Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / АШАРАИ МУБАШШАРА ҳадиси саҳиҳ ҳадислар сирасига кирадими? Аҳли-Байт мазҳаби наздида бу ҳадис қандай ўринга эга? (2)

АШАРАИ МУБАШШАРА ҳадиси саҳиҳ ҳадислар сирасига кирадими? Аҳли-Байт мазҳаби наздида бу ҳадис қандай ўринга эга? (2)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ашараи мубашшара ҳадисининг мазмунидаги ихтилоф ҳақида

Ашараи мубашшара ҳадисининг санадидаги ровийлар ҳақида юқорида айтиб ўтилган нуқсон ва камчиликлардан ташқари, ушбу ҳадиснинг мазмунида ҳам ихтилоф ва изтироб мавжуд. Айрим ривоятларда Абу Убайда ибн Жарроҳ башорат қилинган ўн нафардан бири деб айтилган,[1] аммо Ҳоким Нишобурий «Ал-Мустадраку алас-саҳиҳайн» китобида ривоят қилган ҳадисда Абу Убайда ибн Жарроҳнинг ўрнига Абдулллоҳ ибн Масъуд келган.[2] «Сунани Абу Довуд» ва «Сунани ибн Можаҳ»ларда ривоят қилинган ҳадисда эса на Абу Убайда ибн Жарроҳнинг исми айтилган, на Абдуллоҳ ибн Масъуднинг исми зикр этилган, балки бу иккаласининг ўрнига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак исмлари айтилган.[3] Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ўзининг «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб» китобида эса ушбу матндаги ихтилофларга ишора қилган.[4] Шунингдек, Абу Довуднинг ривоятларидан бирида Саъд ибн Абу Ваққос муждаланган ўн нафардан бири деб айтилган. Лекин Абу Довуд шу мазмунда ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Саъд ибн Абу Ваққос ўрнига Саъд ибн Молик зикр этилган.[5]

Яна Ашараи мубашшара ҳадисининг заиф саналишига сабаб бўлган муҳим масала шуки, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саид ибн Зайдлар жаннатий бўлиши башорат қилинган кишилар қаторидан жой олганлар. Ҳолбуки, бу иккила шахснинг ўзи ушбу ҳадисни ривоят қилишган. Бу нарса эса ҳадиснинг мазмунига нисбатан иккиланиш ва шубҳаланиш ҳолатини юзага келтиради. Бошқа тарафдан яна шу савол туғиладики, нима учун Ашараи мубашшара ҳадиси бу икки кишидан ташқари қолган саккиз киши томонидан ривоят қилинмаган?! Нимага ушбу саккиз кишидан бирортаси бирор жойда бир масалани исботлаш ёки ўз фойдасига ҳужжат келтириш учун ушбу ҳадисни ривоят қилиб келтиргани айтилмаган?! Нима учун Сақифа куни халифалик мансаби устида Ансор ва Муҳожирлар ўртасида тортишув ва жанжал юзага келганида, Муҳожирлар халифаликка Ансор гуруҳидан кўра лойиқроқ ва ҳақлироқ эканликларини исботлаш учун ўз фазилатларини Ансор гуруҳига баён қилганларида, уларнинг ҳеч бири Ашараи мубашшара ҳадисини тилга олмаган?! Ушбу саволларнинг илгари сурилиши асосан Ашараи мубашшара ҳадиси авваллари мавжуд бўлмагани ва кейинчалик тўқиб чиқарилганидан дарак бермайдими?!

Ашараи мубашшара ҳадисининг Қуръонга зидлиги ҳақида

Жаннатий бўлиши муждаланган ўн нафар саҳобий ҳар қандай гуноҳга йўл қўйган тақдирда ҳам, жаннатий эканлиги кафолатланган бўлса, демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шак-шубҳасиз, биринчи ўринни эгаллашлари керак. Ҳолбуки, Қуръони Каримда бунинг акси айтилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расули Акрам (с.а.о)га қарата шундай буюради:

وَلَوْلَا أَن ثَبَّتْنَاكَ لَقَدْ كِدتَّ تَرْ‌كَنُ إِلَيْهِمْ شَيْئًا قَلِيلًا ﴿٧٤ إِذًا لَّأَذَقْنَاكَ ضِعْفَ الْحَيَاةِ وَضِعْفَ الْمَمَاتِ ثُمَّ لَا تَجِدُ لَكَ عَلَيْنَا نَصِيرً‌ا ﴿٧٥

«Агар Биз сени собитқадам қилмаганимизда, батаҳқиқ, сен уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди. У ҳолда, албатта, Биз сенга ҳаёт [азобини] ҳам икки ҳисса, мамот [азобини] ҳам икки ҳисса тотдирган бўлардик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши бирор мададкор топа олмас эдинг. (Исро сураси, 74 ва 75-оятлар)

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳеч кимни Ўзининг сўнгги элчиси Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ҳимоя қилганчалик ҳимоя қилмаган. Аммо шунга қарамай, Аллоҳ таоло ул ҳазратга марҳамат қиладики, агар бир оз бўлса-да, ҳақ йўлдан тойиб, мушрикларга мойил бўлсанг, Биз сени бу дунёда ҳам, охиратда ҳам икки ҳисса қилиб азоблагаймиз!

Шундай экан, қандай қилиб Сарвари оламнинг айрим саҳобаларига шу даражада озодлик бериларкан-у, улар ҳар қандай гуноҳ ва маъсиятни содир этсалар ҳам, яна жаннатий бўлар эканлар?! Бундай ақийда юқоридаги ояти каримага зид эмасми?! Ҳадисшунос олимлар ҳар бир ҳадис Қуръони Каримга зид бўлса, уни рад этмоқ лозим деб айтмаганларми?

Ашараи мубашшара ҳадисининг ақлга тўғри келмаслиги ҳақида

  1. Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га хос эҳтиром ва таъзим кўрсатганлари учун ул ҳазратнинг саҳобаларини ҳам юқори мартабада кўриб, поклик ва маъсумлик қамровини Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларидан ҳам кенгроқ қилиб олганлар. Токи, маъсумлик саҳобаларни ҳам ўз ичига қамраб олсин. Ҳолбуки, Сарвари олам ва ул ҳазратнинг Аҳли-Байтлари барча гуноҳ ва саҳв-хатолардан пок ва маъсум эканликлари Қуръони Карим оятларида ёрқин тарзда баён қилинган.

Саҳобалар тўғрисидаги ушбу ақийда бир неча жиҳатдан қусур ва камчиликларга эга:

  1. Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодига кўра, кимки, иймон келтирган ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига шарафёб бўлса ва ҳатто бирор ҳадисни ул ҳазратдан эшитиб ривоят қилса, бундай киши саҳобий ҳисобланади. Ушбу ақийдага биноан, агар бирор кўчманчи ва бадавий шахс Сарвари олам риҳлат қилишларидан бир кун олдин иймон келтирган ва кутилмаганда ул ҳазратдан бир ҳадисни эшитган бўлса, бундай шахс саҳобий бўлиб, Аҳли сунна вал-жамоанинг манбаларида келган баъзи ҳадисларга кўра, кейинги замонларда дунёга келган кишилардан бирор ким мазкур саҳобийнинг орқасидан эргашса, ҳидоят топган бўлади.
  2. Аҳли суннат наздидаги «Тарихи Табарий», «Ал-имаамату вас-сиёсаҳ» ёки «Тарихул хулафаа» Ибн Қутайбаҳ Ад-Динаварий, «Ат-Тарихул Кабийр» Абу Абдиллоҳ Исмоил ибн Иброҳим Ал-Бухорий, «Тарихи мадинати Дамашқ» [Тарихи ибн Асокир], «Тарихи Бағдод» ёки «Тарихи мадинатис-салом» Ал-Хатиб, Ал-Бағдодий, «Тарихул Хулафо» Жалолиддин Ас-Суютий, «Ал-Каамилу фит-тарих» Ибн Асийр Ал-Жазарий, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ» Ибн Касир ва шулар сингари кўплаб ишончли ва мўътабар тарихий манбаларда келган қатъий маълумотларга кўра, айрим саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг завжаларига зино нисбатини бериш, одам ўлдириш, зино қилиш, мусулмонлар халифасига қарши бош кўтариш, байтулмол хазинасини ўзлаштириб олиш ёки умариш ва ҳоказолар каби катта гуноҳларга йўл қўйганлар. Демак, агар биз ушбу тоифадаги саҳобалар орқасидан эргашиб уларни маҳкам тутсак, ҳидоят йўлида бўламизми?!

Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Зубайр ибн Аввомлар жаннатий экани башорат қилинган ўн киши қаторидан жой олишмаганми? Бу иккала саҳобий учинчи халифа Усмон ибн Аффонни ўлдиришда улкан ҳисса қўшишмадими? Бу иккала саҳобий умум мусулмонларнинг халифаси бўлмиш мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)га қарши бош кўтаришда қатнашишмадими? Бу иккала саҳобий Басра байтулмолини ғорат қилишда фаол иштирок этишмадими? Улар мусулмонлар орасида Жамал жанги ўтини аланга олдириб, ўн икки мингдан қирқ минггача аҳли қибла бўлган мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлишмадими? Ёки учинчи халифа Усмон ибн Аффон буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъудни калтаклашга буюриб, бунинг оқибатида ушбу саҳоба оғир тан жароҳати олгани сабабли аянчли ва мазлумона оламдан ўтишига сабаб бўлмадими? Ва шунингдек, Усмон ибн Аффон буюк саҳоба Абу Зар Ғифорийни «Рабаза» чўлига сургин қилиб, ўша ерда Абу Зар Ғифорий оиласи билан бирга очликдан ғариб ва мазлум ҳолда дунёдан кўз юмишларига сабаб бўлмадими?[6] Ёки саҳобалардан бўлган Холид ибн Валид бошқа бир саҳобийни, яъни Молик ибн Нувайрани ўлдириб, ўша кеча унинг Жамила исмли хотини билан зино қилмадими? Чиндан ҳам бундай оғир гуноҳларга йўл қўйган саҳобалар ортидан бориб уларга эргашсак, ҳидоят йўлида эканимизга юз фоиз ишонсак бўладими?!

Ниҳоят Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва адолатига тўғри келармикин, агар бир киши Аллоҳнинг белгилаган тақдири тақозосига биноан, бир минг тўрт юз йилдан сўнг дунёга келиб одам ўлдириши ёки зино қилиши билан жаҳаннам азобига дучор бўлса-ю, аммо бошқа бир киши бир минг тўрт юз йил муқаддам ўғирликка қўл урган, минглаб одам ўлдирган, мусулмонлар халифасига қарши қўзғалон қилган бўлса ҳам, саҳобий бўлгани учун адолат соҳиби ҳисобланиб, Аллоҳ таолонинг адолатли жазосидан узоқда ва омонда бўлса?!

III. Ашараи мубашшара ҳадисининг мазмунини қабул қилганимиз тақдирда, унинг маъноси қуйидагича бўла олади: Ушбу ҳадисда исми зикр этилган саҳобалар модомики, Суннати Набавийяга тобе бўлиб, Сарвари коинотнинг кўрсатган йўлларидан борар эканлар, жаннатга дохил бўлиш йўлидадирлар.

  1. Агар Ашараи мубашшара ҳадисини ундаги барча камчилик ва нуқсонлари билан қабул қиладиган бўлсак, муждаланган ўн нафар саҳобийдан қайси бирини ўзимиз учун намуна ва ўрнак қилиб ололамиз? Абу Бакрними, Умар ибн Хаттобними, Усмон ибн Аффонними, Талҳа ибн Убайдуллоҳними, Зубайр ибн Аввомними ёки Саъд ибн Абу Ваққосними???

– Хилофатни қўлга киритган Абу Бакр дин кўрсатмаларига амал қилдими ёки унга байъат қилишдан бош тортган Зубайр динга амал қилдими?

– Ўлдирилган учинчи халифа Усмон динга амал қилдими ёки уни ўлдиришга бошқаларни тарғиб қилган ва ўзлари ҳам бу можарода иштирок этган Талҳа ва Зубайр динга амал қилувчи эдиларми?

– Асосан башорат қилинган ўн нафар саҳобалардан қотил бўлмиш Талҳа ва Зубайр ҳам, мақтул [ўлдирилган] бўлмиш Усмон ибн Аффон ҳам биргаликда жаннатий бўла оладиларми?!!

– Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифалигига қарши чиқиб, қўзғалон қилган Талҳа ва Зубайр динга амал қилдиларми ёки муждаланган ўн нафар саҳобалар орасидан бу иккиласига ҳамроҳлик қилмай, уларнинг қаршида турган саҳобалар динга амал қилдиларми?

  1. Ашараи мубашшара ҳадиси зиддиятли тушунчани ўз ичига қамраб олган. Бундай зиддиятли ақийда дин таълимларининг пучга чиқишига олиб келади. Чунки, бир-бирига зид бўлган икки нарсанинг бир жойда жамланиши парадoкс бўлиб, ақл ва мантиқ нуқтаи назаридан номумкин ва маҳол саналади. Шунга кўра, Абу Бакр билан Умарнинг тутган йўллари ва дунёқарашлари бир-биридан фарқли бўлган ва баъзан эса улар бир-бирларини рад этганлари тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилган. Усмоннинг ҳам дунёқараши ва тутган йўли бу иккисидан фарқланиб турган. Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ғоялари ва тутган йўллари эса бу уч нафардан мутлақо ўзгача бўлган ва ул ҳазрат Шайхайн [Абу Бакр ва Умар]нинг суннати ва сийратига умуман аҳамият бермаганлар. Шу сабаб, халифа сайлаш учун ташкил этилган шўрода [кенгашда] ул ҳазрат Шайхайннинг суннати ва сийратига тобе бўлиш шартини қабул этмадилар. Шунинг учун ҳам, ул зот халифаликка сайланмадилар.

Ва шунингдек, тарихий маълумотларга кўра, Абдурраҳмон ибн Авфнинг дунёқараши ва тутган йўли Усмон ибн Аффонга буткул зид ва қарама-қарши бўлган. Шу даражада зид бўлганки, у умрининг охирига қадар Усмон билан аразлаб гапирмай ўтган. Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ғоялари ва тутган йўллари Талҳа ва Зубайрники билан мутлақо фарқ қилган. Ҳатто ушбу фарқланиш улардан ҳар бири бошқасининг қонини тўкишни мубоҳ деб билишга олиб келган.

Натижа ва мулоҳаза

Ашараи мубашшара ҳадиси санад нуқтаи назардан заиф эканлиги, бу ҳадиснинг мазмунида ихтилоф ва изтироб борлиги ва бу ҳадиснинг Қуръони Каримга зидлиги ҳамда ақл ва мантиққа тўғри келмаслигидан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, Ашараи мубашшара ҳадиси, шак-шубҳасиз, тўқима ҳадис бўлиб уни тасдиқ этмоқлик саҳобаларга бўлган ақийданинг нақадар суст ва заиф эканлигидан дарак беради. Шу боис, кўзни юмиб олиб кўр-кўрона ҳолда ҳамма саҳобаларни бир даражада кўриш ўрнига уларнинг қилган солиҳ амаллари ҳамда Сарвари оламнинг суннатларига тобе бўлган ҳолда ул зотнинг кўрсатган йўлларидан борган ёки бормаганликларини назарга олиб, уларни турли даражаларда кўрсак, ҳақиқатга яқинроқ иш тутган бўламиз.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар: 

[1]. Муҳаммад ибн Исо ибн Сура, Ал-Жомиъус-саҳийҳ, 5-жилд, 647-бет, Бобу Маноқиби Абдурраҳмон ибн Авф, Байрут, Дорул иҳёит-туросил арабий нашриёти.

[2]. Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадрак алас-саҳиҳайн», 3-жуз, китобу маърифатис-саҳааба, Бобу Маноқиби Абдуллоҳ ибн Масъуд, 317-бет.

[3]. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шадод ибн Амр ибн Имрон Аздий, «Сунани Абу Довуд», 3 ва 4-жилдлар, 401 ва 402-бетлар, китобус-Суннаҳ, 9-боб: Фил-хулафои; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунани ибн Можаҳ», 1-жилд, 48-бет, 11-боб: фий фазоили асҳоби Расулиллааҳи, тадқиқотчи: Абдулбоқий, Байрут: Дорул фикр нашриёти.

[4]. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 3-жилд, 2-бет, китобнинг остида Ибн Ҳажарнинг «Ал-Исобаҳ» китоби ҳам келтирилган, Байрут: Дору иҳёит-туросил арабий нашриёти, биринчи чоп, ه ҳарфи, Омир боби.

[5]. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас, «Сунани Абу Довуд», 3 ва 4-жилдлар, 401 ва 402-бетлар, китобус-Суннаҳ, 9-боб: Фил-хулафои.

[6]. Усмон ибн Аффон Абу Зар Ғифорийни «Рабаза» чўлига сургин қилганининг сабаби, бу буюк саҳоба кўп ўринларда Усмонни ножўя ишлардан қайтариб, тўғри йўлни кўрсатгани эди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.