Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Саҳобалар ўртасида фарқ қўйиш куфр келтириш саналадими? (Ислом билан куфр ўртасидаги мезонга таҳлилий қараш)

Саҳобалар ўртасида фарқ қўйиш куфр келтириш саналадими? (Ислом билан куфр ўртасидаги мезонга таҳлилий қараш)

Masjed-Al-Nabi-01Аҳли сунна уламолари рофизийларни ўз салафлари бўлмиш шийъалардан ҳам куфрда ғализроқ ва мураккаброқ деб таърифлашган. Биз қуйида салафи солиҳ уламоларнинг қадимги шийъа тоифаси ва уларнинг куфри ҳақида айтган асосли фикрларини келтирамиз:

  1. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Саҳобаи киромларни ҳақорат қиладиган кимсаларга исломдан ҳеч қандай насиба йўқдир!” (имом Ҳаллол “Сунна” китобларида ривоят қилганлар).

  1. Муфассир ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтадиларки:

Имом Молик ва кўп уламолар “саҳобаи киромларни ёмон кўрадиган рофизийлар (шийъалар)ни кофир деб фатво беришларига Қуръони Каримнинг Фатҳ сурасининг охирги оятини ҳам ҳужжат қилишган. Чунки оятда Аллоҳ таоло “Муҳаммад Росулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган зотларни кофирлар ёмон кўради” деган. Рофизийлар саҳобаларни ёмон кўришади, кимки саҳобаи киромларни ёмон кўрса кофир бўлади”.

  1. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Рофизийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини ёмон кўрадилар, уларни ҳақоратлайдилар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Жаҳмий ва рофизийнинг орқасида намоз ўқидим нима-ю, яҳудий ва насронийнинг орқасида намоз ўқидим нима, иккаласи ҳам бир хил. Рофизийларга салом ҳам берилмасин, касал бўлса зиёрат ҳам қилинмасин, никоҳ ҳам қилинмасин (яъни, рофизий қиз ҳам олинмасин, муслима аёл рофизий эрга ҳам тегмасин), уларнинг гувоҳликлари ҳам эътиборга олинмайди, улар сўйган гўштлар ҳам ейилмасин!” (Имом Бухорийнинг “Халқ афъаалул ибаад” китоблари).

  1. Имом Абдурраҳмон бин Маҳдий роҳимаҳуллоҳ айтадилар (Имом Аҳмаднинг устозларидан):

“Исломдан бутунлай ажраб чиқиб кетган тоифалар иккита: Жаҳмийлар ва рофизийлар”.

  1. Имом ас-Самъоний роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Ислом уммати “имомий”ларни (яъни: 12 та имомни даъво қилувчи тоифа “исна ашарийя”) кофир эканларига иттифоқ қилган, чунки улар саҳобаи киромларни адашганлар деб эътиқод қилишади. Саҳобалар иттифоқ қилган “ижмоъ”ларни инкор қилишади, уларни қабих ишлар билан ҳақорат қилишади”. (“Ал-Ансаб” китоблари: 6-жилд, 341-саҳифа).

Ким бугунги шийъалар ҳам ушбу ботил ва куфр эътиқодотига қайсарлик қилишда давом этиб келаётганига ишонмаса, уларнинг энг мўътамад китобларидан ўз кўзи билан ўқиб кўриши мумкин, масалан қуйидаги китоблар:

  1. “ал-Кофий” (ал-Кулайнийнинг китоби). Бу китоб рофизийларнинг энг машҳур ва энг мўътамад китоби
  2. “Рижолул-Кашший”.
  3. “Тафсирул-Айёший”
  4. “ал-Бурхон” (Ҳошим ал-Баҳроний)
  5. “ас-Софий” (Муҳсин ал-Кошоний)
  6. “Тафсиру нурус-сақалайн” (Ҳувайзиний)
  7. “Бихорул-анвор” (ал-Мажлисий)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ушбу мақолада шиалар саҳобаларни ёмон кўриб, уларни адашганлар деб билиб рад этганлари учун шиалар Исломдан бутунлай ажраб чиқиб кетган кофирлар деб иддао қилинган. Мақолада иддао қилинганидек, айрим ақийдада фарқланиб турган бошқа мазҳабдаги мусулмонларни осонлик билан баъзи уламоларнинг фатвосига асосланиб кофирга чиқариш мумкинми?!!!

Ушбу иддао қанчалик тўғри эканлигини билиб олиш учун Аллоҳ таолонинг сўнгги китоби бўлмиш Қуръони Карим ва Суннати Набавийяга (Аҳли суннатнинг Қуръондан сўнг энг мўътабар ва мўътамад китоблари бўлмиш Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслимларда ривоят қилинган ҳадиси шарифларга) асосланиб, Ислом ва мусулмонликнинг мезони нима эканлигини аниқлаб олиш зарур. Токи, Ислом ва куфрнинг ҳудуди бир-биридан ажралиб маълум бўлсин.

1. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўмин-мусулмонликнинг мезони баён этилган. Биз уларни бир неча қисмларга бўламиз:

I. Аллоҳ таоло ва охират кунига иймон келтирганлар мўмин саналиб, кофирлар доирасидан ташқарида эканликлари айтилган:

وَمِنَ الْأَعْرَ‌ابِ مَن يُؤْمِنُ بِاللَّـهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ‌ وَيَتَّخِذُ مَا يُنفِقُ قُرُ‌بَاتٍ عِندَ اللَّـهِ وَصَلَوَاتِ الرَّ‌سُولِ ۚ أَلَا إِنَّهَا قُرْ‌بَةٌ لَّهُمْ ۚ سَيُدْخِلُهُمُ اللَّـهُ فِي رَ‌حْمَتِهِ ۗ إِنَّ اللَّـهَ غَفُورٌ‌ رَّ‌حِيمٌ

«Аъробийлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ҳамда инфоқ қиладиган нарсасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Расулнинг дуосига мушарраф этиш воситаси деб биладиганлари ҳам бор. Билсинларки, албатта, ўша нарсалар улар учун қурбатдир. Албатта, Аллоҳ уларни ўз раҳматига киритади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.» (Тавба сураси/ 99 – оят)

II. Аллоҳ таоло ва охират кунига иймон келтириш билан солиҳ ва эзгу амалларни бажарганлар мўмин-мусулмон саналиб, улар энг яхши инсонлар эканликлари, қилган эзгу амалларининг ажр-мукофоти уларга тўлиқ қилиб берилиши ҳамда жаннатга дохил бўлиб у ерда Аллоҳнинг турли неъматлари уларга ато этилиши айтилган:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَـٰئِكَ هُمْ خَيْرُ‌ الْبَرِ‌يَّةِ

«Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшиларидир.» (Баййина сураси/ 7 – оят)

وَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَيُوَفِّيهِمْ أُجُورَ‌هُمْ ۗ وَاللَّـهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ

«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг ажр-мукофотини тўлиқ беради. Ва Аллоҳ золимларни хуш кўрмас.» (Оли Имрон сураси/ 57 – оят)

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِ‌ي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ‌ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۖ لَّهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُّطَهَّرَ‌ةٌ ۖ وَنُدْخِلُهُمْ ظِلًّا ظَلِيلًا

«Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз.» (Нисо сураси/ 57 – оят)

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِ‌ي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ‌ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۖ وَعْدَ اللَّـهِ حَقًّا ۚ وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّـهِ قِيلًا

«Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми?» (Нисо сураси/ 122 – оят)

Айрим ояти карималарда эса намоз ўқиш, рўза тутиб закот бериш солиҳ амаллар қаторида зикр қилинган:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُ‌هُمْ عِندَ رَ‌بِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

«Албатта, иймон келтирган, яхши амалларни қилган, намозни тўкис адо этиб, закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.» (Бақара сураси/ 277 – оят)

III. Аллоҳ таоло Ўзига ва охират кунига иймон келтирганларни фосиқ ва кофирлар билан баробар қилмаслигини айтган:

أَمْ نَجْعَلُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَالْمُفْسِدِينَ فِي الْأَرْ‌ضِ أَمْ نَجْعَلُ الْمُتَّقِينَ كَالْفُجَّارِ‌

«Ёки Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! (Зинҳор бундай қилмаймиз.) Ёки Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!» Сод сураси/ 28 – оят)

IV. Баъзи оятларда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириш билан бирга Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарларга ва уларга нозил қилинган самовий китобларга, хусусан охирги Пайғамбар (с.а.о) ва ул ҳазратга нозил бўлган китоб – Қуръонга ҳамда малоикаларга иймон келтирмоқлик шарт қилинган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا آمِنُوا بِاللَّـهِ وَرَ‌سُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي نَزَّلَ عَلَىٰ رَ‌سُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي أَنزَلَ مِن قَبْلُ ۚ وَمَن يَكْفُرْ‌ بِاللَّـهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُ‌سُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ‌ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига нозил қилган китоб (Қуръон)га ва бундан олдин нозил қилган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, шубҳасиз, қаттиқ гумроҳ бўлибди.» (Нисо сураси/ 136 – оят)

وَالَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّـهِ وَرُ‌سُلِهِ وَلَمْ يُفَرِّ‌قُوا بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ أُولَـٰئِكَ سَوْفَ يُؤْتِيهِمْ أُجُورَ‌هُمْ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورً‌ا رَّ‌حِيمًا

«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганларга ва уларнинг бирортасини ҳам ажрати қўймаганларга – ана ўшаларга ажр-мукофотларини албатта берурмиз. Ва Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.» (Нисо сураси/ 152 – оят)

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّـهِ وَرَ‌سُولِهِ وَإِذَا كَانُوا مَعَهُ عَلَىٰ أَمْرٍ‌ جَامِعٍ لَّمْ يَذْهَبُوا حَتَّىٰ يَسْتَأْذِنُوهُ ۚ

«Шубҳасиз, мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган кишилардир. Улар у (Пайғамбар) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар.» (Нур сураси/ 62 – оят)

… وَالْمُؤْمِنُونَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِن قَبْلِكَ ۚ وَالْمُقِيمِينَ الصَّلَاةَ ۚ وَالْمُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالْمُؤْمِنُونَ بِاللَّـهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ‌ أُولَـٰئِكَ سَنُؤْتِيهِمْ أَجْرً‌ا عَظِيمًا

«…Мўминлар сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирурлар. Хусусан, намозни тўкис адо этувчилар, закот берувчилар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчилар ҳам. Ана ўшаларга, албатта, улуғ ажр бергаймиз.» (Нисо сураси/ 162 – оят)

V. Баъзи оятларда иймон келтириб Аллоҳ таолони севиб Унинг йўлида юрмоқчи бўлган кишиларга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашиш ва ул ҳазратга бўйсуниш амр қилинган:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّـهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّـهُ وَيَغْفِرْ‌ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّـهُ غَفُورٌ‌ رَّ‌حِيمٌ

(Эй элчимиз Муҳаммад (с.а.о)) айт: «Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, демак, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Ва Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, раҳмлидир.» (Оли Имрон сураси/ 31 – оят)

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّـهَ وَأَطِيعُوا الرَّ‌سُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ‌ مِنكُمْ ۖ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُ‌دُّوهُ إِلَى اللَّـهِ وَالرَّ‌سُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّـهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ‌ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ‌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.» (Нисо сураси/ 59 – оят)

قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَ‌سُولُ اللَّـهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْ‌ضِ ۖ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ يُحْيِي وَيُمِيتُ ۖ فَآمِنُوا بِاللَّـهِ وَرَ‌سُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّـهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

(Эй элчимиз Муҳаммад (с.а.о)) айтгин: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг элчисидирман. Демак, Аллоҳга ҳамда Унинг элчисига – Аллога ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига иймон келтиринг ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз» (Аъроф сураси/ 158 – оят)

Кўриб турганингиздек, юқорида келтирилган Қуръони Каримнинг оятларидан ошкора маълум бўладики, Ислом ва мусулмонликнинг мезони бу – Аллоҳ таолога, охират кунига, Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳамма пайғамбарларга (уларни бир-биридан ажратмаган ҳолда), уларга нозил бўлган самовий китобларга (Таврот, Забур ва Инжил), хусусан сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул ҳазратга нозил бўлган охирги самовий китоб бўлмиш Қуръони Каримга ҳамда Аллоҳнинг малоикаларига иймон келтиришдан иборат бўлиб, ушбу иймон қилинадиган солиҳ ва эзгу амаллар, жумладан намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва Аллоҳнинг сўнгги элчиси Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашиб ул ҳазратга бўйинсуниш билан ўз тасдиғини топмоғи зарурдир.

Демак, Сарвари оламнинг ҳамма саҳобаларини бир кўзда кўриб уларнинг ҳаммаси солиҳ ва одил кишилар бўлишган деб эътиқод қилиш Қуръони Карим нигоҳида Ислом динининг асосларидан ҳисобланмайди, балки ушбу ақийда Ислом оламидаги баъзи Аҳли суннат мазҳабларига хосдир. Шу боис, саҳобаларнинг айримларини қабул қилиб, баъзиларини рад этган Аҳли-Байт мазҳабига тобе мусулмонларни саҳобаларнинг ҳаммасини бир кўзда кўрмагани учун Исломдан бутунлай ажраб чиқиб кетган кофирлар деб аташ Қуръоний қарашга мутлақо зид ва мухолифдир. Чунки, Аҳли-Байт мазҳабига тобе мусулмонлар ёки ғанимларнинг таъбирича рофизийлар ҳам худди бошқа мазҳабдаги мусулмонлар каби Аллоҳ таолога, охират кунига, ҳамма пайғамбарларга, уларга нозил бўлган самовий китобларга, хусусан сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул ҳазратга нозил бўлган охирги самовий китоб бўлмиш Қуръони Каримга ҳамда Аллоҳнинг малоикаларига иймон келтиришган ҳамда улар ҳар куни Байтуллоҳил – Ҳаром томон намоз ўқишади, Рамазон ойида рўза тутишади, закот беришади, ҳаж ойларида Маккага бориб ҳаж амалларини бажаришади ва ҳоказо шариати исломийядаги қолган аҳкомларни ҳам ўз ўрнида бажаришади.

Шунингдек, Аҳли суннатнинг тафсирчи олими Ибн Касирнинг назарига таяниб, Қуръони Каримдаги Фатҳ сурасининг охирги оятида, Аллоҳ таоло «Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бўлган зотларни кофирлар ёмон кўради» деган маънони далил сифатида келтириш эса мутлақо ояти кариманинг маъно-мазмунига тўғри келмайди. Ҳақиқат равшан бўлиши учун ушбу оятни таржимаси билан эътиборингизга ҳавола этамиз:

مُّحَمَّدٌ رَّ‌سُولُ اللَّـهِ ۚ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ‌ رُ‌حَمَاءُ بَيْنَهُمْ ۖ تَرَ‌اهُمْ رُ‌كَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِّنَ اللَّـهِ وَرِ‌ضْوَانًا ۖ سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ‌ السُّجُودِ ۚ ذَٰلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَ‌اةِ ۚ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنجِيلِ كَزَرْ‌عٍ أَخْرَ‌جَ شَطْأَهُ فَآزَرَ‌هُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَىٰ عَلَىٰ سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّ‌اعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ‌ ۗ وَعَدَ اللَّـهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُم مَّغْفِرَ‌ةً وَأَجْرً‌ا عَظِيمًا

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўз ораларида раҳм-шафқатлидирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилувчи ҳолларида кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда изидан юзларида (намоёндир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Улар билан кофирларнинг ғазабини қўзиш учундир. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди.» (Фатҳ сураси/ 158 – оят)

Маълумки, юқоридаги ояти каримада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бўлган саҳобаларни кофирлар ёмон кўришади деб айтилмаган. Балки Сарвари оламнинг чинакам саҳобалари қандай хусусиятларга эга эканликлари айтилган. Улар кофирларга нисбатан шиддатли ва қаҳрли, аммо ўз ораларида бир-бирларига меҳрибон ва раҳм-шафқатли эканликлари, улар Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилувчи зотлар эканлиги ва уларнинг бу ҳолатлари Таврот ва Инжилда бир мисол тариқасида баён қилингани айтилган. Албатта, ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло мазкур хусусиятларга эга бўлган иймонли саҳобалар воситасида Ўзининг Расулига мадад бериб, Исломни қувватлантириши билан кофирларнинг ғазабини қўзғашини баён қилган. Сўнгра эса ушбу саҳобалардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларгагина мағфират ва улуғ ажр-мукофотни ваъда қилган.

Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло саҳобалардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларгагина мағфират ва улуғ ажр-мукофотни ваъда қилиши билан бизни ушбу ҳақиқатдан огоҳ этмоқчики, саҳобаларнинг ҳаммалари бу ояти каримада баён этилган хусусиятларга эга бўлмаганлар. Балки чиндан ҳам иймон келтириб солиҳ амалларни қилган, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га тобе бўлиб ул ҳазратнинг кўрсатмаларига бўйсунган саҳобаларгина бундай юксак мартабага эга бўлганлар. Аммо тилида шаҳодатайн калимасини айтиб, дилида куфрни беркитган мунофиқ саҳобалар эса бундан мустасно бўлиб, ушбу оятдаги таҳсинга сазовор улуғ хислатларнинг бирортасига эга бўлмаганлар. Аксинча бундай мунофиқ саҳобалар Қуръони Каримнинг Тавба сураси каби кўпгина оятларида қоралаб кўрсатилганлар ва улар учун қиёмат кунида жуда аламли азоб борлиги таъкидлаб айтилган. Ҳатто мунофиқ саҳобалар хусусида мустақил бир сура, яъни Мунофиқун сураси ҳам Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлган.

Бизнинг эътиқодимизча, Фатҳ сурасининг сўнгги ояти фақат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларига чекланиб қолмай, балки бутун асрлар бўйлаб Сарвар оламнинг нубувват ва рисолатларига эътиқод қиладиган мусулмонларнинг тутган йўллари ва юриш-туришлари қандай бўлиши кераклиги ушбу ояти каримада уқтирилган.

Бундан ташқари, Фатҳ сурасининг сўнгги оятида баён қилинганидек, чиндан ҳам ҳамма саҳобалар ўзаро бир-бирларига меҳрибон ва раҳм-шафқатли бўлиб, фақат кофирларгагина шиддатли ва қаҳрли бўлганларми? Агар шундай бўлса, нимага Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом учинчи халифа Усмон ибн Аффонни ўлдириш учун бошқаларни тарғиб қилиб ўзлари ҳам бу борада улкан ҳисса қўшишган?!! Ёки бу иккала саҳобий Аҳли суннатнинг ақийдасига кўра, мусулмонларнинг тўртинчи халифаси бўлмиш мўминлар амири Али (алайҳис салом)га қарши бош кўтаришда қатнашиб, ўзаро қонли тўқнашувларни келтириб чиқариб минглаб мусулмонлар ва саҳобаларнинг ҳаётига зомин бўлишмаганми?!! Бир-бирининг шафқатсизларча қонини тўккан саҳобаларни қандайига ўзаро меҳрибон ва раҳм-шафқатли бўлганлар деб айтиш мумкин?!! Ислом тарихида рўй берган бундай дардли воқеа ва ҳодисалар ҳеч кимга сир эмас-ку!! Энди айрим қотил ва қонтўкар саҳобаларни қабул қилиб уларга эргашиш иймондан-у, уларни рад этиб юз ўгириш эса куфр бўларканми?!!! Ахир Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бутун оламлар учун Аллоҳ таолонинг раҳмат ва меҳрибонлик элчиси эдилар-ку. Сарвари коинотнинг ҳаддан ортиқ меҳрибонликлари ва улкан хулқ соҳиби бўлганликлари учун гуруҳ-гуруҳ мушриклар ва кофирлар Ислом динига киришган эди-ю.

Бунга қўшимча, Аҳли суннатнинг Қуръони Каримдан сўнг энг мўътабар ва мўътамад китоблари бўлмиш Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бир тоифа мунофиқ саҳобаларнинг судраган ҳолда жаҳаннам сари олиб борилишлари ҳақида бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Бу борада ушбу бўлимларга мурожаат қилинг:

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий «Саҳиҳул Бухорий» ёки «Ал-жомиъус-саҳийҳ», Китобул фитан, бобу маа жааъа фий қавлиҳи таъалаа: ваттақу фитнатан…, 7048, 7049, 7050 ва 7051 – ҳадислар.

Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий «Саҳиҳи Муслим», Китобул-фазоил, бобу исботи Ҳавзи Набиййинаа ва сифаатиҳи, 5860, 5861, 5862 ва 5863 – ҳадислар.

Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида Ислом ва мусулмонликнинг мезони;

Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисларда Шаҳодатайн калимасини, яъни ЛО ИЛОҲА ИЛЛАЛЛОҲ МУҲАММАДУН РАСУЛУЛЛОҲ сўзини тилда жорий этмоқлик Ислом ва мусулмонлик мезони деб айтилган ва ким ушбу калимани тилида жорий этса, у мусулмон ҳисобланиб унинг жони ва моли ҳифзу ҳимояда бўлади деб баён этилган.

Саҳиҳи Бухорийда Умар ибн Хаттобдан шундай ривоят қилинган:

«قال رسول اللَّه (صلّي الله عليه [وآله] وسلّم) اُمِرتُ أن أُقاتل النَّاسَ حتَّی یقولوا: «لَا إلهَ إلَّا اللَّه» فمن قال «لَا إلهَ إلَّا اللَّه» عَصَمَ منّی ماله و نفسه إلَّا بحقّه و حسابُهُ عَلَي اللَّهِ»

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилдилар:

«Мен одамлар билан Ло Илоҳа Иллаллоҳ демагунларича урушишга маъмур қилиндим (буюрилдим). Демак, ким Ло Илоҳа Иллаллоҳ деса, унинг молу жони сақлаб қолинади магар жазога ҳақли бўлса (яъни бировга зулм қилиш ёки нафси муҳтарамани ўлдириш каби ишга қўл уриши билан жазога сазовор бўлса, у ҳолда қасос қилинади) бундай кишининг ҳисоби Аллоҳ таолонинг зиммасигадир.»

Ушбу ҳадис Саҳиҳи Муслим китобида ҳам турли санадлар билан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган. Биз улардан яна бирини шу ерда келтирамиз:

حدّثَنا نُعَیْمٌ قالَ حدّثنا ابنُ المبارکِ عنْ حُمَید الطّویل عنْ أنس بن مالک قالَ قالَ رسولُ الله (صلّي الله عليه [وآله] وسلّم) «اُمِرتُ أنْ أُقاتلَ النَّاسَ حتَّی یقولوا لا إله الا اللهُ. فإذا قالوها و صلّوا صلاتَنا، واستقبلوا قِبلَتنا، وذبَحوا ذَبیحتَنا، فقدْ حَرُمتْ علینا دماؤُهم وأموالُهم إلَّا بحقِّها، وحِسابُهُمْ عَلَی اللهِ»

Нуъайм ривоят қилиб айтади: Ибн Ал-Муборак Ҳумайд Ат-Тавийлдан ривоят қилади ва у Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

«Мен одамлар билан Ло Илоҳа Иллаллоҳ демагунларича урушишга маъмур қилиндим. Демак, агар улар Ло Илоҳа Иллаллоҳ десалар, биз кўрсатган намозни ўқисалар, Қибламиз томон юзлансалар ва биздек (гўшти ҳалол) ҳайвонларни сўйсалар (яъни зоҳирда шариат аҳкомларини бажарсалар) уларнинг қони ва моли бизга ҳаром бўлади (яъни жону моллари сақлаб қолинади) магар жазога ҳақли бўлсалар (яъни бировга зулм қилиш ёки нафси муҳтарамани ўлдириш каби ишга қўл уришлари билан жазога сазовор бўлишса, у ҳолда қасос қилинади) бундай кишиларнинг ҳисоби Аллоҳ таолонинг зиммасигадир.»

Манба: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий «Саҳиҳул Бухорий» ёки «Ал-жомиъус-саҳийҳ», Китобу иститаабатул-муртаддийн, бобу қатли ман абаа қабулал-фароиз, 1193 – бет, 6924 – ҳадис.

Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий «Саҳиҳи Муслим», Китобул-иймаан, бобул-амри биқитаалин-нааси ҳаттаа яқуулуу Лаа Илааҳа Иллаллоҳ, 73 – бет, 20 – 23 – ҳадислар.

Юқоридаги Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисларга кўра, Ислом ва мусулмонлик мезони Шаҳодатайн калимасини тилга олиб Аллоҳ таолонинг ягоналигига иқрор бўлиш ҳамда Сарвари олам келтирган шариат аҳкомларини бажаришдир, холос бундан ортиқча ҳеч бир нарса инсонлардан талаб қилинмаган.

Шунга биноан, Аҳли-Байт мазҳабидаги ўн икки имомга эътиқод қилувчи кишиларда Ислом ва мусулмонлик мезони тўла-тўкис мавжуд бўлгани учун улар мусулмонлар қаторидан жой оладилар ва уларни куфрда айблаш эса мутассаблик юзасидан қилинган қуруқ ва асоссиз бир иддао бўлиб қолади.

Аҳли-Байт мазҳабидаги мусулмонларни «улар саҳобалар иттифоқ қилган «ижмоъ»ларни инкор қилишади, саҳобаларни қабиҳ ишлар билан ҳақорат қилишади» деб иддао қилишдан қайси «ижмоъ» кўзда тутилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейинги халифа ва ўринбосарни тайин этиш хусусида саҳобаларнинг қилган «ижмоъ»ларини айтмоқчи бўлишганми?!!

Аммо афсуски, биринчи халифанинг сайланишида сира мусулмонлар ижмоъсига мувофиқ иш кўрилмади. Зеро, мусулмонлар ижмоъсининг маъноси уларнинг қилган иттифоқи, ҳамжиҳатлик ва якдиллик билан қилган қарори ва танлови демакдир. Биринчи халифанинг сайланишида фақат Мадинада ҳозир бўлган бир гуруҳ саҳобаларгина бу «сайловда» қатнашишди ва уларнинг қилган қарорига кўра, Абу Бакр биринчи халифа этиб сайланди. Аммо бошқа шаҳардаги мусулмонлар бу «сайловда» қатнашмадилар ҳам. Бошқа шаҳарларни қўяверинг, ҳатто Мадинада бўлган ҳазрат Али (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг бошчилигидаги бир тоифа буюк саҳобалар ҳамда бани Ҳошим тоифаси бу «сайловда» асло қатнашмадилар. Шундай экан, қандай қилиб бундай сайловни «саҳобалар ижмоъси» деб айта оламиз?!! Бундан бошқа бир ўринда «саҳобалар ижмоъси» тилга олинмаган. Албатта, бир жойда «саҳобалар ижмоъси» том маънода амалга ошган, у ҳам бўлса мўминлар амири Али (алайҳис салом)га ҳамма саҳобалар байъат қилиб ул зотни ўзларига халифа ва пешво этиб танлашлари эди. Шак-шубҳасиз, биз шиалар ушбу «саҳобалар ижмоъси»ни сўзсиз қабул қиламиз ва бундай «ижмоъ»ни тўғри деб баҳолаймиз. Чунки, ҳечдан кўра кеч бўлган бўлса-да, ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ўз ўринларига қайтариш саҳобалар томонидан амалга оширилган бирдан -бир энг тўғри иш бўлган.

Натижа ва мулоҳаза;

Демак, Қуръони Карим оятларидан ҳамда Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислардан келиб чиқиб қуйидаги хулосага келамиз;

Биринчидан, имом Молик, ибн Касир, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Бухорий, имом Абдурраҳмон бин Маҳдий, имом ас-Самъоний каби уламолардан ўн икки имомлик шиалар кофир эканлиги ҳақида келтирилган фатволар тўғри нақл қилинган тақдирда (агарчи мазкур уламоларга нисбат берилган фатволарнинг тўғри нақл қилинганида шубҳа бор) ушбу фатволар Қуръони Карим оятлари ва саҳиҳ ҳадисларга зид ва қарама-қарши бўлганлиги сабаб барча Ислом уламоларининг қилган ижмоъсига кўра рад этилади. Чунки, ҳар бир фатво ким томонидан бўлишидан қатъий назар, Қуръони Карим оятларига ва саҳиҳ ҳадисларга зид бўлса, шак-шубҳасиз, рад этилади ва бу борада ҳамма Ислом уламолари иттифоқ ва ижмоъ қилганлар.

Иккинчидан, имомия шиалар кофир эканлиги ҳақида айрим уламоларга нисбат берилган фатволар мутассиблик, ғаламислик ва кўра олмаслик юзасидан ғанимлар тарафидан топиб чиқарилган. Негаки, юқорида айтганимиздек, Ислом ва мусулмонлик мезони исно ашарий шиаларда тўла-тўкис мавжуд, уларни кофирга чиқаришга бирор далил ва асос йўқ. Аммо шиаларнинг ҳамма саҳобаларни бир даражада кўрмай, балки уларнинг қилган солиҳ амаллари ва Сарвари оламнинг йўлларидан борган ёки бормаганларини назарга олиб уларни турли даражаларда кўришлари эса кофирликка мутлақо алоқаси йўқдир. Зеро, ғанимлар ўйлаганидек, шиалар саҳобаларни ҳақоратламайдилар, балки, улар саҳобаларнинг қилган солиҳ амаллари ва Исломга қилган хизматларига яраша уларга ҳурмат кўрсатиб эъзозлайдилар. Мисол тариқасида, шиалар Аммор ибн Ёсир, Абу Зар Ғифорий, Салмони Форсий ва Миқдод ибн Асвад (разияллоҳу анҳум) каби юксак даражали имон соҳиби бўлган ҳамда Ислом дини юксалиши учун арзигулик ва улкан ишларни бажарган саҳобаларнинг тупроғини кўзларига суртиб уларни юқори даражада кўриб шарафлайдилар. Бироқ, шиалар фақат мунофиқлиги ва дилларида ғарази борлиги маълум бўлган, Ислом динининг шаънига иснод келтириб динга зарарлар етгазган ва турли бидъатларни юзага келтирган баъзи саҳобаларнигина яхши кўрмайдилар ва уларга танқид кўзи билан қарайдилар, аммо уларни ҳаргиз ҳақоратламайдилар.

Шиаларнинг саҳобаларга нисбатан қандай эътиқодга эга эканликларини қуйидаги линкдан ўқиб кўришингиз мумкин:

najotkemasi.net/2013/04/шиалар-саҳoбаларга-нисбатан-қандай-на.html

Тўртинчидан, исно ашарий шиаларни қоралаб кўрсатиш учун ёзилган мақолада уларнинг қуйидаги китобларини ўз кўзи билан ўқиб кўришга чақирилганлик тамоман мақсадга мувофиқ иш бўлиб, биз ҳам сиз азиз ўқувчиларни ушбу китобларни ўқишга даъват этамиз. Албатта, ушбу китобларни ўқишингиз билан шиаларнинг саҳобаларга бўлган эътиқоди тўғри эканлигини ва уларни кўра олмаган ғанимларнинг бу мавзудаги эътиқоди ва қилган уйдирмаси нотўғри ва ноўрин эканлигини тушуниб оласиз. Ушбу китоблар қуйидагилардир:

  1. «Усул ал-Кофий» (Марҳум Кулайнийнинг китоби). Бу китоб Аҳли-Байт мазҳабидаги мусулмонларнинг энг машҳур ва энг мўътамад китоби
  2. «Рижолул-Кашший»
  3. «Тафсирул-Айёший»
  4. Тафсири «Ал-Бурҳон» (Ҳошим ал-Баҳроний)
  5. Тафсири «Ас-Софий» (Муҳсин ал-Кошоний)
  6. «Тафсиру нурис-сақалайн» (Ҳувайзиний)
  7. «Биҳорул-анвор» (аллома Мажлисий)

Сўзимиз пировардида ушбу ҳақиқатни эслатишимиз жоизки, Аҳли-Байт мазҳабининг ақийдаси Қуръони Карим оятлари ва Сарвари оламнинг саҳиҳ ҳадисларига асосланганлиги учун ҳозирги кунда Аҳли суннат вал-жамоа биродарларимиз томонидан ушбу мазҳаб кенг қабул қилинмоқда ва кун сайин шиалар сони ошиб бормоқда. Шу боис, Аҳли-Байт мазҳабининг кундан кунга кенгайиб бораётганини кўра олмаётган ғанимлар такфирчилик йўлини тутиб ҳақиқат нурини сўндиришга уринишмоқда. Шубҳасиз, улар ўзларининг нопок режаларини амалга оширишда муваффақият қозона олмагайлар. Чунки, бир кун келиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн иккинчи пешвоимиз ва сарваримиз имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳазратлари зуҳур этишлари билан бутун дунё мусулмонлари ҳақ ақийдани қабул қилиб Аҳли-Байт издошлари сафига қўшиладилар, иншо Аллоҳ. Мана шундай эзгу ниятлар билан мақоламизга якун ясаймиз.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.