Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун Аҳли суннат тўрт мазҳабга чекланиб қолган?

Нима учун Аҳли суннат тўрт мазҳабга чекланиб қолган?

3031_972Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ушбу саволга тўлиқ жавоб бериш учун «Аҳли суннат»нинг ақийдавий ва фиқҳий йўналишлар бўйича неча мазҳаб ва оқимларга бўлинганини алоҳида кўздан кечирмоқ лозим бўлади.

«Аҳли суннат» ҳижрий-қамарийнинг иккинчи ва учинчи асрларидан бошлаб диннинг асослари бўлмиш ақийда бобида Аҳли ҳадис (Ҳанбалийлар), Мўътазилийлар, Ашъарийлар, Мотуридийлар ва ҳоказолар каби кўплаб оқим ва фирқаларга бўлинганлар. Албатта, мазкур ақийдавий фирқалар асрлар давомида турли сиёсий, ижтимой ва маданий омиллар туфайли емирилганлар. Ва ҳозирги кунда эса «Аҳли суннат» оламининг ақийда бобидаги асосий қисмини Ашъарийлик ва Мотуридийлик ақоиди ташкил этади ва ўзини «Аҳли суннат» деб атаган мусулмонларнинг деярли ҳаммаси Ашъарий ёки Мотуридийдирлар.

Албатта, шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, охирги икки аср давомида «Аҳли суннат» номи остида Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ақийдавий қарашларини қайта тиклаш учун Муҳаммад бин Абдулваҳҳобдан томонидан саъй-ҳаракатлар қилиниб, ислом оламида салафийлик ёки аниқроқ қилиб айтганда, ваҳҳобийлик ҳам ўртага чиқди. Ваҳҳобийлик ақийдасига ёндашувчиларнинг сони ислом оламида жуда озчиликни ташкил этишига қарамай, ушбу ақийдавий фирқа Саудия Арабистони давлатининг нефтдан келадиган миллиард-миллард доллар даромади билан моддий ҳимояланаётгани учун ислом ўлкаларида турли фитна ва жиноятларга қўл уриб кўплаб мусулмонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқдалар. Ушбу фитна тарқатувчи, ислом ва мусулмонларнинг шаънига иснод келтирувчи ваҳҳобийлик ақийдасини «Аҳли суннат»га мансуб деб билиш тўғри бўлмай, янглиш ва хато ҳисобланади.

Аммо «Аҳли суннат»нинг фиқҳий йўналиши бўйича тақсимотига келсак, ҳозирги кунда «Аҳли суннат» оламида аҳком ва фиқҳ йўналиши бўйича тўртта фиқҳий мазҳаб мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

1. Ҳанафий мазҳаби; ушбу мазҳабнинг асосчиси Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдир. У 80-ҳижрий санада туғилиб, 150-ҳижрий санада вафот этган. Ҳанафийлар Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалганлар.

2. Моликий мазҳаби; ушбу мазҳабнинг асосчиси Молик ибн Анасдир. У 90 ёки 95-ҳижрий санада туғилиб, 174 ёки 179-ҳижрий санада вафот этган. Моликийлар Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида кенг тарқалганлар.

3. Шофеъий мазҳаби; ушбу мазҳабнинг асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Аш-Шофеъийдир. У 146 ёки 150- ҳижрий санада туғилиб, 204-ҳижрий санада вафот этган. Шофеъийлар Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида кенг тарқалганлар.

4. Ҳанбалий мазҳаби; ушбу мазҳабнинг асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбалдир. У 164-ҳижрий санада туғилиб, 241- ҳижрий санада вафот этган. Ҳанбалийлар асосан Арабистон ярим оролида тарқалганлар.

Ушбу ҳақиқатни айтиш лозимки, Аҳмад ибн Ҳанбал олдинги уч фиқҳий имомлардан фарқланиб, унинг ақийдавий қарашлари ортидан эргашувчилар дастлабки даврда «Аҳли ҳадис» деб номланганлар ва сўнгги даврда эса Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ушбу ақийдавий қарашлари Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг саъй-ҳаракати билан қайта тикланиб, унинг издошлари «салафийлар» ёки «ваҳҳобийлар» деб аталганлар. Аммо Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фиқҳий қарашларига тобе бўлган мусулмонлар эса «Ҳанбалийлар» деб ном олганлар.

Нима сабабдан «Аҳли суннат» оламида фиқҳий мазҳаблар тўрттага чекланиб қолган? деган саволга баъзи сунний тарихчи олимлар қуйидагича жавоб берганлар:

«Дарҳақиқат, фиқҳий пешволик ва раҳнамолик устида юзага келган турли низо-ихтилоф ва жанжаллардан сўнг, юзлаб фуқаҳо ва мужтаҳидлар орасидан фақат тўрт нафаргагина кифояланиб, уларга тобе бўлишга чеклаб қўйилди. Улар Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан иборат эдилар. Сўнгра ижтиҳод қилиш ва мужтаҳидлик фаолиятлари ҳаром деб эълон қилинди ва бутун мусулмонларга ушбу тўрт мужтаҳиддан бирига тақлид қилиш керак деб буйруқ берилди. Ушбу ҳодиса 663- ҳижрий санада, яъни ҳижрий-қамарийнинг еттинчи асрида рўй берди. Ўша даврдаги бани Аббос ҳукумати адлияга оид бўлган муҳокама ишларида тартибсизликнинг олдини олиш учун ижтиҳод қилиш ва мужтаҳидликни ушбу тўрт кишига чеклаб қўйишни маслаҳат кўрди.»[1]

Кўриб турганингиздек, ижтиҳод бобига чеклов қўйиб, мусулмонларни тўртта фиқҳий мазҳабга бўйин сундириб қўйиш 663-ҳижрий санада бани Аббос ҳукумати ва Аббосийлар халифаси бўлмиш Мутаваккил бошқа номи; Мустаъсим биллоҳ тарафидан сиёсий ва ижтимоий мақсадлар бўйича амалга оширилган. Албатта, ўша ҳукуматнинг сиёсий тузумига яқинроқ бўлган мазҳаблар расмий тан олинган. Ҳолбуки, ушбу тўртта мазҳаб ҳукумат томонидан расмий тан олинишидан олдин юздан ортиқ фиқҳий мазҳаблар мавжуд бўлган. Бу ерда уларнинг муҳим бўлганларини келтирамиз:

1. Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакамнинг фиқҳий мазҳаби; у 101-ҳижрий санада вафот этган бўлиб, тобеинлардан бўлган.

2. Омир бин Шураҳбил Аш-Шаъбийнинг фиқҳий мазҳаби; у 105-ҳижрий санада вафот этган. Унинг мазҳаби беш аср давомида «Аҳли суннат» уламоларининг диққатини ўзига жалб этган бир фиқҳий мазҳаб бўлган.

3. Ҳасан Ал-Басрийнинг фиқҳий мазҳаби; у 110-ҳижрий санада вафот этган. Унинг ҳақида шундай дейилган:

«لولا سيف الحجاج و لسان الحسن لَوُئِدَت الدَّولة المروانية فى لحدها»

«Агар Ҳажжож бин Юсуф Ас-Сақафийнинг қиличи ва Ҳасан Ал-Басрийнинг тили бўлмаганида эди, Марвонийлар давлати қабрда дафн этиларди.»

4. Аъмашнинг фиқҳий мазҳаби; унинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Сулаймон бин Меҳрон бўлиб, 148-ҳижрий санада вафот этган.

5. Суфён Ас-Саврийнинг фиқҳий мазҳаби; унинг тўлиқ исми Суфён бин Саид бин Масруқ ва куняси Абу Абдуллоҳ бўлиб, 161-ҳижрий санада вафот этган.

6. Лайс бин Саъднинг фиқҳий мазҳаби; у 175-ҳижрий санада вафот этган.

7. Суфён ибн Уяйнанинг фиқҳий мазҳаби; у 198-ҳижрий санада вафот этган. Унинг мазҳаби олтинчи асрнинг охирларига қадар «Аҳли суннат» уламоларининг эътиборини ўзига қаратган бўлиб, ушбу мазҳабга амал қилинган.

8. Роҳивайҳ номи билан танилган Исҳоқ бин Иброҳимнинг фиқҳий мазҳаби; у 238-ҳижрий санада вафот этган.

9. Абу Савр Иброҳим бин Холид Ал-Калбийнинг фиқҳий мазҳаби; у 240-ҳижрий санада вафот этган.

10. Довуд Аз-Зоҳирийнинг фиқҳий мазҳаби; у 270-ҳижрий санада вафот этган.

«Аҳли суннат» оламида тўрт мазҳаб расмий тан олиниб, қолган мазҳабларга чеклов қўйилишидан олдин юқорида зикр этилган мазҳаблар эътиборга сазовор бўлган мазҳаблар бўлиб, мусулмонлар томонидан уларга амал қилинарди ва «Аҳли суннат» уламоларининг дарс ҳавзаларида ушбу мазҳабларнинг фиқҳий таълимотлари хусусида илмий баҳс-мунозаралар ва муноқашалар ўтказиларди.

Ушбу баҳсга оид бир неча жавобсиз қолган саволлар мавжуд бўлиб уларни эътиборингизга тақдим этамиз:

1. Нима сабабдан мазҳаблар тўрттага чеклаб қўйилиши ва тўрт кишининг орқасидан эргашиш керак экан? Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз суннатларининг қаерида фақат ушбу тўрт мазҳабга тобе бўлиш керак деб айтилган?

2. Ушбу тўрт мазҳаб ўртадан олиб ташланган бошқа мазҳаблардан устун ва афзал эканлагига нима далил ва исбот бор? Мусулмонлар дастлабки уч аср, яъни биринчи, иккинчи ва учинчи ҳижрий асрларда ушбу тўрт мазҳабдан қайси бирига эътиқод қўйганлар? Саҳобалар ёки тобеинлардан ким Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларнинг бирига тобе бўлган?

3. Ҳижрий-қамарийнинг еттинчи асридан олдин бошқа мазҳаблар ортидан эргашган мусулмонлар тўғри йўлни тутганларми ёки еттинчи асрдан сўнг ушбу тўрт мазҳабга тобе бўлганлар тўғри йўлни тутганларми?

4. Ҳозирги кунда тўрт мазҳабга эмас, балки «Аҳли суннат»нинг еттинчи ҳижрий асрдан олдинги мустақил мазҳаб соҳиблари бўлган Суфён Ас-Саврий, Лайс бин Саъд, Аъмаш ва Аш-Шаъбий каби имомларга эргашсак, йўлдан адашган бўламизми? Чунки, ушбу имомларнинг мазҳаблари тўртта фиқҳий мазҳабга эргашиш зарур деб чеклаб қўйилишидан олдин «Аҳли суннат» орасида кенг тарқалган эди.

5. Қайси мазҳаб ёки мазҳаблар орқасидан эргашиш мумкинлигини Аббосийлар ҳукумати белгилаб қўйиши керакми?!!! Ҳукумат қайси мазҳабни тайин этса, ўша тўғри мазҳаб ва унга эргашиш тўғри ва ҳақ йўл бўлади-ю, ҳукуматнинг розилини таъминлай олмаган мазҳабга эргашиш эса гумроҳлик ва йўлдан озишлик ҳисобланадими?!!!

6. Нега энди еттинчи ҳижрий асрда тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиш зарур деб ҳукумат тарафидан чеклов қўйилгач, кейинги асрларда ва ҳозирги даврда ҳеч ким «Аҳли суннат» орасида мавжуд бўлган бошқа мазҳаблар орқасидан эргашишга ҳаққи йўқ? Чиндан ҳам қайси меъёр ва мезонга асосланиб, бани Аббос ҳукумати исломни ушбу тўрт мазҳабга чеклаб қўйган??!!

7. 80- ҳижрий санада туғилган Абу Ҳанифа, 95-ҳижрий санада туғилган Молик ибн Анас, 150-ҳижрий санада туғилган Муҳаммад ибн Идрис Аш-Шофеъий ва 164 – ҳижрий санада туғилган Аҳмад ибн Ҳанбал ўз фиқҳий қарашларини кимдан олганлар? Улар саҳобалардан бўлганларми ёки тобеинлардан? Ёки асосан улар саҳоба ё тобеинларни кўрганларми? Агар улар саҳоба ё тобеинларни кўрмаган бўлсалар, қайси далил ва исботга кўра, уларга эргашиш керак?

8. Қандайига тўрт мазҳаб мусулмонларнинг бирдамлигига мувофиқ келади-ю, аммо бештага етиши биланоқ ушбу бирдамлик ўртадан кўтарилиб унинг ўрнини тарқоқлик ва парокандалик эгаллар экан? Бирдамликнинг маъноси бир мазҳаб тўрт мазҳабга ўгирилиши керак деганими? Ёки тўрт мазҳаб бир мазҳабга ўзгариши керак деганими?

9. Шиалар ва суннийлар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилган ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қилганлар: «Мусонинг уммати ўзидан сўнг етмиш бир фирқага бўлинди, Исонинг уммати эса ўзидан сўнг етмиш икки фирқага бўлинди ва Менинг умматим мендан сўнг етмиш уч фирқага бўлингайдир. Мусо ва Исо умматларининг бўлинган фирқалари орасидан бир фирқагина нажот топгувчи бўлгани каби Менинг турли фирқаларга бўлинган умматим орасидан ҳам фақат бир гуруҳигина нажот аҳлидир ва бошқалари эса дўзах эгаларидир.» Ушбу ҳадисга биноан, тўрт мазҳабдан қайси бири нажот аҳли бўлиб қолганлари дўзах эгалари ҳисобланади?!! Нега деганда, юқоридаги ҳадиси шарифда фақат бир гуруҳ ва фирқагина нажот аҳлидир деб айтилган, тўртта гуруҳ эмас.

10. Юқорида зикр этилган ҳадиси Набавийда саҳобалар Сарвари оламдан ўша нажот аҳли бўлган гуруҳ кимлардир? деб сўраганларида, ул ҳазрат: «Улар Менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлардир», деб марҳамат қилдилар.

Ушбу ҳадисни саҳиҳ деб қабул қилган тақдирда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари Ҳанафий бўлганларми ёки Моликийми ёки Шофеъийми ё Ҳанбалийми?! Сарвари оламнинг қайси бир саҳобалари ушбу тўрт мазҳабнинг ортидан эргашганлар? Юқорида баён қилганимиздек, ҳижрий сананинг еттинчи асрида «Аҳли суннат» мазҳаблари орасидан ушбу тўрт мазҳаб танлаб олинди. Шундай экан, ҳижрий сананинг биринчи асрида яшаб ўтган саҳобалар ва тобеинлар ушбу тўрт мазҳабнинг қай бири ортидан эргашганлар?? Маълумки, тўрт мазҳаб пешволарининг ўзлари ҳам, оталари ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг замонларида туғилмаган бўлганлар!!!

11. Шиалардан бирор ким «Аҳли суннат» томонига ўтмоқчи бўлса, тўрт мазҳабдан қайси бирини танлаши керак? Ушбу тўрт мазҳабнинг ҳаммаси нажот топувчилардир, деб айта оламизми? Ҳолбуки, ислом уммати етмиш уч гуруҳга бўлиниши ҳақидаги ҳадиси шарифда фақат бир гуруҳ ва мазҳабгина нажот аҳлидир ва қолганлар дўзах эгаларидир, деб марҳамат қилинган. Нима учун «Аҳли суннат» уламолари тўрт мазҳабдан қайси бирига эргашсангиз, нажот аҳлидан бўлгайсиз, деб айтадилар?!! Буни қандай тушуниш мумкин?!! Бундай эътиқод Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларига ошкора зид ва қарама-қарши бўлган бир ақийда эмасми?!!

Натижа ва мулоҳаза

Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, Шиалар орасида ҳам «Аҳли суннат» каби турли мазҳаб ва оқимлар юзага келган. Лекин фарқи шундаки, биз ўн икки имомлик шиаларнинг эътиқодига кўра, нажот топувчи гуруҳ фақатгина бир гуруҳдир, холос. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул зотнинг халифа ва ворислари ўн икки нафардан иборат бўлиб, уларнинг биринчиси мўъминлар амири Али (алайҳис салом) ва охиргиси эса ҳазрати Маҳдий Соҳиб аз-Замон (Аллоҳ таоло ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин), деб эътиқод қилувчи мусулмонлардир.

Ушбу ақийда тўғри ва ҳақ эканлигига пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан «Аҳли суннат» манбаларида ривоят қилинган кўплаб ҳадислар мавжуд. Жумладан; Явмуддор ҳадиси, Сафийнату Нуҳ (Нуҳнинг кемаси) ҳадиси, Ғадир ҳадиси, Сарвари оламдан кейинги ўн икки халифа ва имом ҳақидаги ҳадис ва бошқалар. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу ҳадислари ва кўрсатмалари натижасида ул зотнинг Салмони Форсий, Абу Зар Ал-Ғифорий, Аммор ибн Ёсир ва Миқдод ибн Асвад каби буюк саҳобалари ўша даврдаёқ ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиалари деб ном олган эдилар.

Аммо «Аҳли суннат»даги тўртта мазҳабга келсак, юқорида келтирилган саволларнинг жавобсиз қолганидан ҳамда ушбу мазҳабларнинг ўртага келишига бирор далил (Қуръони Карим оятлари ёки ҳадиси набавий) мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, ушбу тўртта мазҳабнинг бирортаси нажот аҳлидан эканлигини тан ололмаймиз.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳоя», 13-жилд, 260-бет, «Ал-Ибар фий хабари ман ғабар», 3-жилд, 307-бет, «Ал-Хутат», 3-жилд, 390-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.