Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / АШАРАИ МУБАШШАРА ҳадиси саҳиҳ ҳадислар сирасига кирадими? Аҳли-Байт мазҳаби наздида бу ҳадис қандай ўринга эга? (1)

АШАРАИ МУБАШШАРА ҳадиси саҳиҳ ҳадислар сирасига кирадими? Аҳли-Байт мазҳаби наздида бу ҳадис қандай ўринга эга? (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Ашараи мубашшара бирикма ибора бўлиб, луғатда «Башорат қилинган ўнлик» деган маънони билдиради. Аҳли сунна вал-жамоа ақийдасига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётликларидаёқ ўн нафар улуғ саҳобийга жаннатий эканлиги ҳақида башорат берганлар. Мазкур ўн нафар саҳобийнинг жаннатий эканликлари қатъий бўлиб, ҳатто уларнинг кўплари айрим гуноҳларга йўл қўйган бўлсалар-да, зинҳор дўзахга кирмагайлар. Сунани Термизийнинг ривоятига биноан, ушбу ўн нафар қуйидаги шахслардир:

Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдурраҳмон ибн Авф, Саид ибн Зайд, Абу Убайда ибн Жарроҳ.

Энди эса Термизий ўзининг «Ал-Жомиъул Кабийр» номли Сунан китобида ривоят қилган ушбу ҳадиснинг матнини кўздан кечирамиз.

حدثنا قتيبة أخبرنا عبد العزيز بن محمد، عن عبد الرحمن بن حميد، عن أبيه، عن عبد الرحمن بن عوف، قال: قال رسول ‌الله (صل ‌الله ‌عليه ‌و آله): «أبوبكر في الجنة، وعمر في الجنة، وعثمان في الجنة، وعلىٌّ في الجنة، وطلحة في الجنة، والزبير في الجنة، وعبد الرحمن بن عوف في الجنة، وسعد بن أبي‌ وقاص في الجنة، وسعيد بن زيد في الجنة، وأبوعبيدة بن الجراح في الجنة».

Қутайба ҳадисни ривоят қилиб деди: Абдулазиз ибн Муҳаммад, Абдурраҳмон ибн Ҳумайддан, у отаси Ҳумайддан ва у эса Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилди. Абдурраҳмон ибн Авф деди: Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар: «Абу Бакр жаннатдадир, Умар ибн Хаттоб жаннатдадир, Усмон жаннатдадир, Али жаннатдадир, Талҳа жаннатдадир, Зубайр жаннатдадир, Абдурраҳмон ибн Авф жаннатдадир, Саъд ибн Абу Ваққос жаннатдадир, Саид ибн Зайд жаннатдадир ва Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатдадир».

Абу Бакр ибн Абу Қуҳофа хулафои рошидинларнинг биринчисидир.

Умар ибн Хаттоб хулафои рошидинларнинг иккинчисидир. У Мадинага ҳижрат қилишдан беш йил олдин ислом келтириб мусулмон бўлди ва ўн биринчи ҳижрий санада Абу Бакрнинг васиятига биноан халифаликка эришди.

Умар ибн Хаттобнинг ўлимидан сўнг Усмон ибн Аффон йигирма учинчи ҳижрий санада Умар томонидан тайин этилган шўро [кенгаш] орқали халифаликка сайланди. У бани Уммайя тоифаси ҳокимиятга етиши учун замин яратиб бериши билан бу борада катта таъсир кўрсатди.

Мўминлар амири Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) саҳобалар орасида биринчи бўлиб иймон келтирган шахс эдилар. Ул ҳазрат Усмон ибн Аффондан сўнг ўттиз бешинчи ҳижрий санада мусулмонларнинг оммавий шаклда у зотга қилган байъати билан халифа бўлдилар.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ Сарвари оламнинг саҳобаларидан бўлиб, Оиша билан бирга ҳазрати Али (алайҳис салом)га қарши Жамал уруши режасини тузди ва оқибат ушбу жангда Марвон ибн Ҳакамнинг отган ўқи билан ўлдирилди.

Зубайр ибн Аввом барча ғазавотларда[1] иштирок этди. У асҳоби жамал [Жамал урушини барпо этувчилардан] бўлди ва Жамал уруши бошланиши биланоқ қилган хатосини тушуниб етиб жанг майдонидан чиқиб кетади, бироқ йўлда Ибн Жармуз исмли шахснинг қўли билан қатл этилади.

Абдурраҳмон ибн Авф Сарвари оламнинг таниқли саҳобаларидан бўлиб, Умар ибн Хаттоб томонидан халифа сайлаш учун ташкил этилган олти кишилик шўро [кенгаш]нинг аъзоларидан бири эди. У Усмон ибн Аффоннинг хилофатга етишида кучли таъсир кўрсатган.

Саъд ибн Абу Ваққос ҳам халифа сайлаш учун ташкил этилган олти кишилик шўро [кенгаш]нинг аъзоларидан бири эди.

Саид ибн Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бўлиб, биринчилар қаторида ислом келтирган шахслардандир. У Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда қатнашган. Бошқа бир санадга кўра, ушбу шахс Ашараи мубашшара ҳадисини ривоят қилган ровийдир.

Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ ҳам барча ғазотларда иштирок этган, лекин у Усома бин Зайднинг қўшинидан бош тортган ҳамда Абу Бакрнинг халифаликни эгаллашда улкан ҳисса қўшган шахс саналади.

Ашараи мубашшара ҳадисининг санади ҳақида[2]

  1. Ашараи мубашшара ҳадиси Аҳли сунна вал-жамоа орасида кенг танилгани ҳамда турли ҳадис манбаларида хилма-хил санадлар билан ривоят қилинганига қарамай, лекин ушбу ҳадис Аҳли суннатнинг Қуръони Каримдан сўнг энг муҳим ҳадисий манба бўлмиш Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида келтирилмаган. Бу эса ушбу китобларнинг муаллифлари Ашараи мубашшара ҳадисига ишонмаганлар деган эҳтимолни онгларда туғдиради. Акс ҳолда ушбу ҳадис Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида мазкур ўн нафар саҳобийнинг маноқиблари бобида ривоят қилиниши керак эди. Зеро, ушбу китобларда ўн нафар саҳобийнинг фазилатлари ҳақида ривоят қилинган ҳадисларнинг аҳамияти уларнинг жаннатий бўлишлари ҳақидаги муждадан кўра анча озроқдир.
  2. Ашараи мубашшара ҳадиси Термизийнинг «Ас-Сунан» ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Ал-Муснад» китобларида «Абдурраҳмон ибн Авфнинг ҳадиси» унвони остида келтирилган. Ушбу ҳадис Ҳумайд ибн Абдурраҳмон томонидан ривоят қилинган. У бу борада айтади: «Мен Ашараи мубашшара ҳадисини отамдан эшитдим ва у эса бу ҳадисни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилди». Ҳолбуки, Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ўттиз иккинчи ҳижрий санада таваллуд топган[3] ва отаси Абдурраҳмон ибн Авф ўша санада ёки 33-ҳижрий санада оламдан ўтган.[4] Демак, Ҳумайд ибн Абдурраҳмон отаси вафот этганда бир ёшда ёки кичикроқ бўлган. У қандайига бу ёшда отасидан ҳадис ривоят қила олади?! Бошқа томондан ушбу ҳадиснинг санадида Абдулазиз ибн Муҳаммад деган шахс мавжуд бўлиб, Абу Ҳотамнинг назарига кўра, унинг сўзларига ишониб бўлмайди.[5]
  3. Ашараи мубашшара ҳадиси Сунани Абу Довуд китобида «Ал-Хулафо» бобида Саид ибн Зайддан ривоят қилинган.[6] Ушбу ривоятнинг санадида Абдуллоҳ ибн Золим исмли шахс мавжуд бўлиб, Бухорий ва Муслим унинг ривоят қилган ҳадисига эҳтижож қилишдан [мўътабар деб қабул қилишдан] бош тортганлар. Бухорий бу борада айтади: «Унинг ҳадиси саҳиҳ эмас».[7]
  4. Ашараи мубашшара ҳадиси Сунани Термизийнинг китобул маноқиб, бобу маноқиби Абул Аъвар [Саид ибн Зайд]да бошқа санад билан ҳам ривоят қилинган.[8] Унинг санадида Ҳажож ибн Муҳаммад Масисий исмли шахс мавжуд бўлиб, Қирвоний уни ўз китобида заиф деб атаган.[9] Шунингдек, Сунани Термизийнинг бобу маноқиби Абдурраҳмон ибн Авфда ушбу ҳадис учун бошқа санад [ровийлар тизими] нақл қилинган. Ушбу санадда Мусо ибн Яъқуб Замаъий исмли шахс мавжуд бўлиб[10], Али бин Ал-Мадийний унинг ривоят қилган ҳадисини заиф ва таниқсиз деб билган.

Бу ўринда шуни эслатиш жоизки, Имом Термизий ўзининг «Ал-Жомиъул Кабийр» номли Сунан китобида ушбу ҳадисни айрим санадлар билан ривоят қилгач, уни саҳиҳ ёки ҳасан деб айтган. Аммо диққатга сазовор томони шундаки, Аҳли суннатнинг ҳадисшунос олимлари Термизийнинг бундай сўзларига эътибор беришмайди ва уни бу ишида енгил қаровчи ва бепарво деб билишади. Зеро, Имом Термизий баъзида шундай шахслардан ҳадис ривоят қилиб ўша ҳадисларни саҳиҳ деб айтганки, рижол олимлари [ҳадиснинг санадини, ривоят қилувчи ровийларни ўрганиб чиқувчи олимлар]нинг аксарияти уларни заиф ёки ёлғочи деб биладилар. Сунани Термизийга шарҳ ёзган аллома Муборакфурий «Туҳфатул аҳвазий бишарҳи Жаамиъит-Тирмизий» китобининг муқаддимасида айтади: «Термизий ҳадис илмида имом бўлиб юксак мартабага эга бўлса-да, аммо ҳадисларни саҳиҳ ёки ҳасан деб номлашда бепарво эди». Ва Заҳабий ҳам ўзининг «Мийзонул Иътидол» китобида Касир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Авф Ал-Маданийнинг таржимаи ҳолида ёзади: «Уламолар Имом Термизийнинг ҳадисларни саҳиҳ деб баҳолашига эътимод қилмайдилар [ишонмайдилар]».

Ашараи мубашшара ҳадиси «Сунани ибн Можаҳ» китобининг ўн биринчи боби муқаддимасида, фазоилул ашр [ўн кишининг фазилатлари] қисмида келтирилган.[11] Ушбу ривоятнинг санадида Ҳишом ибн Аммор исмли шахс мавжуд бўлиб, Абу Довуд у ҳақида айтади: «Ҳишом ибн Аммор тўрт юз ҳадис ривоят қилган бўлиб, ушбу ҳадислар асоссиздир»[12]. Ашараи мубашшара ҳадиси «Сунани Абу Довуд» Сажистонийда ҳам бошқа санад билан ривоят қилинган[13] бўлиб ровийлар орасида Абдулвоҳид ибн Зиёд Ал-Абдий Ал-Басрий исмли шахс мавжуд. Ушбу шахс Ибн Ҳиббон каби ҳадисшунос олимларнинг назарига кўра, ишонарсиздир.[14] Ушбу ҳадисни Табароний ҳам ўзининг «Ал-Муъжамул Авсат» китобида ривоят қилган. Аммо унинг санадида Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ Аз-Заҳрий исмли ровий мавжуд бўлиб, Ибн Ҳиббон уни «Аз-зуъафо» китобида заиф ва ишончсиз ровийлар қаторида келтирган. Албатта, Ибн Ҳиббон ўзининг «Ас-Сиқот» китобида ҳам Ашараи мубашшара ҳадисини ривоят қилган[15] ва бу эса жуда ҳайратланарли ҳолат. Ақилийнинг айтишича, унинг ривоятида изтироб бор.[16]

  1. Аллома Аминий Ашараи мубашшара ҳадисини Аҳли сунна вал-жамоа китобларидан тилга олгач, бу борада айтади: Кўриниб турганидек, Аҳмад ва Абу Довуднинг қилган ривоятлари Абдурраҳмон ибн Авф ва Саид ибн Зайдга бориб тақалади ва Абдурраҳмоннинг санади эса бир марта Абдурраҳмон ибн Ҳумайд ибн Абдурраҳмон Аз-Заҳрийнинг отасидан ва у Абдурраҳмон ибн Авфдан қилган ривоятига етиб борса, яна бир марта қилган ривояти эса тўғри Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га етиб боради. Ва бу санадлар ноқис ва ботилдир. Зеро, Абдурраҳмон ибн Ҳумайднинг отаси Ҳумайд ибн Абдурраҳмон саҳобий бўлмаган, балки у тобеинлардан бўлиб, Абдурраҳмон ибн Авфни дарк этолмаган [кўролмаган]. Ҳумайд ибн Абдурраҳмон 105-ҳижрий санада 73 ёшда оламдан ўтган. Шунга биноан, у 32-ҳижрий санада, яъни айнан ўша Абдурраҳмон ибн Авф вафот этган йилда ёки бир йил ундан кейин туғилган. Бундай ҳолда Ҳумайд ибн Абдурраҳмон қандай қилиб Абдурраҳмон ибн Авфдан ҳадис ривоят қила олиши мумкин? Мана шу далилга кўра, Ибн Ҳажар қатъият билан Ҳумайд ибн Абдурраҳмоннинг Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффонлардан қилган ривоятини мунқатиъ [узилиб қолган] ва таяниб бўлмайдиган деб билади. Ҳолбуки, Усмон Абдурраҳмон ибн Авфдан сўнг оламдан ўтган.

Демак, бу икки тарзда қилинган ривоятнинг санади саҳиҳ эмас. Фақат Саид ибн Зайд орқали қилинган ривоят қолади. Саид ибн Зайднинг ривоятида у ўзини жаннатий бўлиши муждаланган ўн кишидан бири деб ҳисоблаган. Саид ибн Зайд Ашараи мубашшара ҳадисини Куфада Муовиянинг халифалик даврида ривоят қилган. Ушбу ҳадис ўша вақтга қадар Саид ибн Зайддан эшитилмаган эди ва ундан олдин ҳам ҳеч ким бу ҳадисни Саид ибн Зайддан ривоят қилмаган эди. Фақат бузғунлик, ножўя тарғиботлар ва ҳадис тўқиб чиқаришлар бўлган ўша замондагина Саид ибн Зайд Ашараи мубашшара ҳадисини тилга олиб ривоят қилган.

Ушбу ҳадисни ривоят қилмай яшириб юришда, ҳатто хулафои рошидин даврида ҳам уни эсга олмасликда нима сир-асрор бор экан? деб ҳеч ким бу саҳобийдан сўрамаган. Ҳолбуки, унинг ўзи ва бошқа саҳобалар бундай ҳадисга қаттиқ эҳтиёж сезишган, токи, ушбу ҳадис ёрдамида ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олиб уни ўзларига ҳужжат қилиб олсинлар, бошқаларни қаноатлантиришда ундан фойдалансинлар ҳамда ноҳақ қонлар тўкилишининг олдини олиб ўша қонли тўқнашувлар ва жанжаллар авж олган ва бунинг оқибатида кўплаб ҳақ-ҳуқуқлар оёқ-ости бўлган пайтларда уларни муҳофазат эта олсинлар! Гўёки, Муовия ибн Абу Суфён подшолик тахтига ўтириб, ўзининг бузғунчи ҳукуматини мусулмонлар устига юклаган заҳотиёқ Ашараи мубашшара ҳадиси Саид ибн Зайдга илҳом бўлган.

Саид ибн Зайд ҳазрати Али (алайҳис салом)га мухолиф бўлганларнинг ҳужум ва ҳақоратларига бардош бера олмай, Муовия Куфага тайин этган ҳокимларга қаршилик кўрсата олмагач, ўз жонидан қўрқади. Хусусан, у ўша вақтдаги ҳокимиятга нисбатан мухолиф мавқе эгаллагани, Язиднинг валиаҳдлигига қарши чиқиб, унга байъат қилишдан бош тортгани ва бу борада Марвон ибн Ҳакамга қаттиқ гапириб юборгани сабаб, ўзини шикасланишдан сақлаб қолиш мақсадида Ашараи мубашшара ҳадисини тўқийди. Токи, ушбу ҳадисни ўзига қалқон қилиб олиб ҳазрати Али (алайҳис салом)га бўлган муҳаббат айбловини ўзидан узоқлаштирсин. Зероки, ўша даврда бирор кимса ҳазрати Али (алайҳис салом)ни яхши кўриб, у зотнинг тарафдори деб танилса ёки ушбу ақийдага эга деб унга айблов қўйилса, турли азоб ва қийноқларга солинар, сўнгра эса зиндонга ташланар ёки ўлдириб юборилар эди.

Шу йўсинда, Саид ибн Зайд ҳам Ашараи мубашшара ҳадисини тўқиб чиқариш билан ва ҳазрати Али (алайҳис салом)га адоват ва душманлик қилиб, ул ҳазратга байъат қилишдан бош тортиб, у зотнинг халифалигига қарши қилич кўтариб оёққа турган кимсаларга жаннатга боришни ваъда этиш билан ўша замон ҳокимини хушнуд қилди ҳамда ўзини ўлим ва азоб-қийноқлар хатаридан қутқарди.

Фойдаланилган адабиётлар ва кўрсаткичлар:

[1]. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари қатнашган урушларга «ғазавот» дейилади.

[2]. Ҳадис ривоят қилган ровийлар мажмуига «ҳадис санади» дейилади.

[3]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», 3-жилд, 40 ва 41-бетлар, Дорул фикр нашриёти, 1404-ҳижрий сана, биринчи чоп. Ибн Ҳажарнинг айтишича, Ҳумайд ибн Абдурраҳмон 105-ҳижрий санада вафот этди ва ўша вақт қатъиян 73 ёшда эди. Демак, у 32-йилда таваллуд топган.

[4]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», 6-жилд, 222-бет, Абдурраҳмон ибн Авфнинг таржимаи ҳолида.

[5]. Заҳабий, «Мийзонул Иътидол», Абдулазиз ибн Муҳаммад Даровардийнинг таржимаи ҳолида, 2-жилд, 634-бет, [Али ибн Муҳаммад Ал-Жабовийнинг тадқиқоти] Дорул фикр нашриёти.

[6]. «Сунани Абу Довуд», китобус-суннаҳ, 9-боб: фил-хулафои, 401-бет, Саид бин Муҳаммад Лиҳом тадқиқоти, Дорул фикр нашриёти, 1410-ҳижрий сана, биринчи чоп.

[7]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-соҳийҳайн», остида Заҳабийнинг талхиси билан, 3-жуз, 317-бет, китобу маърифатис-саҳобаҳ, нашр маркази: Байрут, Дорул китобил арабий нашриёти.

[8]. Термизий, «Ал-Жомиъус-саҳийҳ», Иброҳим ибн Утваҳ Аваз тадқиқоти, 5-жилд, 652-бет, нашр маркази: Байрут, Дору иҳёут-туросил арабий нашриёти.

[9]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», 2-жилд, 181-бет, Ҳажож ибн Муҳаммад Масисийнинг таржимаи ҳолида.

[10]. Термизий, «Ал-Жомиъус-саҳийҳ», 5-жилд, 648-бет.

[11]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунани ибн Можаҳ», 1-жилд, 48-бет, 11-боб, Бобун фий фазоили асҳоби Расулиллааҳи, фазоилул ашр, тадқиқотчи: Абдулбоқий, Байрут: Дорул фикр нашриёти.

[12]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», 11-жилд, 47-бет, Ҳишом ибн Аммор ибн Насийрнинг таржимаи ҳолида.

[13]. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ибн Имрон Аздий, «Сунани Абу Довуд», 3 ва 4-жилдлар, 402-бет.

[14]. Заҳабий, «Тазкиратул Ҳуффааз», Абдулвоҳид ибн Зиёд Ал-Абдий Ал-Басрийнинг таржимаи ҳолида, 1-жилд, 258-бет, Байрут, Дорул кутубил илмийя нашриёти.

[15]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ Аз-Заҳрийнинг таржимаи ҳолида, 11-жилд, 122-бет, Дорул фикр нашриёти.

[16]. Юқоридаги манба.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.