Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (5)

Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (5)

07123Ҳижоб ҳақидаги саволлар ва шубҳалар

Ҳижоб кийишга қарши бўлганлар томонидан айрим савол ва шубҳалар илгари сурилган бўлиб, уларни шу ерда ўрганиб чиқамиз.

  1. Ҳижоб кийишга мухолиф бўлганларнинг ҳаммаси бир назар билан билдирган асосий шубҳаларига кўра, аёллар ва хотин-қизлар жамиятнинг яримини ташкил этади, бироқ ҳижоб кийиш ва ўраниш уларнинг жамиятда яккаланиб қолишларига сабаб бўлади ва бунинг оқибатида улар фикрий ва маданий соҳаларда орқада қоладилар. Айниқса, илм-фан ва саноат ривожланаётган даврда фаол инсоний кучларга эҳтиёж сезилаётган бир пайтда ҳижоб кийиб ўраниш аёлларнинг истеъдод ва қобилиятларидан фойдаланишга тўсқинлик қилади, маданият ва таълим олиш муассасаларида уларнинг ўрни бўш қолади! Шу тартибда улар фақат истеъмол қилувчи шахслар бўлиб қолиб жамият учун ортиқча юкка айланадилар.

Бундай мантиқ асосида сўз юритадиганлар бир неча масаладан буткул бехабардирлар. Зеро, биринчидан; ким айтдики, Қуръони Каримда буюрилганидек ҳижоб кийиш аёлларни яккалаб қўйиб жамиятдан узоқлаштиради деб? Айрим ислом давлатларида жамоат жойларида – ўқув маскани, таълим муассасалари, давлат идоралари, радио-телевидиниялар, шифохоналар ва соғликни сақлаш марказларида жуда кўп ҳижобли аёллар фаолият кўрсатадилар ва ҳижоб кийиш уларнинг қилаётган фаолиятларига бирор монелик қилаётгани йўқ. Демак, ҳозирги кунда амалда кўриб турган вазиятдан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, аёлларнинг ҳижоб кийиши уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги фаолиятларининг олдини олаётгани йўқ, балки ҳижобга ўраниш уларга ўзларини қулай ҳис қилган ҳолда озод фаолият юритишлари учун шароит яратади.

Иккинчидан, айтилганлардан ташқари уй юмушларига етишиш ва келажакда жамиятга фойдали бўлган етук фарзандларни тарбиялаш жуда улкан бир иш эмасми?! Аёл кишининг ушбу улкан бурчини ижобий иш деб ҳисобламайдиганлар унинг оила ва фарзанд тарбиялашдаги ўрни ҳамда соғлом ва ҳаракатчан жамият етиштиришдаги ролидан бехабардирлар. Бундайларнинг фикрича, мусулмон эркак ва аёллар худди оврўпалик эркак ва аёллар каби эрталабдан вақтли туриб идора ва корхоналарда ишлаш учун уйни тарк этиб, болаларини боғчага топшириб ёки уларни уйда қолдириб кетиб, уларга очилмаган ғунчалик чоғиданоқ ҳаётнинг аччиқ таъмини тоттириш керак. Ҳолбуки, бундай йўл тутиш болалар шахсияти оёқ-ости бўлиб, жамиятнинг келажагини хатар остида қолдирадиган руҳсиз ва инсоний туйғусиз шахслар бўлиб етишишларига олиб келади-ку!

  1. Ҳижобга ўраниш борасида илгари сурилган шубҳалардан бири қуйидагича баён қилинган: Ҳижоб кийиш эркаклар билан аёллар ўртасини ажратгани сабаб эркакларнинг аёлларга бўлган жинсий иштиёқ ўтини сўндириш ўрнига баттар алангалайди. Зеро, инсон ман этилган нарсага ҳарис ва иштиёқманд бўлади.

Бу шубҳа ёки аниқроғи сафсатага жавобан шуни эслатиш лозимки, аёллар ҳижобга ўранган жамият билан аёллар ҳижобсиз очиқ юрган жамиятни муқояса этсак, ошкора маълум бўладики, аёллар ҳижобда юрган ўлкаларда фисқ-фасод ва ахлоқий бузуқликлар, оилаларнинг бузулиши ва отаси номаълум нопок болаларнинг туғилиши ва шуларга ўхшаш кўпгина муаммолар аёллар очиқ юрган жамиятга қараганда, жуда оздир. Демак, аёлларнинг ҳижобда юришлари жамиятда юзага келадиган кўпгина ахлоқий бузуқликларнинг олдини олади ва жамиятнинг руҳий соғломлигини таъминлаш билан бирга, инсонлар осойишта ва бахтиёр яшашларига сабаб бўлади.

  1. Айримлар ўзларича, муҳими ҳижоб эмас, муҳими қалб ёки ҳижоб, ҳижоб дейсизлар-у, аммо ҳижоблиларнинг совунига кир ювмапсизлар. Кўп ҳижобли аёлларни кўряпмиз, ҳижоб ичида кўзи олма-кесак теради ёхуд ҳижоб кийиш арабларнинг миллий кийимидир, ўраниб юрмаса ҳам бўлаверади, деган фик-мулоҳазалар билан Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги фарзини савол остига қўйишга интилганлар.

Юқоридаги шубҳаларга жавобан, бир неча масалаларни кўздан кечирмоқ лозим;

Биринчидан, қалбнинг соф ва тозалиги амалда Аллоҳга итоат қилиш билан исботланади. Шу боис, инсон Аллоҳ таолога итоат қилган ва фарзларни бажарган миқдорда унинг қалби соф ва тоза бўлади. Фарзлар ичига аёлларнинг авратларини эркаклардан тўсиб юришлари ҳам кирагани учун бу амалга нисбатан бефарқ ва эътиборсиз бўлиш ярамайди. Бунга қўшимча, Аллоҳ таолоа ва ислом қалбда бўлади дейиш худди имтиҳонда синов қоғозини оппоқ ҳолда топшириб, илм бошда бўлади, дейишга ўхшайди.

Иккинчидан, эсимиздан чиқармайлик, одамларга қараб, исломга ҳукм қилинмайди, аксинча, исломга қараб одамларга ҳукм қилинади. Бунинг маъноси ҳижоб кийиб, исломга қарши амал қилган аёлларга қараб, ислом шунақа экан дейилмайди.

Учинчидан, Аёлларимизда ҳижобга бўлган нотўғри қараш шаклланишида ўзбек кинофильмларининг ҳам хизмати бор. Масалан, «Алданган аёл» каби фильмлар чиқариб, халқимизга ўта кучли руҳий зарба беришди, ваҳҳобийлик ва диний экстремизмнинг олдини олиш тадбир-чоралари билан ҳижоб кийиш каби Аллоҳнинг фарзларини бажаришга тўсиқлар яратишди. Бунинг натижасида ҳозирги кунда мусулмонлар орасида ҳам хотин-қизларнинг ҳижобда юришларига қарши бўлганлар истаганча топилади.

Сўзимиз пировардида шуни эслатиб ўтишимиз керакки, бундай тадбир-чоралар ва уринишлар билан Аллоҳ таолонинг аҳкоми ва нурини сўндириб бўлмайди. Негаки, Тангри таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилган:

<يُرِيدُونَ لِيُطْفِؤُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ>

«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан сўндирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, гарчи кофирлар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини тўла ёйгувчидир.» (Саф сураси, 8-оят)

Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.