Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Ҳазрати Айюб пайғамбарнинг ибратомуз ҳаёти

Ҳазрати Айюб пайғамбарнинг ибратомуз ҳаёти

Ayyub-paygambarҚуръони Каримнинг тўрт сурасида ҳазрати Айюб (алайҳис салом)нинг исми тилга олинган. Ҳазрати Айюб (алайҳис салом) сабр ва чидамда ҳаммага намуна бўлган пайғамбардир. Ҳазрати Айюб бошидан кечирган мусибатлар балоларга дучор бўлган кўплаб инсонлар учун ўрнак бўла олади. Қуръон Карим ва диний адабиётларга таяниб том қатъият билан айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло унга кўплаб мол-давлат, кучли ўғиллар ва соғлом бадан берганди. Ҳазрати Айюбнинг серҳосил экинзорлари ва кўп миқдорда мол-мулки бор эди. Шунинг учун, у яхши ҳаёти кечирарди. Аллоҳ уни синаш учун унга берган неъматларини ундан олиб қўяди; экин экиш далалари яроқсиз, мол-мулки нобуд бўлиб, ўғиллари ҳам вафот этади. Ўзи эса оғир хасталикларга дучор бўлди. У барча оғир кунларда доим Аллоҳга шукр этар ва ҳеч вақт шикоят қилмасди. У Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга сиғинмади, ёлвормади ҳам. Аллоҳнинг изн-иродаси бўлмагани учун, ҳатто Ундан бошига тушган бутун балолар ва машаққатларни бартараф этишни сўрамади. Синов ва қийинчилик даври тугади. Бу муддат ичида ҳазрати Айюб (алайҳис салом) ўзидан ҳайратли сабр ва чидамни намойиш этди. Шу сабабдан ҳам, Аллоҳ таоло у кишига йўқотганларидан ҳам кўпроғини қайтариб берди. Бундан ташқари, унинг оғир кунларда ҳам Аллоҳга шукр қилувчи ҳолда яшаганини ва чексиз чидамини бошқаларга намуна қилиб кўрсатди:

﴿وَوَهَبْنَا لَهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَ‌حْمَةً مِّنَّا وَذِكْرَ‌ىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

«Даргоҳимиздан бир раҳмат ва ақл эгаларига эслатма-ибрат бўлсин деб, Биз унга (Айюбга) аҳли оиласини ва яна улар билан бирга ўшаларнинг мислича (ўғил-фарзанд) ҳадя этдик» (Сод сураси, 43 – оят)

Аллоҳ тарафидан дуо қилишга изн-рухсат берилган вақт ожизона бир қул каби Аллоҳдан балоларнинг дафъ этилишини сўради:

﴿وَاذْكُرْ‌ عَبْدَنَا أَيُّوبَ إِذْ نَادَىٰ رَ‌بَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الشَّيْطَانُ بِنُصْبٍ وَعَذَابٍ

«Бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Ҳақиқатан, мени шайтон бало ва азоб ила тутди», деган вақтни эсла.» (Сод сураси, 41 – оят) Албатта, Шайтон пайғамбарларнинг руҳ ва иродаларига йўл топиши имконсиз. Аммо Шайтон уларга жисмоний томондан таъсир кўрсатиб, уларни турли балоларга дучор этиши мумкиндир. (Пайғамбарларнинг Қуръондаги сийрати, 75 – бет(

Аллоҳ таоло ҳазрати Айюб (алайҳис салом)нинг истагига жавобан буюрди:

ارْ‌كُضْ بِرِ‌جْلِكَ ۖ هَـٰذَا مُغْتَسَلٌ بَارِ‌دٌ وَشَرَ‌ابٌ ﴿٤٢ … إِنَّا وَجَدْنَاهُ صَابِرً‌ا ۚ نِّعْمَ الْعَبْدُ ۖ إِنَّهُ أَوَّابٌ ﴿٤٤

«Оёғинг ила (ерга) тепгин! Бу (ердан чиққан булоқ) чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», (дейилди). (Айюб ўша сув билан ғусл қилиб ундан ичиши биланоқ баданидаги бутун касалликлари барҳам топди). …«Биз уни (мусибатларга) сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Ҳақиқатан, у (доим Аллоҳга) ўта қайтгувчидир.» (Сод сураси, 42 ва 44 – оятлар)

Ҳазрат Айюбнинг сабри турли мусибатларга дучор бўлган инсонлар учун ўрнак бўла олади. Турли балоларга дучор бўлган шахс илк қарашда номумкин бўлган ишларни номумкин ҳисобламаслиги керак. Аллоҳнинг қудрат эгаси эканлигига инонадиган бўлса, Унинг ғойибдан келадиган фазлу марҳамати ва мададига эътиқод қўймоғи лозим. Албатта, Аллоҳ таоло инсонни турли хасталиклар ва мусибатлардан қутқара олади. Оқил инсон «Аллоҳдан ўзга ҳеч бир суянадиган паноҳ топа олмассан.» (Каҳф сураси, 27 – оят) таълимоти асосида паноҳ ёлғиз Аллоҳдан деб билади. Аллоҳ ҳазрати Юнуснинг зикрини қабул қилганидек ҳазрати Айюбнинг дуосини ҳам қабул этди. Шу боис ҳам, Аллоҳ Қуронда шундай марҳамат қилади: «(Эй Пайғамбар,) бандамиз Айюбни эсла!…» (Сод сураси, 41 – оят). Аллоҳнинг бандалари ҳам бу йўлни маҳкам тутмоқлари лозим. Яъни сабр қилишлари, Аллоҳдан юз ўгирмасликлари ва дуоларининг мустажоб бўлишига ишонишлари керак. Ҳазрати Айюб шифо топгач, Аллоҳга: «Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг энг раҳмлигисан!» – дея юзланди. (Анбиё сураси, 83 – оят) Зероки, Аллоҳнинг раҳмати ҳамма нарсани ўз ичига қамраб олган. (Ароф сураси, 156 – оят) Ҳазрати Айюбнинг тутган йўли Аллоҳнинг барча бандалари учун ибрат-намуна ҳисобланади. Аллоҳнинг даргоҳига юзланганда қай йўсинда илтижо қилиши борасида Қуръони Каримда шундай буюрилган: «Энг гўзал исмлар (асмойи ҳусно) Аллоҳникидир. Уни ўша исмлар билан чақириб дуо қилинг» (Ароф сураси, 180 – оят)

Шубҳасиз, ҳар бир инсон дунёга кўз очаркан, турли балолар ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳам шахсий ҳамда ижтимоий ҳаётда турли қийинчиликлар билан юзма-юз бўлади. Ҳеч ким бу айтиб ўтилганлардан мустасно эмас. Бу мусибатлар ўлим лаҳзасига қадар давом этиши мумкин. Бундай балоларни юзага келтирадиган омиллар нималардан иборат? Бу мақолада мазкур балоларни келтириб чиқарадиган баъзи омиллар борасида сўз юритамиз.

Мусибатларнинг омиллари:

  1. Илоҳий синовлар кенг қамровлидир. Ҳатто ушбу синовлар пайғамбарларни ҳам ўз ичига қамраб олади. Бунга ҳазрати Айюб пайғамбарни мисол қилиб келтириш мумкин. Имом Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда марҳамат қилганлар: «Пайғамбарлар бошқа инсонлардан кўра кўпроқ мусибатларга дучор бўлганлар…»

Умуман бандаларни синаш Аллоҳнинг ер юзидаги умумий қонунидир; «Инсонлар (мўминлар) фақат: «иймон келтирдик» – дейишлари билан ўз ҳолларига қўйилиб имтиҳон қилинмаймиз деб ўйлайдиларми? (Йўқ, иймон келтирмоқ шаҳодат калимасини фақат тилда айтиш эмас. Биз уларни жойи келганда моллари, фарзандлари ва жонлари билан синагаймиз, токи қайси бири ҳақиқий мўмин ва қай бири сохта мўмин эканлигини аниқлаб маълум қилайлик.) Биз улардан аввалгиларни (олдинги умматларни) ҳам имтиҳон қилгандик. Шубҳасиз, Аллоҳ рост сўзлаганларни ҳам (ҳақиқий иймон эгаларини ҳам) билади, ёлғончиларни ҳам билади.» (Анкабут сураси, 2 ва 3 – оятлар)

  1. Қуръони Каримнинг бошқа оятларида қийинчилик борасида шундай айтилган:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ‌ يُسْرً‌ا ﴿٥ إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ‌ يُسْرً‌ا ﴿٦

«Шубҳасиз, ҳар қийинчилик билан бир осонлик бўлур. (Осонлик фақат қийинчилик билан ҳосил бўлади) Ҳақиқатан, ҳар қийинчилик билан бир осонлик бўлур.» (Шунинг учун ҳам, қийинчиликларга сабр қилиб чидаш, тезда ноумид бўлмаслик керак.) (Иншироҳ сураси, 5 ва 6 – оятлар) Қийинчиликлар инсонларда мавжуд бўлган истеъдодларни юзага чиқаради. Натижада улар турли муаммоларни ҳал қилишга қодир бўладилар.

  1. Барча ҳақиқий мўминларга сабрли бўлиш сабоғини берган турли бало ва мусибатлар, ниҳоят Аллоҳ даргоҳида «маъқул кўрилган мақом»га эришиш учун замин яратади. Диний таълимларда мусибатларга сабрли ва чидамли бўлганлар учун улкан ажр-мукофот назарда тутилган; «Ва албатта, Биз сизларни бир оз қўрқиш ва очлик билан ҳамда молмулкларни, жонларни, меваларни [дарахтлар меваларини ёки аёл ва фарзанддан иборат ҳаёт меваларини] озайтириш билан синагаймиз. [Эй Расулим Муҳаммад (с.а.о),] сабрлиларга башорат бергин. Улар шундай кишиларки, уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз [Аллоҳнинг бандаларимиз] ва албатта, биз [ўлгандан сўнг] Унга қайтувчилармиз», дерлар. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавоту дурудлар ва раҳмат бор. Ва ана ўшаларгина тўғри йўлни топувчилардир.» (Бақара сураси, 155-157 оятлар)

Ҳаммом исмли бир обид инсон ҳазрати Али (алайҳис салом)га деди: Эй Амирал-мўминин, тақволи кишиларнинг сифатларини менга шундай васф этингки, уларни кўргандек бўлай. Ул ҳазрат тақволи кишиларни юздан ортиқ хусусиятлар билан васф этадилар. Ўша хусусиятлардан бирини шу ерда келтирамиз: «Тақволи кишилар қийинчилик пайтида ҳам худди бошқаларнинг осойиш ва роҳатликда бўлганидек бўлурлар.» (Яъни улар илоҳий тақдирга бўйин эгиб, Аллоҳнинг истаганига рози бўлурлар ва улар учун қийинчилик билан осойишталик бирдир) (Наҳжул-балоға 160 – хутба)

  1. Ҳар бир инсон мусибатга дучор бўлганда унинг атрофида бўлган инсонларнинг садоқати ва вафодорлиги ҳам синалади. Ҳазрати Айюб пайғамбар бутун мол-давлатини ва соғломлигини йўқотганда у кишининг дустлари ва ҳатто оиласи ҳам ундан юз ўгирдилар. Оғир кунлар дўстларнинг танилиши учун жуда фойлидир.
  2. Моддий ҳаётдаги ўзгаришлар инсоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатига тўсиқ яратмаслиги керак. Ҳақиқий мўмин инсон Аллоҳни ноз-неъматлар фаровон бўлганда севганидек, худди шундай мусибатларга дучор бўлганда ҳам иймони заррачалик озаймайди.
  3. Моддий имкониятларнинг қўлдан кетиши ва турли балолар билан юзма-юз бўлиш Аллоҳнинг Ўз бандаларига нисбатан раҳмсизлигидан дарак бермайди. Худди шундай, машаққатсиз ҳаёт Аллоҳдан узоқ бўлиш маносини англатмайди. Агар инсон амал-мансаб, фарзанд ва мол-давлат асири бўлмаса, ҳар бир шароитда Аллоҳнинг хос бандаларидан бўла олади.
  4. Мусибатлар инсонларни тавбага чорлашда ва ғафлат уйқусидан уйғотишда улкан таъсирга эга. Қийинчиликларга йўлиқмаган инсонлар Аллоҳни ҳамда маод-қайта тирилишни унутадилар, натижада буюк гуноҳларга йўл қўядилар. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай айтилган:

﴿وَلَقَدْ أَرْ‌سَلْنَا إِلَىٰ أُمَمٍ مِّن قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُم بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّ‌اءِ لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّ‌عُونَ

«Чиндан ҳам, Биз сендан олдинги умматларга ҳам элчилар юборганмиз. Сўнгра, шояд улар тавба-тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан тутганмиз.» (Анъом сураси, 42 – оят)

﴿وَإِذَا مَسَّ الْإِنسَانَ ضُرٌّ‌ دَعَا رَ‌بَّهُ مُنِيبًا إِلَيْهِ ثُمَّ إِذَا خَوَّلَهُ نِعْمَةً مِّنْهُ نَسِيَ مَا كَانَ يَدْعُو إِلَيْهِ مِن قَبْلُ …‌

«Қачонки инсонни бирор зарар тутса, Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилади. Сўнгра қачон [Аллоҳ] Ўз томонидан унга бирор неъмат ато этса, [инсон] илгари [Аллоҳга] қилган дуо-илтижоларини унутади» (Зумар сураси 8 – оят)

﴿وَلَنُذِيقَنَّهُم مِّنَ الْعَذَابِ الْأَدْنَىٰ دُونَ الْعَذَابِ الْأَكْبَرِ‌ لَعَلَّهُمْ يَرْ‌جِعُونَ

«Албатта, Биз буюк азобдан [охират азобидан] олдин яқин азобни [дунё азобини] уларга тоттирамиз. Шоядки, улар [тавба қилиб тўғри йўлга] қайтсалар.» (Сажда сураси, 21 – оят) Дунё азобидан мурод дунёда рўй берган балолар, мусибатлар, хасталиклар ва бошқа аччиқ ҳодисалардир.

  1. Баъзи нохуш ҳодисалар гуноҳкорларнинг қилган гуноҳи ва ёмон аммалари оқибатидир. Аллоҳ уларни жазолаш учун шу дунёда уларни турли бало ва мусибатларга дучор этади;

﴿وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ‌

«Сизларга қайси бир мусибат етса, демак, ўз қўлларингиз касб этган нарса [гуноҳ] сабаблидир [қилган амалларингиз оқибатидир] ва яна У [Аллоҳ] кўп [гуноҳларингизнинг жазосини бермай] афв этиб юборур.» (Шуро сураси, 30 – оят)

Имом Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда марҳамат қилганлар: «Банданинг гуноҳлари кўпайиб кетиб, унинг гуноҳларга каффора бўла оладиган амали бўлмаганда, шу дунёда кечирилиши учун Аллоҳ унга балолар юборади.» (Зеро, охират азоби жуда шиддатли ва чидаб бўлмасдир) (Усули кофи, 3 – жилд, 44 – бет)

  1. Қийинчиликларга чидаган инсоннинг иймони жуда мустаҳкам бўлади.

﴿كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ۗ وَنَبْلُوكُم بِالشَّرِّ‌ وَالْخَيْرِ‌ فِتْنَةً ۖ وَإِلَيْنَا تُرْ‌جَعُونَ

«Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни [сабр-тоқатларингизни, шукр қилувчилигингиз ёки ношукр эканлигингизни маълум қилиш мақсадида] ёмонлик [касаллик, йўқсизлик, ҳожатмандлик] ва яхшилик [соғломлик, мол-давлат ва амал-мансаб] ила синаб кўриш учун имтиҳон қилурмиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.» (Анбиё сураси, 35 – оят)

Ҳазрати Али (алайҳис салом) турли қийинчиликлар кўриб етишган инсонни саҳрода ўсган дарахтларга ўхшатиб шундай марҳамат қилганлар: «…Билингизким, саҳрода ўсиб етишган дарахтнинг чўпи жуда мустаҳкамдир. Аммо (суви мўл-кўл бўлган боғларда экилган) яшил дарахтларнинг қобиқлари жуда нозик ва инжадир…» (Наҳжул-балоға, 45 – мактуб) Яъни қийинчилик ва машаққатлар билан курашиб муваффақият қозониб ютуқларга эришган инсоннинг иймони ноз-неъматда яшаган инсонларнинг иймонидан кўра анча юксак ва мустаҳкамдир.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.