Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Маъмуннинг имом Ризо (а.с)ни шаҳид қилгани ҳақидаги ҳодиса

Маъмуннинг имом Ризо (а.с)ни шаҳид қилгани ҳақидаги ҳодиса

emam-rezsa1Халифа Маъмун хавотирда эди. У қаср бўйлаб тинимсиз қадам босарди.

Қаср қабристон каби хилват. Киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У гоҳ деразанинг ёнига келиб турли рангли гуллар очилган боғчаларга тикилар, гоҳ орқага қайтиб, хонтахта устидаги мевалар солинган баркашларга боқарди. Узумнинг олтин ранг доналари қуёш нурида ярқираб кўзга ташланарди.

Маъмун кўзларини юмди. Назарида узумнинг заҳарли доналари аслидан кўра йирикроқ бўлиб туюлди. Ўзига-ўзи деди:

– Имом Ризо (алайҳис салом) билиб қолгудек бўлса, шарманда бўламан. Йўқ, буни ҳеч ким билмаслиги керак.

У узум солинган баркашга яқинлашди. Заҳарланган шингилни шундай жойлаштирдиким, уни кўрган киши ўзини тутолмай, албатта бир-икки дона ейишни ҳавас қиларди…

Маъмун узумнинг заҳарланган доналарига қаттиқ тикилиб қаради. Ҳар бир донада кўз илғар-илғамас тешикчалар вужудга келган. Баркашни ўзига яқинроқ тортди. Қўллари қалтирарди. Алавийлар раҳбарини заҳарлаш фикри вужудига титроқ солганди. Имомнинг тарафдорлари билиб қолса борми? Қўзғолон бошланиши аниқ. Ўрнидан турди. Кулранг соқолини силаб, лабини тишлади. Бу ишни қилмаса-чи? Ўйлади: Али бин Мусо Ар-Ризо бор экан, унинг ҳукуматини хавф-хатар таҳдид қилаверади. Нима қилишини билмасди. Лаҳзалар бир инсон умридай узундан-узоқ туюлмоқда. Бир жойда ўтиришга сабри чидамасди. Хилват қасрнинг бурчакларига назар ташлади. Қизил, яшил атлас ва ҳарир пардалар деразадан эсаётган майин шабадада ҳилпираб туришарди.

Маъмун ҳарамнинг эшигига бориб, махсус жориясини чақирди. Жория шарбат жомини кўтариб кириб келди. Маъмун сўради:

– Бугунги азиз меҳмонимизнинг кимлигини биласанми?

Жория лабларини ғунча қилгунча ноз-карашма билан деди:

– Йўқ, жоним сизга қурбон.

Жория шарбат жомини Маъмуннинг қўлига тутқазди. Халифанинг ранг-қути ўчган. Қийиқ кўзларида ҳадик-хавотир аломатлари ошкор. Бу ҳолни кўрган жория сўради:

– Нимадан хафасиз?

Маъмун зўрма-зўраки илжайди. Йўқ, ишорасини қилиб бошини қимирлатди. Жория унинг қўлидан бўш жомни олди-да, минг бир ишва билан хонадан чиқди.

Халифа Маъмун ўзини худди заҳарланган узумни егандек ҳис қиларди. У дераза ёнига борди. Заҳар жигарини куйдириб, илма-тешик қилаётгандек. Куйиб кетаётган кўксига шамол тегсин учун яктагини ечиб қўйди. Шу лаҳза қаср ҳовлисидаги дарахтлар орасидан юриб келаётган Имом ҳазратларига кўзи тушди. Шошилганча яктагини кийди. Оппоқ, бўлиқ қўлларини бир-бирига ишқалади. Безовталигини яширишга ҳаракат қиларди. Имом ҳазратларининг қадамлари садоси тобора яқинлашиб келарди. Ул ҳазратнинг хандон чеҳраларини кўрган Маъмун олдинга қадам ташлади. Ҳазратни бағрига босиб, пешоналаридан ўпди-да, иккиюзламачилик билан деди:

– Анчайин кечикиб келдингиз, валиаҳд ҳазратлари. Иккимиз ёлғиз қолиб, дўстона суҳбат қурамиз деган мақсадда ҳеч кимни хонага йўллатмай, анча вақтдан буён йўлларига мунтазир ўтирувдим.

Сўнгра ҳазратнинг елкаларига қўл ташлаб, махсус тайёрлаб қўйилган жойга бошлаб борди. Халифанинг бармоқлари титрар. Бу нарса унинг ички безовталигидан далолат берарди. Ранг-баранг мевалар солинган баркашлар дид билан терилган. Йилнинг тўрт фаслига доир бодринг, ўрик, олма ва узум каби неъматлар муҳайё.

Маъмун имом ҳазратларини узум солинган баркаш қаршисида ўтиришга таклиф этди.

У Имомга қарата деди:

– Пайғамбарнинг фарзанди валиаҳдим эканидан хурсандман. Кошки эди хилофатни қабул қилиб, мени ўзингизга хизматкор қилиб олсангиз.

Имом ҳазратлари бошларини кўтардилар. Маъмуннинг ҳарис ва мунофиқ кўзларидаги ифода бошқача эди. Бу кўзларда душманлик, гина-кудурат жилваланарди. Маккор ва найрангбоз Аббосий халифа имом Ризо (алайҳис салом)ни мажбурлаб Мадинадан Марвга келтирган ва валиаҳдликни зиммаларига юклаган эди. Энди эса ёлғон-яшиқ гаплари билан ўзини ширин қилмоқчи.

Маъмун кулиб деди:

– Меваларни томоша қилиш учун териб қўйишмагандир. Марҳамат қилсинлар.

Имом ҳазратлари узум, анор каби турли мевалар билан лимо-лим баркашга нигоҳ ташладилар.

Маъмун бир бош узумни олдига қўйди-да, унинг бир донасини оғзига ташлаб деди:

– Марҳамат қилинг, ҳазратим.

Айниқса ширинликда асални доғда қолдирадиган мана бу узумдан олинг. Бу Буст (бугунги Кошмар яқинидаги минтақанинг номи) узуми, дунёнинг энг ширин узуми ҳисобланади.

Имом Маъмун қўлидаги тилларанг узум шингилига қарадилар. Дераза ромига қўнган булбулнинг чаҳчаҳлаган садоси қасрни тутиб кетди. Маъмун булбулга қараб узум донасини отди. Сайроқи қушча хонишини давом эттирганча учиб кетди.

Имом ҳазратлари буюрдилар:

– Жаннатнинг узуми бундан афзалдир.

Халифанинг томоғига йирик узум донасининг тиқилишига оз қолди. Йўталди. Имом мақсадимдан хабардормикин, деган хаёлга борди. Ўзини ҳеч нарсани билмаганга солди. Қўлидаги узумни баркашга қўйиб, анжир олди. Узумларга ишора қилганча деди:

– Мана бу тилларанг узумдан тановул қилинг.

– Имом ҳазратлари буюрдилар:

– Узр, узум егим йўқ…

Бу гапдан Маъмуннинг оғзидаги ширин анжир заҳардек аччиқ бўлиб туюлди. Таъби хира тортиб, анжир бўлагини ликопчанинг четига қўйди. Оқ ҳарир сачоқ билан лабларини артиб, деди:

– Ейишингизни истардим.

У ўрнидан туриб келиб Имом ҳазратларининнг ёнига ўтирди-да, сўзларини давом эттирди:

– Мен Сизни жуда яхши кўраман, ҳазратим.

У аслида мен отамга ўхшаб ёмон ниятда эмасман. Худонинг энг яхши бандасини ўлдиришни ҳатто тасаввуримга ҳам сиғдиролмайман, демоқчи эди. Аммо пушаймон бўлди. Овозим қалтираб, асл мақсадимни ошкор қилмасин, дея қўрқди. Оғзининг сувини ютди. Узум шингилини қўлига олди. Заҳарли эмаслигига ишонган доналаридан бир нечтасини оғзига ташлаб, деди:

– Мен ҳақимда ёмон гумонга борманг, эй Аллоҳ Расулининг фарзанди.

Сўнгра халифа узум шингилларидан бирини баркашдан олиб, уни қуёш нурига тутиб томоша қила бошлади. Заҳарланган доналар аллақачон жигарранг тусга кирган эдилар. Бир неча донани ажратиб, деди:

– Худонинг қудатини кўринг. Лаъл каби шаффоф, жилоли. Марҳамат қилиб, майл этсинлар. Асалдек ширин бўлмаса, еманг.

Имом ҳазратлари узум доналарига разм солдилар. Халифанинг қўллари қалтирарди. Шу кунни кутаётган эдилар. Бошқа илож йўқ. Булбулнинг дилрабо хониши қулоққа чалинмасди. Имом ҳазратлари дардли табассум қилдилар. Оталари ҳам қай бир золим халифа томонидан шаҳид этилган.

Маъмуннинг кўзларига тикилиб қарадилар. Уларда қўрқув-ҳадик ҳислари жилваланарди. Узум доналарини қўлга олдилар. Тилларанг, шаффоф, аммо заҳарли доналар…

Маъмун зўрма-зўраки табассум қилганча деди:

– Сиз бу узум доналарини ейишга мажбурсиз.

Имом ҳазратлари узум доналарини оғизларига солдилар.

Маъмуннинг томоғи қуриди. Кўз олди қоронғилашди. Бир лаҳзадан сўнг заҳар ўз ишини қилади. Имомни йиқитади. Халифа билан валиаҳд орасида ҳукмрон бўлган сукунат ҳалокатли эди. Қалтираган овозда деди:

– Ширин эмасмиди?

Заҳар секин-аста ўз таъсирини ўтказар, Имом ҳазратларининг ранглари оқарди. Ўринларидан туриб, бир оғиз ҳам сўзламай, эшик томон равона бўлдилар. Маъмун шошилганча келиб қўлтиқларидан суяб, мунофиқларча сўради:

– Нима бўлди? Қаёққа борасиз, ҳазатим?

Имом тўхтаб, қайрилиб хиёнаткор мезбоннинг кўзларига сўнгги маротаба разм солдилар. Маъмуннинг аъзои бадани қалтирарди.

Имом ҳазратлари буюрдилар:

– Сен юборган жойга.

Сўнгра ҳорғин қадам ташлаб қасрдан чиқиб кетдилар. Маъмун орқага қайтди. Ишонгиси келмасди. Узум шингилларига кўзи тушгач, баттар авзойи бузулди. Меҳмонга хиёнат қилгани учун ўзини кечиролмасди. Деразанинг олдига борди. Ёниб кетаётган қалбини совутиш мақсадида оппоқ кўйлагини чангаллаб йиртди.

Назарида худди бутун борлиқдан

– Қотил мезбон! – деган даҳшатли бир садо келарди.

Share

Check Also

Имом Ризо (а) таваллудларига бағишланган махсус лавҳа

Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби билан зулқаъда ойининг ўн биринчи куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.