Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а.с) арбаини (қирқи) ҳақида қисқача маълумот

Имом Ҳусайн (а.с) арбаини (қирқи) ҳақида қисқача маълумот

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

asrashoraОшуро ҳодисасига қирқ кун ўтди. Ошуро кунидаги қонли ҳаракат, найзалар учида кесилган бошлар, таҳқирланган ёш болалар, чодирларга ўт қўйиб ёқиб юборилиши, номардларнинг разилларча қилган шиддатли хатти-ҳаракати ва сиқувидан аёллар ва болаларнинг яримта жон бўлишлари билан қирқ кун ўтди. Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қайғуга ботган фарзандлари кўчаларда ва хиёбонларда кўкарган малҳамсиз жароҳатли ҳолда хароба жойларда ўтказишди. Ёвуз шахсларнинг Сарвар олам хонадонлари аҳлига бундай оғир кунларни келтиришдан мақсад шу эдики, гўё улар ҳақиқатнинг хор бўлишини Язидга кўрсатмоқчи бўлишди. Аммо Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ва имом Сажжод (алайҳис салом)нинг шижоат ва матонати Язиднинг шум режасини барбод этди. Шу боис, ҳозирга қадар бу ҳайратли тарихнинг абадий ғалабаси шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)га таалуқли бўлиб қолмоқда.

Шубҳасиз, Аҳли-Байт икки қимматбаҳо гавҳарнинг бири бўлиб, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умматининг дахлсизлиги, уларнинг диндан юз ўгирмасликлари ва тўғри йўлдан оғишмасликлари учун уларга ушбу ҳақиқатни эслатиб шундай марҳамат қилгандилар: Мен сизларга икки қимматли нарсани боқий қолдираман. Агар буларни маҳкам ушласангиз, ҳеч қачон гумроҳ бўлмайсизлар. Булар Аллоҳнинг китоби ва хонадоним аҳли, яъни Аҳли-Байтимдир. Шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатининг яловбардори (байроғини кўтариб юрувчиси) бўлмиш ҳазрати Аббос бин Али (алайҳис салом)нинг кесилган қўли қалам бўлиб ерга тушди ва Аҳли-Байтнинг кўз олдида ҳазрат имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг муборак кесилган бошларини найзага сўқишди. Язид ва унинг гумашталари бу икки гавҳарнинг бири бўлмиш Сарвари коинотнинг Аҳли-Байтларини мусулмонлардан ториб олиб, шу йўсинда бошқа гавҳарни, яъни Қуръони Каримни ҳам ўз фойдалари учун тўғри йўлдан адаштириш мақсадида қўллаш мумкин, деб тасаввур қилишарди.

Лекин Аллоҳ таолонинг иродаси уларнинг режасига зид ва қарама-қарши эди. Парвардигори олам имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қони доимо мусулмонларнинг қон томирида ҳақиқий қайнаб туришини ирода қилди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) арбаини, яъни имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлган кунларининг қирқинчи куни маросими ўтказилишининг обрў-эътибори ва нуфузи азалдан ислом динининг шиа мазҳабидаги мусулмонлар орасида ҳамда тарихий тақвимда имом Ҳусайн (алайҳис салом) вафодорлари томонидан эътироф этилган. Ушбу куннинг эътиборига биноан, Аҳли-Байтни яхши кўрувчилар имом Ҳусайн (алайҳис салом) арбайинига шунчалик эҳтиром билан қарашадики, ҳатто ҳар қандай хавф-хатар бўлса ҳам, ушбу маросимни ўтказиш учун дунёнинг бутун ўлкаларидан Карбалога йўл олишади. Ушбу суннат ҳозирги кунгача таҳдид қилиб турадиган ҳар қандай хатарларга қарамай, Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий каби имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабрини зиёрат қилиш учун Карбало заминига бориш давом этмоқда.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг арбаин маросимини ўтказиш Аҳли-Байт издошлари орасида мустаҳкам суннат бўлиб қолган, шунинг учун, ҳозирги кунга қадар ушбу суннат Ироқда жорий этилиб келмоқда. Ушбу суннатни жорий этишда шу нарсанинг гувоҳи бўламизки, ер юзидан миллионлаб мусулмонлар арбаин кунида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабрларини зиёрат қилиш учун тўпланишади. Бундан мақсад имом Хусайн (алайҳис салом)нинг йўлини давом эттиришда бардавом, букилмас ва мустаҳкам эканликларини изҳор қилиш, ул ҳазратнинг пешволиги остида золимларга таслим бўлмаслик ҳамда бу йўлда ўз жонларини ҳам аямасликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг олим саҳобаларидан бўлмиш Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий Карбалонинг биринчи зиёратчиларидан бўлиб, арбаин кунида кўзи ожиз бўлишига қарамай, донишманд ва Қуръон муфассири Атийя бин Саъд Куфий ҳамроҳлигида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабрини зиёрат қилишга келади. Атийянинг ривоят қилишича, Жобир билан имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабрини зиёрат қилиш мақсадида Карбалога етиб борганимизда, Жобир менга имом Ҳусайн (алайҳис салом) қабрининг олдига мени олиб боргин деди. Шунда Жобир ўзини қабрнинг устига ташлайди-да, ҳушидан кетиб қолди. Мен бироз сув олиб келиб унинг юзига сепдим. Шунда ҳушига келиб уч маротаба: ё Ҳусайн деди, сўнгра эса эй Ҳусайн нима учун менга жавоб бермайсан, дея ноласини давом эттириб: чунки, сенинг жон томирингни кесишди ва бошингни танангдан жудо қилишди, деди. Гувоҳлик бераманки, сен хотамул анбиё (сўнгги пайғамбар)нинг фарзанди ва мўъминларнинг саййидисан. Сенга саломлар бўлсин, Аллоҳнинг ризвон жаннати сенга бўлсин.

Бундан ташқари, мусулмонларнинг қадимий диний манбаларида имом Ҳусайн (алайҳис салом) зиёратлари «Арбаин» кунида эслатиб ўтилган. Бу кун ҳақидаги энг муҳим ва диққатга сазовор ҳужжат имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)дан нақл қилинган ҳадисдир.

Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) ушбу ҳадисда шундай марҳамат қилганлар:

«Беш нарса мўминнинг нишонасидир: бир кеча-кундузда 51 ракъат намоз ўқиш, бундан 17 ракъати фарз, 34 ракъати эса нафл намозлардир. Арбаин зиёратини бажариш, узукни ўнг қўлга тақиш, сажда қилганда манглайни тупроққа тегизиш ва намозда «Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм»ни баланд овоз билан айтишдир

Бошқа бир ҳадисда ҳам кимки, ушбу кунда Карбалога келолмаса, узоқ масофада бўлса ҳам Карбало зиёратининг дуоларини ўқиши тавсия этилган. Ислом таълимотида Ошуронинг аҳамияти зулмга қарши туриш маданияти эканлиги айтилган бўлиб, ушбу ҳақиқатни арбаин кунида шукуҳ ва шаҳоматли намойиш этиш улкан бир суннатга айланган. Ошуродан арбаингача қирқ кун бор ва ушбу қирқ кун ичида Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) отаси Али (алайҳис салом)дек шижоат ва донолик билан ғалаба орзуларини Язидга ҳаром қилди ва Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари байроғини шундай маҳкам кўтардики, ҳозиргача ифтихор билан ҳилпираб турибди. Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) қонли Ошурони кўз ёшли арбаингача имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳақлигини ва мазлумлигини баланд овоз билан фарёд этиб, ҳаммага билдирди. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг оташин хутбаси нотинч асрлардан бери барча золимларнинг саройини, уларнинг подшолик тахтини тебратди ва ҳозиргача тебратиб келмоқда. Ҳамда ҳақиқатни талаб қилувчи миллионлаб инсонларни дунёнинг бутун ўлкаларидан Карбало заминига тўпланиш учун замин яратди.

Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг ўзига хос юксак хусусиятлари ва улкан фазилатлари ваҳий хонадонида тарбия топганининг самараси бўлиб, Ошуро ҳаракатининг самарали якунланиши учун улкан хизмат кўрсатди. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)нинг Ислом учун қилган энг катта хизмати Ошуро воқеасидан сўнг, асирлар ёнида туриб уларга қараш ва имом Сажжод (алайҳис салом)ни жонини хавф-хатарлардан сақлаб қолиш ҳамда имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатини сабр-тоқат ва улкан заҳматлар билан якуний ғалабага етказишда эди. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) салобат, устиворлик ва қатъият билан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг динида ва Карбало ҳаракатида юзага келиши мумкин бўлган оғишнинг олдини олиб улкан муваффақият қозонди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.