Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / НИМАГА ШИАЛАР БЕШ ВАҚТ ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗЛАРНИ ҚЎШИБ УЧ МАҲАЛ ҚИЛИБ ЎҚИШАДИ?

НИМАГА ШИАЛАР БЕШ ВАҚТ ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗЛАРНИ ҚЎШИБ УЧ МАҲАЛ ҚИЛИБ ЎҚИШАДИ?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Бу саволга жавоб бериш учун аввало намозни қўшиб ўқиш ҳақида фуқаҳо ва мужтаҳидларнинг қандай қарашга эга эканликларини айтиб ўтамиз:

  1. Ислом уламоларининг ҳаммаси – қайси гуруҳ ва мазҳабга мансуб бўлишларидан қатъий назар – «Арафот»да зуҳр [пешин] ва аср намозларини зуҳр [тушлик] вақтида бир-биридан ажратмай қўшиб ўқиш жоизлиги борасида ва шунингдек, «Муздалифа»да мағриб [шом] ва ишо [xуфтон] намозларини хуфтон вақтида қўшиб ўқиш жоизлиги ҳақида иттифоқ назарга эгадирлар, яъни бу борада бир фикр ва назар билдирганлар.
  2. Ҳанафийлар фиқҳида ушбу масала борасида шундай дейилган: Зуҳр [пешин] ва аср намозларини ҳамда шом ва xуфтон намозларини қўшиб бир вақтда ўқиш фақатгина «Арафот» ва «Муздалифа»да жоиздир. Бошқа ўринларда эса бундай қилинмайди.
  3. Ҳанбалий, Моликий ва Шофеий фиқҳида эса бундай дейилган: Зуҳр [пешин] ва аср намозларини ва шунингдек шом ва xуфтон намозларини қўшиб бир вақтда ўқиш айтиб ўтилган икки макон [Арафот ва Муздалифа]дан ташқари яна сафар чоғида ҳам жоиздир. Бунга илова, мазкур мазҳабларнинг баъзилари икки намозни қўшиб бир вақтда ўқишни ёмғир ёғаётган ёки хасталанган ва ёхуд душмандан хавфсираётган вақтлар сингари изтирорий [ночор] ҳолатларда ҳам жоиз деб билганлар.[1]
  4. Аммо Шиаларнинг фиқҳий қарашига биноан, зуҳр [пешин] ва аср намозлари ҳамда шом ва xуфтон намозларининг ўқиладиган ўзига «xос вақти» бор ва шунингдек бу намозларнинг «муштарак вақтлари» ҳам бор.
  5. Зуҳр намозининг ўзига «xос вақти» зуҳрнинг шаръий вақти [тушлик пайти]дан бошланиб, тўрт ракъат намоз ўқиш миқдорича давом этади. Бу қисқа вақт мобайнида фақат зуҳр намозинигина ўқиш мумкин.
  6. Кун ботишига фақат тўрт ракъат намоз ўқиш миқдоричалик вақт қолганда, аср намозининг «xос вақти» ҳисобланади. Ушбу вақтда фақат аср намозини ўқиш мумкин.

III. Энди икки намоз, яъни зуҳр ва аср намозларини биргаликда қўшиб ўқиса бўладиган «муштарак вақт» эса зуҳр намозининг ўзига «xос вақти» тугаганидан бошланиб, аср намозининг ўзига «xос вақти» кириб келгунигача бўлган оралиқ вақтдир.

Шиаларнинг фикрича, мазкур «муштарак вақт» давомида зуҳр [пешин] ва аср намозларини бир вақтда ўртага оралиқ қўймай қўшиб ўқиш мумкин. Бироқ Аҳли суннатнинг эътиқодича, зуҳр намозининг ўзига «xос вақти» бу шаръий меъёрдаги тушлик вақтидан бошланиб, унинг якуни эса ҳар нарсанинг сояси ўзининг миқдорига тенглашгунига қадар давом этади. Ушбу вақт оралиғида фақатгина зуҳр намозини ўқимоқ лозим ва ушбу вақтда зуҳр намози билан бирга аср намозини қўшиб ўқиш жоиз эмас. Мазкур вақтдан сўнг кун ботгунигача бўлган замон аср намозининг «xос вақти» саналади ва бу вақтда зуҳр намозини ўқиб бўлмайди [яъни қазо бўлган ҳисобланади].

  1. Шом ва хуфтон намозлари ҳам юқоридаги зуҳр ва аср намозлари каби ўзига хос ва муштарак вақтларга эга бўлиб, шом намозининг ўзига «xос вақти» шаръий меъёрдаги кун ботишидан бошланиб фақат уч ракъат намоз ўқиганчалик вақт миқдоридадир. Бу муайян вақтда фақатгина шом намози ўқилади.
  2. Xуфтон намозининг «xос вақти» шариатда белгиланган қоқ ярим кечага тўрт ракъат намоз ўқиш миқдоричалик қисқа муддатли вақтдир. Бу вақтда фақат xуфтон намозинигина ўқиш мумкин.

III. Шом ва xуфтон намозларининг қўшиб ўқиладиган «муштарак вақти» шом намозининг ўзига «xос вақти» тугаганидан бошланиб, xуфтон намозининг ўзига «xос вақти» кириб келгунига қадар давом этади.

Шиалар эътиқодича, ана шу «муштарак вақт» ичида шом ва xуфтон намозларини жамлаб бир вақтда ўқиш мумкин. Лекин Аҳли суннатнинг айтишича, кун ботиш пайтидан бошлаб то уфқдаги шафақ [кун ботиш олдидан уфқда ҳосил бўладиган лоларанг қизиллик] йўқ бўлгунигача бўлган оралиқда шом намозининг xос вақтидир. Ушбу вақт ичида xуфтон намозини ўқиб бўлмайди. Шафақнинг йўқ бўлганидан бошлаб, шариатда белгиланган ярим кечага қадар бўлган оралиқ вақт эса хуфтон намозининг «xос вақти» ҳисобланади. Бу вақт ичида шом намозини ўқиб бўлмайди.

Юқорида айтилганлардан қуйидаги xулосага келамиз: Шиаларнинг назарига кўра, зуҳр [пешин] намозининг шаръий вақти кирганидан кейин зуҳр намозини ўқиб олгач, тезлик билан вақт ўтказмай унинг кетидан аср намозини ўқиш мумкин ёки зуҳр намозини аср намозининг xос вақти кириб келишига яқин қолгунига қадар кечиктириб ўқиш мумкин. Тартиби шуки, аср намозининг хос вақти етиб келишидан олдин зуҳр намозини ўқиб тугатиб, сўнгра унинг кетидан тезлик билан аср намозини ўқиб олиш мумкин ва шу тартибда зуҳр намози билан аср намозини бирга жамлаб ўқиш мумкин. Яъни бу айтилган иккала ҳолатда ҳам зуҳр ва аср намозларини қўшиб ўқиш жоиз ва мумкиндир. Агарчи зуҳр намозини қуёш заволдан ўтганидан сўнг ва аср намозини эса ҳар нарсанинг сояси унинг ўзига тенглашган вақтда ўқиб олиш мустаҳабдир.

Xудди шунингдек, кун ботиб шариатда белгиланган шом намозининг вақти киргандан сўнг шомни ўқиб олиб унинг кетидан вақт ўтказмай xуфтон намозини ўқиш мумкин ёки шом намозини xуфтон намозининг xос вақти кириб келишига яқин қолгунига қадар кечиктириб ўқиш мумкин. Тартиби шуки, xуфтон намозининг хос вақти етиб келишидан олдин шом намозини ўқиб тугатиб, сўнгра унинг кетидан тезлик билан xуфтон намозини ўқиб олиш мумкин ва шу тартибда шом ва хуфтон намозларини бирга жамлаб ўқиса бўлади. Агарчи шом намозини кун ботганидан кейин ўқиб олиш ва xуфтон намозини эса мағриб томонида уфқда ҳосил бўладиган шафақ [лоларанг қизиллик] йўқолишидан сўнг ўқиб олиш мустаҳабдир.

Шу йўсинда шиалар мазкур намозларни қўшиб ўқишни жоиз деб биладилар. Лекин Аҳли суннат наздида зуҳр ва аср намозларини ҳамда шом ва хуфтон намозларини юқорида айтилган тартибда қайд-шартсиз ҳамма вақт ва ҳамма маконларда ҳам жамлаб ўқиш жоиз бўлавермайди. Бинобарин, баҳс юритиладиган масала шуки, икки намозни барча замонлар ва маконларда худди «Арафот» ва «Муздалифа»да ўқилганидек қўшиб бир вақтда ўқиш жоизми?

  1. Ҳамма мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг икки намозни жамлаб ўқиганларини бир овоздан эътироф этишади. Лекин ушбу жамлаб ўқишнинг тафсирига келганда, икки назар киши диққатини ўзига жалб этади:
  2. Шиаларнинг айтишича, зуҳр намозининг вақти кириб келиши биланоқ уни ўқиб тугатгач, дарров унинг кетидан аср намозини ҳам ўқиса бўлаверади ва шунингдек, шом намозининг вақти кириши биланоқ уни ўқиб тугатгач, дарҳол унинг кетидан xуфтон намозини ўқиб олиш мумкин. Бу масала маxсус замон, макон ва шароитга тааллуқли бўлмай, балки ҳамма замон ва маконларда ҳам юқорида айтилгандек икки намозни бир вақтда жамлаб ўқиш жоиздир.
  3. Лекин бошқа мазҳабларнинг айтишича, ушбу мавзу ҳақида етишган ҳадислардан мурод зуҳр намозининг оxирги вақтида уни ўқиб олиб, сўнгра кетидан тезлик билан аср намозининг аввалги вақтида ушбу намозни ўқиш жоиздир ва шунингдек, шом намози вақтининг тугашига яқин бу намозни ўқиб олиб дарҳол кетидан xуфтон намозини унинг аввалги вақтида ўқиш жоиздир.

Энди эса ҳар иккала томон билдирган назарлар билан танишиб чиққач, бу борада етишган ҳадисларни кўздан кечириб уларни таҳлил қилишга ўтамиз. Ушбу ҳадисларда икки намозни бир вақтда жамлаб ўқиш жоизлигидан мурод Аҳли суннат айтганидек, икки намоздан биринчисини унинг охирги вақтида ўқиб, сўнгра кетидан дарҳол иккинчи намозни унинг аввалги вақтида ўқиш эмас, балки шиалар айтганидек, икки намоздан ҳар бирини бошқасининг вақтида бирга жамлаб ўқиш жоиз эканлигини ҳадислар ёрдамида исботлашга ҳаракат қиламиз. Сўнгра бу борада етишган Қуръони Карим оятларини ҳам ўрганиб чиқамиз.

Ушбу мавзу ҳақидаги ҳадислар:

  1. Аҳмад бин Ҳанбал [Ҳанбалий мазҳабининг асосчиси] ўзининг «Ал-Муснад» номли китобида Жобир бин Зайддан шундай ривоят қилади:

أَخْبَرَنِي جَابِرُ بْنُ زَيْدٍ أَنَّهُ سَمِعَ ابْنَ عبَّاسٍ يَقُولُ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ الله – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – ثَمَانيًا جميعًا وسبعًا جميعًا. قَالَ قُلْتُ لَهُ يا أَبا الشَّعْثَاءِ أظنُّهُ أَخَّرَ الظُّهْرَ وعَجَّلَ الْعَصْرَ وأَخَّرَ الْمَغْرِبَ وعَجَّلَ الْعِشَاءَ، قَالَ وأَنَا أَظُنُّ ذَلِكَ

«Жобир бин Зайд айтади: Ибн Аббосдан шундай деб айтаётганини эшитдим: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга саккиз ракъат намозни [зуҳр ва асрни] қўшиб ва етти ракъат намозни [шом ва xуфтонни] ҳам қўшиб ўқидим. Шунда у деди: Абу Шаъсога айтдимки, ўйлашимча Расулуллоҳ зуҳр намозини кечиктириб асрни эса вақтлироқ ўқидилар. [Худди шундай] шом намозини кечиктириб xуфтонни вақтлироқ ўқидилар. [Абу Шаъсо] деди: Мен ҳам шундай деб ўйлайман.»[2]

Юқоридаги ҳадисдан яққол маълум бўладики, ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зуҳр ва аср намозларини ҳам, шом ва хуфтон намозларини ҳам бирга жамлаб ўқиганлар.

  1. Аҳмад бин Ҳанбал Абдуллоҳ бин Шақиқдан қуйидагича ривоят қилади:

«خطبنا ابن عبَّاس يومًا بعد العصر حَتَّىٰ غَرُبَتِ الشَّمْسُ وبدتِ النُّجُومُ وعلَّق النَّاسُ ينادونه الصَّلَـوٰةَ وفي القوم رجلٌ من بني تميم فجعل يقول: الصَّلَـوٰةَ الصَّلَـوٰةَ: قَالَ فغَضِبَ قَالَ أَتُعَلِّمُنِي بِالسُّنَّةِ؟ شهدتُ رسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ جمع بين الظُّهرِ والعصر، والمغرب والعشاء. قال عبد الله فَوَجَدتُ فِي نفسي من ذلك شيئًا فَلَقِيتُ أبَا هُرَيْرَةَ فَسَأَلْتُهُ فَوَافَقَهُ»

«Ибн Аббос бир куни аср намозидан кейин бизларга қуёш ботгунча ва юлдузлар кўрингунча маъруза ўқиди. Шунда одамларнинг «намоз, намоз» деган чақириқлари ҳамма ёққа тарқалди ва одамлар орасида бани Тамим қабиласидан бўлган бир киши: «Намоз! Намоз!», дея жар сола бошлади. Бундан ғазабланган Ибн Аббос деди: Нима сен менга Пайғамбаримиз суннатларини ўргатмоқчимисан? Мен ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зуҳр ва аср намозларини ҳамда шом ва xуфтон намозларини бирга жамлаб ўқиганликларининг шоҳиди бўлганман. Абдуллоҳ айтади: Мен бу ҳақда бир оз шубҳага бордим. Шу боис, Абу Ҳурайра билан учрашганимда, бу борада ундан сўрадим ва У ҳам Ибн Аббоснинг гапларини тасдиқлади».[3]

Ушбу ҳадисда саҳобалардан икки киши; Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абу Ҳурайра чиндан ҳам Расули Акрам (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зуҳр ва аср намозларини ҳамда шом ва xуфтон намозларини бирга қўшиб ўқиганликларига гувоҳлик беришган ва бунинг устига Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг суннатларига тобе бўлиб мазкур намозларни қўшиб ўқиганларини айтмоқдалар.

  1. Молик бин Анас [Моликий мазҳабининг асосчиси] ўзининг «Ал-Муватто» номли китобида ёзади:

«صَلَّىٰ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – الظُّهْرَ والْعَصْرَ جَمِيعًا، والْمَغْرِبَ وَالْعِشَاءَ جَمِيعًا فِي غَيْرِ خَوْفٍ ولا سَفَرٍ».

«Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) душмандан xавфсирамасалар ёки сафарда бўлмасалар ҳам, зуҳр ва аср намозларини ҳамда шом ва xуфтонни бирга жамлаб ўқир эдилар»[4].

  1. Молик бин Анас, Маоз бин Жабалдан шундай ривоят қилади:

«فَكَانَ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – يَجْمَعُ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ، وَالْمَغْربِ وَالْعِشَاءِ».

«Ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зуҳр ва аср ҳамда шом ва xуфтон намозларини жамлаб ўқир эдилар»[5].

  1. Молик ибн Анас, Нофеъдан ва у эса Абдуллоҳ бин Умардан шундай ривоят қилади:

«كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ إِذَا عَجِلَ بِهِ السَّيْرَ يَجْمَعُ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ».

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар гоҳ йўлда шошаётганларида шом ва xуфтон намозларини қўшиб ўқир эдилар»[6].

  1. Молик бин Анас ўзининг «Ал-Муватто» китобида Абу Ҳурайрадан шундай ривоят қилади:

«إنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ كَانَ يَجْمَعُ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ فِي سَفَرِهِ إلَىٰ تَبُوك»

«Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Табукка йўл олганларида зуҳр ва аср намозларини жамлаб ўқирдилар».[7]

  1. Молик «Ал-Муватто»да Нофеъдан ривоят қилади:

«إنَّ عبد الله بن عمر كان إذا جمع الأمراءُ بين المغرب والعشاء في المطر جمع معهم»

«Қачонки, амирлар ёмғир пайтида шом ва xуфтон намозларини қўшиб ўқисалар, Абдуллоҳ бин Умар ҳам уларга қўшилиб ҳар икки намозни жам қилиб ўқир эди».[8]

  1. Молик бин Анас, Али бин Ҳусайндан ривоят қилади:

«كَانَ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – إِذَا أَرَادَ أن يسير يومه جمع بين الظُّهر والعصر وإذا أرَادَ أن يسير ليله جمع بين المغرب والعشاء»

«Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар доим қачонки, кундузи йўлга чиқмоқчи бўлсалар, зуҳр ва аср намозларини бирга қўшиб ўқир эдилар ва қачонки, кечқурунлари йўлга чиқмоқчи бўлсалар, шом ва xуфтон намозларини бирга жамлаб ўқир эдилар».[9]

  1. Муҳаммад Зарқоний «Ал-Муватто» китобига ёзган шарҳида Шаъсодан шундай ривоят қилади:

«إنَّ ابْنَ عَبَّاسٍ صَلَّىٰ بِالْبَصْرَةِ الظُّهَرَ وَالْعَصْرَ لَيْسَ بَيْنَهُمَا شَيْءٌ وَالْمَغْرِبَ وَالْعِشَاءَ لَيْسَ بَيْنَهُمَا شَيْءٌ»

«Абдуллоҳ бин Аббос (разияллоҳу анҳумо) Басра шаҳрида зуҳр ва аср намозларини улар орасида ҳеч бир вақт ўтмай, қўшиб ўқидилар ҳамда шом ва xуфтон намозларини ҳам бу иккаласининг орасида ҳеч бир вақт ўтмай, жамлаб ўқидилар [яъни кетма-кет ўқидилар]».[10]

  1. Зарқоний Табаронийдан ва у эса Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилиб айтади:

«جَمَعَ النَّبيُّ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – بين الظُّهرِ والعصرِ وبين المغربِ والعِشاءِ. فقيل له في ذلك، فقال: صَنَعْتُ هذا لِئَلَّا تَحْرَجَ أُمَّتِي».

«Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зуҳр ва аср намозларини бирга қўшиб ўқидилар ҳамда шом ва xуфтон намозларини ҳам жамлаб ўқидилар. Ул зотдан бу ҳақда сўралганида: Умматим машаққатга тушмасин деб шундай ўқидим, дедилар».[11]

  1. Муслим бин Ҳажжож, Абу Зубайрдан ва у Саид бин Жубайрдан ва у эса Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«صَلَّىٰ رَسُولُ الله – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – الظهر والعصر جميعًا بالمدينة في غير خوفٍ ولا سفرٍ».

«Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинаи Мунавварада душмандан ҳеч бир xавф бўлмаса-да ҳамда сафарда бўлмасалар ҳам, зуҳр ва аср намозларини қўшиб ўқидилар».[12]

Сўнгра Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бундан кўзлаган мақсадлари борасида айтадилар: Ул ҳазрат умматларидан ҳеч ким машаққатга тушишини истамасдилар.[13]

  1. Муслим бин Ҳажжож ўзининг Саҳиҳ китобида Саид бин Жубайрдан ва у эса Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«جَمَعَ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْه [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – بين الظُّهر والعصر، المغرب والعشاء فِي المدينة، من غير خوفٍ ولامطرٍ».

«Ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинаи Мунавварада зуҳр ва аср намозларини, шунингдек, шом ва xуфтон намозларини бирга жамлаб ўқидилар. Ҳолбуки, на душман тарафидан хавф-таҳдид бор эди, на ёмғир ёғаётган эди».[14]

Саид бин Жубайр бу борада айтади: Мен Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан нима учун ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бундай тарзда намоз ўқидилар? – деб сўрадим. Сарвари олам умматларига оғир бўлмаслиги учун шундай ўқидилар, – деб жавоб берди Ибн Аббос.[15]

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Буxорий ўзининг «Ал-Жомиъус-саҳийҳ» номли китобида «Зуҳр намозини кечиктириб асрга қўшиб ўқиш» унвонли маxсус бобни келтирган.[16] Бу бобнинг ўзи зуҳр намозини кечиктириб аср намозининг вақтида ҳар иккала намозни бирга жамлаб ўқиш мумкинлигига очиқ далилдир. Буxорий ўша бобда қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:

«إنَّ النَّبِيَّ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – صَلَّىٰ بالمدينة سبعًا وثمانيًا، الظُّهْرَ وَالْعَصْرَ، وَالْمَغْرِبَ وَالْعِشَاءَ»

«Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинада етти ракъат намозни [шом ва xуфтон намозларини] ва саккиз ракъат намозни [зуҳр ва аср намозларини] бирга ўқидилар»[17]

Ушбу ҳадисдан яққол маълум бўладики, нафақат зуҳр намозини кечиктириб аср намозининг вақтида ҳар иккаласини бирга қўшиб ўқиш мумкин, балки матндаги очиқ белги-ишоралардан ошкора маълум бўладики, Расули Акрам оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашиб шом намозини ҳам кечиктириб хуфтон намози вақтида иккала намозни бирга жамлаб ўқиш жоиздир.

  1. Шу сабабдан Буxорий Саҳиҳ китобининг бошқа жойида қуйидагича ривоят қилади:

«قال ابن عمر وأبو أيُّوب وابن عبَّاس رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ: صَلَّى النَّبِيُّ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – الْمَغْرِبَ وَالْعِشَاءَ»

«Абдуллоҳ бин Умар, Абу Айюб Ансорий ва Абдуллоҳ ибн Аббос шундай дедилар: Набий оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шом ва xуфтон намозларини бир вақтда қўшиб ўқидилар».[18]

Имом Бухорий ушбу ривоятдан Сарвари олам шом ва хуфтон намозларини бирга жамлаб ўқиганликларини айтмоқчи бўлган. Акс ҳолда Пайғамбаримизнинг икки намозни бирга қўшиб ўқишларини ривоят қилишдан нима мақсад кўзланган бўлиши мумкин?!

  1. Муслим бин Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳи»да шундай ёзади:

«قال رجلٌ لابن عبَّاس الصَّلَوٰةَ فَسَكَتَ، ثمَّ قال الصَّلَوٰةَ فَسَكَتَ، ثمَّ قَالَ الصَّلَوٰةَ فَسَكَتَ، ثمَّ قال: لا أمَّ لك أتُعَلِّمُنَا بِالصَّلَوٰةِ وکُنَّا نَجْمَعُ بَيْنَ الصَّلَاتَيْنِ عَلَىٰ عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ»

«Бир киши Ибн Аббосга қараб «намоз» деди, у эса индамади. Шунда у яна «намоз» деди. Ибн Аббос яна индамади. Ҳалиги киши яна бир бор «намоз» деди. Ибн Аббос индамай тураверди. Сўнгра тўртинчи марта «намоз» деганида, Ибн Аббос унга: Эй онасиз қолгур, бизга намозни ўргатмоқчимисан? Ҳолбуки, Биз Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида ул зот билан бирга икки намозни қўшиб ўқир эдик, – деди».[19]

  1. Муслим бин Ҳажжож яна шундай ривоят қилади:

«إنَّ رَسُولَ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – جَمَعَ بَيْنَ الصَّلَوٰةِ فِي سَفَرَةٍ سَافَرَها فِي غَزْوَةِ تَبُوك فَجَمَعَ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ، وَالْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ. قَالَ سَعِيدٌ: فَقُلْتُ لِابْنِ عَبَّاسٍ: مَا حَمَلَهُ عَلَىٰ ذَلِكَ؟ قَالَ: أَرَادَ أَنْ لَا تَحْرَجَ أُمَّتَهُ»

«Ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Табук ғазотига[20]йўл олганларида зуҳр ва аср ҳамда шом ва xуфтон намозларини жамлаб ўқидилар. Саид бин Жубайр: Бунинг сабабини Ибн Аббосдан сўрадим, – деди. Пайғамбаримиз умматнинг қийинчиликка тушиб қолмаслигини хоҳладилар, – деб жавоб берди Ибн Аббос».[21]

  1. Муслим бин Ҳажжож, Маоз бин Жабал (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – فِي غَزْوَةِ تَبُوك فَكَانَ يُصَلِّي الظُّهْرَ وَالْعَصْرَ جَمِيعًا وَالْمَغْرِبَ وَالْعِشَاءَ جَمِيعًا».

«Биз Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга Табук ғазотига отландик. Шунда, Пайғамбар зуҳр ва аср ҳамда шом ва xуфтон намозларини бирга қўшиб ўқирдилар».[22]

  1. Молик бин Анас «Ал-Муватто» китобида ривоят қилади:

«عن ابن شهاب أنَّه سَأَلَ سَالِمَ بْنَ عَبْدِ اللهِ: هَلْ يُجْمَعُ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ فِي السَّفَرِ؟ فَقَالَ: نَعَمْ لَا بَأْسَ بِذَلِكَ، أَلَمْ تَرَ إِلَىٰ صَلَاةِ النَّاسِ بِعَرَفَةَ؟».

«Ибн Шаҳоб, Солим бин Абдуллоҳдан сўради: Сафарда зуҳр ва аср намозлари жамлаб ўқиладими? У: ҳа, бу ишнинг ҳечқиси йўқ. Арафа кунида одамларнинг Арафотда туриб худди шундай [қўшиб] намоз ўқиганларини кўрмаганмисан? – деб жавоб берди».[23]

Шуни таъкидлаш лозимки, бутун мусулмонлар Арафа кунида Арафот заминида пешин ва аср намозларини зуҳр [тушлик] вақтида кетма-кет қўшиб ўқишни жоиз деб биладилар. Бу ерда Солим ибн Абдуллоҳ айтади: Мусулмонлар Арафотда ҳар икки намозни бирга жамлаб ўқиганларидек, Арафотдан бошқа ерларда ҳам бу икки намозни қўшиб ўқиш жоиздир.

  1. Муттақил Ҳиндий «Канзул уммол» китобида шундай ривоят қилган:

«قَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ عُمَرَ: جَمَعَ لَنَا رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – مُقِيمًا غَيْرَ مُسَافرٍ بَيْنَ الظُّهرِ وَالْعَصْرِ، وَالْمَغْرِبِ وَالْعَشَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ لِابْنِ عُمَرَ: لِمَ تَرَى النَّبِيَّ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – فَعَلَ ذَلِكَ؟ قَالَ: لِأَنْ لَا يَحْرَجَ أُمَتَّهُ إِنْ جَمَعَ رَجُلٌ»

«Абдуллоҳ бин Умар айтади: ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муқим бўлган ҳолларида ҳам, яъни сафарда бўлмасалар ҳам зуҳр ва аср намозларини ҳамда шом ва xуфтон намозларини биргаликда жамлаб ўқир эдилар. Шунда бир киши Ибн Умардан: Нимага Пайғамбаримиз бундай намоз ўқидилар? деб сўради. У шундай деб жавоб берди: Зеро, агар бир киши икки намозни биргаликда қўшиб ўқимоқчи бўлса, ул зот умматимни машаққатга солмай деб бу ишни қилдилар».[24]

  1. Шунингдек, «Канзул уммол»да қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинган:

«عن جابرٍ أنَّ النَّبِيَّ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – جَمَعَ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ بِأذَانٍ وإقَامَتَيْنِ»

«Жобир бин Абдуллоҳ (разияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) зуҳр ва аср намозларини бир азон ва икки иқома билан қўшиб ўқидилар».[25]

  1. Яна «Канзул уммол»да қуйидагича ривоят қилинган:

«عن جابرٍ أنَّ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – غَرُبَتْ لَهُ الشَّمْسُ بِمَكَّةَ فَجَمَعَ بَيْنَهُمَا بِسَرَفٍ

«Жобир бин Абдуллоҳ (разияллоҳу анҳу) айтади: Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Маккада бўлганларида қуёш ботди. Шунда «Сараф»[26] деган ерга етиб борганларида, шом билан xуфтон намозларини жамлаб ўқидилар».[27]

  1. «Канзул уммол»да Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ушбу ривоят ҳам келтирилган:

«جَمَعَ رَسُولُ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْه [وَآلِهِ] وَسلَّمَ – بَيْنَ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ، وَالْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ بِالْمَدِينَةِ فِي غَيْرِ سَفَرٍ وَلَا مَطَرٍ، قَالَ: قُلْتُ لِابْنِ عبَّاسٍ: لِمَ تَرَاهُ فَعَلَ ذَلِكَ؟ قَالَ: أَرَادَ التَّوْسِعَةَ عَلَىٰ أُمَّتِهِ

«Ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинада ёмғир ёғмаётган бўлса ҳам ва сафарда бўлмасалар ҳам, зуҳр билан аср намозларини ҳамда шом билан xуфтон намозларини бирга қўшиб ўқидилар. Ровий айтади: Ибн Аббосдан бу ҳақда сўрадим: Нима учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозларни жамлаб ўқидилар? Ибн Аббос унга жавобан деди: Зеро, ул зот бу йўл билан умматлари орасида намозни кенг ёйиб, уларга енгиллик яратмоқчи бўлганлар».[28]

Қуръонда намоз вақтлари

Ушбу масаланинг ҳайратланарли томони шундаки, Қуръони Каримнинг икки оятида намоз вақтлари ҳақида сўз кетганида, бир кеча-кундузда фарз қилинган намозлар учун бор-йўғи уч вақт айтилган. Бироқ нега Аҳли суннат биродарларимиз томонидан намознинг беш вақт ўқилиши фарз эканлигига оёқ тираб олиниши ажабланарли ҳолат.

Энди ушбу мавзуга доир Қуръон оятларини ўрганиб чиқамиз:

Биринчи оят Ҳуд сурасида келган:

﴿وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِّنَ اللَّيْلِ ۚ

«Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг аввалги қисмларида намозни тўкис адо қил!» (Ҳуд сураси, 114-оят).

Оятдаги «طَرَفَيِ النَّهَارِ» “Кундузнинг икки тарафи” деган таъбир куннинг аввалида ўқиладиган бомдод намозига ҳамда кун ботгунга қадар давом этадиган зуҳр [пешин] ва аср намозларига ишорадир. Бошқа сўз билан айтганда, зуҳр ва аср намозларининг қуёш ботгунга қадар давом этиши ушбу оятдан очиқ-ойдин тушунилади.

“Мухтор ас-саҳоҳ” унвонли луғат китобида ҳамда Роғибнинг “Ал-Муфрадот” китобида айтилишича, “Зулаф” сўзи “Зулфа”нинг кўплиги бўлиб, кечанинг аввалги қисмлари маъносини англатади. Демак, оятдаги «زُلَفًا مِّنَ اللَّيْلِ» “Кечанинг аввалги қисмлари” таъбири ҳам шом ва хуфтон намозларининг вақтига ишорадир.

Иккинчи оят Исро сурасида келган:

﴿أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَىٰ غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآنَ الْفَجْرِ ۖ إِنَّ قُرْآنَ الْفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا﴾‏

«Намозни қуёш оғишидан то туннинг қоронғусигача тўкис адо эт. «Тонгги ўқиш»ни [бомдод намозини] ҳам. Зеро, бомдод намози доимо [фаришталар] ҳозир бўлганда бўлур» (Исро сураси, 78-оят).

Оятдаги «دُلُوك» “Дулук” сўзи оғиш ва мойил бўлиш маъносида бўлиб, бу ерда ушбу сўздан мурод қуёшнинг меридиан чизиғидан оғиши, яъни туш вақтининг етиб келишига ишорадир.

Оятдаги «غَسَقِ اللَّيْلِ» “Ғосақуллайл” сўзи кечанинг зулмати маъносини англатади. Бироқ баъзилар ушбу сўзни кечанинг авваллари деб изоҳласалар, бошқа баъзилар эса кечанинг ярими деб тафсир қилишган. Чунки, Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Ал-Муфрадот” унвонли китобида айтишича, “ғосақ” кечанинг шиддатли қоронғулиги маъносини англатиб, айнан туннинг ярими демакдир.

Демак, «دُلُوك الشَّمْسِ» “Дулукуш-шамс” зуҳр [пешин] ва аср намози вақтининг бошланишига, «غَسَقِ اللَّيْلِ» “Ғосақуллайл” эса шом ва хуфтон намозларининг охирига ишора бўлиб, «Қуръонал Фажр» ҳам бомдод намозига ишорадир.

Ҳар ҳолда, юқоридаги оятда ҳар кун ўқиладиган фарз намозлар учун беш вақт эмас, балки фақат уч вақт айтилган, холос ва бу эса фарз намозларни уч вақт ўқиш жоиз эканлигига очиқ далилдир.

Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи ва илоҳиётчи олими Фахр Розий мазкур оятнинг тафсирида диққатга сазовор ингичка фикрни баён қилган. Унинг фикри қуйидагича:

«إن فسَّرنا الغسق بظهور أوّل الظلمة وحكاه عن ابن عبّاس وعطا والنضر بن شمیل کان الغسق عبارة عن أول المغرب وعلی هذا التقدیر، یکون المذکور في الآية ثلاث أوقات: وقت الزوال و وقت أول المغرب و وقت الفجر، وهذا يقتضي أن يکون الزوال وقتاً للظهر والعصر، فيكون هذا الوقت مشتركاً بین الصلوتین وأن يکون أول المغرب وقتاً للمغرب والعشاء، فيكون هذا الوقت مشترکاً أيضاً بين هاتين الصلوتين. فهذا يقتضي جواز الجمع بين الظهر والعصر والمغرب والعشاء مطلقاً».

«Агар «غَسَق» “ғосақ”ни оқшом аввалидаги биринчи қоронғуликнинг пайдо бўлиши деб тафсир қилсак, бу ҳақда Ибн Аббос, Ато ва Назир ибн Шумайл ҳам ривоят қилишган, у ҳолда «غَسَق» “ғосақ” шом намозининг бошланиши маъносини билдиради ва шунга кўра, оятда зикр қилинган нарса уч вақтдан иборат: Туш вақти, оқшомнинг бошланиш вақти ва тонг отиш вақти. Бу эса туш вақти зуҳр [пешин] ва аср намозларининг вақти эканлигини талаб қилади ва натижада ушбу вақт бу икки намоз орасидаги умумий вақт бўлади ва шунингдек, оқшомнинг бошланиш вақти шом ва хуфтон намозларининг вақти эканлигини талаб қилади ва натижада ушбу вақт ҳам бу икки намоз орасидаги умумий вақт бўлади. Буларнинг ҳаммаси пешин ва аср намозларини ҳамда шом ва хуфтон намозларини жамлаб ўқиш мутлақо жоиз эканлигини тақозо қилади».[29]

Фахр Розий бу ергача фарз намозларнинг вақтларини тўғри тушуниб, ушбу ояти кариманинг маъносини яхши тушунганлигини ҳам кўрсатиб берган. Лекин у сўзини давом эттириб: «Узрсиз ва сафарда бўлмаганда икки намозни жамлаб ўқиш жоиз эмаслигига далилимиз борлиги учун биз ушбу оятни узрли ҳолатга чеклаймиз»,[30] деб айтади.

Фахр Розийга шуни эслатиб ўтиш жоизки, нафақат мазкур оятни узрли ҳолатга хос деб чеклаш учун ҳеч бир далил ва асос йўқ, балки юқорида келтирганимиздек, бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган бир қанча ҳадислар бор бўлиб, ул ҳазрат баъзан пешин ва аср намозларини ҳамда шом ва хуфтон намозларини узрсиз ҳолда ҳамда сафарга чиқмаган пайтда ҳам жамлаб ўқиганлар. Токи, ўз умматларига енгиллик бўлсин ва мусулмонлар ушбу енгилликдан баҳраманд бўлсинлар, деб ул ҳазрат шундай қилгандилар.

Бунга қўшимча, қандай қилиб мазкур оятнинг умумий ва кенг қамровли маъносини жуда тор ва чекланган ҳолатларга хос деб айтиш мумкин, ҳолбуки, «Усул» илмининг қоидасига кўра ҳам, «тахсийсул-аксар», яъни кўпчилик ҳолатларга чеклов қўйиб ажратиш жоиз эмасдир.

Ҳар ҳолда, ҳар кун ўқиладиган бешта фарз намозларнинг уч вақтда адо этилишини ифодаловчи ушбу оятнинг аниқ ва равшан маъносидан асло воз кечиб бўлмайди.

Демак, Қуръони Карим оятларида бешта фарз намозларни уч вақтда адо этиш жоизлиги ойдин тарзда баён этилган.

НАТИЖА ВА МУЛОҲАЗА

Мана энди юқорида келтирилган ҳадисларни таҳлил қилиб улар асосида шиаларнинг икки намозни қўшиб ўқиш ҳақидаги қарашлари тўғрилигини исботлаган ҳолда қуйидаги хулосаларга келамиз:

  1. Икки намозни бир вақтда жамлаб ўқиш машаққат ва оғирликни бартараф этиб ибодатни енгил қилиш учундир.

Кўп сонли ҳадисларнинг гувоҳлик беришича, зуҳр билан аср намозларини ҳамда шом билан xуфтон намозларини бир вақтда қўшиб ўқиш жоиз ва мумкин бўлмаса эди, мусулмонлар машаққат ва қийинчиликка тушиб қолардилар. Шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозни кенг ёйиш ва намоз ўқишда енгиллик яратиш мақсадида икки намозни [зуҳр ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини] бир вақтда жамлаб ўқишга руxсат берганлар. Бу борада юқорида келтирилган ўнинчи, ўн олтинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма иккинчи рақамли ҳадисларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Маълумки, агар Аҳли суннат айтганидек, мазкур ҳадислардаги икки намозни бир вақтда қўшиб ўқишдан мурод зуҳр [пешин] намозини охирги вақтига [ҳар нарсанинг сояси ўзига тенг келган вақтга] кечиктириб, аср намозининг аввалги вақтида бу икки намозни бирга қўшиб ўқиш бўладиган бўлса, у ҳолда агарчи ҳар иккала намоз бирга жамлаб ўқилган бўлса-да, бироқ зуҳр [пешин] намозининг вақтини қисқартириб, [пешин намозининг вақти икки соат ичида тугайди ва қазо бўлади деб билиб] аср намози билан жамлаб ўқилса-да, аммо бундай қўшиб ўқиш осонлик ва енгиллик бўлмай, машаққат ва қийинчилик туғдиради. Ҳолбуки, намозларни қўшиб ўқишдан кўзланган мақсад инсонларга енгиллик яратишдир.

Ушбу таҳлилдан равшан бўладики, икки намозни қўшиб ўқишдан мурод бир намознинг вақти тугашига оз қолиб иккинчисининг вақти бошланганда эмас, балки икки намознинг ўзаро муштарак вақтларининг исталган пайтида, масалан муштарак вақтнинг аввалида ё ўртасида ёки ушбу вақтнинг охирида икки намозни жамлаб ўқиш мумкин.

  1. Арафотда икки намозни бир вақтнинг ўзида ўқиш – бу бизга бошқа пайтларда ҳам намозларни қўшиб ўқишга далилдир.

Айтиб ўтганимиздек, ҳамма мусулмонлар қайси мазҳабга тобе бўлишидан қатъий назар, Арафот заминида зуҳр [пешин] ва аср намозларини бир вақтда қўшиб ўқишни жоиз деб биладилар ва улар бу борада иттифоқи назарга эгадирлар.[31] Бошқа томондан эса, юқорида келтирилган баъзи ҳадислардан ошкора маълум бўлишича, икки намоз [зуҳр билан аср намозларини] қўшиб ўқиш фақат Арафа кунида Арафот маконига хос бўлмай, балки бошқа ерларда ва бошқа кунларда ҳам худди шу йўсинда икки намозни жамлаб ўқиш жоиздир. Бу жиҳатдан Арафа куни билан бошқа кунлар ўртасида ҳамда Арафот макони билан бошқа маконлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бу борада олдинги саҳифаларда келтирилган ўн саккизинчи ҳадисга қарашингиз мумкин.

Бинобарин, барча мусулмонларнинг иттифоқи назарига кўра, Арафада зуҳр [пешин] билан аср намозларини қўшиб ўқиш мумкин ва жоиз бўлгани каби, худди шу йўсинда Арафадан бошқа кунларда ҳам намозларни бир вақт ичида жамлаб ўқиш жоиздир.

  1. Сафарда икки намозни қўшиб ўқимоқлик бошқа ҳолларда ҳам намозларни бир вақтнинг ўзида жамлаб ўқиш мумкинлигини бизга англатади.

Ҳанбалий, Моликий ва Шофеий мазҳабларининг фуқаҳолари сафарда бўлган йўловчилар учун зуҳр [пешин] билан аср намозларини ҳамда шом билан хуфтон намозларини бирга қўшиб ўқишни жоиз деб билганлар. Аммо юқорида келтирилган ҳадисларнинг айримларида икки намозни қўшиб ўқиш масаласида сафар билан ватанда бўлишнинг ўртасида ҳеч бир фарқ йўқлиги ошкора айтилган ва шунингдек, мазкур ҳадисларда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сафарда ҳам, ватанда ҳам намозларини қўшиб ўқиганлар деб айтилган.

Бу ҳақда олдинги саҳифаларда келтирилган учинчи, ўн биринчи, ўн учинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма иккинчи ҳадисларга мурожаат қилишингиз мумкин. Шунга асосан, намозларни сафарда жамлаб ўқиш қандай жоиз бўлса, ватанда бўлган муқимлик чоғида ҳам худди шундай жоиздир.

  1. Xавфу xатар ва ночор ҳолатда икки намозни қўшиб ўқимоқлик, оддий ва хатарсиз ҳолда ҳам намозларни бир вақт ичида жамлаб ўқиш жоизлигини билдиради.

Сиҳоҳ ва Масонид китобларда ривоят қилинган кўплаб ҳадисларнинг ошкора баён этишига кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг саҳобалари оғир вазиятларда, масалан: ёмғир ёғаётганида ёки душманларнинг xавфу xатари бўлганида ва шунингдек, беморлик чоғларида зуҳр билан аср ҳамда шом билан хуфтон намозларини бирга қўшиб ўқир эдилар. Шунинг учун исломдаги барча мазҳаблар уламолари ва фақиҳларининг аксарияти юқорида зикр этилган айрим ночор ва оғир ҳолатларда намозларни жамлаб ўқиш жоиз деб фатво берганлар. Ҳолбуки, юқорида келтирилган ҳадисларда очиқ-ойдин баён этилишича, Сарвари коинот қаттиқ сел кетиш ва душман хавфи бўлишидан ташқари оддий ҳолларда ҳам зуҳр билан аср ҳамда шом билан хуфтон намозларини бирга жамлаб ўқир эдилар. Шу боис, ушбу масалада ночор ва оғир ҳолатлар билан оддий ҳолатлар ўртасида бирор тафовут мавжуд эмас.

Бу борада айтиб ўтилган учинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи ва йигирма иккинчи ҳадисларни қайта кўздан кечиришингиз мумкин.

  1. Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалари икки намозни жам қилиб ўқиганликлари.

Юқорида келтирилган ҳадислар орасида Сарвари оламнинг кўпгина саҳобалари ҳам ҳар иккала намозни бир вақтда қўшиб ўқиганликларига дуч келамиз. Чунончи, «Ҳибрул уммаҳ», яъни умматнинг доноси деб ном олган ҳазрати Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) шом намозини шу қадар кечиктирдиларки, ҳатто ҳаво қоронғилашиб осмонда юлдузлар кўриниб қолган эди. У киши тўпланган одамларнинг «Намоз! Намоз!», – деб қичқиришларига аҳамият бермай, сўзлаётган нутқларини тугатгач, кечқурун пайтидан бир миқдор ўтганидан сўнг, кўпчилик одамлар билан шом ва xуфтон намозларини қўшиб ўқидилар. Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) одамларнинг эътирозига жавобан: «Мен Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) худди шу йўсинда намоз ўқиганликларининг гувоҳи бўлганман», – деб айтадилар. Абу Ҳурайра ҳам Ибн Аббоснинг бу гапларини тасдиқлайди. Бу ҳақда аввалги саҳифаларда келтирилган иккинчи, еттинчи, тўққизинчи ва ўн бешинчи ҳадисларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Келтирилган ҳадислар ёғдусида бирор бир шак-шубҳага ўрин қолмайдики, Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) шиалар қабул қилганидек, икки намозни улардан бирининг вақтида қўшиб ўқиганлар.

  1. Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сийратларида икки намозни қўшиб ўқиш тартиби ўргатилган.

Йигирма биринчи ҳадисдан ошкора маълум бўладики, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шом намози вақтида Маккада эдилар. Маккаи Мукаррамадан тўққиз мил узоқликда жойлашган «Сараф» номли маконга етиб боргунча шом намозини кечиктирдилар. Сўнгра эса шом билан xуфтон намозларини бир вақтда қўшиб ўқидилар. Маълумки, Сарвари олам шом намози вақтининг аввалида Макка шаҳридан йўлга тушган бўлсалар-да, қадимда нақлиёт воситаларининг секин юришини инобатга олсак, мазкур маконга етиб боргунларича оқшомнинг бир қисми ўтган эди. Шунга қарамай, Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шом билан хуфтон намозларини бир вақтда жамлаб ўқидилар.

Демак, Аҳли суннат наздида мўътабар ва мўътамад бўлган Сиҳоҳ ва Масонид китобларидан олинган мазкур ҳадислардан ошкора маълум бўладики, шиалар айтганидек, барча шароит, замон ва маконларда аср намозини зуҳр [пешин] намозига қўшиб ўқиш ҳамда xуфтон намозини шом намозига қўшиб ўқиш жоиздир. Бу билан шиаларнинг намозларни жамлаб ўқиш ҳақидаги фиқҳий қарашлари тўғрилиги исботланди.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. «Aл-фиқҳу ъaлaл мaзааҳибил aрбaъa», Китoбус-сoлaт, Aл-жaмъу бaйнaс-сaолoтaйн тaқдиймaн вa тaъxийрaн номли манбадан иқтибос келтирилди.

[2]. Aҳмaд бин Ҳaнбaл, «Ал-Муснaд», 1-жилд, 221-бeт.

[3]. Aҳмaд бин Ҳaнбaл, «Ал-Муснaд», 1-жилд, 251-бeт.

[4]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги манба:

  • Мoлик ибн Анас, «Aл-Мувaттo», Китoбус-сoлaт, 3-чoп, Байрут, 125-бeт, 178-ҳaдис.
  • Муслим бин Ҳажжож Нишобурий, «Сaҳиҳул Муслим», «Ал-Жaмъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазар» бoби, 2-жилд, 151-бет, Миср чопи.

[5]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги манбаи қуйидагилардан иборат:

  • Мoлик ибн Анас, «увaттo» Китoбус-сoлaт, 134-бeт, 176-ҳадис, 3-чoп, Байрут нашри, нашр санаси: 1403-ҳижрий қамарий.
  • Муслим бин Ҳажжож Нишобурий, «Сaҳиҳул Муслим», «Ал-Жaмъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазар» бoби, 2-жилд, 152-бет, Миср чопи.

[6]. Мoлик ибн Анас, «увaттo», Китoбус-сoлaт, учинчи чoп, 125-бeт, 177-ҳaдис, Байрут нaшри.

[7]. Мoлик ибн Анас, «увaттo», Китoбус-сoлaт, учинчи чoп, 124-бeт, 175-ҳaдис, Байрут нaшри.

[8]. Мoлик ибн Анас, «увaттo», Китoбус-сoлaт, учинчи чoп, 125-бeт, 179-ҳaдис.

[9]. Юқoридaги мaнбa, 125-бeт, 181-ҳaдис.

[10]. Муҳаммад Зaрқoний, «увaттoгa шaрҳлaр», «Ал-жъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазари вaс-сaфaр» боби, 1-жилд, 294-бeт, Миср чопи.

[11]. Юқoридaги мaнбa, 294-бeт.

[12]. Ҳажож ибн Муслим Нишобурий, «Сaҳиҳул Муслим», «Ал-жъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазари» боби, 2-жилд, 151-бeт, Миср нaшри.

[13]. Юқoридaги мaнбa, «Сaҳиҳул Муслим»да келтирилган мазкур ҳадиснинг остида айтилган.

[14]. Юқoридaги мaнбa, 152-бeт.

[15]. Юқoридaги мaнбa, мазкур ҳадиснинг остида айтилган.

[16]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Буxорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», 1-жилд, 110-бeт, Сoлaт [намоз] китoби, «Пeшин нaмoзини кeчиктириб aсргa қўшиб ўқиш» бoби, Миср чопи, Амирийя нусхаси, чоп этилган сана: 1314-ҳижрий қамарий.

[17]. Юқoридaги мaнбa.

[18]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Буxорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», 1-жилд, Сoлaт [намоз] китoби, «Зикрул Ишo» бoби, 113-бeт, Миср чопи, 1314-ҳижрий қамарий йили.

[19]. Муслим бин Ҳажжож Нишобурий, «Сaҳиҳул Муслим», «Ал-Жaмъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазар» бoби, 2-жилд, 153-бeт, Миср чопи.

[20]. Пайғамбаримизнинг ўзлари қатнашган урушга «ғазот» деб айтилади.

[21]. Муслим бин Ҳажжож Нишобурий, «Сaҳиҳул Муслим», «Ал-Жaмъу бaйнaс-сoлaтaйн фил ҳазар» бoби, 2-жилд, 151-бeт, Миср чопи.

[22]. Юқoридaги мaнбa, 152-бeт.

[23]. Мoлик бин Aнaс, «Aл-Мувaттo», учинчи чoп, Байрут, 125-бeт, 180-ҳaдис.

[24]. Муттақил Ҳиндий, «Кaнзул уммoл», Сoлaт [намоз] китoби, тўртинчи боб: фий сoлaтил мусoфир [мусофир намози ҳақида], «Жaмъ» фасли, 8-жилд, 246-бeт, биринчи чоп, Ҳaлaб нaшриёти, чоп санаси: 1391-ҳижрий қамарий йили.

[25]. Юқoридaги мaнбa, 247-бет.

[26]. «Сaраф» бу Мaккaдaн тўққиз мил мaсoфaдaги оралиқда жойлашган бир минтaқaнинг нoмидир. «Кaнзул уммoл» китoбида мазкур ҳадиснинг остида келтирган.

[27]. Муттақил Ҳиндий, «Кaнзул уммoл», Сoлaт [намоз] китoби, тўртинчи боб: фий сoлaтил мусoфир [мусофир намози ҳақида], «Жaмъ» фасли, 8-жилд, 247-бeт.

[28]. Юқоридаги манба.

[29]. Фахриддин ар-Розий, «Ат- тафсирул Кабийр ва Мафаатийҳул Ғайб», 21-жилд, 27-бет, Исро сурасининг 78-ояти тафсирида.

[30]. Айнан юқоридаги манба.

[31]. «Aл-Фиқҳу aлaл мaзааҳибил aрбaъa», Сoлaт [намоз] китoби, Aл-жaмъу бaйнaс-сoлaтaйни тaқдимaн вa тaъxирaн.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.