Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Таваккул қилмоқликнинг маъноси нима?

Таваккул қилмоқликнинг маъноси нима?

aa1b5_LБорилиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Улкан ахлоқий фазилатларнинг бири бўлмиш таваккул қилмоқлик инсон қалбида ишонч ва ички осоишталикни вужудга келтиради. Таваккул қилиш хусусиятига эга бўлган шахс қиладиган барча саъй-ҳаракатлари-ю, қозонадиган муваффақиятларида, қолаверса бутун вазият ва ҳолатларда Аллоҳ таоло жаҳонда ҳукм сураётганлигини яхши билади. Зеро, таваккул сўзи «вакил» калимасидан олинган бўлиб, таваккул қилишнинг маъноси бутун ишларда Аллоҳ таолони «вакил», яъни ҳимоячи ва асровчи деб билиб, Унга ишониш ва таянишдан иборат. Шу сабабдан, «таваккул» сўзи ўзбек тилида Аллоҳ таолога суянмоқ ва таянмоқ деб таржима қилинади. Шунга биноан, таваккул қиладиган инсонлар, агарчи афтидан муваффақиятга эришолмасалар-да, аммо ҳеч қачон тушкунликка тушмай, довдираб қолмайдилар ва шунингдек, улар муваффақият қозонган пайтларида ҳам ҳеч қачон мағрурланиб такаббурга йўл бермайдилар. Шунинг учун, ахлоқий олийжаноб фазилатларга эга бўлган шахс ўзининг кундалик ҳаётида таваккул қилишни ҳеч вақт унутмайди.

Аллоҳ таолога таваккул қилмоқлик, инсон қалбига осойишталик ва оромлик бағишлайди ҳамда инсоннинг шикаст еб ноумид бўлишига йўл қўймайди. Имом Али (алайҳис салом) ўзларининг қисқа ва мазмунли сўзларида бу борада шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таолога таваккул қиладиган шахс, азоб-уқубат чекмайди.»

Бошқа томондан эса, Аллоҳ таолога таваккул қилиш инсоннинг тафаккур қилиш қобилиятини кучайтириб, унинг дунёқарашига махсус таъсир кўрсатади. Чунки, таваккул қилиш инсонни қийинчиликлар ва муаммолар қаршисида ғам-кулфат ва даҳшатга тушишдан қутқаради ҳамда тўғри йўлни танлашда, қийинчиликлар ва муаммоларни ҳал этишда энг зарур йўлни топишга кўмак беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таваккул қилиш ҳақида ўз қимматли ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таолога таваккул қиладиган шахснинг сарф-харажатини Аллоҳнинг Ўзи қоплайди ва у кутмаган бир жойидан ризқини ато этади.»

Сарвари оламнинг юқоридаги ҳадислари қуйидаги ояти каримага қарата баён қилинган:

﴿وَمَن يَتَّقِ اللَّـهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَ‌جًا! وَيَرْ‌زُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ ۚ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّـهِ فَهُوَ حَسْبُهُ ۚ إِنَّ اللَّـهَ بَالِغُ أَمْرِ‌هِ ۚ قَدْ جَعَلَ اللَّـهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرً‌ا

«Кимки, Аллоҳга [қарши чиқишдан] сақланса, У зот унинг учун [ғам-кулфатлардан, оғир ҳолатдан] чиқиш йўлини пайдо қилади. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Кимки, Аллоҳга таваккул қилса, шунда, У зотнинг Ўзи унга етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Чиндан ҳим, Аллоҳ ҳар бир нарса учун [муайян] ўлчов белгилаб қўйган.» (Талоқ сураси, 2 ва 3 – оятлар)

Таваккул қилишнинг яна бошқа хусусиятларидан бири, бу қийинчилик ва азоб- уқубатлар қаршисида руҳий ва жисмоний қудратга эга бўлмоқликдир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок навераларидан бўлмиш имом Боқир (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таолога таваккул қиладиган шахс мағлуб бўлмайди ва Аллоҳга таянган шахс уруш майдонидан қочмайди».

Бинобарин, халқ орасида энг кучли шахс бўлишни истаган киши Аллоҳ таолога таваккул қилади. Бунинг маъноси; инсоннинг кўнглида Аллоҳ таоло ўрин олмаса, дунё ташвишлари баробарида юзага келадиган изтироб ва қўрқув ҳолатлари унинг бутун вужудини қамраб олади ва натижада у тушкунликка тушади. Аллоҳ таолонинг даргоҳи бандаларининг бошпанаси саналади. Зеро, инсон Аллоҳ даргоҳига илтижо ва муножот қилиб юзланса, хавф ва изтиробдан узоқлашиб осойишталикка эришади ҳамда хавотирланиш ва безовталаниш қайғусидан қутилади.

Чунончи Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз ҳадисларида бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилганлар: «Халқ орасида суюкли шахс бўлишни истаган киши тақводорлик йўлини тутиши керак ва халқ ўртасида таниқли ва шон-шўҳратга эга бўлишни истаган шахс Аллоҳ таолога таваккул қилмоғи лозим. Ва бойлик, мол-мулкка эга бўлишни истаган шахс ўз олдидаги нарсага эмас, балки Аллоҳ таолонинг наздида бўлган нарсага ишониши лозим».

Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг натижаларидан бири бу халқнинг ўртасида азиз ва ҳурмат-эътиромга сазовор бўлиши ва ифтихорли бўлишидир. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган инсон халқнинг кўмакига унча ҳам эҳтиёж сезмайди. Мол-мулк ва ўринга эга бўлишни халқдан талаб қилмайди, чунки, бу нарсаларни Аллоҳнинг ихтиёрида деб билади, шунинг учун унинг ҳурмати ва иззати халқ назарида сақланади. Таваккул қилган инсон ишонадики, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига меҳрибон ва раҳм-шафқатлидир, шунинг учун ҳеч кимни хорликка дучор бўлишига йўл қўймайди. Магар банданинг ўзи нотўғри йўлни танлаб, ножўя ишга қўл урганда, хорлик ва тубанликка дучор бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда таваккул қилишнинг маъно-моҳияти ҳақида шундай буюради:

﴿وَإِن يَمْسَسْكَ اللَّـهُ بِضُرٍّ‌ فَلَا كَاشِفَ لَهُ إِلَّا هُوَ ۖ وَإِن يُرِ‌دْكَ بِخَيْرٍ‌ فَلَا رَ‌ادَّ لِفَضْلِهِ ۚ يُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ ۚ وَهُوَ الْغَفُورُ‌ الرَّ‌حِيمُ

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўша [зарар]га кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Бандаларидан хоҳлаганини унга [яхшиликка] етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.» (Юнус сураси, 107 – ояти карима)

Аллоҳ таолога таввакул қилиш инсондаги қўрқувни бартараф этади. Агар бирон-бир шахс Аллоҳга таваккул қилса, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Зероки, Аллоҳнинг қудрати мавжуд бўлган барча куч-қудратлардан устун туради. Зотан, Парвардигор фақат Ўзигина истаган ишни қилгувчи зотдир.

Имом Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таолога таяниб бошқа ҳеч нарсадан қўрқмагин».

Имом Боқир (алайҳис салом) ҳам Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай нақл этаганлар: «Аллоҳ таолога таваккул қиладиган шахс қаноат ва борига рози бўлиш сифатларига эга бўлса, Аллоҳ таоло унинг муаммоларини ҳал этишга кўмак беради.»

Аллоҳ таоло Анвол сурасининг 49 – ояти каримасида шундай марҳамат қилади:

﴿إِذْ يَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَ‌ضٌ غَرَّ‌ هَـٰؤُلَاءِ دِينُهُمْ ۗ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّـهِ فَإِنَّ اللَّـهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Анавиларни [мусулмонларни] дини мағрур қилиб юборди», дедилар. Кимки, Аллоҳга таваккул қилса [суянса], зотан, албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.»

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, кимки, Аллоҳ таолога таваккул қилса, яъни фақат Унгагина суянса, албатта, Тангри таоло уни ўз ҳолига қўйиб қўймади, балки уни қўллаб-қувватлайди, уни қийинчилик ва машаққатлардан қутқазади. Зеро, Аллоҳ таоло барча ишларда ғолиб ва ҳикматли зотдир. Шунинг учун, таваккул қилган инсонларнинг тили-ю дилида ушбу ояти карима мавж уриб туради:

﴿حَسْبُنَا اللَّـهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ

«Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил [ҳимоячи, асровчи].» (Оли Имрон сураси, 173 – оят)

Сўзимиз пировардида шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таолога таваккул қилган инсон доиман саъй-ҳаракат ва тиришиш ҳолатида бўлади. Аллоҳ таолога таваккул қилдим деб қўл қовуштириб ўтирган шахс, дарҳақиқат, таваккул қилмаган ҳисобланади. Зеро, таваккул қилишнинг замирида доиман саъй-ҳаракат ва иш-фаолият ётади. Шу боис, таваккул қилган инсон ўз иш-фаолиятининг натижа ва самарасини Аллоҳ таолодан деб билиб, доиман ишонч ва ором ҳолда бўлади, бирор бир тушкунлик, изтироб ва безовталаниш ҳолатига мубтало бўлмайди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.