Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Аҳли-Байт мазҳаби наздидаги фиқҳий манбалар нималардан иборат?

Аҳли-Байт мазҳаби наздидаги фиқҳий манбалар нималардан иборат?

Books-najotkemasi

Жавоб: Аҳли-Байт мазҳаби Аллоҳ таолонинг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Карим ва Суннати Набавийяга тобе бўлган ҳолда шариат аҳкомларини истинбот қилиш (қўлга киритиш) учун қуйидаги тўртта асосий манбаларга таянишади:

  1. Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим;
  2. Суннати шариф;
  3. Ижмоъ
  4. Ақл;

Юқорида зикр этилган манбалардан Қуръони Карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари Аҳли-Байт мазҳаби фиқҳининг энг асосий манбалари бўлиб бу икки манба ҳақида мухтасар шаклда сўз юритамиз.

Аллоҳнинг китоби – Қуръони Карим;

Аҳли-Байт мазҳабининг издошлари Қуръони Каримни шариатнинг энг мустаҳкам ва энг асосий манбаи ҳамда илоҳий аҳкомларни таниб-билиб олиш учун асосий мезон деб биладилар. Зеро, Шиаларнинг пешволари Ислом динининг самовий китоби – Қуръони Каримни фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш учун энг юқори даражали манба деб таништирганлар. Шунга асосан, ҳар қандай илгари суриладиган назария ёки тушунча Қуръон оятлари билан солиштирилмоғи лозим, унга мос ва ҳамоҳанг бўлган тақдирдагина қабул қилинади. Акс ҳолда, ўша назариядан юз ўгирилади.

Шиаларнинг олтинчи пешвоси ҳазрати имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай деб марҳамат қилганлар:

«و كُلُّ حَدِيثٍ لَا يُوَافِقُ كِتَابَ اللهِ فَهُوَ زُخْرُفٌ»

«Қуръонга мувофиқ ва уйғун келмаган ҳар бир ҳадис асоссиздир.»[1]

Шунингдек, имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай нақл қиладилар: Ул зот халойиққа қарата марҳамат қилдилар:

«أيُّهَا النَّاسُ مَا جَــٰاءَكُمْ عَنِّي يُوَافِقُ كِتَابَ اللهِ فأَنَا قُلْتُهُ وَمَا جَــٰاءَكُمْ يُخَالِفُ كِتَابَ اللهِ فَلَمْ أَقُلْهُ»

«Эй xалойиқ, Мендан сизларга етиб келган ҳар бир сўз (ҳадис) Аллоҳнинг китобига мувофиқ келса, демак, Мен уни айтганман ва Мендан сизларга етиб келган ҳар бир сўз (ҳадис) Аллоҳнинг китобига мухолиф бўлса (тўғри келмаса), Мен уни айтмаганман.»[2]

Юқорида келтирилган икки ҳадисдан ошкора маълум бўладики, «Аҳли-Байт» мазҳабига тобе мусулмонлар ақийдасида Қуръони Карим шариат аҳкомларини истинбот қилиш учун энг қатъий ва устивор манба саналади.

Суннати Набавийя;

«Суннат» деганда, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг айтган сўзларини, бажарган ишлари-ю юриш-туришларини ва ул зотнинг ҳузурларида бажарилган ишдан рози бўлиб индамай тасдиқлаган ишларни ўз ичига қамраб олади. Бу суннат «Аҳли-Байт» мазҳабига тобе мусулмонлар наздида шариат аҳкомларининг иккинчи манбаи ҳисобланади. Сарвари оламнинг «Аҳли-Байт»ларидан бўлган маъсум имомлар эса мустақил ҳолда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини нақл қилувчилар ва ул ҳазрат илмларининг хазинаси ҳисобланадилар. Албатта, шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, ҳазрати Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг марҳамат қилган ҳадислари бошқа мўътабар ровийлар ва манбалардан ривоят қилинса ҳам Шиалар уни суннат деб қабул қилишади.

Бу ерда юритаётган баҳсимизда ушбу масалани икки жиҳатдан ўрганиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига эргашиш зарурлигига далиллар;
  2. Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг ҳадисларига эргашиш зарурлигига далиллар;

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига эргашиш зарурлигига далиллар;

Шиаларнинг пешволари ўз издошларини Аллоҳнинг китоби бўлмиш Қуръонга чорлашлари билан бирга уларни ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига тобе бўлишга чақирганлар ҳамда Қуръон ва Суннат бир-биридан ажралмас икки муҳим манба эканини уқтирганлар. Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

«إذا وَرَدَ عليكم حديثٌ فوجدتم له شاهداً من كتاب الله أو من قول رسول الله صلَّي الله عليه وآله وسلَّم و إلَّا فالَّذِي جاءكم به أولي به»

«Қачонки, сизларга бирор сўз (ҳадис) етиб келса, Аллоҳнинг китобидан ёки ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сўзларидан ўша сўзга бирор шоҳид топсангиз, уни қабул қилингиз ва акс ҳолда ушбу сўзни келтирган шахснинг ўзи ўшанга лойиқроқдир.»[3]

Шунингдек, «Аҳли-Байт» мазҳабининг бешинчи пешвоси имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига тобе бўлишни барча керакли шароитларга молик бўлган фақиҳларнинг асосий шарти деб билиб бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«إنَّ الفَقِيهَ حَقَّ الْفَقِيهِ الزَّاهدُ في الدُّنيا، الرَّاغبُ في الآخرة، المُتَمَسِّكُ بِسنُّةِ النَّبِيِّ صَلَّي الله عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسلَّمَ»

«Ҳақиқий фақиҳ бу дунёга ўч бўлмаган, оxиратга рағбати кучли бўлган ва Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларига тобе бўлган кишидир.»[4]

Шиаларнинг буюк раҳнамолари ҳаттоки, Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига қаршилик билдиришни куфр келтиришнинг негизи деб билганлар:

«مَنْ خٰالَفَ كِتَابَ اللهِ وَ سُنَّةَ مُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ فَقَدْ كَفَرَ»

«Кимда ким Аллоҳнинг китоби ва ҳазрати Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига қаршилик кўрсатса, демак, кофир бўлибди.»[5]

Юқорида келтирилган ҳадислардан ёрқин тарзда аён бўлдики, Шиалар Исломдаги бошқа мазҳаблардан кўра кўпроқ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини эъзозлаб унга эргашишни зарур деб биладилар. Шу тариқа, Шиаларни «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари билан иши бўлмаган ёт унсурлар» деб айбловчиларнинг сўзлари нақадар асоссиз эканлиги исботланди.

«Аҳли-Байт» (алайҳимус салом)нинг ҳадисларига эргашиш зарурлигига далиллар;

Шиаларнинг Аҳли-Байт ҳадисларига эргашиш зарур эканлиги хусусидаги ақийдаси равшан бўлиши учун икки мавзу устида баҳс юритмоғимиз лозимдир:

  1. Сарвари олам Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомлар ҳадисларининг моҳияти;
  2. Сарвари олам Аҳли-Байтларига эргашиш зарур эканлигига далиллар;

Энди эса ойдин далиллар ёғдусида мухтасар шаклда ушбу икки мавзу борасида баҳслашишга киришамиз.

Сарвари олам Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомлар ҳадисларининг моҳияти;

Аҳли-Байт мазҳабининг ақийдасига кўра, ёлғиз оламлар Парвардигоригина инсоният учун шариат таъсис этиб қонун чиқаришга ҳақлидир. Аллоҳ таоло ушбу шариатнинг аҳком ва қонун-қоидаларини Ўзининг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) орқали башариятга етказиб, бутун жаҳонга ёяди. Шунинг учун ул ҳазрат Аллоҳ билан бандалар ўртасида ваҳий ва шариат юборилиши орқали ягона восита ҳисобланадилар. Ушбу баёнимиздан маълум бўладики, Шиалар ўз имомларининг ҳадисларига эргашиб уларнинг ҳадисларини ҳам фиқҳий манбалардан деб билишлари бу – мазкур ҳадисларни Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатлари баробарида алоҳида ва мустақил деб биладилар ёки Сарвари оламнинг суннатларини тарк этадилар деган маънони билдирмайди. Аксинча, Аҳли-Байтдан бўлган имомларнинг ҳадислари фақатгина Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини баён қилувчи восита сифатида хизмат қилади, холос.

Бинобарин, Аҳли-Байтдан бўлган маъсум имомлар ўз ёнларидан бирор нарсани айтмайдилар, балки уларнинг айтган сўзлари ва кўрсатган йўллари фақатгина Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини етказишга қаратилгандир, xолос. Бу ўринда ушбу ақийдани исботлаш мақсадида Аҳли-Байтдан бўлган маъсум имомлардан ворид бўлган айрим ҳадисларни келтиришни муносиб кўрдик:

  1. Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бир кишининг ул зотдан сўраган саволига жавобан шундай дедилар:

«مَهْمَا أَجَبْتُكَ فِيهِ بِشَيْءٍ فَهُوَ عَنْ رَسُولِ اللهِ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ – لَسْنَا نَقُولُ بِرَأْيِنَا مِنْ شَيْءٍ»

«Сўраган саволларингга берган жавобларимнинг ҳаммаси Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дандир. Биз ҳеч бир мавзуда ўз раъйимиз билан сўзламасмиз.»[6]

Ул ҳазрат бошқа бир ўринда эса шундай деб марҳамат қилганлар:

«حديثِي حديثُ أَبِي، وحديثُ أَبِي حديثُ جَدِّي، وحديثُ جَدِّي حديثُ الْحُسَيْنِ، وحديثُ الْحُسَيْنِ حديثُ الْحَسَنِ، وحديثُ الْحَسَنِ حديثُ أمِيرِالْمُؤْمِنِينَ، وحديثُ أمِيرِالْمُؤْمِنِينَ حديثُ رَسُولِ اللهِ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ – وحديثُ رَسُولِ اللهِ قَوْلُ اللهِ عَزَّوجَلَّ»

«Менинг айтганларим отам (имом Боқир (алайҳис салом))нинг айтганларидир, отамнинг айтганлари бобом (имом Али бин Ҳусайн Зайнилобидин (алайҳимас салом))нинг айтганларидир, бобомнинг айтганлари эса оталари Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом)нинг айтганларидир, Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом)нинг айтганлари эса биродари Ҳасан бин Али (алайҳимас салом)нинг айтганларидир, имом Ҳасан (алайҳимас салом)нинг сўзлари эса отаси амирал – мўминин Али (алайҳис салом)нинг сўзларидир, амирал – мўминин Али (алайҳис салом)нинг сўзлари эса Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг айтган сўзларидир ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сўзлари эса Буюк Аллоҳнинг сўзидир.»[7]

  1. Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) Жобирга қараб шундай деб марҳамат қилдилар:

«حَدَّثَنِي أَبِي عَنْ جَدِّي رَسُولِ اللهِ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ – عَنْ جَبْرَئِيل عَلَيْهِ السَّلَامُ عَنِ اللهِ عَزَّوَجَلَّ، وَکُلَّمَا أُحَدِّثُکَ بِهٰذَا الْإِسْنَادِ».

«Отам менга бобом Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилдилар ва ул ҳазрат эса Жаброил (алайҳис салом)дан ва Жаброил (алайҳис салом) эса Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтади. Мен сенга ривоят қиладиган ҳар ҳадис мана шу услуб ва тартибдадир.»[8]

Юқорида келтирилган ҳадислар ёғдусида Шиалар имомларининг ҳадислари моҳиятан айнан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари эканлиги яққол маълум бўлди. Шунга биноан, имомларнинг ҳадисларига ҳам эргашмоқлик лозимдир.

Сарвари олам Аҳли-Байтларига эргашиш зарур эканлигига далиллар;

Шиалар ва суннийлардан иборат ҳар иккала тоифанинг муҳаддислари қилган эътирофига кўра, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан сўнг икки қимматбаҳо меросни қўйиб кетдилар ва ҳамма мусулмонларни бу иккисига эргашишга чақириб, инсонлар фақат бу иккисининг орқасидан эргашгандагина рушду ҳидоятда бўлишларини таъкидлаб айтдилар; бири – Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим бўлса, иккинчиси эса ул зотнинг Аҳли-Байтимларидир.

Бу ерда намуна сифатида ушбу ҳадислардан баъзиларини келтирамиз:

  1. Термизий ўзининг «Ал-Жомиъул Кабийр» номли Сунан китобида Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий (разияллоҳу анҳу)дан ва у киши эса Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидагича ривоят қиладилар:

«يا أيُّها النَّاسُ إِنِّي قَدْ تَرَکْتُ فِيکُمْ مَا إِنْ أَخَذْتُمْ بِهِ لَنْ تَضِلُّوا: کِتَابَ اللهِ وَعِتْرَتِي أهْلَ بَيْتِي»

«Эй халойиқ, Мен сизларнинг орангизда шундай қимматли нарсани қўйиб кетяпманки, агар уни маҳкам тутсангиз, зинҳор адашмассиз. Бири Аллоҳнинг китоби ва иккинчиси менинг Аҳли-Байтимдир.»[9]

  1. Шунингдек, Термизий мазкур китобда ушбу ҳадисни қуйидагича ҳам келтирган:

«إنِّي تاركٌ فِيكُمْ مَا إِنْ تَمَسَّكْتُمْ بِهِ لَنْ تَضِلُّوا بَعْدِي؛ أَحَدُهُمَا أَعْظَمُ مِنَ الْآخَرِ: كتاب الله حَبْلٌ مَمْدُودٌ مِنَ السَّماءِ إِلَي الْأرْضِ وَعِتْرَتِي أَهْلَ بَيْتِي ولَن يَفْتَرِقَا حَتَّي يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ، فَانْظُرُوا كَيْفَ تُخْلِفُونِي فِيهِمَا».

«Мен сизларнинг орангизда икки нарсани қўйиб кетяпман; агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз мендан сўнг залолатга учрамагайсиз. Бири иккинчисидан буюкроқ бўлиб, осмондан ерга қадар чўзилган арқон – Аллоҳнинг китобидир. Иккинчиси эса xонадоним Аҳли-Байтимдир. Бу иккиси қиёмат кунига қадар Ҳавзи Кавсар ёнида менинг ҳузуримга кириб келмагунича бирбиридан зинҳор ажралмагай. Демак, Менинг қўйиб кетаётган бу икки омонатим билан қандай муомалада бўлишингизга (диққат билан) қаранг!»[10]

  1. Муслим бин Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳ» китобида мазкур ҳадисни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидагича ривоят қилади:

«أَلَا أَيُّهَا النَّاسُ، فإنَّمَا أَنَا بَشَرٌ يُوشِكُ أن يَأْتِيَ رَسُولُ رَبِّي فأُجِيبَ، وأَنَا تَارِكٌ فِيكُمْ ثَقَلَيْنِ: أوَّلهُمَا كِتَابُ اللهِ فِيهِ الْهُدَيٰ وَالنُّورُ، فَخُذُوا بِكِتَابِ اللهِ وَاسْتَمْسِكُوا بِهِ – فحثَّ علي كتاب الله و رغَّب فيه – ثُمَّ قَالَ: وأَهْلُ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي.»

«Эй xалоиқ, мен ҳам сизлар каби бир инсонман, Аллоҳнинг элчиси (жонларни олувчи ўлим фариштаси)нинг менга етиб келишига оз қолди ва мен унинг даъватини қабул қилгайман. Мен сизларнинг орангизга икки қимматбаҳо нарсани қўйиб кетяпман: Бири унда ҳидоят ва нур бўлмиш Аллоҳнинг китобидир, демак, уни маҳкам тутинглар. Кейин Қуръонга амал қилиш кераклиги ҳақида тарғиб – ташвиқ қилиб, сўнгра суҳбатларини шундай деб давом этдирдилар: «Ва сизларга қўйиб кетаётган иккинчи қимматли меросим эса Аҳли-Байтимдир», Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтимда эслатаман, Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтимда эслатаман, Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтимда эслатаман. (Ул ҳазрат ушбу жумлани уч марта такрорлашлари билан Аҳли-Байтларига эргашиш нақадар муҳим ва зарур эканлигини уқтириб, ҳаммани Аҳли-Байтларига эргашишга чақирдилар)»[11]

  1. Бир гуруҳ муҳаддисларнинг Пайғамбаримиздан қилган ривоятларига кўра, ушбу ҳадис Сарвари олам тилларидан қуйидагича баён қилинган:

«إِنِّي تَارِکٌ فِيکُمُ الثَّقَلَيْنِ کِتَابَ اللهِ وَأَهْلَ بَيْتِي وَإِنَّهُمَا لَن يَفْتَرِقَا حَتََّيٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Мен сизларнинг ораларингизда икки қимматбаҳо нарсани қўйиб кетмоқдаман; бири Аллоҳнинг китоби (Қуръони Карим) ва иккинчиси эса менинг Аҳли-Байтимдир. Бу иккиси қиёмат кунига қадар Ҳавзи Кавсар ёнида менинг ҳузуримга кириб келмагунича бирбиридан зинҳор ажралмагай.»[12]

Айтиб ўтишимиз керакки, бу мазмундаги ҳадисларнинг сони жуда кўп бўлиб, бу ерда уларнинг ҳаммасини келтиришимизнинг иложи йўқдир. Ҳурматли муҳаққиқ олим Саййид Мирҳомид Ҳусайн ушбу «Сақалайн» ҳадиси санадларини Аҳли суннатнинг турли китобларидан тўплаб ўзининг олти жилдда чоп этилган «Абақотул анвор» китобида муфассал баҳс юритган.

Юқорида келтирилган ҳадислар ёғдусида, Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим ва Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари билан биргаликда ул зотнинг Аҳли-Байтларини ҳам маҳкам тутиб уларга эргашмоқлик мусулмонларга буюрилган фарз амал эканлиги, улардан узоқлашиш ва уларни четга суриб қўйиш эса гумроҳлик ва залолатга олиб келиши аниқ эканлиги ёрқин тарзда маълум бўлди.

Энди эса ана шу эргашишимиз ва бўйсунишимиз фарз қилинган Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари кимлар эканлиги ҳақида савол ўртага келади. Шунинг учун, Аҳли-Байт нима маънога эга эканлиги ва Аҳли-Байт деганда кимларни ўз ичига олиши ҳақида ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мавзуга оид ҳадисларни кўздан кечириб бу борада баҳс юритамиз.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари кимлардир?

Юқорида келтирилган ҳадислардан ошкора маълум бўлдики, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамма мусулмонларни ўзларининг Аҳли-Байтларига итоат қилишга чақириб, ўзларидан сўнг Аҳли-Байтларини Қуръони Карим билан бирга халойиқнинг раҳнамоси ва пешвоси деб таништирганлар ва «Қуръон билан Аҳли-Байт зинҳор бир-биридан ажралмагай» деб, ошкора марҳамат қилганлар.

Шунга асосан, Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари ул зот томонларидан «улар доимо Қуръон билан биргадирлар» деб таништирилгани сабаб, улар маъсумлик мартабасига эга ҳамда Ислом маорифининг зилол чашмасидан баҳраманд бўлган зотлар экани исботланади. Зеро, агар бунинг акси бўлганда эди, улар Аллоҳнинг китоби бўлмиш Қуръони Каримдан ажралган бўлардилар. Ҳолбуки, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай деб марҳамат қилганлар: «Қуръон ва Итрат (Аҳли-Байт) қиёмат кунига қадар Ҳавзи Кавсар ёнида менинг ҳузуримга кириб келмагунича бирбиридан зинҳор ажралмагай».

Бундан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, Сарвари коинотнинг Аҳли-Байтлари айнан Қуръоннинг ўзи каби ҳар қандай айбу нуқсондан пок бўлган маъсум кишилардир.

Шу тариқа, Аҳли-Байтни ва уларнинг машҳур хусусиятларини таниб олиш зарур эканлиги ва Аҳли-Байт фақат Шиаларнинг Пайғамбаримиз наслларидан бўлган имомларигагина мутобиқ келиши исботланади.

Энди бу борада мусулмонларнинг буюк муҳаддислари ривоят қилган ҳадислар ёғдусида ўзимизнинг ёрқин далилларимизни келтирамиз:

  1. Муслим бин Ҳажжож «Сақалайн» ҳадисини ривоят қилганидан кейин шундай дейди: Язид ибн Ҳайён саҳобий бўлмиш Зайд бин Арқам (разияллоҳу анҳу)дан «Пайғамбаримиз Аҳли-Байтлари кимлардир? Улар ул зотнинг завжаларими?» – деб сўради. Зайд бин Арқам унга жавобан деди:

«لَا وَايْمُ اللهِ إِنَّ الْمَرْأَةَ تَکُونُ مَعَ الرَّجَلِ الْعَصْرَ مِنَ الدَّهْرِ ثُمَّ يُطَلِّقُهَا فَتَرْجِعُ إِلَيٰ أَبِيهَا وَ قَوْمِهَا. أَهْلُ بَيْتِهِ أَصْلُهُ وَعُصْبَتُهُ الَّذِينَ حُرِمُوا الصَّدَقَةَ بَعْدَهُ».

«Йўқ, ундай эмас. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, аёл киши маълум бир муддат эрининг ёнида бўлади. Кейин мабодо эри уни талоқ қиладиган бўлса, бу аёл ўзининг отаси ва қариндошлари ёнига қайтиб кетади. Аҳли-Байт деганда, Пайғамбаримизнинг асл ва негизлари, яъни ул зотнинг наслу насабларидан бўлган энг яқин қариндошлари назарда тутилади. Улар ул зотдан кейин садақа олишдан маҳрум бўлган кишилардир.»[13]

Юқорида келтирилган нақл ҳам ушбу ҳақиқатга ошкора гувоҳлик берадики, Қуръони Каримга итоат этмоқ зарур бўлгани каби бўйсуниш ва эргашиш зарур бўлган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари у ҳазратнинг аёллари эмас, балки Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари ул зотга жисмонан ва насл-насаб жиҳатидан мансуб ва боғлиқ бўлиш билан биргаликда, у ҳазратга маънавий боғлиқ бўлган юқори салоҳиятли кишилардир. Шу боис, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари Аллоҳнинг китоби билан ёнма-ён мусулмонларнинг йўлбошчиси ва раҳнамоси ҳисобланадилар.

  1. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фақат Аҳли-Байтнинг сифатларини баён қилиш билан кифояланиб қолмай, балки уларнинг сони ўн икки нафар эканлигини ҳам ошкора баён қилганлар:

Аҳли суннатнинг энг мўътабар ва мўтамад китоби бўлмиш «Саҳиҳи Бухорий»да бу борада қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

حدثني محمد بن المثني حدثنا غندر حدثنا شعبة عن عبد الملك سمعت جابر بن سمرة قال سَمِعْتُ النَّبِيَّ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ [وآله] وَسَلَّمَ – يَقُولُ: «يکُونُ إِثْنَا عَشَرَ أَمِيرًا – فَقَالَ کَلِمَةً لَمْ أَسْمَعْهَا – فَقَالَ أَبِي إِنَّهُ قَالَ کُلُّهُم مِنْ قُرَيشٍ»

Жобир ибн Самура айтади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Мендан кейин ўн икки амир бўлажак.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни эшитолмадим. Шунда отам деди: Ул зот: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[14]», деб марҳамат қилдилар.

  1. «Саҳиҳи Муслим»да ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган: Жобир айтади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим:

سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ [وآله] وَسَلَّمَ – يَقُولُ: «لَا يزَالُ الإِسْلَامُ عَزِيزًا إِلَي إِثْنَا عَشَرَ خَلِيفَةً ثُمَّ قَالَ کَلِمَةً لَمْ أَفْهَمْهَا، فَقُلْتُ لِأَبِي: مَا قَالَ؟ فَقَالَ کُلُّهُمْ مِنْ قُرَيشٍ»

«Модомики, ўн икки халифа ва ворис бор экан, ислом азиз ва юксак қолажак.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, отам: Ул ҳазрат: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[15]», деб марҳамат қилдилар, деди.

Шунингдек, Муслим ибн Ҳажжож Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мазкур ҳадисни қуйидагича ҳам ривоят қилади:

«لَا يَزَالُ أَمْرُ النَّاسِ مَاضِياً مَا وَلِيَهُمْ إِثْنَا عَشَرَ رَجُلًا».

«Модомики, ўн икки киши (xалифа) одамларга раҳнамолик қилар экан, уларнинг иши ўнгидан келади.»[16]

Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуддан ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ул зотнинг халифалари ва ворислари ҳақида сўралганда, ул ҳазрат:

«إِثْنَا عَشَرَ کِعِدَّةِ نُقَبَاءِ بَنِي إِسْرَائِيلَ»

«Уларнинг сони бани Исроил нақиблари (бошлиқлари)нинг сони сингари ўн иккитадир[17]», деб марҳамат қилдилар.

Юқорида келтирган ҳадислар Шиаларнинг «ўн икки имом Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг халойиқнинг ҳақиқий раҳнамоларидир» деган эътиқодларининг нақадар тўғри эканлигини ошкора кўрсатади. Чунки, Исломда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг наслларидан бўлган ўн икки имом ва халифадан бошқа ул зотдан кейин бевосита мусулмонларнинг пешвоси ва раҳнамоси бўлиб, Исломнинг азиз бўлиши ва юксалишига сабаб бўлган ҳеч бир халифани топа олмаймизки, ушбу ҳадисларга мувофиқ келсин. Зероки, Аҳли суннат наздида «xулафои рошидин» номи билан машҳур бўлган дастлабки тўрт xалифадан ташқари, мусулмонлар устидан ҳукмронлик қилган бани Умайя ва бани Аббос xалифаларини олиб қарасак, улар ўзларининг нораво ва ножўя ишлари билан Ислом ва мусулмонларнинг таҳқирланиб камситилишларига сабаб бўлишган. Уларнинг қилмишлари тариx саҳифаларида ёзиб қолдирилган ва бу ҳеч кимга сир эмас.

Шу тариқа, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларни Қуръон билан бирга, ундан ажралмас ва мусулмонларнинг раҳнамоси деб таништирган Аҳли-Байтдан мурод ул зотнинг наслларидан бўлган ўн икки имом бўлиб, улар Сарвари олам суннатларининг қўриқловчиси ва илмларининг ворисидирлар.

  1. Амирал мўминин ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳам мусулмонларнинг пешволари бани Ҳошим тоифасидан бўлишини айтганлар.

«إنَّ الْأَئِمَّةَ مِن قُرَيْشٍ غَرَسُوا فِي هٰذَا الْبَطْنِ – مِن بَنِي هَاشِمٍ لَاتَصْلَحُ عَلَيٰ مَن سِوَاهُمْ وَ لَا تَصْلَحُ الْوُلَاةُ مِن غَيْرِهِمْ».

«Имомлар Қурайшдан бўлиб бани Ҳошим қабиласига мансубдирлар ва улардан бошқа тоифадагилар мусулмонларга пешволик ва раҳнамолик қилишга салоҳиятли эмаслар ва улардан бошқа пешволарнинг раҳнамоликлари асоссиздир.»[18]

Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ушбу сўзлари Шиаларнинг Аҳли-Байтни тўғри таниганликларига ҳамда уларнинг имомлар борасидаги ақийдалари ҳақ эканлигига яна бир ошкора далилдир.

Xулоса;

Келтирилган ҳадислар мажмуасидан икки ҳақиқат ошкор бўлади:

  1. Аҳли-Байт (алайҳимус салом)га эргашиш ва уларга итоат қилиш Аллоҳнинг Китобига итоат қилиш ва эргашиш каби вожибдир.
  2. «Қуръон билан бирга ва ундан ажралмас» ва барча мусулмонларнинг пешвоси ва раҳнамоси деб таниттирилган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари қуйидаги сифатларга эгадирлар:

а) Уларнинг ҳаммалари Қурайшдан ва бани Ҳошим тоифасидандирлар.

б) Уларнинг ҳаммалари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га шу даражада яқин зотларки, уларга садақа олиш ҳаром қилинган.

в) Уларнинг ҳаммалари маъсумлик даражасига эга бўлган кишилардир. Акс ҳолда, яъни улар ушбу даражага эга бўлмасалар, Қуръони Каримдан ажралиб қоладилар, ҳолбуки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) улар ҳақида: «Бу иккиси (Қуръон ва Итрат) қиёмат кунига қадар Ҳавзи Кавсар ёнида менинг ҳузуримга кириб келмагунича бир биридан зинҳор ажралмагайлар», деб марҳамат қилганлар.

г) Уларнинг сони ўн икки нафар бўлиб, улар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин бирин-кетин мусулмонларга раҳнамолик қилгайлар.

д) Сарвари оламнинг ушбу ўн икки халифа ва ворислари Ислом динининг иззати ва шарафини кундан кунга юксалтирадилар.

Шундай қилиб, ҳадислардан қўлга киритилган ушбу хусусиятлардан ёрқин тарзда маълум бўладики, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) барча мусулмонларни эргашиш ва бўйсунишга чақирган Аҳли-Байтларидан мурод ул ҳазратнинг наслларидан бўлган ўн икки маъсум имомлар бўлиб, Шиалар уларни маҳкам тутиб эргашадилар ва бу маъсум имомлардан содир бўлган ҳадисларни шариат манбаларидан бири деб билиб ўзларининг фиқҳий аҳкомларини таниб истинбот қилишда имомларнинг ҳадисларига таянишлари билан фахрланадилар.

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Сиқатул Ислом марҳум Кулайний, «Усули Кoфий» 1 – жилд, Фaзлул илми китoби, Aл-Ау бис-суннaти вa шaвааҳидил китoби бoби, 3 – ҳaдис.

[2]. Юқoридaги мaнбa, 5 – ҳaдис.

[3]. Сиқатул Ислом марҳум Кулайний, «Усули Кoфий» 1 – жилд, Фaзлул илми китoби, Aл-Ау бис-суннaти вa шaвааҳидил китoби бoби, 2 – ҳaдис.

[4]. Юқoридaги мaнбa, 7 – ҳaдис.

[5]. Юқoридaги мaнбa, 6 – ҳaдис.

[6]. Жoмeул aҳoдис aш- Шиъa, 1 – жилд, 129 – бeт.

[7]. Oлдинги мaнбa, 127 – бeт.

[8]. Oлдинги мaнбa, 128 – бeт.

[9]. Тeрмизий, «Ал-Жомиъул Кабийр» Мaнoқиб китoби, Мaнoқибу Аҳли Бaйтин- нaбий боби, 5 – жилд, Байрут нaшри, 662 – бeт, 3786 – рақамли ҳaдис.

[10]. Юқоридаги манба, 5 – жилд, 663 – бeт, 3788 – рaқaмли ҳадис.

[11]. «Сaҳиҳи Муслим», 2 – жилд, 1804 – бeт, 2408 – рaқaмли ҳадис, Фазоилу Али ибн Абу Толиб боби, Aбдулбoқий нaшриёти.

[12]. Ҳoкими Нисобурий, «Ал-Мустaдрaк» китoби, 3 – жуз, 148 – бeт ҳамда «Aс-сaвoъиқул муҳриқa» китоби, 11 – бoб, биринчи фaсл, 149 – бeт ва шунингдeк ушбу мaнoдaги ҳaдислaр қуйидaги китoблaрдa ҳaм кeлтирилгaн: Aҳмaд ибн Ҳaнбaл, «Ал-Муснaд», 5 – жуз, 182 вa 189 – бeтлaр ҳамда «Кaнзул уммoл» китоби, 1 – жуз, Ал-эътисoм бил китoби вaс-суннaти боби, 44 – бeт.

[13]. Муслим бин Ҳажжож, «Сaҳиҳи Муслим», 7 – жуз, Фaзoилу Aли ибн Aбу Тoлиб бoби, Миср чопи, 123 – бeт.

[14]. Бухорий, «Саҳиҳи Бухорий», Китобул аҳком, бобул истихлоф, 6796 – рақамли ҳадис.

[15]. Муслим, «Саҳиҳи Муслим», китобул умаро, Ан-носу табаун лиҚурайш боби вал-хилофату фий Қурайш, ҳадис рақами: 1821/4598.

[16]. Oлдинги мaнбa.

[17]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад Аҳмад», 1 – жилд, 398 – бет.

[18]. Нaҳжул бaлoғa, 144 – xутбa.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.