Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Замонавий Дажжолни танийлик

Замонавий Дажжолни танийлик

re1156Охир замон ҳақидаги ҳадисларда Дажжол ҳақидаги маълумотларни кўздан кечирсак, унда кўпгина масалалар сирли равишда баён этилганлигига шоҳид бўламиз. Бошқа сўз билан айтадтганда, унинг сифатлари ва амаллари жуда хилма-хил бўлиб, Ислом дини ва Аллоҳнинг энг катта душмани эканлиги айтилган. Дажжол ҳақидаги маълумотлар ҳақида илмий иш юритганлардан бири аллома Саййид Муҳаммад Садрдир. У ўзининг «Имом Маҳдий» китобининг учинчи жилдида Дажжол ҳақида муфассал ёзган. Биз бу ерда ана шу китобдаги маълумотларни қисқача келтирмоқчимиз.

Дажжол – энг сирли тушунчалардан бўлиб, ҳадисларда у ҳақида сўз юритилганида; «Одам яратилгандан бери то қиёматгача Ислом учун энг хавфли амр – бу Дажжолнинг келишидир» дейилган. Ҳадисда айтилган «амр» сўзидан маълум бўладики, Дажжол – бу маълум бир шахс эмас, балки бутун бир маданий, иқтисодий ва сиёсий жараёндир. Башарият тарихида Аллоҳга ва Унга иймон келтирганларга материалистлардан кўра кўпроқ душманлик қилган тоифа топилмайди. Материалистлар ёки моддиюнчилар нафақат тавҳид (яккапарастлик)ни қабул қилмас эдилар, балки умуман Аллоҳни ҳам инкор қилишга журъат қилган эдилар.

Ҳадисларда айтилишича, Дажжол осмонлардан ёмғир ёғдира олади ва Ерлардан турли гиёҳларни чиқара олади. Агар бугунги кунимизни олиб қарайдиган бўлсак, Ғарб давлатларидаги илм-фаннинг ривожланиши билан одамлар булутларни портлатиш йўли орқали ёмғир «ёғдиряптилар». Содда одамлар эса мана шу фан-техника ютуқларини кўриб, ростдан ҳам Худо йўқмикин, деб иккиланишгача бормоқдалар.

Ривоятларда айтилишича, Дажжол қайси маҳалладан ўтса, агар у маҳалла аҳли уни қабул қилмаса, яъни унга иймон келтирмаса, ўша маҳалла аҳлини ҳалок қилади. Агар маҳалла аҳли унга иймон келтирадиган бўлса, ёғингарчилик мўл-кўл бўлиб, сигирлар ҳам серсут бўлади  ва баракот ёғилади.

Замонамизга татбиқ қиладиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам Ғарб давлатлари сиёсатини чин дилдан қабул қилиб улар билан дўстлик алоқаларини кучайтирган давлатлар моддий фаровон ҳаёт кечирмоқдалар, аксинча, Ғарб истеълочилигини қабул қилмай, уларга қарши чиққан давлатлар эса қийин ҳаётни бошдан кечирмоқдалар ва ҳатто уларга бераҳмона босим ўтказилмоқда.

Яна ривоятларда айтилишича, Дажжол худолик даъвосини қилади ва ўзини «мутлақ ҳоким» деб эълон қилади. Агар бизнинг замонамизни олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам маънавиятдан узоқ турадиган Ғарб давлатлари бутун дунё сиёсатини қўлга олиб, телевидение, радио, интернет, жаҳон модасини таъсис этиш, турли конвеция ва қонунларни қабул қилиб одамларнинг тафаккурига чуқур таъсирини кўрсатмоқда. Улар ўйлаб чиқарган «cикуларизм», яъни дин сиёсатга аралашмаслиги керак деган тушунча «гуманизм», яъни инсон марказли тушунчага, бошқа таъбир билан айганда, инсонни барча нарсалар унинг атрофида ҳаракатланувчи бир ўқ ва марказ деб қабул қилган ғояга асосланган бўлиб, ушбу ғоя аслида тавҳид-яккахудолик ва художўйликка қарши чиқарилган қонунлар мажмуасидир.

Ривоятларда айтилишича, Дажжол одамларга сув беради, бироқ у берган сув аслида олов бўлиб, аслида ўша олов сув бўлиб кўринади. Ҳозирги замонда Ғарб оламида қадриятлар (сув) деб номланган нарсалар, аслида ҳар қандай инсонийлик ва қадриятлардан узоқ бўлган разолат (олов)дир. Бунинг акси ўлароқ, эскирган ва ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган хурофот (олов) деб эълон қилинган нарсалар эса аслида поклик, диндорлик ва маънавият (сув)дир.

Ривоятларда айтилишича, Дажжол бир кўзлидир. Яъни иккинчи кўзи кўр бўлади. Яна замонамизга қайтиб ҳадисни таҳлил қиладиган бўлсак, ғарбликлар дарҳақиқат, фақат моддийликни қабул қилишлари билан бир кўзли махлуққа ўхшашади. Нега деганда, инсоният икки қисмдан ташкил топган бўлиб, бири – маънавий (руҳий) томон бўлса, иккинчиси эса моддий томондир. Агар бу икки қисмдан фақат биринигина қабул қиладиган бўлсак, у ҳолда ноқис инсон ёки ҳадис таъбири билан айтганда, «бир кўзли» махлуққа айланади.

Ривоятларда айтилишича, Дажжол ер юзининг барча нуқтасига етиб боради, аммо икки муқаддас маконга оёғи етмайди. Бу икки макон – бири Маккаи Мукаррама; иккинчиси эса Мадинаи Мунавварадир.

Бизнинг замонамизда чиндан ҳам, ғарбликлар ғояси ҳар ерга ўз таъсирини ўтказди. Аммо икки нарсага таъсирини ўтказа олмади ва ҳеч қачон ҳам бунга эриша олмагай. Бу тавҳид ёки яккахудолик (Маккаи Мукаррама) бўлса, иккинчиси эса нубувват ёки пайғамбаримизга бўлган иймон (Мадинаи Мунаввара)дир. Ҳа, Дажжол қанчалик уринмасин, ҳеч қачон Ислом динига кучи етмайди, шу боис ҳам Дажжолга алданиб қолмаслик учун ўз динимизни мустаҳкам ўрганиб унга амал қилмоқлик ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Фойдаланилган манба:

Мавсуъату Ал-Имомул Маҳдий, Тариху Ал-Ғайбатил кубро, 511-517 бетлар ҳамда 532 ва 535-бетлар.

Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.