Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Masjed-Al-Nabi-01Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ушбу юрак сўзимизни тўртинчи имомимиз Зайнилобидин (алайҳис салом)нинг қуйидаги муножотлари билан бошламоқчимиз:

«Барча умматлар орасидан бизни Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уммати қилган Парвардигорга шукроналар бўлсин!

Эй Аллоҳим, ваҳийинг амини, барча маҳлуқотнинг афзали, бандаларинг орасида энг мақбули Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салому салавотлар бўлсин. Ул ҳазрат раҳмат, меҳр-муҳаббат ва барча эзгуликларнинг пешвоси эдилар.

Эй Аллоҳим, Сенинг йўлингда чеккан заҳматлари учун ул ҳазратнинг жаннатдаги даражотларини юксалтир. Шунчалик юксалтирки, мақом-мартабада ҳеч ким энг сўнгги Пайғамбаринг билан баробар бўлмасин.

Сенинг даргоҳингга муқарраб (энг яқин) малоикалардан ва мурсал пайғамбарлардан ҳеч бири ул ҳазратга тенглашолмасин.»

Аллоҳнинг расули ва ҳабиби Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак кўзларини ёруғ оламдан абадий юмган чоғлари ул зотнинг барҳақ ворис ва ўринбосарлари бўлган мўминлар амири Али (алайҳис салом) ғам-ғуссага лиммо-лим қалб ила Сарвари олам бошлари устида шундай нола қилардилар:

«Ота-онам фидойингиз бўлсин, эй Аллоҳнинг ҳабиби! Сизнинг ўлимингиз билан нубувват ва самовий ваҳий риштаси узилди. Бу ҳаммага тегишли мусибатдир. Халойиқ сиз учун аза ва мотам тутишган. Сабр-тоқатга буюрмаганингизда, кўз ёшларим қуриб қолгунча йиғлардим. Жон олгувчи бу алам қалбимизда доим боқийдир.

Ғам-андуҳларим абадий. Ота-онам фидойингиз бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Бизни Парвардигорингиз наздида эсланг ва ҳеч қачон унутманг!»

Мўминлар амири имом Али (алайҳис салом) сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг йигирма уч йиллик рисолатлари давомида доимо ул ҳазратнинг яқин кўмакдоши эдилар. Мўминлар амири Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этган ўша дардли кунлар ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

«Аллоҳ Расулининг муборак бошлари менинг кўксимда бўлган ҳолатда оламдан кўз юмдилар. Ул ҳазрат менинг қўлимда жон бердилар. Мен ул ҳазратга ғусл беришга буюрилгандим. Бу ишда менга фаришталар ёрдамлашдилар. Худди уйнинг шифти ва деворлари йиғи-нолага кўмилгандек эди. Ҳар томондан оҳу фиғон садолари эшитиларди. Бир гуруҳ фаришталар ерга тушар, яна бир гуруҳи самога кўтариларди. Расули Акрамни оромгоҳларига қўйгунимизча, фаришталарнинг келиб-кетиши тинмади

Бу қайғули мусибат муносабати билан барча мусулмонларга ҳамдардлик ва таъзия билдирамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.