Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Имом Ризо (а) шаҳид бўлганликлари ҳақида

Имом Ризо (а) шаҳид бўлганликлари ҳақида

ImamRezaHolyShrine5Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Раҳийм

Ушбу мақоламизда имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ва Аллоҳ таоло бандаларининг ўзига хос бўлган хусусиятлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Ҳижрий қамарий йили, сафар ойининг ўттизинчи кунида имомат ва вилоят (пешволик) осмонининг саккизинчи порлоқ юлдузи имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) дунёни тарк этишлари билан нубувват бўстонининг яна бир гули сўлди. Аммо унинг малакутий оромгоҳи эса, Эрон заминининг Машҳад шаҳрида ҳозирги кунга қадар дунёнинг бутун ўлкаларидан ул ҳазратни зиёрат қилиш учун ташриф буюрадиган мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган бир муқаддас макон бўлиб қолган. Бугун Аҳли-Байтдан бўлган имоматнинг порлоқ юлдузи саккизинчи имомимиз ва пешвоимиз имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) шаҳодат топган кунларига тўғри келгани боис, ушбу қайғули кун муносабати билан барча мусулмонлар ва ҳақиқат тарафдорларига ҳамдардлик ва таъзия билдирамиз.

Имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳимас салом) турли сифат ва лақабларга эга бўлганлар. Аммо ушбу имомнинг сифат ва лақабларидан энг машҳури «Ризо» эди. Яъни ул ҳазрат Парвардигори оламнинг ирода ва хоҳишига рози ва таслим бўлганлари ва шунингдек ул зотнинг дўст ва ёронлари ҳам ул ҳазратдан рози бўлганлиги учун «Ризо» лақаби билан танилдилар. Бундан ташқари, душманлар ҳам норози бўлиш учун ул ҳазратдан далил ва камчилик топмас эдилар. Шунингдек, имом Ризо (алайҳис салом) «Ғариб» лақабини ҳам олган эдилар. Чунки, ўша даврнинг Аббосийлар ҳокими Маъмун томонидан имом Ризо (алайҳис салом)га тазйиқ ўтказилиши сабабли, ул ҳазрат ўз аждодларининг муқаддас замини бўлган Мадинаи Мунаввара шаҳрини тарк этиб, Маъмуннинг Хуросондаги ҳукумат қароргоҳига келган эдилар. Ва ниҳоят, у ерда ғарибликда шаҳид бўлдилар.

Маъмун ўзининг хом хаёли билан имом Ризо (алайҳис салом)га валиаҳдликни қабул қилдириб, бунинг билан Аҳли-Байт (алайҳимас салом)ни севадиганларнинг ноҳақ ҳокимиятга қарши қўзғолон қилишларининг олдини олишни ҳамда Имомни тўлиқ тарзда ўз назорати остида сақлашни ва энг муҳими ўзининг ноҳақ ҳокимиятини имом Ризо (алайҳис салом) номи билан ҳақ ва тўғри ҳокимият этиб жилвалантиришни истарди. Аммо имом Ризо (алайҳис салом) огоҳлик ва сергаклик ҳаракатлари билан юзага келган ушбу фурсатни исломни қайтадан жонлаштириш ва мусулмонларни ҳидоят этиш учун сарфладилар.

Имом Ризо (алайҳис салом) ўз ватанларидан Хуросон томон йўл олганларида Мадина аҳолисига хабар беришди. Ул ҳазрат боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳарамлари билан ва ўз хонадонлари билан видолашув вақтида, ўз дуолари ва йиғлашлари билан бу сафар қайтиб келмас ўлим сафари эканлигини тушунтириб, шу йўсинда Маъмуннинг асл мақсадини ошкор қилдилар.

Шунингдек, имом Ризо (алайҳис салом)ни ўлдириш билан таҳдид қилмагунларича, ул ҳазрат валиаҳдликни қабул қилмадилар ва валиаҳликни қабул қилиш борасидаги таклифларга шу даражада қаршилик кўрсатдиларки, ҳамма Маъмуннинг мажбур қилаётганини ва ул ҳазратнинг валиаҳдликни қабул қилишга мухолиф эканликларидан хабардор бўлишди. Албатта, имом Ризо (алайҳис салом) валиаҳдликни қабул қилиш учун шарт-шароит белгилаб қўйдилар. Жумладан, уруш ва тинчлик фармонларини содир этиш, турли лавозимларга шахсларни тайинлаш ёки олиб ташлаш каби ҳукуматнинг ишларига қўшилмаслик шартини илгари сурдилар ва Маъмун ҳам шу шарт билан имом Ризо (алайҳис салом) валиаҳдликларини қабул қилди.

Имом Ризо (алайҳис салом)нинг ушбу олимона тўқнашувлари нафақат Маъмуннинг тузган режаларини барбод этди, балки Аҳли-Байт ва унинг ёронлари учун янги фурсат яратиб берди. Имом Ризо (алайҳис салом) ҳукуматнинг валиаҳдлигини қабул қилиб олишлари ул ҳазратнинг дўст ва ёронлари учун руҳият бағишлади. Мунтазам равишда Аббосийлар ҳукумати тарафидан тазйиқ ва босимларга юзма-юз бўлган Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг тарафдорлари имом Ризо (алайҳис салом)нинг баракот ва шарофатлари туфайли бир оз озодлик ҳис эта бошладилар ҳамда Аҳли-Байт фазилатлари билан таниш бўлмаганлар таниша бошладилар ва душманлар эса ўз мағлубиятларини ҳис этишди.

Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)нинг илоҳий мақомини халқ назарида йўққа чиқариш учун бошқа бир фитна-найрангни ўйлаб чиқди ва бу эса илмий ва диний баҳс-мунозарани ташкил этиш билан ул ҳазратни мағлубиятга учратиш эди. Маъмун имом Ризо (алайҳис салом) устларидан ғалаба қозона олиш эҳтимоли бор бўлган шахсларни зудлик билан баҳс-мунозараларга даъват этиб ўз режасини амалга оширишга ҳаракат қиларди. Аммо имом Ризо (алайҳис салом) турли мазҳаб ва динлар вакиллари билан ўтказилган илмий баҳс-мунозараларда улар устидан ғалаба келдилар ва оқибат ул ҳазратнинг турли илм-фанлардаги ихтисосларининг овозаси ислом ўлкаларига тарқалди.

Макр-ҳийла асосида тузган режаларини амалга оширишда мағлубиятга учраган Маъмун имом Ризо (алайҳис салом)дан қутулишнинг ягона йўли ул ҳазратни қатл этиш деб тушунди. Шунга кўра, имом Ризо (алайҳис салом) номларига валиаҳдлик фармони содир этилганидан бир йил ўтгач, Маъмун ўзининг катта жиноятига, яъни имом Ризо (алайҳис салом)ни қатл этишга қўл урди.

Агарчи имом Ризо (алайҳис салом) ғарибликда шаҳид бўлган бўлсалар-да, аммо инсоният саодати ва ҳидояти учун зарур бўлган Аҳли-Байт (алайҳимус салом)ларнинг Аллоҳ таоло тарафидан ато этилган нурафшон ҳидоят нури сўнмади. Ул ҳазратдан инсонларга боқий қолган маънавий ганжина ва қимматли мерос бу – инсонларнинг парҳизкорликларидир.

Бу борада имом Ризо (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадислардан бирида Парвардигори оламнинг солиҳ бандаларининг беш хислатлари баён этилган. Ушбу тавсиялар эса ҳар биримиз учун ҳидоят чироғи бўлиши лозим.

Солиҳ бандаларнинг биринчи хислати имом Ризо (алайҳис салом) каломларида қуйидагича айтилган; агар улар бирор эзгу ишни амалга оширсалар, бу ишни бажарганларидан хурсанд бўлишади.

Ривоятларда айтилишича, бир шахс Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) олдиларига келиб: «Мен илмни ўзимда сир тутиб ошкор қилмайман ва бошқалар ундан огоҳ бўлишларини ёқтирмайман. Аммо улар тасодифан ёки кутилмаганда хабардор бўлишади. Мен эса халқнинг хабардор бўлишларидан хурсанд бўламан» деб айтади.

Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унга шундай буюрадилар: «Сен учун икки мукофот ато этилади. Сир сақлаш мукофоти ва ошкор этиш мукофоти. Агар бу хурсанд бўлишинг риёкорлик юзасидан бўлса, ботил бир амалдир. Аммо ушбу яхши амал ошкор бўлмай қолиши ҳам мумкин. Аммо эзгу амаллар қилувчи инсонларнинг хурсандлиги Аллоҳ таолонинг ризолигини касб этиш учундир. Демак, ушбу хурсандлик на риё қилиш ва на такаббур қилишдир. Балки бир руҳий ва маънавий ҳолатдирким, эзгу амалларни бажариш ва Аллоҳ таолога яқинлашишдан кейин вужудга келади.»

Парвардигорнинг яхши бандаларининг иккинчи хислати имом Ризо (алайҳис салом) каломларида шундан иборат; бирор ёмон ишга қўл урганларида, Парвардигордан кечирим сўраб тавба қиладилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай буюради: «У тақводор зотлар) қачонки бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини кечиришини сўрайдиган, ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур,- билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир.»

Намуна тафсирида ушбу оятнинг тафсирида шундай келтирилади; бу оятда фойдаланилган таъбирлардан шундай маъно келиб чиқадики, Аллоҳ таолони ёдга олган инсон гуноҳ содир этмайди. Аллоҳни эсидан чиқарганида ва унинг бор вужуди ғафлатда қолганида фақат гуноҳ содир этади. Аммо бу унутувчанлик ва ғафлат парҳизкор инсонларда кўп давом этмайди. Чунки, улар зудлик билан Аллоҳнинг ёдига тушишади. Улар Аллоҳ таолодан бошқа паноҳгоҳ йуқлигини ҳис этишади. Ва ўз гуноҳларини кечиришини фақат Ундангина сўрайдилар.

Имом Ризо (алайҳис салом) нуқтаи назарларидан солиҳ бандаларнинг учинчи хислати шулким, бирон-бир неъмат уларга ато этилса, миннатдор бўлиб шукр қилишади.

Дарҳақиқат, шукрона қиладиган бандалар шундай инсонлар бўлишадики, тилларидан Яратувчига шукрона айтиш тушмайди. Бундай инсонлар қалб иймонлари билан бу оламдаги ҳар бир неъмат Аллоҳ таоло тарафидан Унинг раҳмати ва лутфу марҳамати билан бандаларига ато этилади – деб билишади.

Share

Check Also

Имом Ризо (а) таваллудларига бағишланган махсус лавҳа

Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби билан зулқаъда ойининг ўн биринчи куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.