Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳасан (а.с) / Имом Ҳасан (а)нинг шаҳид бўлганликлари ҳақида қисқача маълумот

Имом Ҳасан (а)нинг шаҳид бўлганликлари ҳақида қисқача маълумот

images1235-78Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм

Азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлат этган кунлари ҳамда имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлган саналари муносабати билан барчангизга ҳамдардлик ва таъзия билдириб, Аллоҳнинг расули ва ҳабиби Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг азиз неваралари имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг муборак ҳаёт ва фаолиятлари борасида сўз юритмоқчимиз.

Бундан 1387 йил муқаддам ҳижрий-қамарийнинг 50 – йили, сафар ойининг 28 –кунида:

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок набиралари бўлмиш имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) шаҳид бўлдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг азиз ва дилбанд қизлари ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг тўнғич фарзанди имом Ҳасан Мужтафо (алайҳис салом) Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинага қилган ҳижратларининг учинчи йилида ушбу шаҳарда таваллуд топдилар. Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг илоҳий тарбияларида ўз умрларининг етти йилини ўтказишга мушарраф бўлдилар ҳамда илоҳий маърифат ва таълимотлар ёғдусида униб ўсдилар. Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг муборак умрларидан 37 йил ўтгач, ул ҳазратнинг бузруквор оталари Али (алайҳис салом) шаҳид бўлдилар. Шунда ислом умматига пешволик қилиб уларни ҳидоят этиш, Қуръони Каримнинг қонун-қоидалари ҳамда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини мусулмонлар орасида кенг кўламда ёйиш каби оғир вазифа имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг зиммаларига тушди.

Мусулмонлар имом Али (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан кейин имом Ҳасан (алайҳис салом)га байъат қилишди. Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) хилофатга етганларидан сўнг, Муовия бин Абу Суфиённинг бўзғинчиликлари билан юзма-юз бўлдилар. Натижада оталари имом Али (алайҳис салом) томонларидан Муовияга қарши кураш олиб бориш учун тайёрланган қўшинни урушга ҳозирладилар. Аммо Уммавийлар фитна-найранги сабабли, имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг ёронларини ул ҳазратнинг атрофидан тарқатиб юборишга муяссар бўлишди. Бунинг натижасида ул ҳазрат ўз қўшинлари ўртасида тарқоқлик ва бўшлик вужудга келганини ва урушда ғалаба қозониш эҳтимоли жуда оз эканлигини тушуниб етдилар.

Бу ўринда ушбу ҳақиқатни таъкидлаб айтмоқ лозимки, Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомларимизнинг таълимотларида ул зотлардан мерос қолган илм-маърифатни ҳимоя қилиб, уни келажак авлодларга етказиш асосий мақсад ҳисобланади. Шу сабабдан, у зотларнинг ҳукумат ташкил этиш, оёққа туриб жиҳод қилиш, сулҳ-тинчлик ўрнатиш, сукут сақлаш каби ҳар бир амаллари муқаддас ислом дини ва Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларини сақлаб қолишга қаратилган. Ислом оёққа туриб жиҳод қилиш орқали ҳимоя қилиниши лозим бўлган шароитда маъсум имомларимиз оёққа турганлар ва ўлимга тик қараб жиҳод қилганлар. Бошқа бир ўринда, исломни ҳимоя қилиш учун жангдан кўра, сулҳнинг афзаллигига ишонган чоғлари сулҳ қилганлар.

Шунга кўра, ўша замонда ислом дини асосларини хатар остида эканини кўрган имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоят этиш учун ягона йўл Уммавийлар ҳокими Муовия билан тинчлик шартномаси тузиш эканлигини чуқур тушуниб етганликлари сабаб урушни давом эттиришдан қўл тортдилар. Зеро, имом Ҳасан (алайҳис салом) замонларида вазият шу даражада мураккаб эдиким, Муовия билан жанг қилиш диннинг асослари барҳам топишига олиб келарди. Ушбу ҳақиқатдан огоҳ бўлган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг барҳақ ворислари имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) ислом ва мусулмон умматининг тақдири хатар остида қолишини истамас эдилар. Шу боис, ул ҳазрат Муовия билан сулҳ тузишга ночор ҳолда рози бўладилар ҳамда ҳаётлик чоғларида уруш ва қон тўкиш йўли билан ислом динида кўзланган улуғ мақсадларга эришиб бўлмасликни англаб, сулҳ ва тинчликни ихтиёр этиб, ҳукуматдан узоқлашадилар. Бу ишлари билан ул ҳазрат ислом умматини жуда катта хавф-хатардан сақлаб қоладилар ва бу билан ул зот ҳукумат ва тахту мансабга эришиш илинжида эмасликларини исботлайдилар.

Сулҳ ҳақидаги шартномани имзолагач, имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шаҳри бўлмиш Мадинаи Мунавварага қайтиб, кенг қамровда маданий ва маърифий ишларни амалга оширишга киришадилар. Ул ҳазрат одамларнинг тафаккур ва эътиқод асосларини исломнинг холис ва соф таълимотлари билан мустаҳкамлашга саъй-ҳаракат қиладилар. Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) ушбу саъй-ҳаракатлари билан ўз замоналарида исломнинг асл маърифати ва Аҳли-Байт маорифини бидъат ва хурофотлардан сақлаб қоладилар. Аммо қарама-қарши томон кўзлаган мансабига эришгач, сулҳ ҳақидаги шартноманинг бирор-бир моддасига риоя қилмади. Балки Муовия битимга зид равишда ўзидан сўнг ўғли Язид халифа бўлиши учун замин яратди ва унинг саъй-ҳаракатлари натижасида отасидан сўнг Язид мусулмонларнинг халифаси бўлди. Бу нарса имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг тарихда мисли кўрилмаган қиёмларига (жиҳодий ҳаракатларига) замин яратди.

Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг халқ орасида қозонган маънавий нуфузи ва меҳр-муҳаббати шу даражада эдиким, Уммавийлар ҳукумати бошлиғи Муовия ибн Абу Суфён ушбу ҳазратдан қўрқиб турарди ҳамда имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) тарафларидан Уммавийларнинг нопок моҳияти фош этилиши уларнинг ҳукумат пойдиворига таҳдид солишини биларди. Шунинг учун, Муовия имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)ни ўлдириш учун бир неча маротаба режа тузиб ўзининг ҳийла-найрангини ишга солади, лекин режаси амалга ошмаганини кўриб, ул ҳазратни заҳарлаб ўлдириш пайига тушади.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, Муовия имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг умр йўлдошлари Жаъдага минг дирҳам юбориб, Имомни ўлдиришни буюради ва бунинг эвазига Жаъдани ўғли Язидга уйлантиришни ваъда қилади. Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг ўз умр йўлдошлари бўлмиш Жаъда ҳам Муовиянинг буйруғини бажаради ва ул ҳазратга заҳар ичириб шаҳид бўлишларига зомин бўлади. Ул ҳазрат оламдан кўз юмганларидан кейин ўз биродарлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ул ҳазратга ғусл бериб, кафанга ўрайдилар ва имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг васиятларига кўра, тобутларини боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабрлари ёнига олиб бориб, тупроққа топширмоқчи бўладилар. Бироқ бани Уммайядан бўлган Марвон ибн Ҳакам уларнинг йўлини тўсиб, шафқатсизларча имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг муборак жасадларини ўққа тутадилар. Бундай оғир жиноятни кўрган имом Ҳусайн (алайҳис салом) икки тараф ўртасида юзага келмоқчи бўлган тўқнашувнинг олдини олиб, имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг мутаҳҳар жасадларини Бақийъ қабристонига дафн этишга буюрадилар.

Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга ҳамдардлик ва таъзия билдирамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а.о) риҳлатлари ва имом Ҳасан (а) шаҳодат кунлари

  Индин, сешанба, ҳижрий қамарийнинг 1435-йили, сафар ойининг йигирма саккизинчиси ва милодийнинг 2013- йили 11- …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.