Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Арбаин – имом Ҳусайн (а.с)нинг қабрини зиёрат қилиш учун самовий даъват

Арбаин – имом Ҳусайн (а.с)нинг қабрини зиёрат қилиш учун самовий даъват

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

823008_984Имом Ҳусайннинг арбаинлари (қирқлари) – тарихнинг улкан воқеаларидан биридир.

Карбало фожиаси Ошуро мардларининг марқадини зиёрат қилиш кунидир.

Ошуро – қон ва фидойилик кунидир.

Арбаин эса имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қилган байъатни янгилаш кунидир.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг арбаинлари абадий қаҳрамонлик қиссасидан ҳикоят қилади.

Арбаин ишқнинг шукуҳи, қизил рангли шаҳодат дарахтидаги ям-яшил япроқдир.

Ҳар йили арбаин етиб келиши билан Аҳли-Байтнинг дўстлари дунёнинг турли ўлкаларидан имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни зиёрат қилиш учун Карбало замина томон шошилишади. Уларнинг кўплари Карбалога пиёда юриб келишади. Айримлари эса, Нажафгача машиналарда келиб, ундан у ёғига Карбало сари пиёда юриб боришади. Йигирма етти миллион нафарлик бу мисли кўрилмаган улкан ҳаракатни Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг азиз невараларига бўлган чексиз меҳр-муҳаббат юзага келтирган. Бу ҳаракат ҳар йили олдинги йиллардан кўра шукуҳлироқ тарзда муқаддас Карбало тупроғида амалга ошади.

Қалбига имом Ҳусайн (алайҳис салом) ишқи билан сафо ва самимият бахш айлаган кишига ул ҳазратнинг ҳарамига пиёда юриб бориш сира қийинчилик туғдирмайди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бўлган муҳаббат жозибаси оҳанграбо мисоли қалбларни ўзи томон тортади. Бундай қалблар бир лаҳза дунё ташвишларини унутиб, ором-осойишталик макони, яъни Карбало сари интилишади. Бундай қалб эгалари покиза либослар кийиб, зиёратга шошилишади. Улар пою пиёда йўлга отланишади. Ваъдалашган куни, яъни меҳр-муҳаббат жилваланган кун – Арбаин кунида имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳарамига етиб боришади.

Йўл юриш давомида ул азиз шаҳиднинг меҳрли кўзлари билан қалбингни нур либосига ўрашини ҳис қиласан киши. Арбаин зиёратчиларининг аксарияти аввалига муборак Нажаф шаҳрига – имом Али (алайҳис салом) зиёратига боришади. Улар имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг падари бузрукворларидан ўғилларини зиёрат қилиш учун ижозат олишади. Бу нарса зиёратнинг маърифат одобидан саналади.

Нажафдан Карбалогача бўлган масофада ҳаёт бутун ҳайқириқлари билан оқиб бормоқда. Йўл бўйлаб ҳайъатлар ва ҳусайниялар зиёратчилар учун хизматда. Ироқ халқи меҳр-муҳаббат ва ихлос ила зиёратчиларга мезбонлик қилишади. Улар ўз чодирларига кириб, нафас ростлаш ёки тамадди қилишларини зиёратчилардан илтимос қилишади. Айрим ҳусайниялар эса зиёратчиларнинг оёқларини массаж қилиб, ёрилган товонларига малҳам суркашади.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) зиёратчилари бу меҳр-муҳаббат йўлида барча халойиқ хизматга бел боғлаганининг гувоҳи бўладилар. Улар меҳмон қилиш учун одам танлашмайди, зиёратчи деган номнинг ўзи кифоядир.

Кўплаб илмий асарларнинг муаллифи, Эрон олийгоҳларида мусиқа фанининг моҳир устози доктор Муҳсин Нафар Арбаин маросимида пиёда юриш таассуротларини қуйидагича изоҳлайди:

«Шаҳидлар сарвари томон ҳаракат қилиш чоғи, инсон кибр-ғурурдан батамом мосуво бўлади. Бу йўлда киши худбинлик ўрнига, бошқаларга кўмаклашиш ва фидоийликни кўради. Ўзини унутиб, бошқаларга хизмат қилишни кўради. Ана шундай фидоийликнинг далили имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бўлган меҳр-муҳаббатдир. Ана шу сўнмас муҳаббатни бу нуроний йўлда мўл-кўл мушоҳада қилдик».

Бу улуғ якдиллик ва ягона мақсад сари пиёда йўл босишни дунёнинг ҳеч бир ерида учратолмайсан киши. Бундай улкан ҳаракатни кўриб, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг одамларни бирлаштира олиш қудратига молик эканлиги яққол намоён бўлади. У ҳазрат халойиқни меҳр-муҳаббат ва пок, холис динга қайтиш учун ҳидоят этади. Миллион кишилардан иборат бу улуғ ҳаракат дунёда нодир ҳодисадир. Бу шукуҳ-шаҳоматли ҳаракатда нафақат Ироқ халқи, балки, Франциядан тортиб Марокашгача, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон хулоса барча миллат ва элатларни учратиш мумкин. Уларни бу улкан ҳаракатга шаҳидлар сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бўлган меҳр-муҳаббат ҳидоят этгани шубҳасиздир.

Бу улкан ва жўшқин ҳаракатда нафақат мусулмонлар, балки имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қалбида меҳр-муҳаббати жўш урган ғайримусулмонлар ҳам бор. Ироқдаги насронийлар ҳам ҳар йили бу мамлакатдаги мусулмонлар билан биргаликда имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг азадорлик маросимларини ўтказишади. Ҳатто, уларнинг айримлари ана шу улкан ҳаракатга қўшилиб, Карбало зиёратига келишади.

Жозеф Илёс исмли ироқлик насроний бир руҳоний шахс ўзининг бир гуруҳ диндош биродарлари билан имом Ҳусайн (алайҳис салом) зиёратига бориш учун пиёда йўлга тушадилар. Унинг айтишича, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг фидокорлиги уларни бу ишга ҳидоят этган. Ушбу насроний руҳоний бу ҳақда айтади:

«Ҳазрат Масиҳ (алайҳис салом) ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) иккиси ҳам ўз диндошларининг, яъни насронийлар ва мусулмонларнинг нажот топиши учун ўзларини қурбон қилишди

Жозеф Илёс Арбаин зиёратини энг улкан ва ибратли намойиш деб баҳолайди. У бу борада айтади:

«Мен бу улкан намойишда мусулмон биродарларим билан биргаликда қатнашишга ва ироқликлар имом Ҳусайн (алайҳис салом) байроғи остида бирлашиши керак, деб айтишга тайёрман».

Жозеф Илёс ироқлик насронийлар ҳам мусулмонлар каби имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатида азадор эканлигини таъкидлайди.

Арбаин маросимининг ана шундай шукуҳ ва шаҳоматига қарамай, афсуски, кўпгина ғарб ва араб ахборот воситалари бу ҳақиқатни кўрмасликка олишади, унга эътибор қаратмасликка ҳаракат қилишади. Ҳусайн бин Али (алайҳис салом)нинг Арбаин маросимида халқнинг меҳр-муҳаббат ва самимият ила Карбалода тўпланишларини ўз сайтлари ва хабар дастурларига киритишмайди. Ушбу оммавий ахборот воситаларининг аксарияти ислом ва мусулмонларга мухолиф бўлган кучларнинг ихтиёридадир. Шу боис, улар бундай хабарларни тарқатишдан қўрқишади.

Улар дунё аҳолисининг имом Ҳусайн (алайҳис салом) билан танишишларидан, ул зотнинг зулм ва зўравонликка қарши фидойиларча кураш олиб борган жозибали шахсиятидан воқиф бўлишларидан жуда-жуда қўрқишади. Улар имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг художўйлик, адолатталаблик ва инсонпарварлик садолари одамларнинг мудроқ қалбларини уйғотишидан қўрқишади. Зеро, бундай уйғониш мустабидларнинг мағлубияти билан якунланади.

Бундай ахборот агентликлари ва ахборот сайтларининг аксарияти ўзларининг манфаатларига уйғун келадиган бир неча юз кишидан иборат намойишларни кунлар давомида, ҳатто баъзан ҳафталаб кўрсатишади. Аммо, Арбаин каби йигирма етти миллион нафардан ташкил топган шукуҳ-шаҳоматли улкан намойиш ҳақида кичик бир хабар нашр қилиш билан чекланишади. Айрим вақтлар эса, унга нисбатан ахборот байкоти эълон қилишади. Шунга қарамай, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг дилкаш навоси унинг муҳаббатига лойиқ бўлган кишиларнинг қулоғига етиб боради. Ер куррасининг узоқ-узоқ нуқталарида яшовчи кишиларни ҳам Карбалога даъват этади.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг арбаинлари (қирқлари) адолатхоҳлик, садоқат ва фидоийлик нидосининг Карбало заминидан қулоққа чалинадиган акс-садосидир. Ана шу самовий садо ёш-қари, эркак ва аёл, кучсиз ва бақувват, олим ва омий, йўқсил ва бадавлат каби турли тоифадаги миллионлаб кишиларни ҳеч қандай мажбуриятсиз ва кўнгилли тарзда Карбало чўлига ундайди. Улар бир неча юз километр ҳудудидаги масофани пиёда йўл босиб, азоб-машаққатларга парво қилмай, Карбалога етиб келишади. Бу йўл хавфсизлик жиҳатидан ишончли эмас. Бу йўлда амалга оширилган террорчилик амалиётлари натижасида ҳар йили ўнлаб, балки юзлаб кишилар шаҳид бўлиб, жуда кўп инсонлар тан жароҳати олишади. Балки улар ҳол тили (хатти-ҳаракатлари) билан ўзининг бор-йўғини ислом йўлида фидо этган шаҳидлар сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг зиёрати йўлида шаҳид бўлишдан ҳам ортиқроқ бахт борми, деб шодланишар.

Айтиш жоизким, бу тўлқинланиб келаётган жамият самовий даъват ила йиғилишади. Бу руҳоний маросимдаги самовий даъватни эса фақат ва фақат қалб кўзи билан мушоҳада этиш мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.