Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Аҳли суннат номи қачон пайдо бўлган ва кимларга Аҳли суннат дейилади? (1)

Аҳли суннат номи қачон пайдо бўлган ва кимларга Аҳли суннат дейилади? (1)

images1235-879Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Жавоб: Шак-шубҳасиз, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ва ҳатто ул зотнинг вафотларидан сўнг ҳам ҳозирги кунда мусулмонлар орасида кенг тарқалган «Аҳли суннат» деб номланган турли мазҳаблар мавжуд бўлмаган. Балки ҳижрий-қамарийнинг иккинчи ва учинчи асрларидан бошлаб турли фиқҳий ва эътиқодий мазҳаблар пайдо бўла бошлади, аммо турли сиёсий, ижтимой ва маданий омиллар таъсирида айрим мазҳаблар расмий қабул қилинди ва айримлари эса рад этилди. Ва бунинг натижасида мазҳаблар сони тўрттага чеклаб қўйилди. Биз ушбу мақоламизда «Аҳли суннат» номи қачон пайдо бўлганлиги хусусидаги саволга жавобимиз икки турда бўлади:

Қисқа ва лўнда жавоб;

Аҳли суннат номи қачон пайдо бўлганлигини ўрганишдан олдин ушбу ном нима маънони англатишини ва кимларга нисбатан айтилишини кўздан кечирамиз. Аҳли суннат ибораси қуйидаги маъноларнинг бирида қўлланади:

  1. I. Аҳли суннат иборасининг «Шиа» ибораси баробарида қўлланиши; Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейинги халифа ва ворисни тайин этиш борасида Китоб ва Суннатда бирор далил баён этилмаган ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейинги халифа ва ворисни тайин этиш мусулмонларнинг танлови билан амалга ошади. Ушбу маънодаги аҳли сунна вал жамоа ибораси шиадан бошқа барча исломдаги мазҳабларга ишлатилади.[1]
  2. II. Аҳли суннат иборасининг «аҳли бидъат» ибораси баробарида қўлланиши; Аҳли суннат ибораси «аҳли бидъат» ибораси баробарида ишлатилганда, жамоа сўзи билан бирга қўшиб «Аҳли сунна вал жамоа» деб айтилади. Ушбу маънони кўпинча Ашоира ва Мотуридиянинг мутакаллимлари (илоҳиётчи олимлари) қўллаганлар. Улар ўзларига «Аҳли сунна вал жамоа» номини бериб, Қадария, Мўътазила, Хавориж ва ҳатто Шилар каби бошқа фирқаларни «аҳли бидъат» деб атаганлар.[2] Шунингдек, Абу Мансур Бағдодий «Аҳли сунна вал жамоа» унвонини тўрт фиқҳий мазҳаблар соҳиби бўлмиш Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий ҳамда сифотий мутакаллимларга хос деб изоҳ берган ҳамда Мўътазила, Имомия ва исломдаги бошқа мазҳабларни «бидъат ва ҳаво аҳли» деб номлаган.[3] Сўнгра эса Бағдодий аҳли суннатдан бўлишнинг мезони қуйидаги ақийдаларга иймон келтириш эканлигини айтган:
  3. Олам ҳодис эканлиги, яъни бир кун пайдо бўлганлиги;
  4. Оламларни яратгувчи Зотнинг ягоналиги ҳамда Унинг камол ва жалол сифатлари;
  5. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбарликлари, ул зот пайғамбарларнинг сўнггиси ва ул ҳазрат келтирган шариат эса охирги ва умумий шариат эканлиги;
  6. Қуръони Карим шариати исломиянинг асоси ва негизи эканлиги;
  7. Каъба мусулмонларнинг қибласи эканлиги; Демак, кимки, юқорида зикр этилган ақийдаларга иймон келтириб, куфрга олиб борадиган бидъатни динда пайдо қилмаса, у ҳолда яккахудоликка эътиқод қилувчи сунний ҳисобланади.[4]

Маълумки, исломдаги барча мазҳаблар юқорида келтирилган ақийдаларга нисбатан иймонлари бор. Бинобарин, фақат курфга олиб борадиган ақийдага эга бўлганларгина аҳли суннат доирасидан ташқарида бўлгайлар; Ташбиҳ ва Тажсимга эътиқод қилувчилар сингари.

III. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирий ва ташқи маъноларини тушуниш билан кифояланиб, уларни таъвил ва тафсир қилишдан сақланмоқ, ҳатто Қуръоннинг муташобеҳ оятларини ҳамда муташобеҳ ҳадисларни таъвил ва тафсир қилишдан сақланмоқ; бу борада ҳар қандай назар билдириш ва оят ёки ҳадиснинг маъносини баён ва тафсир қилишдан сақланмоқ лозим, қисқа қилиб айтганда, бундай оятлар ва ҳадисларга дуч келганда, тафвизга эътиқод қилмоқ лозим, яъни уларнинг маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, деб Унинг Ўзига қўйиб қўйиш керак. Шунга кўра, муташобеҳ оятлар ва ҳадисларга дуч келганда, уларни таъвил ва тафсир қилишга киришадиган кимсалар аҳли суннат эмаслар. Ушбу маъно қадимдаги Аҳли ҳадис ва Ҳанбалийларга ҳамда ҳозирги давримизда мавжуд бўлган Салафийлар (Ваҳҳобийларга) мувофиқ келади. Шунингдек, Ибн Ражаб Ҳанбалий бу борада айтган: «Тўғри йўл ҳамон салафи солиҳлар (саҳобалар ва тобеинлар назарда тутилган) босиб ўтган йўлдир. Салафи солиҳлар оят ва ҳадисларни тафсир қилишдан ҳамда уларни мисоллар келтириб баён этишдан сақланиб, уларнинг маъноларига шўнғиб кетмаганлар. Мутакаллимларнинг сўзларида келган таъбирлар салафи солиҳларнинг сўзларида топилмайди.»[5]

  1. IV. Абу Бакр ва Умар ибн Хаттобнинг афзаллигига эътиқод қилиб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толибларни севганларга «Аҳли суннат» дейилади. Зеро, салафи солиҳлар шундай йўлни тутганлар, деб айтилган.[6]

Аҳли суннат номининг пайдо бўлган замони;

«Аҳли суннат» номи қачон пайдо бўлганлиги хусусида бир неча фикр ва назарлар билдирилган. Биз бу ўринда уларни ўрганиб чиқиб, қайси бири воқеликка уйғун келишини аниқлашга ҳаракат қиламиз:

  1. Аҳли ҳадис ва Ашоира гуруҳларига мансуб бўлган айрим шахсларнинг сўзларига қараганда, «Аҳли суннат» номи саҳобалар даврида машҳур бўлган. Аммо бу назарни қўллаб-қувватлайдиган бирор ҳадис ёки тарихий далил мавжуд эмас.[7]
  2. Саҳл бин Муҳаммад Сажистоний Розий ўзининг «Аз-Зийнаҳ» номли китобида «Аҳли суннат» номининг пайдо бўлган замонини бани Аббос халифалари даврига тегишли деб билиб бу ҳақда шундай айтган: «Муовия даврида Усмоннинг тарафдори бўлган бир тоифа мусулмонлар «Усмонийлар» деб ном олгандилар ва ҳазрати Али (алайҳис салом)ни севадиган мусулмонлар эса «Алавийлар» деб номлангандилар. Улар бундан олдин «Шиа» номи билан танилгандилар. Сўнгра бани Аббос халифалиги даврида «Алавийлар» ва «Усмонийлар» номи ўртадан кўтарилди, «Алавийлар» ўзларининг олдинги номи, яъни «Шиа» номига қайтдилар ва бошқалар эса «Аҳли суннат» деб ном олдилар. Бу икки ном бундан сўнг давом этаверди». Ушбу назар Кашфуз-зунун китобининг учинчи қисмида ҳам айтилган.[8]

III. «Аҳли суннат» номининг пайдо бўлган замони ҳижрий-қамарийнинг биринчи асри охирларига ёки иккинчи асрнинг аввалларига бориб тақалади.[9] Шунингдек, Умар ибн Абдулазиз (вафот этган санаси: 101 – ҳижрий-қамарий йили) «Қадар» назариясини рад этиб ёзган рисоласида «Аҳли суннат» номини қўллаган. Умар ибн Абдулазизнинг бу борадаги сўзларининг маъносидан маълум бўлишича, унинг сўзидаги «Аҳли суннат»дан кейинчалик танила бошлаган хос бир мазҳаб назарда тутилмаган, балки «Аҳли суннат»дан мурод Суннати Набавийяни нақл қилувчилар, унга амал қилувчилар ва муҳаддислар бўлган. Унинг ўзи бу ҳақда шундай айтган: «Ҳақиқатан ҳам сизлар «Аҳли суннат»нинг Суннатни маҳкам тутиш нажот йўл деб айтганини билдингиз.»[10]

Натижа ва хулоса;

«Аҳли суннат» номи қачон пайдо бўлганлиги хусусида билдирилган биринчи назарни ҳеч бир ҳадис ёки тарихий далил тасдиқламайди ва бу борада билдирилган учинчи назарда ҳам «Аҳли суннат»дан мурод мусулмонлар ўртасида пайдо бўлган мазҳаб эмас, балки Суннати Набавийяни нақл қилувчилар, унга амал қилувчилар ва муҳаддислар кўзда тутилгани муҳтамал. Шунинг учун, иккинчи назар воқелик ва ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Бинобарин, «Аҳли суннат» номининг пайдо бўлган замони бани Аббос халифалари даврига тўғри келади ва ушбу ибора қуйидаги уч маънода қўлланади:

  1. Аҳли суннат номининг «шиа» номи муқобилида қўлланиши;
  2. Аҳли суннат номининг «аҳли бидъат» номи муқобилида қўлланиши;
  3. Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирий ва ташқи маъноларини тушуниш билан кифояланиб, Қуръоннинг муташобеҳ оятларини ҳамда муташобеҳ ҳадисларни таъвил-тафсир қилишдан сақланмоқ. Ушбу маъно салафийлар (ваҳҳобийлар)га мувофиқ келади.

Қўлланилган манбалар:

[1]. Али Раббоний Гулпойигоний, «Фирақ ва мазоҳибе каломий», нашр этилган санаси: 1383 – ҳижрий қамарий йили, 171 – бет.

[2]. Ибн Манзур, «Лионул араб», 13 – жилд, 224 – бет.

[3]. Абдул Қоҳир Ал-Бағдодий, «Ал-Фарқу байнал фирақ», нашр маркази: Байрут, Дорул офоқил жадида, 6 – 7 ва 13 – бетлар.

[4]. Юқоридаги манба, 209 – бет.

[5]. Ибн Ражаб Ҳанбалий «Усулус-суннаҳ» китоби, 42 – бет ва Али Раббоний Гулпойигоний, «Фирақ ва мазоҳибе каломий», нашр этилган санаси: 1383 – ҳижрий қамарий йили, 172 – бет.

[6]. Муҳаммад Умар Ан-Насафий, «Шарҳул ақоидин-Насафийя» китоби, нашр маркази: Покистоннинг Кувайта шаҳри, Мактабатур-Рашидийя, 108 – бет.

[7]. Али Раббоний Гулпойигоний, «Фирақ ва мазоҳибе каломий», нашр этилган санаси: 1383 – ҳижрий қамарий йили, 173 – бет.

[8]. Саййид Муҳсин Ал-Амин, «Аъёнуш-Шиа», нашр маркази: Байрут, Дорут-таъоруфи лил-матбуъот, 1 – жилд, 19 – бет.

[9]. Жаъфар Субҳоний, «Буҳусун фил милали ван-ниҳал», нашр маркази: Лажнату идааратил ҳавзатил илмийя, 1413 – ҳижрий-қамарий, 1 – жилд, 343 – бет.

[10]. Абу Наим, Аҳмад бин Абдуллоҳ Ал-Исфаҳоний, «Ҳилятул авлиё», нашр маркази: Миср, 5 – жилд, 346 – бет.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.