Home / Савол-жавоблар / Мусулмон эркак християн ва яҳудий аёллар билан ҳам вақтинчалик никоҳ қилса бўладими?

Мусулмон эркак християн ва яҳудий аёллар билан ҳам вақтинчалик никоҳ қилса бўладими?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Бир мусулмон эркак мусулмон бўлмаган аёл билан уйланиши ва никоҳ қилиши жоизлиги ёки жоиз эмаслиги тўғрисида қуйидагича баҳс юритилган. Агар ўша мусулмон бўлмаган аёл аҳли китобга мансуб бўлмаса, яъни насроний ёки яҳудий бўлмаса, балки бутларга сиғинувчи мушрик ёки Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайдиган атеист ва худосиз бир шахс бўлса, у ҳолда бундай аёлни никоҳга олиб, у билан уйланиш мусулмон эркакка мутлақо жоиз эмас ва бу борада бутун мусулмонлар, Аҳли-Байт мазҳаби тарафдорлари ва Аҳли суннатнинг барчаси бир эътиқодга эгадирлар. Шунингдек, мусулмон аёл ҳам бундай дунёқарашга эга бўлган эркакка турмушга чиқа олмайди. Бироқ агар бирор тараф [аёл ёки эркак] аҳли китоб [християн ёки яҳудий] бўлса, у ҳолда уйланиш ва никоҳ масаласи бошқача тус олади.

Бу борада Аҳли-Байт мазҳаби уламолари билан аҳли суннат уламолари ўртасида ихтилоф мавжуд. Аҳли суннат мазҳабига мансуб уламолар бир мусулмон эркак аҳли китобдан бўлган аёл, яъни християн ва яҳудий аёл билан уйланишни жоиз ва мумкин деб биладилар. Улар вақтинчалик никоҳни қабул қилмаганлари ва никоҳ уларнинг наздида фақатгина доимий бўлгани сабаб, улар мусулмон эркакнинг аҳли китобдан бўлган аёлни ўз никоҳига олиб, у билан уйланиши жоиз деганда, фақатгина доимий никоҳни назарда тутадилар. Аммо Аҳли-Байт мазҳаби уламолари християн ва яҳудий аёллар билан доимий уйланишни жоиз ва саҳиҳ деб билмайдилар. Лекин улар билан вақтинча никоҳ қилишни жоиз ва саҳиҳ деб билганлар. Бунинг акси ўлароқ, мусулмон аёл аҳли китобдан бўлган християн ва яҳудий эркак билан мутлақо никоҳ қила олмайди, хоҳ муваққат никоҳ бўлсин ёки доимий никоҳ бўлсин, ҳеч бири жоиз ва мумкин эмас.[1] Бу масалада ислом уламолари ўртасида ҳеч қандай ихтилоф мавжуд эмас.

Ўтмишда турли миллат ва элатлар умр йўлдоши танлашда қаттиқ туриб амалга оширган масалалардан бири танлаётган умр йўлдоши эътиқодий ва дунёқараш нуқтаи назардан соғлом ва тўғри йўлда бўлмоғи бўлган. Уларнинг эътиқодига кўра, ота ва онанинг жисмоний соғломлиги боланинг жисмоний соғломлигига таъсир қилганидек, уларнинг руҳий, ахлоқий ва эътиқодий саломатлиги ҳам боланинг бахт-иқболи ва саодатига ўз таъсирини ўтказади. Шунинг учун, инсонлар қадимдан диндош бўлмаган шахслар билан турмуш қуришдан сақланганлар. Шунга биноан, эътиқодда зид бўлганлар билан никоҳ қилишдан қайтармоқ фақатгина ислом динига хос бўлмай, балки бошқа динларда ҳам эътиқодда ёт-бегона бўлганлар билан турмуш қуришдан қайтарилган.

Ўз издошларини ёт-бегоналар билан никоҳ қилишдан қаттиқ қайтарган динлардан бири яҳуд динидир. Тавротнинг турли ўринларида яҳудийлар ўзга диндагилар билан уйланиш ва турмуш қуришдан қаттиқ ман этилиб, бу иш катта гуноҳлардан экани уқтирилган. Ғайридиндагилар билан никоҳ қилишни тақиқлашдан мақсад яҳуд динига эътиқод қилувчиларнинг иймони ва эътиқодини муҳофаза этиш ёки яҳудийлик ирқи ва миллатини сақлаб қолиш бўлган.

Шунингдек, насроний ва мажусий [оташпараст] динларида ҳам ўзга диндагилар билан уйланиш ва турмуш қуриш тақиқланган. Ислом динида эса муайян ўринларда ғайридинда бўлган шахслар билан никоҳ қилиш ва уйланишга чеклов қуйилгани ирқчилик, айримчилик ва ўзни афзал кўришга асосланмаган, балки мусулмонларнинг тавҳид ва яккахудоликка асосланган эътиқодини муҳофаза этиш ҳамда уларни ахлоқий бузуқликлардан сақлаб қолиб, мустаҳкам оила пойдеворини яратиш кўзда тутилган.

Юқорида ишора этилганидек, ислом фақиҳларининг назарларига кўра, мусулмон эркакларга яҳудий ва християн аёллар билан уйланиш ва никоҳ қилиш илк қоидага биноан жоиз ва мумкин бўлса-да, бироқ, Аҳли-Байт мазҳабининг мужтаҳидлари эса мусулмон эркакларга аҳли китобдан бўлган яҳудий ва насроний аёллар билан фақатгина вақтинчалик уйланиш ва никоҳ қилишни жоиз ва мумкин деб билганлар, доимий никоҳни эмас. Аммо Аҳли-Байт мазҳаби ва аҳли суннатдан иборат ислом уламоларининг барчаси мусулмон эркакка мушрик, бутпараст, худосиз ва динсиз аёллар билан уйланиш ва уларни никоҳ қилишни ҳаром деб билганлар, хоҳ муваққат никоҳ бўлсин ёки доимий никоҳ бўлсин, фарқ қилмайди.

Аммо мусулмон аёллар мусулмон бўлмаган эркаклар билан турмуш қуришлари Аҳли-Байт мазҳаби фақиҳларининг назарига кўра, жоиз эмас ва бундай никоҳни ҳаром деб уқтирганлар. Бу борада мусулмон бўлмаган эркак аҳли китоб ёки мушрик ва бутпараст бўлиши ҳукмда ҳеч бир таъсирга эга эмас, балки ўша эркак хоҳ аҳли китоб бўлсин ёки мушрик ва бутпараст бўлсин, ҳар икки ҳолда бундай эркак билан турмуш қуриш мусулмон аёлга жоиз ва мумкин эмас. Ушбу ҳукм Қуръони Каримнинг қуйидаги оятидан тушунилади:

﴿وَلَا تَنكِحُوا الْمُشْرِ‌كَاتِ حَتَّىٰ يُؤْمِنَّ ۚ وَلَأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ‌ مِّن مُّشْرِ‌كَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ ۗ وَلَا تُنكِحُوا الْمُشْرِ‌كِينَ حَتَّىٰ يُؤْمِنُوا ۚ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ‌ مِّن مُّشْرِ‌كٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ ۗ أُولَـٰئِكَ يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ‌ ۖ وَاللَّـهُ يَدْعُو إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَ‌ةِ بِإِذْنِهِ ۖ وَيُبَيِّنُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُ‌ونَ﴾

«Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан, гарчи у сизларга ёқса-да, мўмина чўри яхшироқдир. Ва мушрик эркаклар иймонга келмагунларича, уларга [қизларингизни] никоҳлаб берманглар. Шубҳасиз, озод мушрикдан, гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар [мушриклар] дўзах ўтига чақирадилар. Аллоҳ эса Ўз изни билан жаннат ва мағфиратга чақиради ҳамда одамларга, шоядки, улар эслатма олсалар, деб Ўз оятларини баён қилади». (Бақара сураси, 221-оят)

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда аҳли китоб ёки мушрик ва бутпараст бўлган ғайримусулмон эркакка турмушга чиқиш муслимага ҳаром қилинганлигининг ҳикмат ва фалсафаси мусулмон инсон ғайримусулмоннинг таъсири остида қолиб, унинг эътиқодий ва ахлоқий йўналишига ёндашиши эканлиги айтилган. Эркакларда бировнинг таъсири остида қолиш аёлларга қараганда озроқ ва заифроқ бўлгани учун мусулмон эркакларга аҳли китобдан бўлган ғайримусулмон аёлларни никоҳлаб олишларига ислом динида рухсат берилган. Махсусан, ислом динининг ҳокимият даврида ғайримусулмонлар заифлашиб қолиб мусулмонлар билан зимма битимини тузган шароитда мусулмон эркакларнинг кофирлар таъсири остида қолиб улар томон ён босишлари жуда оз учрайди. Аммо аёллар кўпинча латофатли ҳиссиёт ва нозик табиатга эга бўлганлари сабаб бошқанинг дунёқараши ва ғоясидан таассурот оладилар. Шунинг учун, муслималарга ўзга диндаги эркаклар билан турмуш қуришлари шариати исломияда мутлақо тақиқланган.[2]

Шайх Садуқ «Илалуш-шаройиъ» китобида нега мусулмон эркаклар эътиқодида заифланган носибий аёлларни никоҳлаб олишлари жоиз экан-у, аммо муслималарга бундай эркаклар билан турмуш қуришлари жоиз ва мумкин эмас эканлиги борасида Зурорадан бир ҳадисни ривоят қилади. Зурора Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис алом)дан ривоят қилган ҳадисда у ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

«Ўз динига шак қилувчи ва иккиланувчи аёллар билан уйланингиз, аммо муслималарни [ислом динига] шак қилувчи эркакларга никоҳлаб бермангиз. Зеро, аёл эридан тарбия олади ва аёлнинг эри менинг динимга киргин деб уни мажбур этади».[3]

Аллома Мажлисий «Биҳорул Анвор» китобида юқоридаги мазмунга ўхшаш ҳадисни қуйидагича ривоят қилади:

«Эътиқоди бўлмаганлардан уйланинглар, аммо эътиқодсизларга қиз берманглар. Зеро, аёллар эркаклардан таъсирланиш ҳолатида бўладилар ва эркаклар аёлларни ўз динларини қабул қилишга мажбур этадилар».[4]

Агар муслималарга ўзга диндаги эркаклар билан турмуш қуриш жоиз эмаслик ҳукмининг фалсафаси юқорида келтирилгандек бўлса, унда бундай хатар таҳдид қилмаслигига ва аёллар эрларини ислом динига мойил қила олишларига ишонч ҳосил қилган ҳолатда ғайридиндаги эркакларга никоҳланишлари жоиз ва бундай никоҳга рухсат этилади, деган шубҳани илгари суриш мумкин. Ушбу шубҳани мустаҳкамлаш учун шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, насронийлар бундай вазиятга ишонч ҳосил қилган шароитда ўз диндош аёлларга ўзга диндаги эркаклар билан турмуш қуришга рухсат этадилар.

Ушбу шубҳага жавобан: Биринчидан, аёл тўғрисида билдирилган фикр фақат унинг турмуш қуришидан олдинги бир тасаввурдир, холос. Аммо у турмушга чиққандан сўнг сезиларсиз ва онгсиз равишда аста-секин таъсир остида қолиб ўзгара бошлайди. Зеро, ҳар ҳолда эркак кишининг аёлга кўрсатадиган таъсирини инкор этиб бўлмайди.

Иккинчидан, аёлнинг ўзга диндаги эркакка турмушга чиқиши ҳаром эканлиги хусусида айтиб ўтилган ҳикмат ва фалсафа ҳукмнинг том сабаби ва омили эмас, чунки, биз билмаган бошқа маслаҳатлар ёки зарарлар ҳам ушбу ҳукмнинг чиқарилишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Ушбу ҳукмнинг далилларидан бири сифатида қуйидаги ояти каримани келтирганлар:

﴿وَلَن يَجْعَلَ اللَّـهُ لِلْكَافِرِ‌ينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا﴾

«Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас». (Нисо сураси, 141-оят)

Айрим фақиҳ ва мужтаҳидлар мусулмон аёлга ўзга диндаги эркак билан турмуш қуриш жоиз ва мумкин эмаслигини истинбот қилишда [қўлга киритишда] ушбу ояти каримага далил сифатида таянганлар. Негаки, мусулмон аёл ғайридиндаги эркакка турмушга чиққанда, мусулмон бўлмаган шахс мусулмоннинг устидан йўл топиб, унга ҳукронлик қилишига олиб келади ва бу эса Қуръон мантиғига зиддир. Бундан ташқари аёл кўпгина анъана ва удумларда эрига тобе бўлмоғи лозим. Шунинг учун ўзга диндаги эркак билан турмуш қурган аёл эрининг кўплаб расм-русум ва удумларига бўйин эгиши лозим бўлади ва оқибат, ғайримусулмоннинг мусулмон устидан ҳукм суриши билан натижаланади.

Айрим замондош ёзувчилар мусулмон аёлнинг кофир эркак билан турмуш қура олмаслигининг сабаби ғайримусулмон шахс ислом дини илоҳий ва самовий дин эканини тан олмаслигида деб билганлар. Бунинг маъноси бирор християн аёл мусулмон эркакка турмушга чиқса, мусулмон оилада унинг дини ва эътиқоди ҳурматга сазовор деб кўрилади. Зеро, эътиқод ва виждон эркинлиги ислом динида қабул қилингани ҳамда Таврот ва Инжил инсонларнинг ҳидоят топиши учун юборилган самовий ва илоҳий китоблар эканлиги исломда қабул этилгани сабаб ушбу илоҳий китобларга эътиқод қилувчи яҳудий ва насронийлар аҳли китоб деб тан олинганлар. Аммо муслима аёл ўзга диндаги бирор эркак билан турмуш қурса, ўша аёл табиий ҳолда насроний ёки яҳудий оилада камситилади. Зеро, християн ва яҳудий динларида эътиқодий ва диний эркинлик қабул қилинмаган ва шунингдек, улар тарафидан ислом дини илоҳий ва самовий дин деб тан олинмаган. Шу сабабдан, насронийлар фақат християнликни, яҳудийлар фақатгина яҳудийликни ва зардуштлар эса фақатгина зардуштийликни нажотбахш ва барҳақ дин деб биладилар.[5] Ушбу далил ҳақиқатга яқинроқ ва мақбул кўринади.

Сўзимиз пировардида мусулмон эркак ва муслима аёл ўзга диндагилар билан никоҳ қилиш қандай ҳукмга эга эканлигини мужтаҳидларимизнинг фатволари асосида кўриб чиқиш фойдадан холи бўлмайди деб ўйлаймиз.

Савол: Бир мусулмон шахснинг аҳли китоб билан доимий ёки вақтинчалик ҳолда уйланиши қандай ҳукмга эга? Ушбу саволнинг ўзи икки қисмга бўлинади;

А. Муслима аёлнинг аҳли китобдан бўлган эркак билан доимий ёки вақтинчалик турмуш қуриши қандай ҳукмга эга?

В. Мусулмон эркакнинг аҳли китобдан бўлган аёл билан доимий ёки вақтинчалик уйланиши қандай ҳукмга эга?

Имом Хумайний (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёл кофир эркакка турмушга чиқиши жоиз эмас, хоҳ доимий шаклда бўлсин ёки вақтинчалик, хоҳ ўша эркак ҳарбий кофир бўлсин ёки китобий [аҳли китобга мансуб] кофир ва шунингдек, фитрий муртад бўлсин ёки миллий муртад бўлсин.

В. Мусулмон эркак аҳли китобдан бўлган насроний ва яҳудий аёл билан уйланиши эҳтиёт юзасидан муваққат [вақтинчалик] шаклда жоиздир, лекин доимий шаклда уйланиши эҳтиёт юзасидан тақиқланади.

Манба: 1. Таҳрирул васила, 2-жилд, 256-бет, ал-қавлу фил-куфри, 1-масала.

  1. Тавзиҳул масоил, 331-бет, 2397-масала.

Оятуллоҳ Хоманаий (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёл кофир эркакка турмушга чиқиши мутлақо жоиз эмас, хоҳ ўша эркак аҳли китоб бўлсин ёки бошқаси [мушрик, бутпараст, динсиз, худосиз] ҳамда никоҳ хоҳ доимий тарзда бўлсин ёки вақтинчалик.

В. Мусулмон эркак аҳли китобдан бўлган насроний ва яҳудий аёл билан вақтинчалик уйланиши жоиздир, бошқа кофирлар [мушрик, бутпараст, динсиз, худосизлар назарда тутилган] билан, гарчи муваққат бўлса-да, уйланиш жоиз эмас.

Манба: http://news.hajj.ir/8/2664

Оятуллоҳ Арокий (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёлга кофир эркак билан турмуш қуриши жоиз эмас, гарчи у аҳли китоб бўлса-да.

В. Мусулмон эркак аҳли китобдан бўлган насроний ва яҳудий аёл билан вақтинчалик никоҳ қилиши жоиздир ва эҳтиёти вожибга кўра, доимий никоҳ қилиши тақиқланган.

Манба: 1. Ал-Масоилул возиҳа, 2-жилд, 85-бет, 2411-масала.

  1. Тавзиҳул масоил, 444-бет, 2411-масала.

Оятуллоҳ Баҳжат (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёл аҳли китоб эркакка турмушга чиқа олмайди, хоҳ доимий никоҳ бўлсин ёки муваққат никоҳ.

В. Мусулмон эркак насроний ва яҳудий аёллар билан вақтинчалик уйлана олади.

Манба: 1. Тавзиҳул масоил, 382-бет, 1916-масала.

  1. Истифтоот, 4-жилд, 12-бет, 4579-масала.
  2. Жомиъул масоил, 4-жилд, 6-бет, адаму жавози манокиҳати мўъминатин.

Оятуллоҳ Шайх Жавод Табризий (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёл аҳли китоб эркак билан турмуш қура олмайди.

В. Мусулмон эркак фатвога кўра, мутъа [вақтинчалик никоҳ] шаклида насроний ва яҳудий аёллар билан уйланиши жоиздир ва доимий никоҳ шаклида уйланиши ҳам жоиздир, гарчи доимий никоҳ қилишни тарк этмоқлик эҳтиётдандир.

Манба: 1. Минҳожус-солиҳин, 2-жилд, 342-бет, 1287-масала, 4-боб, 1426-ҳижрий қамарий йили.

  1. Ал-Масоилул мунтахаба, 299-бет, 984-масала.
  2. Тавзиҳул масоил, 368-бет, 2406-масала.

Оятуллоҳ Хуий (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёл аҳли китоб эркакнинг никоҳига ўта олмайди, хоҳ у китобий кофир бўлсин ёки ғайрикитобий.

В. Мусулмон эркак фатвога кўра, насроний ва яҳудий аёллар билан вақтинчалик никоҳ қилиши жоиздир, балки доимий никоҳ қилиши ҳам жоиздир, гарчи доимий никоҳ қилишни тарк этмоқлик эҳтиётдандир.

Манба: 1. Минҳожус-солиҳин, 2-жилд, 263 ва 265-бетлар, 4-боб, асбобут-таҳрийм.

  1. Тавзиҳул масоил, 429-бет, 2406-масала.
  2. Истифтоот, 293-бет, 994-масала.

Оятуллоҳ Систоний (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёлга кофир эркакларнинг, гарчи китобий бўлса-да, доимий ёки муваққат никоҳига ўтиши жоиз эмас.

В. Мусулмон эркакка унинг муслима завжаси бўлмаган тақдирдагина, насроний ва яҳудий аёллар билан вақтинчалик никоҳ қилиши жоиздир, акс ҳолда муслима хотинининг рухсатисиз никоҳ қилиши жоиз эмас. Ҳатто эҳтиёти вожибга кўра, муслима завжасининг изни билан ҳам насроний ва яҳудий аёлларни никоҳига олиши жоиз эмас, ва шунингдек, эҳтиёти вожибга кўра, улар билан доимий никоҳ қилиши ҳам жоиз эмас.

Манба: 1. Ал-Масоилул мунтахаба, 388-бет, 987-масала, 1425-ҳижрий қамарий йили.

Оятуллоҳ Макорим Широзий (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёл кофир эркакнинг никоҳига ўта олмайди.

В. Мусулмон эркак насроний ва яҳудийлар каби аҳли китоб аёллар билан вақтинчалик никоҳ қилса бўлади.

Манба: 1. Тавзиҳул масоил, 369-бет, 2048-масала.

  1. Истифтоот, 1-жилд, 223-бет, 759-савол ва 221-бет, 707-савол.

Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёл кофир эркакка никоҳлана олмайди.

В. Мусулмон эркакка аҳли китоб аёллар бўлмиш насроний ва яҳудийлар билан вақтинчалик никоҳ қилиш жоиздир ва эҳтиёти мустаҳабга кўра, аҳли китоб аёллар билан доимий никоҳ қилмасин.

Манба: 1. Минҳожус-солиҳин, 3-жилд, 306-бет, 1287-масала, 4-боб.

  1. Тавзиҳул масоил, 660-бет, 2461-масала.

Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёлга кофир эркак билан никоҳланиши жоиз эмас.

В. Фатвога кўра, мусулмон эркакка аҳли китоб аёлларни муваққат никоҳ қилиши жоиздир ва шунингдек, улар билан доимий уйланиши ҳам жоиздир, агар-да аҳли китоб аёллар билан доимий никоҳ қилишни тарк этмоқлик эҳтиёти мустаҳаб саналади. Агар аҳли китоб аёлларни доимий никоҳ қилиши билан мусулмон аёлларга уйлана олмаса, эҳтиёт юзасидан бундай никоҳни тарк этсин.

Манба: 1. Тавзиҳул масоил, 476-бет, 2393-масала.

  1. Мунтахабул масоил, 311-бет, 984-масала, 1420-ҳижрий қамарий йили.
  2. Минг ва бир масала, 2-жилд, 194-бет, 646-масала.

Оятуллоҳ Шубайрий Занжоний (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёл кофир эркак билан никоҳлана олмайди, хоҳ у китобий бўлсин ёки ғайрикитобий.

В. Мусулмон эркакка яҳудий ва насроний аёллар билан доимий ёки муваққат шаклда никоҳ қилиши ботил эмас бўлиб кўринади, балки бундай никоҳ макруҳ бўлиб, эҳтиёти мустаҳабга зиддир, айниқса доимий никоҳ бўлганда.

Манба: 1. Тавзиҳул масоил, 2-жилд, 197-бет, 2406-масала.

Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний (дома зиллуҳу):

А. Муслима аёл аҳли китобдан бўлган кофир эркакка, хоҳ доимий ёки муваққат бўлсин, никоҳланиши жоиз эмас.

В. Мусулмон эркакка китобий, яъни яҳудий ва насроний аёллар билан никоҳ қилиш борасида бир неча назар мавжуд бўлиб, уларнинг машҳури аҳли китоб аёллар билан доимий никоҳ қилиш тақиқланган, аммо вақтинчалик никоҳ қилмоқлик эса жоиздир.

Манба: 1. Ҳидоятул ибод, 2-жилд, 440-бет, ал-қавлу фил куфри, 1420-ҳижрий қамарий йили.

Оятуллоҳ Фозил Ланкароний (раҳматуллоҳ алайҳи):

А. Муслима аёл кофир эркак билан турмуш қуриши мутлақо жоиз эмас.

В. Эҳтиёти вожибга кўра, мусулмон эркак насроний ва яҳудий аёллар билан уйланиши жоиз эмас, аммо яҳудий ва насроний аёлларни мутъа қилиши [муваққат никоҳ қилиши] муслима хотини бўлмаган тақдирда жоиздир. Агар муслима завжаси бўлса, узоқ муддатга яҳудий ва насроний аёлларни мутъа қилиши жоиз эмас.

Манба: 1. Ал-Аҳкомул возиҳа, 384-бет, 3-масала 1424-ҳижрий қамарий йили.

  1. Истифтоот, 4-жилд, 12-бет, 4579-масала.
  2. Жомиъул масоил, 2-жилд, 449-бет, 1258-савол.

Истилоҳшунослик [теминология]

Фитрий муртад билан миллий муртаднинг маъноси ва ҳар бирининг ҳукми ҳақида:

Бола юзага келиб, туғилганида унинг ота ва онаси ёки ҳеч бўлмаса, улардан бири мусулмон бўлган бўлса ва бола вояга етгач, исломдан юз ўгирса, бундай шахсга «фитрий муртад» айтилади. Фитрий муртад бўлган шахс агар эркак киши бўлса, унинг жазоси ўлим бўлиб, тавбаси қабул қилинмайди.

Мусулмон бўлмаган ота ва онадан туғилган шахсга «миллий муртад» дейилади. Миллий муртадга дастлаб тавба қилиш таклиф этилади. Агар қабул қилса, унинг зиммасига бирор нарса юклатилмайди, лекин агар тавба қилмаса, унинг жазоси ўлимдир.

Манба: Паёми Қуръон китоби, 10-жилд, муаллиф: Оятуллоҳ Макорим Широзий ва бошқа ҳамкорлар.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Имом Хумайний, «Таҳрирул васила», 2-жилд, 285-бет.

[2]. Муҳаммад Иброҳимий, «Ёт-бегоналар билан никоҳ қилиш», 117-бет.

[3]. Шайх Садуқ, «Илалуш-шаройиъ» 2-жилд, 502-бет.

[4]. Аллома Мажлисий, «Биҳорул анвор» 103-жилд, 377 ва 380-бетлар.

[5]. Асрдош ҳуқуқшунос Ҳофиз Сайди, «ал-Муқоранот вал Муқобалот» 393-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.