Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Ислом Инқилоби Раҳбарининг Ғарб мамлакатлари ёшларига йўллаган иккинчи мактуби

Ислом Инқилоби Раҳбарининг Ғарб мамлакатлари ёшларига йўллаган иккинчи мактуби

rabari name-2Ислом Инқилоби Раҳбарининг Ғарб мамлакатлари ёшларига йўллаган иккинчи мактубининг тўлиқ матни

Ислом инқилоби раҳбари ўзининг ғарблик ёшларга йўллаган иккинчи мактубида улардан кўнгилсиз воқеалардан тўғри хулоса чиқариб ислом дунёси билан шарафли ва ижобий муносабатлар кўрсатишларини истадилар.

Ислом инқилоби раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратларининг Ғарб мамлакатларидаги ёшлар оммасига йўллаган мактубининг тўлиқ матни қуйидагича баён этилган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ғарб мамлакатларидаги ёшлар оммасига:

Францияда нодон ва кўр террорчи оқимлар томонидан содир этилган аянчли ва мудҳиш ҳодиса яна бир бор мени сизлар билан суҳбат қилишга ундади. Шундай воқеалар ортидан сизлар билан суҳбатлашишим мен учун афсусланарлидир, аммо воқелик шундаки, агар дардли ҳодисалар ҳамфикр бўлишда мулоҳаза ва чуқур ўйлаш учун замин яратмас экан, бундай ҳолат бир неча зарарга айланади. Бир инсоннинг қайғуси дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ўз ўзидан бошқа инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиб уни ҳам ғам-қайғуга солади. Гўдакларнинг ўз азизларининг кўз ўнгида жон беришлари, оналарнинг шод ва қувноқ хонадонларини аза ва мотамга айлантиради. Эрлар ўз аёлларининг жонсиз таналарини шоша-пиша қаергадир олиб боришлари ёки бўлмасам бундай ҳолатни кузатиб турганлар ҳаётнинг сўнги лаҳзаларида нималар бўлишини билмайдилар. Бундай манзара эса инсоний ҳис-туйғуларни янада жўшқинлантиради. Шундай мудҳиш воқеа-ҳодисалар Францияда содир этиладими ёки бўлмасам, Фаластин, Ироқ, Ливан, Сурияда рўй беришидан қатъий назар кимки, инсонийлик туйғуларидан ва муҳаббатдан баҳраманд бўлса, ушбу саҳналарни кўриб таъсирланади ва ўксинади. Шубҳасизки, ер юзидаги бир ярим миллиард мусулмонларда ушбу ҳиссиётлар мавжуд бўлиб, ушбу фожианинг сабабчиларидан ва омилларидан безор бўлган ҳолда жирканишади ва нафратланишади. Бироқ масала шундаки, бугунги ранж ва озорлардан тўғри хулоса чиқариб эртанги кун ва келажак учун яхшироқ ва хавфсизроқ замин яратилмас экан, бугунги кунда алам ва оғриқлар фақат самарасиз ва аччиқ хотираларга айланади, холос. Мен шунга аминманки, бугунги нохуш ва кўнгилсиз ҳодисалардан фақат сиз ёшлар ибрат ва дарс олишга қодирсиз. Сиз ёшлар келажак ҳаёт учун янги йўл топинглар ва четлаб ўтиб бўлмайдиган тўғон каби мустаҳкам бўлинглар. Негаки, Ғарбнинг бошига тушаётган бугунги кўргиликларни фақат сизларгина бартараф эта оласизлар, холос.

 Тўғри, бугунги кундаги терроризм биз ва сизларнинг муштарак дардимиз ҳисобланади, лекин шу нарсани билишингиз лозимки, сизлар яқинда содир этилган ҳодисалар натижасида бошдан ўтказаётган нотинчликлар ва безовталиклар билан Ироқ, Яман, Сурия ва Афғонистон халқларининг узоқ йиллардан буён бошдан кечираётган ранж ва машаққатлари ўртасида иккита асосий фарқи бор. Биринчиси, ислом олами катта ҳажмда ва ўта кенг кўламда ҳамда узоқ муддат давомида мудҳиш воқеалар ва зўравонликлар қурбони бўлган. Иккинчиси эса афсуски, ушбу зўравонликлар ҳар доим айрим қудратли давлатлар томонидан турли усуллар ва ўта таъсирли шаклда ҳимоя қилинмоқда. Айни пайтда, Америка қўшма штатларининг ал-Қоида, Толибон гуруҳлари ва уларнинг давомчиларини ташкил этиш ёки бўлмасам уларни қуроллантириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнаётгани барчага аён бўлган. Ушбу бевосита дастаклаш билан бирга, такфирчи (кофирга чиқарувчи) терроризмнинг ошкора ва танилган ҳимоячилари, гарчи ўта қолоқ сиёсий тузумга эга бўлсалар-да, Ғарб иттифоқчиларининг сафидан жой олишди. Бунинг ортидан эса, минтақадаги демократиядан келиб чиққан энг илғор ва ойдин ғоялар шафқатсизларча бостирилмоқда. Ғарбнинг ислом дунёсидаги уйғониш ҳаракатлари билан икки ёқлама муносабат билдириши бу – Ғарб сиёсатидаги қарама-қаршилик ва зиддият намунасидир.

Ушбу қарама-қаршилик ҳаракатларни терроризмга асосланган Исроил давлатини ҳимоя қилишда кўриш мумкин. Фаластиннинг мазлум халқи олтмиш йилдан ортиқ терроризмнинг энг ёмон турини бошдан ўтказиб келмоқда. Агар европаликлар бугунги кунда ўз уйларига паноҳ тортиб бир неча кунлаб ташқарига чиқмай, жамоатчилик ҳамда гавжум марказларга чиқишмаётган бўлса, фаластинликлар эса ҳатто ўз уйларида ҳам ўн йиллар мобайнида Сионистик режимнинг вайронакор ва қирғин келтирувчи машиналарининг тажовузидан омонда эмаслар. Бугунги кунда қайси зўравонликни Сионистик режим томонидан ваҳшийларча ва шафқатсизларча қурилаётган шаҳарчалар билан солиштириш мумкин? Ҳар куни фаластинликларнинг уйларини, боғларини ва экинзорларини бузиб, вайрон қиладиган Сионистик режим ҳеч қачон ўзининг нуфузли иттифоқчилари ёки юзаки мустақил кўринадиган халқаро муассасалар томонидан жиддий тарзда ва таъсирли танқид остига олинмайди ёки танбеҳ берилмайди. Сионистик режим ҳатто фаластинликларга ҳаётий асбоб-анжомлар ва ускуналарни олиб кўчириш ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб олиш учун имкон беришмайди. Бу ҳолатларнинг барчаси кўпинча ваҳимали ҳолатга тушиб қолиб кўз ёшлари тўкилаётган гўдаклар ҳамда аёллар кўз ўнгида рўй беради. Бу аёлар ва гўдаклар ўз хонадон аъзоларининг калтакланиб турганларини ва уларга етказилаётган жароҳатларни ҳамда уларни ўта даҳшатли қийноқларга соладиган жойларга олиб боришларига гувоҳи бўлишади. Бугунги замонда бундан бошқача аёвсизлик, бағритошлик ва шавқатсизликни ушбу ҳажм ва кўламда ҳамда мунтазам тарзда давом этадиган кўринишини кўрганмисиз? Хиёбонда аёл ва қизларни тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбийларга эътироз билдирганлик айби билан ўққа тутишлари, агар терроризм бўлмаса унда нима деса бўлади? Ушбу ёвузлик ишғолгар давлатнинг ҳарбий кучлари томонидан амалга оширилаётгани боис, экстремизм деб номламаслик керакми? Ёки эҳтимол ушбу саҳналар олтмиш йилдан бери телевидения орқали такрорланиб намойиш этилиши сабабли бошқа бизнинг виждонимизни қийнамаслиги керакми?

Охирги йилларда ислом оламига қарата ҳарбий юришларни амалга ошириш кўпларнинг қурбон бўлиши олиб келди, бу ҳам бўлса Ғарб мантиғидаги зиддиятларнинг яна бир намунасидир. Ҳужумга учраган мамлакатлар инсоний талафотлардан ташқари иқтисодий ва саноат инфратузилмаларини ҳам қўлдан бой беришди. Ушбу юртларнинг тараққиёт ва ривожланиш сари ҳаракатлари тўхтаб қолди ёки бениҳоят даражада секинлашиб қолди. Бунинг ортидан эса ушбу мамлакатларнинг ҳозирги шароити ўн йиллаб орқага қайтди. Шуларнинг барчасига қарамай, яна сурбетларча улардан ўзларини жабр кўрмаган ва хўрланмаган деб билишлари талаб қилинади. Қандай қилиб шаҳару қишлоқлари вайронага ва хароба айланган мамлакатни зулм ва жабр кўрмаган деб аташ мумкин?! Яна уларга марҳамат қилиб ўзларингизни жабрланган деб билманглар, деб айтишларига нима дейиш мумкин? Балки, ушбу фожиаларни одамларнинг хотирасидан бутунлай чиқаришга ва униттиришга ҳаракат қилиш ўрнига ёки тушунмасликка чорлаш ўрнига улардан самимий узр сўраш яхши эмасми?! Ислом дунёси сўнги йилларда ҳужумкорларнинг иккиюзламачилиги ва ўзини яхши қилиб кўрсатишидан чеккан азоб-уқубати моддий зарарлардан оз эмас.

Азиз ёшлар! Мен умид қиламанки, сизлар бугунги ёки келгусида макр-ҳийлага ботган онгларни ўзгартирасизлар. Зеро, бундай онгларнинг иши узоқни кўзлаган масадларни пинҳон этиш ҳамда зиён етказадиган ғаразли мақсадларни эса чиройли қилиб кўрсатишдир. Менимча, тинч ва осуда ҳаёт кечириш учун хавфсизликни таъминлашнинг биринчи босқичида ушбу зўравон ғояларни ислоҳ этиб тузатиш керак. Токи, Ғарб сиёсатларида икки ёқлама меъёрлар ҳукмрон бўлар экан ва токи терроризм ўзининг қудратли хомийлари нуқтаи назарида яхши ва ёмон тоифага тақсимланар экан ҳамда давлатлар манфаатлари инсоний ва ахлоқий қадриятлардан устун қўйилар экан, зўравонликларнинг илдизини бошқа жойлардан қидиришга ҳожат қолмайди.

Афсуским, ушбу илдизлар узоқ йиллар давомида аста-секинлик билан Ғарбнинг маданий сиёсатларида ҳам чуқур илдиз отди. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ўзларининг маҳаллий ва миллий маданиятлари билан фахрланишади. Ушбу маданиятлар инсоният жамиятининг юз йиллар давомидаги ўсиш ва юксалишларни ўз ичига сингдириб келган. Ислом олами ҳам ушбу ишлардан истисно бўлмаган. Бироқ, ҳозирги замонда Ғарб дунёси жаҳон цивилизациясини ўхшатиш ва уйғунлаштиришда илғор воситаларни қўллаш билан қатъият кўрсатмоқда. Мен Ғарб маданиятини бошқа халқларга мажбурий сингдиришни ва мустақил маданиятларни арзимас деб ҳисоблашни кўплаб зарар етказувчи ва тинч ҳолдаги бир зўравонлик деб биламан. Юксак маданиятларни камситиш ва ушбу маданиятларнинг муқаддас саналадиган соҳаларини таҳқирлаш ҳаракатлари шундай бир ҳолда юз бермоқдаки, мажбуран сингдирилаётган маданият сира бошқа маданиятларнинг ўрнини боса оладиган имкониятларга эга эмас. Мисол тариқасида, афсуским, Ғарб маданиятининг асосий қисмига айланишга улгурган қўполлик ва ахлоқий бузуқлик унсурларининг мақбул бўлиши ва мавқеи ҳатто ўзининг пайдо бўлган жойида ҳам таназзулга юз тутди. Савол шундаки, агар биз жангари, тутуриқсиз ва бемаъни маданиятни хохламасак, гуноҳкор бўламизми? Агар-да, бизнинг ёшларга қаратилган вайронагарчиликларни келтириб чиқарувчи ва бузғунчиликни кўзда тутган санъатлаштирилган маҳсулотлар кўринишидаги фаолиятларга монелик қилсак, унда биз айбдор бўламизми? Мен маданий алоқалар ва боғлиқликларнинг аҳамияти ва қадр-қимматини инкор этмайман. Ушбу боғлиқликлар ҳар қачон табиий шароитда ва эҳтиром билан қабул қилувчи жамиятга қарата амалга оширилса, юксалиш ва тараққиёт ва бойликни ўзи билан олиб келган. Бунинг акси ўлароқ, номутаносиб ва мажбурий алоқа ва боғлиқликлар муваффақиятсиз ва зарарлидир. Ўта афсусланарли ҳолатда шуни айтишим керакки, ИШИД сингари ярамас ва жирканч гуруҳлар четдан кириб келган маданиятларнинг муваффақиятсиз натижасидир. Агар муаммо ҳақиқатдан ҳам ақидага боғлиқ бўлганда эди, мустамлакачилик асридан олдин ушбу воқеаларга ўхшашлари ислом оламида кузатилган бўларди. Ҳолбуки, тарих бунинг аксига гувоҳлик беради. Қатъий ва аниқ тарихий ҳужжатлар мустамлакачилар бир бадавий қабилалар орасида бир экстремистик тафаккурдан қай тарзда фойдаланиб ушбу минтақада экстремист оқимларнинг уруғини экишганини очиқ-ойдин кўрсатади. Акс ҳолда қандайига ўзининг асосий матнида бир инсоннинг жонини олишни бутун башариятни ўлдиришдек деб биладиган ахлоқ ва инсонийликнинг энг юксак ғояларини ўз ичига қамраб олган жаҳон динларининг биридан ИШИД каби бир ахлат гуруҳ юзага келиши мумкин?

Бошқа томондан эса, яна бир савол бериш ўринлики, Европада туғилиб ўша муҳитдаги тафаккур ва руҳият билан улғайганлар нега ушбу гуруҳларга қўшилишмоқда? Жанг минтақаларига бир-икки марта сафар қилган кишилар тўсатдан шу даражада экстремистга айланиб қолиб ўз юртдошларини ўққа тутиб ўлдиришдан ҳам қайтмасликларига қандай қилиб ишониш мумкин? Шак-шубҳасиз, булғанган ва зўравонлик тўратувчи муҳитда носоғлом маданият билан озиқланишнинг салбий таъсирини унитмаслик лозим. Бу борада кенг кўламли таҳлил этиб, жамиятдаги бузуқликлар ва тубанликларни ҳар томонлама ва кенг қамровли ўрганиб чиқмоқ лозим. Балким, саноат ва иқтисодиётнинг гуллаб яшнаш йиллари давомида тенгсизликлар, баъзан қонуний ва таркибий айирмачиликлар натижасида Ғарб жамиятларининг ички қатламларида пайдо бўлган чуқур нафратланишлар айрим ғояларни юзага келтирган ва ҳар неча вақт бемор ҳолда кўрина бошлайди.

Ҳар ҳолда, ўз жамиятларингиздаги зоҳирий қатламларни сизлар очишларингиз керак ва гина-адоватларни ҳамда чигалликларни топиб уларни бартараф этинглар. Ўртадаги келишмовчиликлар ва низоларни чуқурлаштириш ўрнига тузатмоқ даркор. Терроризмга қарши курашишдаги катта хатолардан бири шошқалоқлик билан муносабат билдириш бўлиб, бунинг ортидан эса мавжуд тарқоқликлар ва ихтилофлар янада авж олади. Ҳар бир ҳаяжонли ва шошилинч ҳолдаги хатти-ҳаракатлар миллионлаб масъулиятли ва фаол инсонлардан ташкил топган Америка ва Европада истиқомат қилувчи мусулмонлар жамиятини изтиробга солади ёки қўрқинчга тушиб яккаланиб қолишларига олиб келади ҳамда илгаридан кўпроқ уларни ўзларининг табиий ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этиб, уларнинг жамоатчилик ишларида ўз ҳиссаларини қўшишларига ҳам тўсқинликлар яратади. Ва бу ҳолат эса, нафақат мушкул ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмайди, балки нохушликлар ва кўнгилсизликларни янада кўпайтиради. Юзаки ва аксилҳаракат чора-тадбирлар агар қонуний эътиборни касб этса, унда мавжуд қутбларга бўлинишни ошириш билан келажакдаги бўҳронлар сари йўл очишдан ўзга наф бермагай. Қўлга киритилган маълумотларга кўра, Европанинг айрим давлатларида ўз фуқароларини мусулмонларга қарши жосуслик қилишга ундайдиган қонунлар қабул қилинган. Ушбу ҳатти-ҳаракатлар ва чоралар золимона бўлиб, ҳаммага аёнки, истар-истамас зулм ўз эгасига қайтиши муқаррар. Бундан ташқари, мусулмонлар бундай оёқ ости қилинишликларга лойиқ эмаслар. Ғарб дунёси узоқ асрлардан буён мусулмонларни яхши танийди. Ғарбликлар ислом ерларида меҳмон бўлиб, уй эгасининг мол-давлатига кўз олайтирганларида ҳам, мезбон бўлиб мусулмонларнинг иши-ю фикридан баҳраманд бўлганларида ҳам мусулмонлардан кўпинча меҳрибонлик ва сабрлиликдан бошқа нарсани кўришмади. Шунга биноан, мен сиз ёшлардан теран ва соғлом фикр юритиш билан тўғри тушунча ҳосил қилиб кўнгилсиз тажрибалардан фойдаланиб, ислом олами билан шарафли ва соғлом бир муносабат асосларини барпо этишларингизни истайман. Ушбу ҳолдагина, унча узоқ бўлмаган келажакда мана шундай мустаҳкам пойдевор устидан сиз қурган бино ишонч ва эътимод соясини ўз қурувчиларининг бошига ёя бошлайди ҳамда хавфсизлик ва осойишталикни уларга ҳадя этади ва ёруғ келажакка бўлган умид ёғдусини дунё бўйлаб соча бошлайди.

Саййид Али Хоманаий

Ҳижрий шамсий 1394 – йил, 8 – озар ойи

Мелодий ҳисоб билан 2015 – йил, 29 – ноябр

Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.