб, намоз ўша яхшиликларнинг гултожи ўлароқ, инсонни ёмонликлар ва гуноҳлардан поклаши алоҳида таъкидлаб айтилган. Фақат шарти шуки, намозга турганимизда, Ким билан суҳбатлашаётганимизни англаган ҳолда бутун вужудимиз билан Худога юзланиб, фикр-зикримизни Унга йўналтиришимиз керак. Шундагина намознинг тарбиявий таъсири руёбга чиқиб, инсонни юксалиш сари етаклайди ва уни юқори даражаларга кўтаради. Аммо агар намоз ўқиётиб, фикримиз чалғиб бошқа масалаларга берилиб кетсак, бу ўқиган намозимиз ижобий ва тарбиявий таъсирга эга бўлмай, бизни ёмонликлар ва гуноҳдан покламайди. Қандай ҳам ёмон! Инсон Худонинг ҳузурида турса-ю, аммо Ким билан суҳбатлашаётганини билмаса. Бундай намоз ўқишлик инсоннинг намозга нисбатан рағбатсизлигидан далолат беради. Бундай намоз ўқиш Қуръони Каримда мунофиқларнинг хусусиятларидан деб айтилган:

<وَلَا يَأْتُونَ الصَّلَاةَ إِلَّا وَهُمْ كُسَالَيٰ>

«Улар (мунофиқлар) намозга доимо рағбатсиз ҳолларидагина келадилар.» (Тавба сураси, 54 – оят)

Намознинг маъно-моҳияти ҳақида яна шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, намоз бу – яратувчи Зот билан Унинг бандаларининг ўртасини боғлаб турувчи воситадир ва биз бандалар бу восита орқали Тангри таолодан мадад сўрашга буюрилганмиз. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

<وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلاةِ وَإِنَّهَا لَکَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَي الْخَاشِعِينَ>

«Сабр ва намоз ила мадад сўранг. Ва, албатта, у (намоз) нафси синиқ (хоксор)лардан бошқаларга жуда оғирдир» (Бақара сураси, 45 – оят)

Демак, агар бу муқаддас восита инсонлардан олинса, улар яратувчи Тангрини буткул эсдан чиқариб, тубанликка юз тутишлари муқаррар.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар куни беш вақт намоз ўқишни зилол сув оқадиган чашмада ювинишга ўхшатганлар ва инсон бу булоқда ўзини беш марта ювиши билан вужудидаги нопокликларни кеткиза олишини айтганлар. Албатта, юқорида айтиб ўтганимиздек, намоз ўқиётганда бутун фикр-зикрини Тангри таолога йўналтириб, дунёнинг ташвишларидан фориғ бўлмоғи лозим, шундагина банданинг намози ижобий ва тарбиявий таъсирга эга бўлади.

Бу борада мўъминлар амири Али (алайҳис салом)нинг намоз ўқигандаги ҳолатларини намуна сифатида келтириш мақсадга мувофиқдир.

Жанглардан бири Сиффийн жангида, имом Али (алайҳис салом) қаттиқ жароҳатландилар ва камон ўқи оёқларига киради ва табиб ўқни чиқариш учун уринади. Лекин Имом (алайҳис салом) қаттиқ дардни ҳис қилганликлари учун ўқ оёқларида қолади. Бу ҳолатни кўрган табиб, ўғиллари имом Ҳасан (алайҳис салом)ни ушбу воқеадан огоҳ қилади ва имом Ҳасан (алайҳис салом) оталарини яхши танир эдилар ва билардиларки, оталари Аллоҳга юзланиб намозга турган вақтларида, атрофларида бўлиб ўтаётган ҳеч бир нарсани сезмасдилар. Ва шунинг учун табибга: Намоз ўқишларини кутинг, ўша вақтдагина ўқни оёқларидан чиқара оласиз, дейдилар. Шунда табиб ҳам имом Али (алайҳис салом) намоз ўқиб турган лаҳзаларида ўқни оёқларидан чиқаради. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳеч қандай дардни ҳис қилмасликлари, табибни ҳайрон қолдиради! Шубҳасиз, намоз ҳазрат Али (алайҳис салом)ни қўрқмас, жангчи, довюрак ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи қилиб тарбиялаган эди. Шунинг учун сарвари олам Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳазрати Али (алайҳис салом) ни дўст тутар эдилар, чунки, Али (алайҳис салом) ҳар бир иймонли мусулмон учун намуна бўлиб, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини севар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳам Али (алайҳис салом)ни севар эдилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.